Иван Бунин. Баҳорда – Иудеяда (ҳикоя)

Мени бир умрга майиб, оқсоқ қилиб қўйган бу воқеа айни навқирон йигитлик чоғимда, олис Иудеяда юз берган эди, − деб ҳикоясини бошлади баланд бўйли, қомати келишган, юзлари сарғимтир, қўй кўзлари ялтираб турадиган, жингалак калта сочлари оқарган киши. Чап тиззаси букилмаганидан у доим қўлтиқтаёқда юрар эди. − У пайтда Ўлик денгизнинг чап қирғоғида − афсонавий Содом ва Гоморрада иш олиб бораётган тадқиқот гуруҳига аъзо эдим, Истанбулда ушланиб қолган шерикларимни кутиб Қуддусда ётардим ва вақти-вақти билан Иерихон йўлидаги бадавийлар қўналғасида яшовчи шайх Аиднинг олдига бориб турардим; сафарга керакли ҳамма нарсани топиб бериш ва йўлбошловчилик қилишни зиммасига олган бу кишини менга қуддуслик археологлар тавсия қилишганди. Биринчи кун бир киши йўл кўрсатиб борди, маслаҳатлашиб, гапни пишитиб қайтдим; эртаси куни унинг ўзи Қуддусга келди; шундан сўнг манзилини ёлғиз топиб борадиган бўлдим, минишга келган чиройли байталини сотиб олдим, кейин у томонга кунда, кун ора қатнай бошладим…
Кўклам фасли эди. Иудея сахий қуёш нурларига ғарқ бўлган, «Қўшиклар қўшиғи»да айтилганидек: «Қиш ўтиб кетди, замин гулга тўлди, қўшиқ куйлаш даври келди, майна соз чалади, гуллаган узум новдалари муатгар бўй таратади». Тошлоқ Иудея саҳросидан ўтадиган кўҳна Иерихон йўли ҳар галгидек кимсасиз, ташландиқ бўлиб, гармсел ва қум кўз очирмасди. Аммо бу чароғон баҳор кунларида мен ўзимни ниҳоятда бахтиёр, шод-хуррам ҳис қилардим; Шаркқа биринчи марта келишим, мисли йўқ янги бир дунёни ўз кўзларим билан кўрмоқда эдим, бу дунёда яна бир мўъжиза − Аиднинг жияни ҳам бор эди.
Урдун водийсигача чўзилиб кетган Иудея саҳросининг ўзи бир олам, унда-бунда тиканак буталар ўсиб, илонлар ва какликлар макон қурган чағир тошли, қумлоқ тепаликлар, яйдоқ қирлар абадий сукутга чўмиб ётади. Иудеяда бутун қиш бўйи ёмғир ёғиб, муздек шамоллар эсади; баҳор, ёз, кузда яна бир хил манзара ва қабристон жимлиги ҳукмрон, аммо ҳамма ерда жазирама иссиқ, мудроқ сукунат.
Қудуқлари бор кичик дараларда бадавийлар манзилига хос излар: гулхандан қолган кул, чодирларни тикиш учун доирасимон ёки тўртбурчак қилиб тахланган қатор тошлар кўзга ташланади… Мен борадиган шайх Аиднинг манзили ҳам тепаликлар орасидаги кенг қумлоқ ўтлоққа жойлашган, сариқ қумлар қўйнида ниҳоятда хунук кўринадиган қора наматдан япалоқ ёки тўртбурчак шаклда қурилган бир неча ўтовдан иборат эди. Бу ерга келганимда ҳар гал чодирлар олдида тутаб ётган тезак уюмини кўрар эдим, чодирлар ораси тор: ҳамма ерда итлар, отлар, хачирлар, эчкилар − уларни қаерда ва қандай боқишади − ҳалигача буни билмайман, бир тўда яланғоч, қора-қура, жингалак соч болалар, баъзилари лўлини, бошқалари занжини эслатадиган, аммо лаблари юпқа хотинлар ва эркаклар уймалашиб юришарди…
Уларнинг кийимлари ҳам жуда ғалати: жазирама иссиқ бўлишига қарамай, эркаклар тиззагача тушадиган қалин кўйлак, пахтали камзул, унинг устидан эса ола-була жундан − оқ ва қора рангда йўл-йўл қилиб тикилган, елкалари кенг, узун ва оғир қабо кийишади: бошларига бир учи яғринига ташланган, чеккаларига яна ола-була энли жун ипак ип икки марта айлантириб боғлаб қўйилган қизил ҳошияли йўл-йўл сариқ рўмол − кефийя ўраб олишади. Аёлларнинг кийими уларникига тамомила қарама-қарши: бошларига кубсимон рўмоллар ташлаб юришади, юзи очиқ, эгнида кубсимон узун кўйлак, ўткир учли енги оз бўлмаса ерга тегай дейди, эркакларнинг оёғида нағал қоқилган қўпол бошмоқлар; аёллар ялангоёқ юришади, болдирлари бирам ажойиб. Эркаклар чилим чекишади, аёллар ҳам…
Қўналғага иккинчи марта йулбошловчисиз ёлғиз ўзим келганимда мени яқин дўстларидек кутиб олишди. Аиднинг чодири ҳамманикидан катта эди, мен бу ерда − ичкарига кириш учун этаги кўтариб қўйилган қора намат чодир ёнида қатор ўтирган бир тўда кекса бадавийларга дуч келдим. Аид истиқболимга чиқди, ўнг қўлини лаби ва пешонасига тегизиб, таъзим қилди. Чодирга мени ўзидан аввал киргизди. Ичкари киргач, чодир ўртасига солинган гиламга ўтиришини кутиб турдим, сўнг мен ҳам унга ўхшаб ўнг қўлимни лабим ва пешонамга тегизиб ўтирган одамларнинг ҳаммасига таъзим қилиб чиқдим, кейин Аиднинг ёнига ўтириб яна шу ҳаракатларни такрорладим, албатта, менга ҳам шундай жавоб қайтаришди. Фақат хўжайин иккимиз қисқа ва оҳиста гаплашиб ўтирдик, одат шуни тақозо этарди, бундан ташқари, ҳали мен жонли араб тилини яхши билмасдим, бошқалар чекар ва сукут сақлашарди.
Чодирдан ташқарида менга ва меҳмонларга зиёфат тайёрлашмоқда эди. Одатда бадавийлар хибиз − зоғора нон ва эчки сутида пиширилган буғдой ёрмаси истеъмол килишади… Меҳмонни эса харуф − қумда қазилган ва тезак ёқиладиган ўчоқда пиширилган қўй эти билан сийлашади. Таомдан кейин ҳар доим қанд солинмаган қаҳва тортишади. Ҳамма бемалол еб-ичиб ўтирар, намат чодирдан ташқарида эса худди дўзах алангасидек гармсел уфуриб турар, чодирнинг кенг очиб қўйилган тирқишидан саҳрога қарашнинг ўзи мени даҳшатга соларди: олисдаги ялтироқ қумлар одамнинг кўзига худди сузиб кетаётганга ўхшаб кўринарди. Шайх ҳар бир сўзидан кейин менга хожа − жаноб деб мурожаат қилар, мен ҳам уни муҳтарам бадавий шайх, яъни саҳро ўғли деб атар эдим. Дарвоқе,Урдун арабчасига қандай аталишини биласизларми? Жуда оддий: Шариат − бор-йўғи сувлоқ жой дегани.
Аид эллик ёшларга борган, паст бўйли, суяги ингичка, озғин бўлса-да, чайир; юзи − пиширилган ғиштнинг ўзи; кулранг тиниқ кўзлари ўткир, оқара бошлаган қаттиқ, кумуш чўққи соқоли ва мўйлови яхшилаб кузалган, − бадавийлар соқол-мўйловга алоҳида эътибор беришади, − бошқалар сингари нағал қоқилган катта бошмоқ кийган эди. Қуддусда олдимга келганида белбоғига ханжар тақиб, узун милтиқ кўтариб олганди.
Жиянини ўша «дўст» бўлиб борган кунимда кўрдим, у бошидаги катта мис кўзани ўнг қўли билан ушлаганча, чодир ёнидан қаддини тик тутиб ўтиб кетган эди. Неча ёшдалигини билолмадим, чамаси, ўн саккиздан ошмаганди, бундан тўрт йил олдин эрга теккани ва шу йилдаёқ бева қолгани, боласи йўқлигини, тоғасининг чодирига ғирт етим ва қашшоқ ҳолда қайтиб келганини кейинчалик билиб олдим. «Кўзингга қара, Суламиф!» − деб ўйладим мен. (Ахир Суламиф ҳам айнан шунга ўхшаган эди. «Қуддуснинг қизлари, мен қора ва чиройлиман».)
У чодир ёнидан ўтаётиб, бошини салгина буриб, менга кўз қирини ташлаб қўйди: бу кўзлар фавқулодда қоп-қора, сирли эди. Қорача юзлари, қалин бинафшаранг лабларини кўришим биланок, мафтуну лол бўлиб қолдим… Фақат шулар дейсизми?! Бутун қиёфаси мени маҳлиё қилиб қўйди: мис кўзани қаттиқ ушлаган қўллари елкасигача яланғоч, узун кубсимон кўйлак остида охиста тўлғаниб кетаётган хипча қомати, кўйлагини кўтариб турган бўлиқ кўкраклари…
Бу хам етмагандек, икки-уч кундан кейин уни Қуддусда − шундоққина Яфф дарвозаси ёнида учратиб қолсам бўладими! У оломон орасида мен томонга юриб келар, бошида қандайдир тугун кўтариб олган эди. Мени кўриб, тўхтади. Дарҳол олдига бордим.
− Мени танияпсанми?
У бўш турган чап қўли билан елкамга салгина туртиб қўйиб, жилмайди:
− Танидим, ҳожам.
− Нима олиб кетаяпсан?
− Эчки пишлоғи…
− Кимга?
− Ҳаммага.
− Демак, сотар экансан-да? Унда меникига олиб борақол.
− Қаерга?
−Мана буёқда, меҳмонхонага…
Мен Яфф дарвозасининг шундоқ ёнидаги баланд энсиз бинога жойлашган эдим, у кичкина майдоннинг чап томонидаги бошқа уйлар билан туташиб, зинапояларга тўла қоронғи, баъзи жойлари тим ёки кўҳна гумбазлар билан ёпилган, қадимий устахоналар ва дўконлар қалашиб кетган «Шоҳ Давид кўчаси»га уланиб кетган эди. У ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан олдинга ўтди ва эгри-бугри, тор тош зинапоялардан хиёл олдинга энгашган кўйи хипча қоматини эркин тутиб юриб кетди, рўмолчадаги пишлоқни наридан бери номигагина ушлаб олган ўнг қўли яланғоч бўлиб, елкасига тушиб турган қора сочлари кўзни ўйнатар эди. Бурилишдаги зинапоялардан бирида тўхтади: у томонда, қўшни уйларнинг туташ тўртбурчак деворлари остида худди қудуқдаги каби кўкимтир сув − айни ўша сув − яланғоч бадани билан шоҳ Давидни асиру лол этган Уриянинг хотини Вирсафия чўмилган кўҳна «Авлиё Иезикил шалоласи» ярқираб кўриниб турар эди. У тўхтар экан, ойнага қаради, сўнг ўгирилиб, мафтункор кўзлари билан менга шодон назар ташлади.
Мен ўзимни тутиб туролмадим, энгашиб бўйнидан ўпдим, у менга ҳайратланиб бокди − бадавийларда бўса олиш одати йўқ. Хонамга киргандан кейин у тугунини стол устига қўйди ва ўнг қўлини менга узатди. Мен кафтига бир неча майда мис чақа ташладим, сўнг, ҳаяжондан қалтираган ҳолда битта олтин фунт чиқариб унга кўрсатдим. У тушунди ва киприкларини юмди, итоаткорона бошини эгиб, кафтлари билан кўзларини беркитди…
Ярим соатдан кейин уни зина олдида кузатиб қўяр эканман:
− Яна қачон пишлоқ олиб келасан? − деб сўрадим.
У бошини оҳиста лиқиллатди:
− Яқин кунларда келолмайман.
Шундай деб беш бармоғини кўрсатди: беш кундан кейин. Икки ҳафта ўтгач, Аиднинг олдидан қайтаётиб, манзилдан анча узоқлашганимда, орқамдан милтиқ овози эшитилди ва ёнимдаги тошга ўқ келиб урилди, зарб шундай кучли эдики, ҳатто тошдан тутун чиқиб кетди. Мен эгарга энгашиб, отга қамчи босдим, иккинчи марта милтиқ қарсиллади, чап тиззамга нимадир қаттиқ текканини сездим. Қуддусга етгунча отни тўхтатмадим, бир вақт энгашиб қарасам, этигимдан қон кўпикланиб оқмокда эди… Аид қандай қилиб икки мартада ҳам мўлжалга уролмаганига ҳали-ҳали ҳайрон қоламан. Яна жияни менга пишлоқ сотаётганини қаердан билиб олганига ҳамон ақлим етмайди…

Ортиқбой Абдуллаев таржимаси