Антон Чехов. Шум бола (ҳикоя)

Иван Иванович Лапкин деган хушбичим йигит билан Анна Семёновна Замблицкая деган танқайган бурунли ёшгина қиз баланд тепаликдан дарё бўйига тушиб, скамейкага ўтирдилар. Скамейка худди сув бўйига, қалин толзорликка қўйилган. Ниҳоятда шинам бир жой! Шу ерга келиб ўтирдингизми, бўлди, ҳамманинг кўзидан пинҳонсиз, балиқ ва сув бетида ўқдай сузиб юрувчи ўргимчаклардан бошқа ҳеч ким сизни кўрмайди. Йигит билан қизнинг қўлида қармоқлар, чувалчанг солинган банкалар ва шу каби нарсалар. Сув лабига келиб ўтиришлари биланоқ балиқ овлашга тушиб кетдилар.
— Ахир, иккимиз танҳо қолганимизга жуда хурсандман — деб гап бошлади Лапкин, атрофга кўз югуртириб чиқиб. — Менинг сизга айтадиган кўп гапларим бор эди, Анна Семёновна… Жуда кўп гапларим бор… Мен сизни биринчи марта кўришдаёқ… Ана, ана, сизники тортди… Ҳа, сизни биринчи марта кўришдаёқ бу дунёга нимага келганимни, бутун ҳаёт-мамотимни кимга бағишлашим кераклигини билдим… Жуда катта балиққа ўхшайди… Сизни кўрдим-у, умримда биринчи марта қалбимда муҳаббат ҳис этдим! Шошманг, қармоқни тортмай туринг… яхшироқ илинсин… илтимос қиламан, ёлвораман сиздан, мени севинг демайман, йўқ, аммо ишонсам, умид тутсам бўлармикин… Тортинг!
Анна Семёновна қармоқни сувдан баланд кўтариб, чинқириб юборди. Қармоққа кумушдан ялтироқ балиқ илинган эди.
— Вой ўлай, олабуға-ку! Вой, вой!.. Тезроқ! Э-э, тушиб кетди!..
Олабуға қармоқдан чиқиб кетди-да, майса устидан сакраб-сакраб шўл этиб сувга тушди.
Лапкин балиқни ушлайман деб, бирдан Анна Семеновнанинг қўлидан ушлаб олди ва билмасдан лабига босди. Анна Семёновна қўлини тортиб олмоқчи бўлган эди, бўлмади: икковларининг лаблари бир бирига ёпишиб қолди. Бу тасодифан бўлган эди. Бир бўсадан кейин иккинчиси бўлди, иккинчисидан кейин аҳд-паймонлар бошланди… Бахтли онлар! Аммо, шуни ҳам айтиш керакки, бу дунёда бутунлай беғубор бахт бўлмайди. Бахтнинг ичида биронта заҳар ҳам бўлади, ё бўлмаса бахтни бошқа бир нарса заҳарлайди. Бу сафар ҳам худди шундаи бўлди. Йигит билан қиз ўпишиб турган пайтда бирдан ҳиринглаган кулги эшитилди. Улар сой юзига қарадилар-у, оғизлари очилганича қолди: сойда белигача сувга ботган яланғоч бола турарди. У бола Анна Семёновнанинг укаси, гимназия ўқувчиси Коля эди. Коля сув ичидан уларга ишшайиб қараб турар эди.
— Ҳа, ҳа, ҳали ўпишамиз ҳам денглар? — деди у. Хўп, бўпти, ойимга бориб айтганим бўлсин!
— Мен сизни виждонли бола деб… — сўз бошлади Лапкин, қизариб-бўзариб ва тутила-тутила. — Одамларни пойлаб юриш — пасткашлик, чақимчилик эса расволик… Мен сизни виждонли ва тузук бола деб биламан…
— Бир сўм берсангиз айтмайман! — деди тузук бола. — Бўлмаса айтаман.
Лапкин чўнтагидан бир сўм олиб, Коляга берди. Коля пулни қўлида маҳкам сиқиб, ҳуштагини чалиб, қайтиб сузиб кетди. Ошиқ-маъшуқлар ортиқ ўпишмадилар.
Эртаси куни Лапкин шаҳардан Коляга ҳзр хил бўёқлар ва копток келтириб берди, опаси эса ўзининг ҳар хил қоғоз қутиларини берди. Кейин ит башараси солинган аломат запонка тақдим этишга тўғри келди. Шум бола бунинг мазасига тушуниб қолган бўлса керак, бундан ҳам кўпроқ пора олиш мақсадида яна уларнинг кетига тушди. Лапкин билан Анна Семёновна қаёққа борса, у ҳам кетларидан борадиган бўлди. Бир дақиқа ҳам уларни танҳо қолдирмас эди.
— Расво бола экан! — дерди Лапкин, хуноб бўлиб — Муштдай бола-ку, шу маҳалдан расво бўлганига ҳайронман! Катта бўлганда нима бўларкин?
Бечора ошиқ-маъшуқларга Коля бутун июнь ойи кун бермай юрди. Уларни пойлаб юрар, бориб айтаман деб қўрқитиб, пора талаб қиларди; аммо кўзи ҳеч тўймас эди, ахир бир куни ён соат берасан деб туриб олди. Ноилож ваъда қилишга тўғри келди.
Бир куни тушлик маҳалида, ширинлик келтирилганда Коля бирдан хахолаб кулиб юборди-да, бир кўзини қисиб, Лапкиндан:
— Айтайми? А? — деб сўради.
Лапкин шалғамдан қип-қизариб кетди, оғзига овқат соламан деб, сочиқни чайнай бошлади. Анна Семёновна ўрнидан туриб, бошқа уйга чиқиб кетди.
Ошиқ-маъшуқлар август ойининг охиригача шу аҳволда қийналиб юришди; августнинг охирида Лапкин Анна Семёновнага очиқ таклиф қилди. О, нақадар бахтли эди бу кун! Лапкин, қизнинг ота-оналари билан гапиришиб, уларнинг розилигини олгач, даставвал боққа қараб югурди-да, Коляни қидиришга тушди. Болани топди-ю, севиниб кетганидан йиғлаб юборгудай бўлиб, шум боланинг қулоғидан маҳкам ушлаб олди. Коляни қидириб юрган Анна Семёновна ҳам шу онда югуриб келиб, Колянинг бошқа қулоғидан ушлаб тортди. Колянинг улардан:
— Жон опа, жон амаки, энди қилмайман, товба қилдим. Вой, вой, қилмайман дедим-ку! — деб ялинишларини курган ошиқ-маъшуқлар чеҳраларида акс этган завқ ва мароқнинг ўзи бир тамошо эди.
Улар кўнгил қўйиб қолганларидан бери боланинг қулоғидан тортган пайтларидек хурсанд бўлмаганларини ва роҳат қилмаганларини кейинчалик бир-бирларига айтдилар.

Одил Раҳимий таржимаси

******************

ЁМОН БОЛА

Истараси иссиқ, ёш Иван Иванич Лапкин ва бурни қанқайган, ёш қиз Анна Семёновна Замблицкая пастга, тик тушиб борадиган қирғоқ бўйидаги курсига ўтирдилар. Курси сувга яқин, қуюқ мажнунтоллар орасида эди. Ажойиб жой! Сизни фақат балиқлар ва сув юзида сузадиган ўргимчаклар кўриб турибди- худди оламдан бекингандай ўтирибсиз.
Бошқалар ҳам балиқ овлаш учун қармоқлар, матраплар (тўр) билан қуролланиб келишган. Ўтиргач, улар ҳам балиқ овлашга киришдилар.
-Мен ёлғиз қолганимиздан хурсандман, -у ёқ бу ёққа қараб гап бошлади Лапкин.- Мен сизга кўп нарсаларни айтишим керак, Анна Семёновна… жуда кўп нарсалар… Сизни биринчи марта кўрганимда… Қармоғингизга илинди…
-Мен ўшанда кўнглим орзуси ким эканлиги ва мен ҳаётимни кимга бағишлашим кераклигини англадим… Қармоғингизга илинди, шекилли… сизни кўриб, биринчи марта зўр эҳтирос билан севиб қолдим! Тортмай туринг, яхшироқ илинсин… Азизим, айтинг, ёлвориб сўрайман, мен балки арзимасман, лекин сизни муҳаббатингизга умид қилсам бўладими? Тортинг!
Анна Семёновна қармоқни баланд кўтариб, итқитди ва бақириб юборди.
— Вой, худойим, олабуға! Тез! Чиқиб кетади…
Олабуға қармоқдан чиқиб, бир сакради-ю, яна ўзининг қадрдон муҳитига шўнғиб кетди.
Балиқ изидан югурган Лапкин, бехосдан балиқ ўрнига Анна Семёновнанинг қўлидан тортиб, бағрига босиб ўпа бошлади. Анна силтаниб ўзини тортди, аммо кечикди: лаблар бирлашди.
Бўса изидан бўса, ваъдалар, ишонтиришлар… Бахтли онлар! Қолаверса, ер юзида мутлақ, тўлиқ бахтнинг ўзи йўқ. Бахт, одатдагидек ўзини ўзи заҳарлаши ёки ўзга таъсир орқали зарарланиши мумкин. Мана бу марта ҳам худди шундай бўлди. Ёшлар ўпишаётган вақтда, кимнингдир кулгани эшитилди. Улар дарёга қараб, қотиб қолдилар: белигача сувга ботган яланғоч бола уларга қараб турарди. Бу Анна Семёновнанинг гимназияда ўқийдиган укаси Коля эди. У уларга истеҳзоли кулиб қарарди.
-А-а-а… Ўпишаяпсизларми? Жуда яхши. Ойимга айтиб бераман.
-Ўйлайманки, сиз ҳалол инсон сифатида… қизариб, бўзариб пўнғиллади Лапкин, -пойлаш разиллик, айтиб бериш пасткашлик, аблаҳлик эканини билсангиз керак. Сиз олийжаноб инсон…
-Пул беринг, айтмайман!-деди «олийжаноб» инсон.- Бўлмаса, айтаман.
Лапкин чўнтагидан пул олиб, Коляга узатди. У эса пулни нам муштида ғижимлаб, ҳуштак чалди-ю, шўнғиб кетди. Шундан сўнг ёшлар қайта ўпишмадилар.
Кейинги кун Лапкин Коляга шаҳардан копток ва бўёқлар олиб келди, опаси эса дорилардан бўшаган қутичаларни берди. Кейин эса итнинг тумшуғи тасвири туширилган запонка (илматугма) совға қилдилар. Ёмон болага, албатта, буларнинг ҳаммаси ёқарди, шу сабаб бундан ҳам кўпроқ нарса олиш учун , у яна кузата бошлади. Бир дақиқа ҳам уларни ёлғиз қолдирмасди.
-Ярамас! -дерди Лапкин тишларини ғичирлатиб. -Ўзи кичкина-ю, лекин катта аблаҳ! Келажакда ундан ким чиқади?!
Июнь давомида Коля севишганларни ҳоли-жонига қўймади. У айтиб бериш билан қўрқитар, кузатар, совғалар талаб қилар ва буларнинг ҳаммаси унга оз кўринар, ахийри чўнтак соатда тўхтади. Нима қилибди! Олиб беришга ваъда бердилар.
Бир куни тушликда дастурхонга вафли тортилганда, Коля хоҳолаб, Лапкинга бир кўзини қисди-да:
-Айтайми, -а? -деди.
Лапкин қизариб, саросимада вафли ўрнига салфеткани чайнаб юборди. Анна Семёновна сапчиб, бошқа хонага югуриб кетди.
Мана шундай шароитда улар август охиригача, ниҳоят, Лапкин Анна Семёновнанинг қўлини сўрагунга қадар юрдилар. О, бу қандай бахтли кун эди! Қизнинг ота-онаси билан гаплашиб, уларнинг розилигини олгач, Лапкин, аввало, боққа югурди ва Коляни излай бошлади. Уни топгач, завқдан бақириб юборишига оз қолди- ёмон боланинг қулоғидан тортқилай бошлади. Шу вақт Коляни излаб юрган опаси ҳам келиб, иккинчи қулоғидан тортди. Севишганлар юзидаги лаззатни сўз билан таърифлаш қийин. Коля йиғлаб, ёлворарди:
-Азизларим, меҳрибонларим, энди ёмонлик қилмайман! Кечиринглар!
Кейинчалик улар шу вақтгача бир-бирларини яхши кўриб юрган пайтда ҳам бунақанги бахт, бунақанги ҳузурбахш ҳолатни, яъни ёмон боланинг қулоғини тортишдек ҳузурни ҳис қилмаганликларига иқрор бўлдилар.

Шеробод туманидаги 35-мактаб ўқитувчиси А.Ҳайитқулова таржимаси
«Термиз оқшоми» газетасидан олинди.