Отаули. Бировнинг дарди (ҳикоя)

Кутилмаганда оғриқ заптига олди. Бели нақ синиққа ўхшайди. Боши айланиб, кўз олди қоронғилашди. Бир жойда михлангандек қадалиб ўтириб ишлайдиган одамнинг жони-жаҳони белида бўлади, шекилли-да! Қирқ йилдан бери уззукун белкуракда ер ағдарганида ҳам пинак бузмай, оғриқ нималигини билмаган бу бақувват белнинг ҳозирги оғриғи… кейинги кунларда ўқтин-ўқтин шунақанги заптига оладики, дунё кўзингга тор кўриниб кетади. Назарида, шу топда ўтираверса ҳушини йўқотадигандек. Беихтиёр ўрнидан туриб ташқарига отилди. Тўққиз қаватли ойнаванд бино олдидаги йўлак бўйлаб дам у томонга, дам бу томонга бетўхтов одимлар экан, икки қўли билан қотиб қолган белини уқалади.
Тўғри, ношукурлик кимга керак, белининг қуввати — пушти камаридан бино бўлган ўғил-қизлари оёққа туриб, эс-ҳушларини танишди. Ўзи ҳам, худога шукур, олтмишдан етмишга қараб омон-эсон ўтиб олди. Етдим деганда йиқилмаса бас энди! Айни «Ўғил уйлаб, қиз чиқарадиган ёшимда кетма-кет тўйлар-у неваралар кўраманми мен ҳам!» дея ширин орзиқиб юрганида… қайдан пайдо бўлиб қолди бу «белоғриқ» деган ёпишқоқ бало! Кошки унча-мунча қўлбола эмлашлар кор қилса! Оғриқ кучайганида жони кўзига ширин кўриниб, чопқиллаганча уйига боради-да, белига шифобахш ёғ суркаб тўшакка ўралади. Ғарқ терга ботганида… бирданига бўғин-бўғинлари бўшашиб, алланечук енгил тортиб, беихтиёр мудраб кетади. Ўрнидан турганида ўзини қушдек енгил ҳис қилади. Қарабсизки, бир муддат аввалги забун ҳолини паққос унутиб, тағин битмас-туганмас ташвишларга андармон бўлиб кетаверади. Шифокорларга аниқ ташхис қўйдириб, иложи бўлса, бирон шифохонада ётиб даволанишга, бу балойи ногаҳондан буткул халос бўлишга анчадан буён ҳафсала қилмайди. Аниқроғи, қўрқади! Худо насиб қилса, энди тўй кўраман дея астойдил чоғланиб турганида шифохонага ётгудек бўлса, гўё қайтиб туролмайдигандек туюлаверади. Роппа-роса қирқ беш йил муқаддам қирчиллама ёшида соппа-соғ юрган отаси эндигина балоғат ёшига етган тўнғичини уйлантириш тараддудида юрганида бир ошнасининг уйига улфатчиликка борганию, шу жойда ўзини беҳузур сезиб бошини ёстиққа қўйгани, шу-шу бош кўтаролмай, видо сўзини айтолмай бу ёруғ оламдан кўз юмиб кетгани… Кутилмаган фожиадан кейин ўзининг етимликда кўрган-кечирганлари! Буларни унутиб бўладими! Қанақасига унутиш мумкин?!
Яна бир кўргиликни ҳеч қачон унутолмайди у! Айтишларича, айни шу ишхонасидаги айни шу лавозимда ишлаб юрган бир қадрдони тўнғич қизини узатаётиб айни тўй чоғида кутилмаганда бандаликни бажо келтирган экан! Бу бахтсиз тасодифга нима сабаб — ўзи бир умр интилиб базўр етган тўй қувончини юраги кўтаролмаганми? Жўжабирдек одам, тўй тараддудида югуриб-елавериб, ахийри етдим деганда тойиб йиқилганми? Ё бошқа сабаблар ҳам бор эдими? Буёғини энди Худо билади. Унинг билгани шуки, ўн етти йил муқаддам ўша бехос жувонмарг кетган акахонининг ўрнида иш бошлаган эди у! Бундай «ўринбосар»лик ҳам, худди етимликдек, чидаганга чиқарилган!.. Демак, зинҳор-базинҳор етдим деганда йиқилмаслиги керак! Ўзини ҳар қандай хавф-хатару балойи ногаҳонлардан асраши керак!
Шундай аҳд билан жадал одимлар экан, кутилмаганда ўн қадамча наридаги муҳташам бинонинг атрофига ўралган нақшинкор панжарага суянган кўйи тетапоя гўдакдек алланечук чайқалиб турган бир одамга кўзи тушди. Ўзича «Мастми, нима бало?» дея ажабланиб тикилди. Аммо у маст эмас, беморга ўхшарди! Устига устак, шундоққина кўз олдида чалқанчасига йиқилди-ю узала тушганича қимирламай қолди! Ҳушидан кетдими… Бир хаёли шу ўн қадамча масофани уч-тўрт ҳатлаб, тўсиқлардан ўтишнинг машқини олган отдек сакраб бориб, унинг бошини кўтаргиси, «Ўзингизни қўлга олинг, ака, нима бўлди сизга?» дея ҳушига келтиргиси, агар ҳушига келавермаса, «Ҳой, одамлар, ёрдам беринг!» дея қичқиргиси келди. Лекин, афсуски… шу топда наинки бели, оёқлари ҳам, тили ҳам тошдек қотиб қолганга ўхшарди. Айни лаҳзаларда куни кечагина ўзи ўқиган буюк адибнинг сўнгги романидаги бир аянчли манзара бутун даҳшати билан қайта намоён бўлди. Тоғ қоплонини ўлимдан қутқараман деб ўзини ўлимга маҳкум этган бечора инсон!.. Жони узилган Жаабарснинг ёнига базўр етиб бориб жон таслим қилган қаҳрамон! У-ку, орқа-олдини кўпам ўйлайвермайдиган озод қуш, ўлимга тик боқишдан ҳайиқмайдиган сўққабош эркак эди. Бинобарин, унга икки дунё бир қадам эди. Кўз олдидаги ўлик жон ҳам инсон эмас, ниҳояти ҳайвон, ошини ошаб, ёшини яшаган қоплонгина эди. Лекин ўзи шу топда дард устига чипқонни кўтара оладими?! Башарти анови одам ҳушидан кетиб йиқилгани заҳоти жон таслим қилган бўлса, бу фожиани кўриб ўзи ҳам жон таслим қилмайдими?! Жон бермаган тақдирида ҳам, уни ёмонотлиқ қилишга анчадан буён қулай пайт пойлаб юрган рақиблари лапашанг-ландовурликда, қотилликда, яна алламбалоларда айблаб, жонидан тўйдирмайдими? Шу топда кўзларига аён кўриниб турган омонатгина жони бундай дард устига чиппа ёпишган чипқон азобини кўтара оладими?! Башарти кўтаролмаса, тўй умидида турган ўғил-қизларининг ҳоли не кечади? Ўзига ўхшаб эндигина бахт уйининг остонасидан ҳатлайман деб туришганида, етимликдек даҳшатли кўргиликка гирифтор бўлишадими?! Ундан кўра, жонини асраб, «Туя кўрдингми — йўқ!» дея кўриб-кўрмаганга олиб ортига қайта қолгани маъқулроқ эмасми?! «Қани, нима қилар экан?» деб атайин ётиб олган бўлса-чи? Ана, нарироқда бир одам ҳар иккисига зимдан кўз тикиб турганга ўхшайди-ку! Яна бошқа кўринмас кўзлар ҳам қадалиб тургандир балки?..
У шаҳд билан ортига бурилиб, келган йўлида равона бўлди. «Зўрдан зўр чиққанда…» деганларидек, бел оғриғи таққа тўхтаб, унинг ўрнига дил оғриғи — виждон азоби хуруж қила бошлади: «Ол-а! Бу кунингдан ўлганинг яхши эмасми сен қўрқоқнинг?! Ёрдамингга муҳтож одамни кўра-била туриб ўз тинчингни ўйлаб қочиб қолдинг-а!..» Виждонининг олдида ўзини оқлашга уринди: «Нима қилай ахир, ўзим ҳам шу топда ёрдамга муҳтож бўлиб турган эдим-да! Қолаверса, отам ўлганидан кейинги қарийб ярим асрлик умрим ўзгаларнинг дардини ўзимга олиб, оғирини енгил, мушкулини осон қилишларда кечди. Ақалли биронтаси «Отангга раҳмат!» демади. Аксинча, бу яхшиликларга жавобан фақатгина дакки-дашном, таъна-маломат эшитдим. Оқибатда, мана, ўз дардим ўзимга етиб ортиб турибди. Шу аҳволда бировнинг дардини қандай кўтарай, ўзинг жиддийроқ ўйлаб қара, ҳой, Виждон?! Яқинда бир қадрдоним ўзининг аччиқ тажрибасидан келиб чиққан ҳикматли гапини айтди — ўзинг ҳам эшитдинг: «Ўлган ўлиб кетаверади, лекин мен яшамоқчиман, демакки, ўлиш учун эмас, яшаш учун курашаман!». Ҳа, ҳамманинг яшагиси келади! Менинг ҳам яшагим келади, холос! Шу истагимни ҳам мен бечорага айб қилиб тақамоқчимисан энди, ҳой ноинсоф Виждон?! Сенинг дастингдан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку!..».
Узоқроқдаги «хатарли манзил»ларга бормай, ишхонасининг шундоққина олдидаги йўлакда ўз виждони билан курашганича одимлар экан, бирор ҳафтагина аввал мутлақо кутилмаган тарзда рўй берган бир воқеа ёдига тушди.
Ўшанда дам олиш куни ўғил-қизлари билан икки соатча электричкада йўл юриб, беш-олти соат дала ҳовлисида «дунёнинг ишларини саранжомлаб», чарчаб-ҳориб ортларига қайтар эканлар, кутилмаганда… бели оғриб қолмади-ю, лекин худди ҳозиргидек дили хуфтон, юраги вайрон бўлди: аввалига ҳар гал дала ҳовлисига бораётганида ё келаётганида, албатта, ўзига рўпара бўладиган бир «хира пашша» бу гал ҳам шундоққина кўз олдидаги бўш ўриндиққа абжирлик билан ўтириб олса бўладими! «Турқингни кўрмай сенинг!» дея бошқа жойга қочиб қутулишнинг мутлақо иложи йўқ! Чунки ҳафта охиридаги сўнгги қатнов эмасми, одам тирбанд! Ўғил-қизлари билан бўш ўринга ўтириб улгуришгани учун худога шукур қилса арзийди! Тоғнинг ажиб манзараларини томоша қилиб бир бекатгина тинч-хотиржам, баҳузур-бамайлихотир йўл юришди. Навбатдаги бекатда қараса, очиқ деразанинг олдида, шундоққина кўз ўнгида бир кампир… қўлида улкан шиша идиш тўла асални кўтариб, унга ёлвориб турибди:
— Шуни ушлаб туринг, укам, мен ҳозир тепага чиқиб бориб қўлингиздан оламан, майлими?
Кампирнинг нимагадир алланечук бежо боқиб турган кўзларига қараб, кўра-кўра кўзи пишиб, анчагина кўса бўлган эмасми, бир шумликни сезди. Имкон қадар силлиқроқ «сирғалиб чиқиш»га уринди:
— Очиғини айтсам, ишлай-ишлай қўлларимда шу топда жон қолмади, опажон, кўтаролмай синдириб қўймай тағин, асалингизни ўзингиз олиб чиқаверинг, майлими?..
Рад жавобини кутмаган эканми, ё тепага қарайман деб оёқ остидаги тошларга сирпаниб мункидими, ҳайтовур, кампирнинг боши устида — унинг кўз олдида оҳиста чайқалиб турган шиша идиш ерга тушиб чил-чил бўлди. Ичидаги асал тошлоққа ёйилди. Унинг орасида сувқоғозга ўралган алланима, ҳойнаҳой қорадори синчков кўзларига аниқ-равшан кўринди! Буниси камдек, кампир шундоққина кўз олдида ҳушидан кетиб йиқилди. Энг қизиғи — рўпарасида алланечук олазарак бўлиб ўтирган «хира пашша» ўрнидан сапчиб туриб, издиҳомни боса-янча апил-тапил пастга интилди… Ўрнидан қўзғалган электричканинг очиқ деразасидан ортига бурилиб қараб кўрдики, ҳалиги «хира пашша» кампирнинг олдига югургилаб бориб, уни турғазиб, усти-бошини қоқа-қоқа алланималарни уқтиряпти!.. Бир фикр миясига чақмоқдек урилди. Агар кўнгилчанлик қилиб, ўша идишни қўлига олганида, ҳалиги кампирга шерик-ҳамтовоқ сифатида қамоққа тиқилиши муқаррар эди! Кўзга аниқ-тиниқ кўриниб қолган бир бало-қазога гарифтор бўлиб, маккорона тузилган тўрга тушишдан худонинг ўзи асради ўшанда!
Хотирасида қайта жонланган бу воқеа шунга ўхшаш бошқа воқеаларга ҳам ўз-ўзидан уланиб кетди.
Эсида, бир пайтлар ўғли узоқ хорижий мамлакатга ўқишга отланар экан, унга шундай насиҳат қилди: «Соддадил, ишонувчан халқмиз, ўғлим. Кимлардир ҳамиша ана шу нозик жойимизга таъсир қилиб, усталик билан фойдаланмоқчи бўлишади. Шунинг учун атрофингда юрган ўзингдан чиққан балолардан эҳтиёт бўл! Яхшиликни ҳам ўйлаб қил!..».
Яхшиям насиҳат вақтида бўлган экан, ўша йили ёзги таътилга келганида ўғли бир антиқа воқеани ҳикоя қилди: «Бирга ўқиб юрган бир дўстим ёзги таътилда ўша юртда қолиб ишламоқчи экан, менинг қўлимга бир тугунни тутқазиб, «Шуни Тошкентга оборсанг, бир қариндошим бекатда қўлингдан олади», деди. Мен «Узр дўстим, бундай қилолмайман!» деб силлиққина сирғалиб чиқдим. Шу пайт ҳамроҳим ҳиммат кўрсатди: «Майли, мана, мен обораман!». Шундай дея тугунни олди. Лекин самолётдан тушиб, юкларимизни олаётганимизда: «Менинг юким кўпайиб кетди, шуни ташқарига сен олиб чиқ!», деб ҳалиги тугунни узатяпти. «Ўзинг олиб келдингми, энди ўзинг олиб чиқавер-да, дўстим!» деб олмадим. Чиқаверишда назоратчи жомадонимни роса кавлаштириб, ниманидир астойдил қидирди. Атрофига олазарак бўлиб қаради. Нима қилишини билмай довдиради. Ахийри паспортимни қўлимга ушлатиб рухсат берди…».
Кўрган-боққанларини бирин-кетин эслар экан, беихтиёр юраги тўлиқди. Яратганга астойдил илтижо-тавалло, дил-дилдан муножот қилди.
У энди бировлар дардига узил-кесил нуқта қўйиб, ўзининг кўп йиллик орзу тоғини бир чеккадан ушатишга бошлади. Чўққига кўтарилгани сайин йўлчининг аҳволи баттар мушкуллашиб, хавф-хатарлар тобора ошиб-тошиб борганидек, мана, бировлар дардини чека-чека ўзи ҳам, соғлиғи ҳам, имкониятлари ҳам чингига* етай деб қолди, ахир! Энди ўзи бир умр интилган маррага омон-эсон етиб боришнинг пайида бўлгани маъқул.