Женнифер Бассетт. Тунги поезд (ҳикоя)

Жаноб Харрис самолётлардан жуда қўрқарди. Автобусларни хам унчалик хушламасди. У ўн ёшлигида поездга мехр қўйган. Ҳозир у эллик ёшда ва ҳали хам поездларни яхши кўради. Жаноб Харрис ўн тўртинчи сентябрда Хельсинки (Финландия) дан Оулуга кетадиган тунги поездга чиқди. Олдинда ўн соатлик йўл бор эди. Поездда одам кўп эмасди ва жаноб Харриснинг купесига хеч ким кирмади. У бундан жуда хурсанд бўлди. Кўпгина одамлар поездда тунда ухлаб кетса, жаноб Харрис деразадан ташқарини томоша қилиб кетиш ёки китоб ўқишни маьқул кўрарди. Поезд ресторанидаги тушликдан сўнг жаноб Харрис вагонига қайтиб келди ва деразанинг олдига бориб ўтирди. Деразадан бир- икки соат Финландия ўрмон ва кўлларини томоша қилди. Қоронғу туша бошлагач, жаноб Харрис китобини очиб, уни ўқишга тушди. Ярим тунда поезд Отавадаги кичкина бекатда тўхтади. Жаноб Харрис деразадан ташқарига қаради, бироқ хеч кимни кўрмади. Поезд жойидан қўзғалди. Бир оз ўтиб, жаноб Харриснинг купеси эшиги очилиб, бир ёш эркак ва бир ёш аёл кириб келди. Аёлнинг жаҳлдан кўзлари ёнарди.
 – Карл! Бундай қилолмайсан! деб бақирди у эркакка.
 Ёш эркак эса хохолаб кулганича ўриндиққа ўтирди. Жаноб Харрис мулойим инсон эди. У баланд овозда гапирадиган одамларни ёқтирмасди. Шу сабабли уларнинг келиши жаноб Харрисга умуман ёқмади “Эх ёшлар! Нега улар секин гапира олмайди-я?”
 У китобини ерга қўйди ва кўзларини юмди. Лекин ухлай олмади чунки бу икки ёш гапиришдан тўхтамасди. Аёл ўтириб, пастроқ овозда деди:
 – Карл! Ахир акамсан-ку, сени яхши кўраман. Аммо, илтимос мени тушун, сенга олмос маржонимни бера олмайман! Илтимос, уни менга қайтариб бер!
 Карл тиржайди.
 – Йўқ, Елена, тез орада Россияга қайтаман! Шунинг учун олмосларингни олишга мажбурман, – деб шляпасини ечиб ерга қўйди. – Елена қулоқ сол, эринг жуда бой, мен эса камбағалман. Менинг хеч нарсам йўқ. Пулсиз қандай яшашим мумкин? Пул бера олмас экансан, олмосларинг менга керак бўлади, сингилжон.
 Жаноб Харрис аёлга яхшилаб разм солди. У қош-кўзи ва сочлари қоп-қора, гўзал аёл эди. Унинг юзлари оқариб кетган, кўзларида эса қўрқув бор эди. Жаноб Харрис Еленага ачиниб кетди. У ва акаси бирон марта хам жаноб Харрисга қарашмади.
“Улар мени кўришмаяпти-ми?” деб ўйлади жаноб Харрис.
 – Карл деди Елена яна, унинг овози жуда секин чиқди ва жаноб Харрис аста қулоқ солди – бугун уйимизга тушликка келганингда хонамга кириб, олмос маржонимни ўғирлагансан. Нега бундай қилдинг? Бу маржонни менга эрим берган. Бу – унга онасидан ёдгорлик. Унинг жахли чиқиши аниқ. Мен ундан қўрқаман!
 Карл эса тиржайганича қўлини чўнтагига солиб, ундан маржонни чиқарди. Унинг қўлидаги олмос маржон жуда чиройли эди. Жаноб Харрис маржонга термилди. Купеда бир дақиқа жимлик хукм сурди. Жаноб Харрис китобини очди-ю, уни ўқимади. У Карлнинг чақчайган кўзлари ва совуқ юзига қаради.
 – Қандай чиройли олмослар! Улар менга яхшигина пул келтиради деди Карл.
 – Уларни менга қайтариб бер, Карл деб шивирлади Елена. Эрим мени ўлдиради. Ахир акамсан-ку, илтимос!
 Карл яна тиржайди. Жаноб Харриснинг унга мушт туширгиси келиб кетди.
 – Уйинга бор, сингилжон. Мен, бари бир олмосларни сенга қайтариб бермайман. Қани, жўна ўша жохил эрингни олдига!
 Аёлнинг қўлида бирданига ўткир, узун пичоқ пайдо бўлди. Жаноб Харриснинг оғзи очилиб, бирор нарса дея олмасди.
 – Олмосларимни қайтар, бўлмаса, сени ўлдираман! деб қичқирди Елена.
 – Қандай мехрибон ва ширинсўз синглим бор-а! Йўқ, сингилжон, улар – энди менинг олмосларим пичоғингни олиб қўй деб кулди Карл.
 Аммо кутилмаганда пичоқнинг учи унга санчилди ва дахшатли чинқириқ билан Карл ерга қулади. Хамма ёқ қип-қизил қонга бўялди. Олмос маржон Карлнинг қўлидан полга тушди. Еленанинг ранги оқариб кетди.
 – О, йўқ! Карл! Қайт… қайт!… Сени ўлдирмоқчи эмасдим!…
 Аммо Карл жавоб бермади. Елена унинг бошига қўлларини қўйиб бақириб йиғлаб юборди. Жаноб Харриснинг эса ранги оқариб, оғзи очилиб қолганди. Тезлик билан ўрнидан туриб, эшик томонга борди. Елена унга эьтибор хам қилмасди. Жаноб Харрис йўлакка чиқиб, тўғри поезд назоратчисининг олдига югирди.
 – Тезроқ! деди у хансираб. – Тезроқ мен билан юринг! Фалокат!… у ерда бир аёл!… Эй Худойим! У ўз акасини ўлдириб қўйди! Поезд назоратчиси жаноб Харрис билан купега борди. Жаноб Харрис эшикни очди ва улар ичкарига киришди. Аммо купеда на аёл, на жасад бор эди. Хеч қанақанги пичоқ хам, олмос маржон хам йўқ эди. У ерда фақат жаноб Харриснинг сумка, шляпа ва палтоси турарди. Поезд назоратчиси ва жаноб Харрис бир-бирларига қаради.
 – Лекин… лекин улар шу ерда эди! Мен уларни аниқ кўрдим! У … ёшгина аёл … қўлида пичоғи бор эди ва шу пичоқ билан акасини ўлдириб қўйди!
 – Пичоғи бор эди дейсизми? деб сўради поезд назоратчиси.
 – Ха, узун пичоқ. Акаси унинг олмосларини олиб қўйган экан шунга…
 – Эха, Олмослар! деб жаноб Харриснинг гапини бўлди назоратчи. – Ўша аёлнинг исми Еленамиди?
 – Ха, шундай! Буни қаердан биласиз? Уни танийсизми? деди хайратланиб жаноб Харрис.   
 – Шундай деса хам бўлади деб назоратчи бироз ўйланиб қолди. Кейин жаноб Харрисга қаради: – Елена ди Саронелли жуда гўзал аёл бўлган. Ярим италян, ярим финн. Акаси унинг ўгай акаси. Уларнинг оналари бошқа бўлган. Менимча акасининг онаси рус бўлган.
 – Бўлган? Нега ўтган замонда гапиряпсиз? Ахир у аёл тирик-ку!
 – Э, йўқ. Елена ди Саронелли бундан тахминан саксон йиллар аввал оламдан ўтган. Акасини ўлдириб қўйгач, қўрққанидан поезддан сакраган ва ўша захоти халок бўлган. Бу воқеа тахминимча ана шу купеда содир бўлган.
 Жаноб Харриснинг юзи баттар оқариб кетди.
 – Саксон йил аввал? Нималар деяпсиз? Демак у ва акаси … бироқ мен уларни кўрдим!
 – Ха, тўғри уларни кўргансиз аммо улар хозир хаёт эмас. Улар шарпалар бўлса керак. Одатда айнан сентябрь ойида улар тез тез кўриниш беришади. Мен бу шарпаларни хеч қачон кўрмаганман. Уларни сиздан бошқа инсонлар хам кўришган. Ўтган йили бир эр-хотин ана шу шарпаларни кўришганини айтишганди.
 Шундай деб поезд назоратчиси жаноб Харриснинг қўрқувдан оқариб кетган юзига қаради.
 – Сув ичиб олишингиз керак, мен билан юринг сизга сув бераман деб у жаноб Харриснинг қўлидан тутди.
 Жаноб Харрис финн сувини хушламасди. Аммо у қўрқувга тушиб қолганди. Кўзларини юмиши билан қўлида узун, ўткир пичоқни ушлаб турган Еленани кўрарди ва унинг дахшатли қичқириғини эшитарди. Шу сабабли у назоратчига эргашди. Сув ичиб бўлгач жаноб Харрис ўзини бироз яхши хис қилди. Бироқ юрагидаги қўрқув хануз уни тарк этмаганди. Шунинг учун у поезд назоратчиси билан бирга қолди ва купесига қайтмади.
 – Ха, бу машхур хикоя деди поезд назоратчиси. – Хаммаси аниқ эсимда йўқ. Бу воқеа анча йил олдин содир бўлган. Еленанинг отаси Финландиянинг жуда бой кишиларидан бири бўлган. Шунга яраша уч-тўртта хотини ва саккизтача боласи бўлган. Бор бойлигини кўнгилхушликка сарфлагани туфайли фарзандларига деярли хеч нарса қолдирмаган. Карл унинг тўнғич ўғли бўлган. Одамларнинг айтишича у енгил хаётни танлаган, жуда ёмон одам бўлган экан. Елена эса… У бечорага бу учта эркак – отаси, акаси ва эри билан яшаш осон бўлмаган. Бир йили у онасиникига, Италияга борган ва ўша ерда турмуш ўртоғи ди Саронеллини учратган. У жуда бой аммо қахри қаттиқ, қаттиққўл эркак бўлган. Улар Финландияга қайтишгач Карл тез тез уларникига бориб турган. У синглисининг бадавлат эридан пул сўрарди. Елена акасини жуда яхши кўраргани учун унга пул берарди. Аммо жаноб ди Саронелли Карлни ёқтирмас ва бу иши учун Еленадан жахли чиқарди. У Еленага ғазаб қилиб Карлга пул беришни тўхтатди. Ўшандан кейин эса… Қолгани сизга маьлум.
 – Ха бечора, бахтсиз Елена деб хўрсиниб қўйди жаноб Харрис.
 Жаноб Харрис Оулуда икки хафта дўстлари билан дам олди. Бироқ Хелсинкига қайтишда бу сафар жаноб Харрис автобусга минди. Автобус секин юрарди ва бу ерда одамлар хам кўп эди. Аммо жаноб Харрис жуда бахтиёр эди.Ўша воқеадан сўнг жаноб Харрис қайтиб тунги поездларга чиқмайдиган бўлди.

Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси
“7х7” газетаси 2015 йил, 9 апрел сони.