Абдунаби Ҳамро. Меҳмон (ҳикоя)

Меҳмон деганиям ҳаддидан ошмаса яхши экан-да. Келди-кетдининг меъёрини билса, олдига қўйганингни еса, икки кун, боринг ана, уч кун тургач, қўлгинасини кўксига қўйиб, «Хўп, бўлмаса, чироғим, энди бизга рухсат, ҳурмат-иззат учун кўп раҳмат», деса. Бу меҳмонимиз эса, садағаси бўлай, кетиш ҳақида ўйламаётгандай эди, назаримда…
Сўрасангиз, меҳмонимиз қўшни туманнинг чекка бир қишлоғидан, айтишича, отаси бовамиз билан, ўзи эса худораҳмати отамиз билан қадрдон бўлган экан. Ёши бир жойга борганда қадрдонларининг зурёдларини соғиниб, сўраб-сўраб, топиб келибди. Ота қадрдонимизни қучоқ очиб кутиб олдик, пойига меҳримиздан пояндоз солдик. Тўғри, олдинига одамгарчилик юзасидан ўртачароқ сўрашдик, ўзини танитиб, ота-бовамиздан гап очгач, меҳримиз ийиб, бағирлашдик-да.
— Отамизни кўриб қолган табаррук одам экансиз, қани, ичкарига марҳамат!
Илтифотимиздан боши кўкка етган меҳмон ясатиғлиқ меҳмонхонага кириб, азза-базза тўрга чиқди. Дуои фотиҳадан сўнг худди бешигимизни тебратиб катта қилгандай беписанд сўрашди:
— Яхшимисан, уй ичларинг тинчми?
— Раҳмат, тоға, — дедик бироз ҳайрон бўлиб, сўнг унинг тўпорилигига хаёлан қўл силтаб, бизам сўрашдик:
— Ўзингиз қандай, бинойигина юрибсизми? Ўғил-қиз, невара-чевара дегандай?..
— Худога шукур. «Хўш, деганингиздан билдик, ўзбек экансиз», деган эканлар. Биздан сўрасанг, жиян, отимиз Шопўлат, қишлоқдагилар Шоппи бова дейишади. Ўғил-қиздан тинчиганмиз, момой билан энди… Ҳа, бу ёғини ўзинг яхши биласан. Хўш десак, Шоппи бованг Тошкентда, «нархўз»да ўқиган, нақ қирқ беш йил ҳисобчи бўлган! Отанг худораҳмати ТошМИда ўқирди ўшанда. Жўра бўлганмиз. Бобонгдан қолган уйларингга бир-икки келганман, унда сен ёш бола эдинг, эслолмайсан. Отангнинг ўтиб қолганини эшитмаган эканман, уч кун бурун бир маъракада эслаб қолишди. Худо раҳмат қилсин, яхши жўрам эди…
«Жўра бўлганмишлар!.. Шунчалик қадрдон экансан, шу пайтгача қаерда эдинг?» дейишга юз чидайдими… Бу орада меҳмон димоғида тиловат бошлади.
Етмишга яқинлашган бўлса-да, ҳали анча тетик кўринадиган, қотма гавдали, ўйдим-чуқур юзларида чечак излари билиниб турган, кўзлари қора ҳам, қўнғир ҳам эмас, аллақандай рангга ўхшайдиган бу чол иккита сурани наридан-бери юмалоқ-ёстиқ қилгач, юзига фотиҳа тортди. Бизам қўшилдик, албатта. Кўп ўтмай хотин дастурхон олиб, ичига ноз-неъмат солиб, бўй қизлардай уялиб кирди.
Ўша оқшом Шоппи бова билан хўп отамлашдик. Меҳмоннинг қулфи-дили очилди. Лекин, бовага қойил қолмай илож йўқ: икки қўшни туман у ёқда турсин, бутун вилоят одамини танир экан! Би-и-р гурунглар бердики, ўҳ-ҳў! Гоҳ бовамиздан олади, гоҳ отамиздан.
Эрта тонгда меҳмоннинг турткилашидан кўз очганимизда қишлоқнинг асосий кўчасида, одатдагидек, Бозиргон бангининг товуши янграётганди:
— Барвақт туринглар! Ғафлат босиб ётаверманглар, ойнинг юзига доғ тушади! Бир-бирингизга салом беринг, фаришталар Худога етказади! Бир-бирингизни яхши кўринг, бўлмаса шайтон сизни яхши кўради! Одам одам билан тирик, тез-тез кўришиб туринглар, бўлмаса куннинг бағри куяди! Тарозидан урманглар, юлдузлар бошингизга тўкилади! Қани, туринглар, ҳовли-ҳарамни супириб-сидиринглар, ифлос жойларга жинлар макон қуради!
Меҳмонимиз анқайиб, чўмичдай бурни танқайиб, гоҳ бизга термулди, гоҳ кўчага қулоқ тутди.
— Ким бу дангал одам? Жарчими?
— Эътибор берманг, бова. Қишлоқнинг девонаси бу.
То биз ювиниб-тарангунча, ҳовли-жойга қарангунча меҳмон бангининг изидан жўнаворибди, нонуштаям сабил қолди. Бозиргоннинг нимаси қизиқ, ҳайронман…
Сахти-сумбати номига яраша бўлган Бозиргон қишлоқдаги энг бақувват одам эди (Эломон полвонни ҳисобга олмаганда, албатта).
Аслида бу гаплардан мурод шуки, нимагадир бугун Бозиргоннинг шашти пастроқ, овози хастароқдай эди. Ишқилиб, қишлоқ четидаги ариқ бўйида арабнинг ўлигидай шалпайиб, девнинг панжаларидай шохлари ялпайиб ётган Боботут ёнида уларга етиб олдик. Банги ғадир-будур тут устида ўтирар, чап кўксини ушлаб, инграб қўярди. Шоппи бова уч қадам нарида унга серрайиб термулаётганди.
— Эби-эби, пошшо бова, тинчликми, қаерингиз оғрияпти? – дея бангига меҳрибонлик қилган бўлдик. У аста бошини кўтарди, маъюс кўзларидан думалаган икки томчи ёш барвақт ажин тушган юзларидан оқарган калта соқолига сингиб кетди.
— Мана бу ерим… — унинг овози хириллаб, аранг чиқди, йиртиқ чопони ёқасидан қўлини тағин чап қўйнига тиқди.
— И-и, бу-у дейман, юрак масаласи…
Меҳмонимиз, ниҳоят, ўзини сал ўнглагандай бўлди. Яғири чиқиб кетган, четлари пастга солланиб турган шляпасини тўлдириб, сойдан сув олиб чиқди. Албатта, сувнинг тўқсон фоизи не-не балоларни кўрган шляпадан пастга сизиб, оқиб тушди, вале қолгани ҳам бангини ўзига келтиришга кифоя қилди. Бозиргон қурғур бироз нафасини ростлагач, нимагадир юмилиб бораётган кўзларини базўр очиб, менга ғўлдиради:
— Сан тушунадиган боласан, одамларга айт, мани айбситмасинлар… Ёшларга насиҳат қилинглар, юртни ташлаб, узоққа кетмасинлар… Бегона юртдан болтанинг саси келади… Полвон бованг билади, манга аён бўлган… Энди Сапар дўхтирни чақиртир… Шу-у… юрак сабил са-л-лгина-а. Ай-й, буям ўтар-кетар. Эсиз, умрим-а…
Ўша куни то Сафарбой дўхтирни чақириб, то у «Тез ёрдам» мошини келгунча на биздан садо чиқди ва на меҳмонимиздан. Ниҳоят, дўхтирларнинг мошини келиб, бангини олиб кетди. Шоппи бова ёнгинамизда чўзилиб ётган Боботутга анча син солиб тургач, сўради:
— Кўп кўҳна экан-да, а?!
— Нимасини айтасиз, бова… Момомиз худораҳмати айтардиларки, бир пайтлар ана шу ерда Нурбой деган кишининг ҳовлиси бўлган экан. Уни Нурсариқбой деб аташган. Билмадим, ўтган асрнинг йигирманчи йилларимикан, ўттизинчими, ишқилиб, ўша бой бовамиз Амирнинг қайсидир хотинининг қизига уйланган экан-да. Янгамиз қурғур шунчалик сулув, шунчалик сочи узун эканки, сочини сандалнинг устига чиқиб юваркан! Ерда ўтириб ювса, сочи ерга тўкилиб тураркан! Бир қучоқ соч-да, меймон бова! Алқисса, бой бовамиз ана шу хотинига уйланганда катта тўй берибди, мана шу ўзингиз ўтирган тут тепасига тилло қовоқ остирибди. Шу, ҳамишаги наскади-да, фақат устига олтин қоплатган. Уриб туширган мерганга бир ҳўкиз соврини бор! Йиллар ўтиб, тут қариди, чириди, охири йиқилди. Тут деганимиз қизиқ дарахт экан: йиллар ўтаверади, бу чиримайди, лекин ичи куяди! Гўё биров аста ёнадиган оловда, ўриснинг паялнигида куйдиргандек киши билмас қорайиб бораверади… Э-э, буям одамга ўхшайди-ей, дарди ичида! Мана шу ўзингиз ўтирган тут-да. Ўшандан бери буни «Бой бованинг тути» деймиз, кўпчилик Боботут дейди. Ишқилиб, шу-да, меймон бова. Бозиргон банги буни кў-ў-п яхши кўради, кунига бир келиб ўтирмаса, ухлаб тинчи йўқ…
— Бу киши… жарчи бова?
— Э-э, бу Бозиргон банги-ку! Чернобилми, аллақаерда ҳарбийда бўлиб келган. Ёшлигида девдай эди, ўлай агар! Боқилган буқани бир муштлаб йиқитарди! Одамман дегани-ку, унга тикланиб келолмасди. Ишқилиб, армиядан келиб ўқишдан йиқилди, ота-онаси бевақт ўтиб қолди. Амакилари буни уйлантирди, лекин… ўша хизмат қилган ерида бир балога йўлиққан экан бу қораманглай. Радиасиями, ишқилиб, бир офат дориган бунга. Энди, ҳар кимга ҳар хил таъсир қиладими, ё банги бодилик қилиб, кучига ишониб, хавфли зонага ичкарироқ кирганми… Келин барака топсин илойим, тўққиз-ўн ой ўтирди, бунинг ҳурматини қилиб, сўнг ажралиб кетди. Бир тракторчи болага тегди, хотини ўлган бир йигитга… Бу бечора ҳаммасига кўникди, аламини босолмай… Ишқилиб, мана, йигирма-ўттиз йилки, бунинг оти Бозиргон… Кўп ўқийди, армиядан икки чемодан китоб олиб келган, дейишади. Қўшни қишлоқлик домлага қатнаб, озми-кўпми эскичаниям ўрганган деган гаплар юради, тағин ким билади дейсиз. Бир қарасангиз, «Ман Бозиргон пошшоман, Гўрўғлибекнинг жон-жигари!» деб кўксига муштлаб ўтиради, бир кўрсангиз бундан мўмин-мусулмон одам йўқ, кулбасида ётиб олиб, «Воҳ Кунсулу-вим-а» деб юм-юм йиғлайди. Ака-укалари бор, иссиқ-совуғига қараб туришади. Ўзимизам уни… яхши кўрамиз, меймон бова…
Меҳмонимиз кўз олдимизда ўзгарди. Бирдан жиддий тортди, салобати ортди, манглайи тиришди, довучча чайнагандай юзлари буришди, бирпас нафас ютиб турди, сўнг оғир бир дамсар урди. Шу уф тортганда билмадик, қанча дардларини чиқариб юбордийкин.
— Ҳарқалай, хабар олиб туриш керак ундан, — деди у ниҳоят.
— Бўлмасамчи, бова! Қани, кетдикми?..
Ўша куни меҳмонни айлантириб, қишлоқни томоша қилдирдик, қавму қариндош билан таништирдик. «Ҳамма хурсанд бўлди» десак, кўра-била туриб ёлғон гапирган бўламиз. Тўғри, битта-яримта чоллар, ота-бобомизни кўриб қолган кишилар андак севингандек бўлишди, меҳмонимизнинг меҳру оқибатига таҳсин айтишди. Лекин кўпчилик… Рости, ҳозир кўпчилик чопиб юради, шошиб яшайди. Замон, вақт тезлаб кетди-да… Ишқилиб, қариндошлар «Ҳа-а, шундайми, яхши-яхши»дан бошқасига ярашмади, меҳмонимиз тарафга тузукроқ ўгирилиб қарашмади. Уларнинг ўзларини тутишларини кўриб, меҳмон бечора шунча йўл босиб, бекорга ўзини чарчатганига амин бўлдик. Ҳа-а, тошга ёмғир кор қилурми, муттасил ёққан билан, деган экан Машраб бовами, ишқилиб, машойихлардан бири…
Тушликда меҳмонни Оқмуроднинг балиқхонасига олиб кирдик. Ажабки, меҳмон балиқдан иримига бир-икки чўқилаган бўлди, холос. Унга савол назари билан қарадик, «Соғлик жойидами?» деб сўрадик, у бош чайқаб, уф тортди.
— Анови бола ҳеч хаёлдан кетмаяпти-да, сабил…
— Қайси бола?
— Э-э, Бозиргон-да, бояги бола!
— Бозиргон бола эмас, элликдан ўтди, — дедик кулимсираб.
— Ҳай, шу-да, барибир ҳали ёш бола у…
Қизиқ одам экан-да бу бобой: унинг кўнглини овлай деб жон куйдирасиз, у бўлса парвойи-палак, қаёқдаги бир девона ташвишида.
Уч кунгача меҳмонимиз очилмади, калавасининг учини йўқотгандай гарангсиб юрди, тўртинчи кун эса кескин оҳангда буюрди:
— Кийиниб чиқ, балнисага борамиз!
«Зора меҳмон ўша ёқдан биратўла уйига жўнаворса…», деган илинж билан унга эргашдик. Туман марказидаги касалхонага етиб келгач эса, бу умиднинг алдамчи сароб эканлиги аён бўлди. Бир четдаги харобгина, овлоқ палатада етимдай ётган Бозиргоннинг аҳволини кўриб, чолнинг авзойи бузилди, чўнтагидан бир тахлам пул чиқарди.
— Ма, катта дўхтирни топ-да, ярмини аста киссасига тиқ, кейин аптекага бориб, Бозиргонга керак дорини топиб кел! Серрайма, нима, сен турганда соқолимни селкиллатиб мен чопайми? Тез бўл!
«Бодиликни қаранг! Соқоли бўлсаям бошқа гап эди», деган гап хаёлдан ўтди. Ноилож кетдик, оқсоқолнинг гапи муҳокама қилинмайди.
Аслида бизни ҳайратга солган нарса бу ҳам эмас. Дори ҳам, катта дўхтирнинг кўнглига йўл ҳам топилди. Меҳмонимизнинг сиёсати қаттиқ, дами баланд экан, вағир-вуғур қилиб, беморнинг ёнига яна битта каравот қўйдирди-да, ётиб олди.
— Сен боравер, мен қоламан. Жиянни якка қолдириб бўлмайди, одам-одам билан тирик. Юрак билан ўйнашиб бўладими. Вақтинг бўлса, эрта-индин бир айланарсан биз томонларга.
Дамни ғанимат билиб, ёпишқоқ меҳмондан қутулганимизга шукур қилиб, қанот боғлаб уйга учдик.
— Тамом! — дедик хотинга тантанавор оҳангда, — Меҳмон ўша ёқдан уйларига кетишлари аниқ!
Шу гапга ўзимиз ҳам, бекамизниям ишонтирдик. Лекин ҳар сафаргидай адашган эканмиз: эртасига бобой дўхтирларнинг мошинига ортиб, Бозиргонни қишлоққа олиб келди. Катта кўчанинг бошида мошиндан тушибоқ, сурон солди:
— Вой жигарим-ей! Воҳ кўзимнинг оқу қораси! Бевақт кетган жияним-ов!
Бунақа пайтда эл тез бирлашади, бирпасда одам тўпланди. Оқсоқоллар йўл-йўриқ беришди, ёш-яланглар югургилаб қолишди. Жаноза ўқилгач, Шопўлат бова тобутнинг олд тарафини биз билан ён-ён туриб кўтардилар…
Ўша оқшом анча салқин тушган бўлса ҳам меҳмонимиз ҳовлида тамаки тутатиб, юлдузлар кетма-кет учаётган осмонга анча вақтгача термулиб ўтирдилар.
— Юлдузлар тўкиляпти… — ниҳоят хастаҳол шивирладилар у киши.
Дарҳақиқат, осмон гўё ҳад-ҳисобсиз гуноҳкорларни кифтида кўтариб юрган заминни жазоламоққа қасд қилгандай, кетма-кет оловли пайкон отаётганди.
Эрталаб туриб қарасак, меҳмонхона бўш! Меҳмоннинг ўрни саришта қилиб йиғилган, унинг қора сумкаси ҳам жойида йўқ. Чала-ярим кийиниб, кўчага чопдик. Қуёш, гўё бағри куйгандек қизариб, энди бош кўтарган қишлоқ кўчасидан Шопўлат бовамизнинг ўктам овози таралаётганди:
— Туринглар, ғафлат босиб ётаверманглар! Бир-бирингизни авайланг, уйингизга хайр-барака киради! Оқибатни йўқотманглар, бўлмаса юлдузлар бошингизга тўкилади…
Овоз тобора узоқлашиб борарди. Бозиргоннинг дардларини олиб, бовамиз қишлоғига равона бўлди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 11-сон