Жаҳон адабиётидан энг қисқа ҳикоялар

“New Time” журнали муҳаррири Стив Мосс энг қисқа ҳикоялар танловини ўтказган, танлов шартига кўра, ҳикоя жуда ҳам қисқа, шу билан бирга мазмунли ҳам бўлиши керак эди. Таҳририятга кўплаб ҳикоялар келди ва қуйидаги ҳикоялар танлаб олиниб, журналда чоп этилди.

Дэн Эндрюс. Бахтсиз
Ёвузликнинг юзи бўлмайди, дейишади. Ҳақиқатан ҳам унинг юзида ҳеч қандай ифода йўқ эди. Мен оғриққа чидай олмаётгандим, у эса ўта совуққонлик билан менга яқинлашди. Наҳотки у кўзларимдаги қўрқув ва юзимдаги ваҳимани кўрмаётган бўлса? У хотиржамлик билан, янаям аниқроғи, моҳирлик билан ўз ишини якунлади ва деди: “Тишингизни олиб ташладим, оғзингизни чайқанг”.

Николь Веддл. Учрашув жойи

Қўнғироқ жиринглади.
— Алло, — деди аёл.
— Виктория,бу менман. Кечқурун соҳил бўйида учрашайлик.
— Яхши, азизим.
— Илтимос, ўзинг билан бир шиша шампан ҳам олиб кел.
— Хўп, азизим.  
— Кутаман!  
Аёл хўрсинди, сўнг жилмайди.
— Қизиқ, у ким бўлди экан, — деди у.

Брайан Ньюэлл. Иблиснинг истаги
Икки ўсмир иблиснинг аста-секин узоқлашиб бораётганини кузатиб туришарди.  
— Сендан нимани сўради?
— Пул эвазига қалбимни. Сендан-чи?
— Телефон-автомат учун танга сўради.  
— Юр, овқатланамиз.
— Жон дердим-у, пулим йўқ-да.
— Ҳечқиси йўқ, менинг пулим кўп.

Жей Рип. Тақдир
Ҳаётимиз шунчалар чигаллашиб кетгандики, уни ечиш учун фақат биргина йўл қолганди. Қуръа ташлаймиз: агар рақамли томони тушса турмуш қурамиз, рамзли томони тушса бир умрга ажралишамиз.
Танга ташланди. Рақамли томони тушди.
Биз унга тикилиб қолдик.
Сўнг бараварига гапириб юбордик: “Балки яна бир марта ташлаб кўрармиз?”  

Эндрю Э. Хант. Шукрона
Яқинда хайрия жамғармасида беришган адёл уни иссиқ сақлар, бугун ахлат қутиси ичидан топиб олган пойабзал эса оёғига лойиқ келганди.
Кўчадаги чироқлар совуқ тун бўлса-да унинг қалбини ёритиб турарди.
Хиёбондаги ўриндиққа қулай жойлашиб олгани унга ҳузур бағишларди.
“Худога шукр,  — деди у, — ҳаёт нақадар гўзал!”

Жеффри Уитмор. Чоҳ
— Эҳтиёт бўл, у ўқланган, — деди эркак ётоқхонага қайтиб кираркан.
Аёл диванга суянди.
— Хотинингни шу билан ўлдирмоқчимисан?
— Йўқ. Бу хавфли. Яхшиси, қотил ёллайман.
— Балки мени сени ўлдириш учун ёллашгандир?
Эркак ҳиринглади.
— Эрини ўлдириш учун аёл кишини ёллашга кимнинг ҳам ақли етарди?
Аёл милтиқни эркакка ўқталди.
— Хотинингнинг.

Барнаби Конрадеше. Касалхонада

Аёл машинани ўқдек учириб келарди. Ишқилиб, улгурсин-да.
Лекин жонлантириш хонасидан чиқиб келган шифокорнинг юзига қараб у ҳаммасини тушунди.
Аёл ўкириб йиғлаб юборди.
— Аллертон хоним, — деди шифокор, — хафа бўлманг. У сизни жудаям севаркан. Жон бераётиб “Сени севаман, Мэри” деди.
Аёл шифокорга қаради ва дарҳол юзини бурди.
— Раҳмат, — деди совуқ оҳангда Жудит.

Хоуп Эй Торрес. Гулзорда
Қиз гулзорда тураркан, унинг югуриб келаётганини кўрди.
— Тина! Гулим! Ҳаётим мазмуни!
Ниҳоят у узоқ кутилган сўзларни айтди.
— О, Том!
— Тина, гулим!
— О, Том, мен ҳам сени севаман!
Том унинг ёнига етиб келди, тиз чўкди ва қизни четга сурди.
— Оҳ, гулим! Сен менинг энг севимли гулимни босиб олдинг!

Роберт Томпкинс. Ҳақиқат излаб
Ниҳоят узоқ қидирувдан сўнг у излаганини топди. Хароба кулба ичидаги олов ёнида Ҳақиқат ўтирарди.
У бунчалик қари ва юзлари буришган кампирни умрида биринчи марта кўраётганди.
— Ҳақиқат сизмисиз?
Қари кампир тантанавор бош силкиди.
— Сизни узоқ изладим. Сиз ҳақингизда бутун дунёдагиларга нима дей?
Кампир жавоб берди:
— Уларга мени ёш ва соҳибжамол деб айт!

Алан Е. Майер. Омадсизлик

Ўзимга келганимда бутун баданим қақшаб оғриётганди. Кўзимни очиб тепамда эгилиб турган ҳамширани кўрдим.
— Жаноб Фужима, — деди у, — омадингиз бор экан. Икки кун илгари Хиросимага атом бомбаси ташланганди, сиз тирик қолдингиз.
Ундан аста сўрадим:
— Ҳозир қаердаман?
—Нагасакида.

Чарльз Энрайт. Арвоҳ
Автоҳалокат содир бўлишигаёқ у ҳақда хотинимга айтиш учун уйга шошилдим. Аммо у мени эшитмаётгандек эди. У ҳаттоки мени кўрмасди ҳам. У телевизорни ёқди.
Шу пайт телефон жиринглади. Хотиним гўшакни кўтарди. Бирдан унинг афти буришди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.

Тина Милберн. Қарор
У озодлик эшиклари ёпилганини англади.
Эркинликдан бир умрга айрилди, энди унинг тақдири бегона қўлларда.
У узоқ-узоқларга учиб кетишни хаёл қиларди. Аммо бунинг имкони йўқлигини билиб турарди.
У куёв томонга қаради ва “Турмушга чиқишга розиман” дея пичирлади.

Дилшодбек Асқаров таржимаси.