Анатолий Азольский. Номзод (қисса)

1

У тўққизинчи қаватнинг пешайвонидан оёқлари остида пойандоздек тўшалиб ётган Москвага тантанавор қараб турарди, мана ўша мағлуб, топталган ва пароканда бўлган азим шаҳар: сал чапроқда улкан МДУ, Ленин тепаликларидан Лужникига борадиган метро кўприги, серсув ва танбал дарё, май ойининг мана шу иссиқ шанба кунида Жануби-Ғарб шоҳкўчалари устида сиёҳранг тутун осилиб турибди. Лекин Сетунь дарёси бўйлаб чўзилиб кетган яшил майдонларда тоза ҳаво, соғлом нафас гупуриб ётибди. Яқиндагина бу ерларни булғаган кимсалар энди йўқ, улар мана шу уч хонали масканни унга ташлаб, қочиб кетишган. Ушбу пешайвондан уни, шонли Павлодар фарзандини тизгинлаб олмоқчи, қул қилмоқчи бўлган манфур москвалик оиланинг ҳали тирик жасадлари билан қопланиб ётган жанг майдони яққол кўриниб турибди. Мана энди, у бошқа пешайвонга ўтди. Бу ердан эса Тавоф тоғи яққол кўзга ташланмоқда. Уни кўриб, беихтиёр, бундан кўп йиллар бурун ўша тоғдан туриб, тиз чўккан, аҳолиси ташлаб кетган Москвага назар солган буюк инсонни эслади. Ўшандаги москваликларга ўхшаб унинг хотини ва қайнонаси ҳам ушбу хонадонни шошилиб ташлаб кетишди. Ҳозир эса москваликлар саккиз миллиондан кам эмас. Улар орасида Глазичев томонидан пораканда қилинган оила ҳам бор. Ҳолбуки, улар ва уларнинг қариндошлари Вадим Глазичевнинг диссертация ҳимоясидан кейинги зиёфатда, ундан олдинроқ эса никоҳ тўйида мириқиб ўтиришганди. Қайнотаси боғ ҳовлисига бориб, яшириниб олди, сауна қурилишини ниҳоясига етказмоқда; қайнонаси бўлса “Новие Черемушки” метро бекати ёнидаги ҳарбий-илмий кооперативга жойлашиб олди. Fазаб билан лабини тишлаб, бу эсини еган, ўтакетган тентак аёл, гапиришнинг ўзи кулгили, фан доктори (куёви Вадим Глазичевга мушт ўқталиб, дўқ қилишдан ҳам ҳайиқмай) туппа-тузук назариялар соҳибаси бўлишига қарамай, оддий ҳақиқатни тушунишни истамади ­ ҳар қандай қишлоқига ҳам яхши маълум: куёвга, яъни ўз қизининг эрига ва қизининг ўзига куннинг истаган вақтида муҳаббат лаззатидан баҳраманд бўлишларига халақит бериш мумкин эмас, ахир; агар бундай машғулот, албатта, бегона кўзлардан панада содир этилса ва жамоат тартибини бузмаса. Мумкинмас! Акс ҳолда, гарчи ҳаёт бунақа якунга йўл қўймаса ҳам, оила бузилиши турган гап. Ирина бу ерга қайтиб келади, албатта қайтади!.. Ирина уни севади ва умуман, унга курсдоши томонидан кўрсатилган қиз ­ оёқлари узун, баланд бўйли, тик қоматли Ирина унинг қисмати бўлиб қолишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз…
Вадим Глазичев бир неча жангари қийқириқлардан сўнг, ўзини босиб олди. У пешайвондан бу пешайвонга ўтавериб толиқди, ўрнига чўзилди-да, “Данхилл” сигарет қутисини очди, мириқиб-мириқиб тортди. У чекар, ўйлар, эсларди.

2

Ҳа, айнан шундай ­ баланд бўйли, сарвқомат, ўта замонавий модада ва олифта кийинар ва ҳамманинг ҳасадини қўзғарди Ирина. У Вадим Глазичев ёнидан ўтди-да, дарсга шошилаётган талабалар орасида ғойиб бўлди. “Эшкаксиз” ­ шундай, йўл-йўлакай, эҳтиётсизлик, деб қолди унинг орқасидан курсдоши. Албатта, бу ерда у Горький паркидаги “эшкакли қиз” ҳайкалчасини назарда тутгани йўқ. Бундай ҳайкалчалар СССРнинг барча шаҳарларидаги парк ва спорт майдонларида тўлиб-тошиб ётибди. Ростини айтганда, ҳалиги талаба эҳтиётсизлик билан айтган “эшкаксиз” ибораси жумбоқлигича қолиб кетаверди. Ҳар нима бўлганда ҳам улуғвор қад-қоматга талабалар нигоҳи бефарқ эмасди. У бўлса ўша пайтлар фақат дарсни ўйлар, китоблардан кўчирма олиш, синов ва имтиҳонлар ҳақида бош қотирарди, ҳазил эмас, ахир, тўртинчи курсда ўқияпти, бир дақиқа ҳам бўш вақти йўқ, ётоқхонада тўс-тўполон, китобни адёл тагига бурканиб ўқисанг ҳам миянгга ҳеч нарса кирмайди. Фақат Москвада ўнинчи синфни битирганларнинггина ҳамма фанга тишлари ўтади. У бўлса Энергетика факультетига ўқитувчилар етишмайдиган қишлоқ мактабини битириб келиб кирганди. Барча фанларни учма-уч ўзлаштирарди. Арзимаган стипендияси зўрға етар, ота-онаси ёрдам беролмасди, юк бекатларига бориб, вагон бўшатишга тўғри келарди. Қизлар билан юришга вақт қаёқда дейсиз, баъзан кўчирма дафтар алмаштиришга тўғри келарди, тўғри, мастлигида биттаси билан нимадир бўлганди, лекин эслагиси келмасди, чунки иккаласи ҳам бундан хижолат чекиб юрарди. Шу боис Ирина Лапинага, ҳалиги “эшкаксиз”чи, ўшанга ҳам учрашиб қолганда, қарашга ботинолмасди. Бунинг устига, унинг бой оиладан эканини биларди, унинг ота-онаси академик ва фан доктори эдилар. Бироқ Ирина негадир Вадимни қувонтирарди ­ ташқи кўриниши нуқсонсиз эмасди: қиз ҳамма томонлама етук эди, лекин чеҳраси кўримсиз, бурни лабидан анча баландми-ей ёки кўзлари бир-бирига ҳаддан ташқари яқинмией… Шунга қарамай, унинг атрофидан жазманлари аримасди. Уларнинг ҳеч қайси бирини ҳарбий-илмий кооператив йўлагидан нарига ўтказишмасди. Вадимни бўлса эҳтиром билан ичкари бошлаб киришарди, у бу оилага анча хизмат қилиб қўйганди; Иринанинг оёғи метрода қайрилиб қолди, қиз унга қўлқопини силкитиб юзини буриштирган эди, йигит югуриб келди, уни кўтариб курсига ўтқазди, этигининг занжирини тушириб тўпиғини тортиб қўйди, оқсаётган Иринани уйининг йўлагигача кузатиб борганда эса, ичкарига меҳмонга таклиф қилинди. Бу воқеа кейинроқ, йўлакдаги бешинчи ва олтинчи бўсадан кейин фош этилди. Ирина қизарганича шуни тан олдики, бунинг ҳаммаси қизнинг ўзи, унинг онаси ва отаси томонидан атайлаб уюштирилган экан. Улар минглаб талабалар орасидан ким қизни бахтли қила олади ва содиқ эр бўлади деб, Вадимни кўз остиларига олиб юришган экан.
Ҳашаматли уй йўлагидаги ширин бўса олишлар тўсатдан узилиб қолди. Нимаданлигини тушуниб бўлмасди: кечқурун эҳтирослар ичра ёниб ўпишишди, қучоқлашишди, эрталаб эса Ирина уни кутиб турган Вадимнинг ёнидан липиллаб ўтиб кетди, ҳатто қиё ҳам боқмади. Ҳангу манг бўлиб қолган Глазичев аудиторияда зўрға ўтирди, сўнг кооперативга телефон қилди, академик томонидан қаттиқ тайинланган уй хизматчиси қўпол жавоб қилди: “Уйда йўқ! Бошқа телефон қилманг!” Бу ҳалокат диплом ёқлаш олдидан, сўнгги имтиҳонлар айни қизиган дамларда юз берди. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Агар ҳамма нарсадан хабардор ҳамюрти келмагандами… Глазичевни бир неча бор қийин ҳолатлардан ўша қутқариб қолганди. “Бу синов, ­ деди у қатъий қилиб. ­ Сен ундан ўтишинг керак.. Ишонавер, тез орада Ирина ўзингга қайтиб келади…” (Ўзи эса елиб-югуриб ҳамма гапни аниқлади. Ҳамма гап Вадимга рақиб пайдо бўлганида экан. Тағин қандай денг, дипломатнинг ўғилчаси, чет элга кетмоқчи бўлиб турган йигит, ўқимишли, баъзи гуноҳлари ҳам бор эди, албатта. Буни Лапинлар билмасди ҳали. Унинг гуноҳи шунда эд謬ки, шошилинч равишда куёвликка танланган бу йигитча отасининг мартабасига хос ҳаёт кечирарди, касалманд, кўринишидан жулдурвоқига ўхшар¬ди, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди, аёллар ҳақида тутуруқсиз гапларни айтиш¬¬дан тоймасди, ҳатто ижтимоий тузумни ҳам шубҳа остига олиш ниятида эди). Уй хизматчиси Вадимга ҳамон қўпол жавоб қайтарар, йигитнинг Иринага озгина бўлса-да, ҳаққи борлигини тан олишдан бош тортарди. Лапинларнинг сурбетлиги Глазичевни аспирантурага ўтказишга асло таъсир қилмади ­ афтидан, деканат Иринанинг ҳамма жойга қўли етадиган қудратли отасининг бир ой бурунги кўрсатмалари таъсирида эди (“чида, сабр қил, ­ дерди Вадимга юртдоши, ­ ҳаммаси изига тушиб кетади…”). Тўй ҳақида-ку энди ўйламаса ҳам бўлади. Тез орада вақтинчалик Москва пропискаси ҳам хавф остида қолди. Милиция аспирантлар ётоқхонасига келиб, ундан негадир диссертацияси ҳақида ҳисобот талаб қилди, бу эса ҳали осмондаги ойдек олис гап эди. Fамдан боши хам бўлган Глазичев ҳамма нарсада кимдир панд бераёт¬ганини ўйлаб, кўчада кетаётиб, юрагини ваҳима босди, ўзича сўкиниб қўйди. Ва бирдан ҳамма нарса ўзгариб кетди. Телефон жиринглаб қолди. Ирина ҳасрат билан ўз ташвишидан нолиди. Деканатдаги пасткашлар унга дипломини бериш¬маёт¬ган экан (у Вадимдан бир курс қуйида ўқирди), чунки у битта дарслик қарз¬дор эмиш, ўша китобни Ирина қачонлардир Вадимга берган экан. Учрашув юз берди (дарслик топилди, китобни, эҳтимол, уникига ташлаб кетишган, буни Вадим сезгандай бўлди). Улар яна учрашиб турадиган бўлишди. Ишқдан жонсарак бўлиб турган аспирантнинг оғзидан сеҳрли сўзлар қайнаб чиқа бошлади, қизариб кетган Ирина уни бўйнидан қучоқлаб олди. Тўй ҳам қойилмақом ўтказилди. Никоҳлар саройида рўйхатдан ўтишди. Куёвни зўр кийинтиришди. Тўғри, костюмларни қайтବдан тикишга тўғри келди, негадир улар бир ўлчам кичик олинган экан; кейин жанубга отланишди. Пицундада, деразаси денгизга қараган ҳашамдор меҳмонхонада дам олишди. Яна Москвага қайтишди. Уларни қайнота совға қилган уч хонали кооператив хонадон кутиб турарди. Ва ҳадсиз-ҳудудсиз, бежилов муҳаббат дамлари бошланди. Саҳрода саргардон юрган йўловчилар воҳада қайнаб турган чашмадан ташна лабларини узолмагандек, ёш келин-куёв ҳам ширин шаҳват онларининг тўйиб бўлмас жараёнидан лаззатлана бошла¬ди¬лар, ҳатто аспирантура ҳам эсдан чиқиб кетди. Вадимнинг ўзи ҳам аспирантура¬ни муддатидан илгари қандай битирганини билмай қолди. Қўли узун қайнотасининг мадади билан мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилдириб, яна зиёфатда ажойиб нутқ сўзлаганини айтмайсизми? Булар бари бўлган тақдирда ҳам, қаердадир, абадий туганмас эҳтиросни қондириши учун лаззатли меҳнат танаффусларида юз бергандир. Эрталаблари у ҳамиша кеч қолиб, уйдан бутербродни кавшаганча югуриб чиқарди, кечқурун эса уйга кириши билан ечина бошларди. Ирина унинг оғзига ейдиган бирор нарса тиқишга зўрға улгурарди. Шундан сўнг улар, барча бошланғич амалларни четлаб ўтиб, муҳаббат ҳақидаги кўҳна қоидалар билан қуролланиб ва янги тадқиқотларга нигоҳ солган ҳолда қадимги фалсафа санъатини ўзлаштиришга киришардилар; о, асл эҳтироснинг муқаддас онлари! О, қондош жон ва танларнинг саркаш ишқ оғушидаги қовушишлари! Улар айрим ёш эр-хотинга маълум бўлмаган сирни эгалладилар, улар ҳақли равишда ўзларини шаҳватнинг пирлари деб ҳисоблашлари мумкин. Агар улар баъзан театрга тушган чоғларида ҳам, атрофдаги одамларга яширин истеҳзо билан қарашарди, чунки улар ҳозир бу икковининг ўринларидан туриб, ўта ташвишли бир ҳолатда зални тарк этишини хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Улар ўринларидан туриб жўнар эканлар, бир-бирларига маънодор қараб қўяр эдилар, сўнгра қўл ушлашиб, сирга шўнғирдилар. Бу сир ҳар бир қадам босган сари, ҳар бир қаватга кўтарилган сари очила борарди. Ва ниҳоят, тўққизинчи қаватда лифт ҳали тўхтамай туриб, ечинишга тушардилар. Бу эса баъзан жуда кулгили ҳолатларга сабаб бўларди. Бир сафар ахлат тўккани чиққан қўшнилари уларни ярим яланғоч учратиб қолганди.
Ҳа, ҳаётнинг энг бахтли дамлари, байрам; ҳар иккаласи ўз байрамларини бирлаштиришга, ягона байрам қилиб ўтказишга интилишарди. Саккиз ой ана шундай қувноқ, завқу шавқ билан ўтган бахтли онлар тўсатдан дарз кетса бўладими… Яна калтафаҳм қайнона туфайли. Ҳолбуки, у ҳам зиёлилар оиласидан эди. Ҳамма аждодлари эътиборли одамлар бўлишган. Мария Викторовнанинг ўзи ҳам қандайдир зоотехник ёки бухгалтер эмас: фан доктори, яна қанақаси денг ­ педагогика фанлари доктори! Шундай хатога йўл қўйиб ўтирса-я!
Бир куни Вадим, одатдагидек, ҳар куни қиладиган ишини бажаришга киришмоқчи ҳам эдики, барча қонун-қоидалар ва муддатларга хилоф равишда Ирина афсусланиб, бугун бу иш бўлмайди, аҳволим буни тақозо этмайди, деб қолди. Вадим хафа бўлди-ю, аммо кўна қолди, негадир вафодор ёстиқдошининг маккорона нигоҳини сезмади. Бироқ рад этилган ўша кунни яхши эслаб қолди ва ҳайрон бўлди. Чунки хотинчасида “ўшанақа аҳвол” юз беришига ҳали анча вақт бор эди. Уч кун чидади ва ёрининг нозик жойига қўл солганда, Ирина яна ўша “ҳолат”ни рўкач қилди. Лекин буни аёл жисмида юз берадиган даврий “ой кўриш” билан эмас, балки руҳий кечинмалар билан боғлиқ деб исботлашга уринди. Бундай ташвишли кечинмалар эса, унинг укаси Кирилл тортаётган азоб-уқубатлар туфайли пайдо бўлган эмиш. Чунки ўша укасига Вадим ёрдам бермапти. Ҳа, ҳа, икки ҳафта бурун ундан ёрдам сўрашганда парво қилмаган эди. Хотинининг ўша укачаси эса бориб турган тентак. Бемаъни мақолалар ёзгандан кўра, жиннихонага бориб, қоғоз ёпиштириш билан шуғуллангани маъқул эди. Чунки аҳмоқона мақолаларини ҳеч қайси журнал олмайди (ва жуда тўғри қилади!). Болага, буни қарангки, мақолалар чиқиши керак эмиш. Математикадан олимпиадада бу болани тушунишмабди-да, шунинг учун у қийналаётганмиш. Бунинг устига у институтга ҳам киролмай қолибди, шу боис руҳий азобланаётган экан. Ҳолбуки, унинг институтга киришига ҳали эрта, бу эси паст тентак энди ўн олти ёшда. “Бу қайнона жонивор қаери билан ўйлайди, ҳайронман, шу бечора истеъдодли болага ёрдам қилишни куёвидан илтимос қилиб ўтирибди, ўйлади Вадим. Ўзи бўлса фанлар академиясининг мухбир аъзоси, нима, унинг қўлини душманлари чопиб, калта қилиб қўйишганми?”
У Иринани бирам хоҳлаб қолдики… Лекин, майли, укангнинг мана шу бемаъни мақоласини “Фан ва турмуш” журналига тиқиштираман, у ерда ҳамюртимнинг ўртоқлари ишлайди, деган даражада қасам ичиб ишонтиргани йўқ, кела қол энди… У шундай хоҳлардики, ўзини тутиб туролмади. Ноилож рози бўлди. Лекин Ирина сесканиб ўзини орқага ташлади: “Йўқ, йўқ, йўқ, фақат ҳалиги иш битганидан кейин…” ­ деди-да, онасиникига жўнаб қолди. Онасиникида унинг қизлик хонаси бор эди. Бу хонага ҳали куёв сифатида тан олинмаган Вадимга бир дақиқагина мўралашга изн берилар, шунда ҳам оила томонидан танланган бу йигит: мазкур хонада ахлоқий ва жисмоний тозалик ҳукмрон, бу ерда фаришта яшаётганига ишонч ҳосил қилсин деб.
Ирина кетиб қолди, Вадим эса чидаб келарди, у ҳали разил қайнонасининг совунига кир ювмаган, унинг қабиҳ макридан азоб тортиб улгурмаган эди. Яна уч кун кутди. Ҳамюрти билан ҳам боғланолмади. Чунки у жуда баланд кўтарилган. – “Известия”да бўлим мудири эди. Вадим эса Иринани хоҳлар эди, шунақа хоҳлардики, охири унга сим қоқди, “ахир ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку”, деди. Ирина бўлса яна оёқ тираб туриб олди, оҳ урди, йиғлади: “Бечора Кирюшага жуда қийин бўлди, шўрликкина, ҳеч ким, бирор қариндоши ҳам ёрдам бермаяпти, қўллаб-қувватламаяпти. Ёш истеъдод соҳиби бекордан-бекорга нобуд бўлаяпти, шунинг учун мен ҳам азобда қолдим. Дори-дармон ичишга мажбур бўлаяпман…”
­ Яна қанақа дори-дармон? ­ ҳайрон бўлди Вадим. Ахир Ирина сира касал бўлмаганини у яхши биларди. Саломатлиги аъло даражада эди. У кооператив қасрга йўл олди, гўё бетоб бўлиб қолган ёстиқдошини кўрмоқчи бўлди-да. Унинг келишига яхшилаб тайёргарлик кўришди, қизлик хонасини шундай ясатишдики, монастир ҳужрасига ўхшади-қолди ва худди ана шу ғариблик Вадимга панд берди. Миясига келган дайди фикр ўша заҳоти тилига кўчди: агар билганингизда эди, муҳтарам академиклар ва докторлар, сизнинг мана бу камтарин ва камсуқум қизчангиз шаҳвоний рақсларда қанақа тизза ўйнатишини бир кўрсангиз эди!
Бирдан кўзи мошдай очилди: ахир, бу ўша ­ ҳар қандай қишлоқи тентак кампирдан ҳам тентакроқ қайнонаси-ку. Қизини мажбур қилган, Иринани ўзини касал қилиб кўрсатишга кўндирган шу фан доктори-ку, ахир. Куёвининг унга бош эгиб, Кирюша учун қандайдир бирор журналдан икки саҳифа жойни ҳамюртидан ундиртириб бермоқчи бўляпти. Бозордагидек савдолашяпти. Ундан ҳам бадтари: худди фоҳишалардек. Нимани савдолашяпти денг? Фақат куёвга тегишли бўлган нарсани-я?!
Вадим жаҳл билан туфлаб, чиқиб кетди. Тавба, ахир отасининг ўзи, ўша академик истаган мақолани хоҳлаган жойида бостириб чиқаришга кучи етади-ку. Бу унинг учун ҳеч гапмас. Фақат куёвни ўзларининг оилавий анъаналарига ўргатмоқчи бўлишяпти!
Ўшанда унинг жаҳли чиқди. Ҳолбуки, суюниши керак эди, чунки худди ўша куни унга янги дунё эшикларини очиб берувчи воқеа содир бўлди. У тўққизинчи қаватга кўтарилиб, хонасига кирди-да, бутун ғазабининг ифодаси ўлароқ, хотини билан қайнонасини сўка бошлади. Алам қилади-да, ахир. Иринанинг қизлик хонасидаги озодалик кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмасди. Чунки Вадим ўтакетган танбал, исқиртга уйланганди. У тўлган челакни ахлат қувурига шундай олиб бориб тўнкаришга ҳам эринарди. На хоналарни, на ошхонани бирор марта супурмаганди. Электротехника факультетининг битирувчиси бўлатуриб чангютгичга қўл теккизишдан қўрқарди. Ҳамма ишни эри қиларди. Ҳозир эса жаҳли чиққан Вадим улкан, байрамолди (Биринчи май яқинлашганди) уй кўтаришни бошлаб юборди. Ярим йил ичида бир неча марта ўнлаб ичимлик шишаси йиғилган экан, уларни тўплаб ювди, иккита катта сумкага жойлаб, пастга, бўшаган идишларни қабул қиладиган жойга, ярим ер тўлага тушди. Қабул жойида ҳеч ким йўқ. Ҳеч ким ичмай қўйдими, нима бало, бирорта одам кўринмайди. Қабул қилувчи аёл, зерикканидан бўлса керак, ниманидир минғирлаб ўтирибди. Нимадандир, кимдандир шикоят қилаяптими-ей, тушуниб бўлмайди. Иринани соғинган Вадим “жинсий тийилиш!” дея ташхис қўйди баланд овозда. Ёши ундан сал каттароқ бўлган, дўндиққина, қабул қилувчи аёл чуқур хўрсиниб рози бўлди ­ ҳа, тийилиш, деди, лекин унинг жони ва танини қийнаётган бу дардга ким ҳам малҳам бўларди. Жувонни бу дарддан халос қилувчи ўзи бўлишига умид қилмасди. Лекин у ўз номзодини тавсия қилди. Бу таклиф ўша заҳоти маъқулланди ва жувон тўсиқдан ташқари чиқиб, эшикни ёпиб, зулфинни солди, сўнг Вадимни жавон орқасига етаклади. У ерда иккита пахталик камзул илиғлик турарди, улар ерга тўшалди. Ярим ертўлада тунги айшу ишратлар май тантаналаригача давом этди. Дўндиқча кундузги мижозлардан тап тортиб ўтирмасди, Вадимни хизмат эшиги орқали киритиб юборарди-да, ташқи эшикни беркитиб оларди. Байрам кунлар шиша идишларни қабул қилиш бутунлай тўхтатилди, лекин бу қабул пункти шу яқин атрофдаги савдо дўкони билан боғлиқ эди ва ҳалиги жувон уни аёллик дардидан ким бунчалик тез халос қилганини шипшиб қўйди. Учинчи май куни кечқурун Вадим ўша дўконга кирган чоғида сотувчи аёл унга илмоқли гап ташлаб қолди. Яна бир ҳафта давомида Вадим Иринага ҳеч қандай эҳтиёж сезмай юрди.
Унда ўзига катта ишонч уйғонди! У яйраб-яйраб, чуқур ва қувончли нафас олди! Дунёнинг барча аёллари бундан буён уники бўлиши мумкин, барчаси! Тентак хотини ўжарлигини давом эттирар экан, Глазичев ҳафта давомида хонасида ёлғиз яшаши ва чинакам эркаклик куч-қувватига тўлгани туфайли яқин атрофдаги савдо дўконларига кетма-кет танда қўйиб қолди ва бир сафар уйига сартарош хонимни бошлаб келишга журъат этди. Бу жувон ўзини ҳар томонлама етук ва тенгсиз ҳисоблагани учун нақадар офатижон ва комиллигини бутун дунёга намойиш қилиш ниятида хона ичида бутунлай қип-яланғоч юра бошлади, сўнг устига ҳеч нарса ташламай, қўлида сигарета билан пешайвонга чиқиб, онадан туғилгандай бир ҳолатда бутун маҳаллага ўзини кўз-кўз қилди.
Афтидан, буни кўрган қўшнилар қайнонасига сим қоқишди. Дам олиш куни эди, улар ­ Ирина билан қайнона ўз калитлари билан эшикни очишди ва уни торта бошлашди, чунки занжир илиғлик турарди. Вадим ухлар ва ҳеч нарса эшитмасди, ороми бузилган сартарош хоним уйқусираб, “каллайи саҳарлаб жин ҳайдаб келган ким бўлди экан?” деб сўради. Шу пайт эшик занжири узилиб, она-бола ичкари киришди-да, ҳангу манг бўлиб қолишди. Глазичев уларнинг айюҳанносига ҳам уйғонмади. Сартарош хоним шошилмай кийинди, кейин безбетларча кўзгу олдига ўтириб олди, Иринанинг бўёғи билан лабларини бўяй бошлагач, қиз чидай олмади, ҳўнграб юборди. Қайнона каравот устидан адёлни тортиб олди, Вадим кўзини уқалаб ўрнидан турди.
­ Йўқол! ­ бараварига чинқиришди она ва бола. Сартарош хонимни назар-писанд қилмай Глазичевга у ҳақда нималар ўйлашаётганининг барини тўкиб солишди. Глазичев Вадим Григорьевич ўзининг аслида қандай одам эканини улардан эшитиб, яхшилаб билиб олгач, ўзига келди.
У ўзи ёмон одам, аввал ҳам ёмон эди. Улар, Лапинлар, айтиш мумкинки, кўчадан қашшоқ ва оч-наҳор бир аҳволда топиб олишди, ҳеч кимга маълум бўлмаган Павлодардан келган калтафаҳм ва жирканч, ялқов ва ҳасадгўй ғийбатчи бу одам разиллиги учун икки марта комсомолдан ҳайдашганини институтга кираётганда яширган пасткаш. Улар, Лапинлар, унга едириб-ичиришди, кийинтиришди, қошиқ ва санчқини қандай ушлашни ўргатишди, оёғига пойабзал олиб беришди. Улар уни ўқишга мажбур қилишди, аспирантурага йўл очишди, қишлоқи тентакка партияга кириш учун тавсиянома берадиган одамларни топишди, қисқа муддат ичида номзодлик диссертациясини ёқлашни ташкиллаштиришди, каттагина пора бериб илмий ишини ВАКдан ўтказишди, унинг тўйининг ва мана бу хонадоннинг бутун харажатларини ўз гарданларига олишди. Улар унга ҳамма нарсани бердилар, эвазига ҳеч нарса олганлари йўқ. У эр сифатида ­ бир тийинга қиммат! Энг даҳшатлиси шундаки, ушбу суюқоёқ ва фирибгарни Ирина, Лапинларнинг қизи севиб қолди. Ҳа, бу муқаддас туйғу ҳақида гапириш ҳар қанча аламли бўлмасин, севиб қолди ва севади. Яна кимни, келиб-келиб мана шу муттаҳамни, ҳалиги…
­ Импотентни! Ҳезалакни! ­ деди қайнона жазаваси тутиб.
Кийиниб бўлган сартарош хоним таниш сўздан кейин ғазаб билан эътироз билдириб:
­ Асло ундай эмас-да! ­ деди-да, эшикни қарсиллатиб ёпиб, чиқиб кетди.
Агар Ирина бир ўзи сартарош хоним борлигида бостириб кирганида ярим соатча дод-вой солар, жинсий тийилиш ҳақидаги шикоятларга қулоқ тутарди-да, шу билан оилада яна тинчлик ўрнатиларди. Борди-ю, қайнона бир ўзи кирганида эди, яланғоч жувонни уйдан ҳайдаб соларди-ю, куёвини кечирарди. Лекин, иккаласи бостириб кирди, бараварига, онаси ва қизи биргалашиб ҳужумга ўтишди. Уларнинг ҳар иккаласини биргаликда ва алоҳида-алоҳида эркакнинг маккорлигига бунчалик муросасиз бўлишга нима мажбур қилди. Сартарош хонимга ҳам яхшигина сабоқ беришди ­ бу ёққа иккинчи қадамини босиб кўрсин-чи! (Ирина унга лифт олдида етиб олди, у бўлса, уялмай-нетмай, уни ўзи ишлаётган салонга таклиф этди, манзилини айтди, тағин ҳамманинг кўз ўнгида кийиндим, буни жазманим ҳам тасдиқлаши мумкин, бировнинг игнасиниям олганим йўқ, деб қўйди.)
Ўзини йўқотиб қўйган Глазичевдан қатъий талаб қилишди: ўзингга тегишли павлодар жулдирларини йиғиштир-да, бу ердан жўнаб қол! Муддат ­ роппа-роса бир ой.
Шундан сўнг онаси билан қизи бошларини баланд кўтариб, мағрурона кўкрак керганча эшикни ёпиб, чиқиб кетдилар, таксига ўтириб жўнаб қолдилар, лоақал қўл силтаб ҳам қўймадилар. Ҳа, павлодарлик йигит устидан роса мағзава ағдаришди. Ҳолбуки, бу йигит худди Ломоносов ўзини ва бутун Россияни илм билан бойитиш учун пиёда пойтахтга келгани сингари, Москвада пайдо бўлганди. Хотини билан қайнонаси уйдан ҳайдаб чиқарамиз деб дўқ қилдилар. Лекин, одам ўз хотини билан бу уйда бир йилдан ошиқ бирга яшаган экан, ушбу хонадондан бир неча квадрат метри унга ҳам тегишини ҳамма биларди. Ҳарҳолда бирор хона ­ бу бўлмаса, бошқаси унга, албатта, тегади. Бир эмас, икки хонали бўлади, чунки фан номзодига 20 квадрат метр яшаш жойи бўлиши шарт! Ҳалиги, сартарош хоним келганда эса, улар ­ доктор ва академиклар ҳақ, уйга тўғри келган аёлни судраб келиш яхшимас, бирор нарсани ўмариб кетишса-чи, тавсиянома тўғрисида ҳам бежиз айтишмади, ҳатто юртдоши ҳам унга ана шу фавқулодда қоғозни беришдан бош тортди. Ўз кийим-кечаклари борасида бу байталлар аллақачон қайғуришганди, Иринанинг пўстини ва пальтосини, сервантдаги баъзи нарсаларни олиб кетишганди.
Ўрнидан туриб олган Вадим хоналарни айланиб, ўзича хомчўт қила бошлади: агар мол-мулк бўлинадиган бўлса, Иринага нимани бериш керагу, ўзига нимани олиб қолиши лозим. Каравот, майли, Иринага бўла қолсин, майли, унга эри билан ўтказган шаҳватли онларини эслатиб турсин. Каравот ёнида турадиган жавонча ҳам, майли, унга бўла қолсин, катта жавонни иккига бўлиб бўлмайди, Лапинларга ўтсин, лекин иккита китоб жавони унинг ўзиники ­ шахсий мулки! Китобларни эса олдиндан рўйхат тузиб, бўлашган маъқул.
Китоб анчагина эди, қарийб беш юз жилд. Фанга берилиб кетган ва кўпинча ишқий ўйинлар билан банд бўлган Вадим уларни очиб ҳам қарамаганди. Гаражда чанг босиб, эгаси қачон ҳайдаш ҳуқуқи гувоҳномасини олишини кутиб ётган “Жигули” нима бўлади? Гараж-чи? Машинани иккига бўлиб ўтирадими! Аёл кишига рулни ишониш ­ масъулиятсизлик, майли, гараж Иринага бўлсин, “Жигули” ўзига қолади.

Ҳар иккала рўйхат тайёр бўлгач, тўққизинчи қаватнинг пешайвонидан бутун Москвага кўрсатилди. Бирида гараж, иккинчисида автомашина. Вадим Глазичев яна бир бор тантанавор нигоҳ билан оёқлари остида ястаниб ётган, мағлуб этилган ва яланғочланган пойтахтга назар солди: сал чапроқда ­ улкан МДУ, Лужникига ўтган метро кўприги ҳамда серсув ва танбал дарё…

3

У сўнгги бор яна бир ҳайқирди-да, хоналарни қайтадан айланиб чиқди, кийи쬬-кечак билан тўла жавонга нигоҳ ташлади, сўнг катга чўзилди-да, жим бўлиб қолди. Глазичевнинг миясида хотини ва қайнонаси айтган гаплар чарх ура бошлади, уни хомкалла, ялқов ва ҳатто ҳезалак дейишгани унга алам қила бошлади.
Дераза ойнасидан кўриниб турган Москва манзарасидан ҳафсаласи пир бўлиб, пардаларни ёпти, совуткичдан сартарош хоним еб улгурмаган музқаймоқни топди, маза қилиб еб олди, анча ўзига келиб, режадаги институт мавзуси ҳақ謬да ўйлаб кетди, бу мавзу унга дунёвий шон-шуҳрат, мўмайгина пул ва фахр-ифтихор олиб келиши керак эди. Албатта, бу шон-шуҳрат қайнотаси, академик, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ва яна ниманингдир депутати, улкан зал, олқишлар, узун столлар ортидаги ўриндиқ соҳиби бўлган одамнинг обрў-эътибори билан тенглаша олмасди.
Мавзу эса жуда буюк эди. Шунинг учун ҳам у билан шуғулланишга ҳеч кимнинг юраги бетламасди. Бу мавзуни эплашга ҳеч кимнинг қурби етмаслигини ҳамма тушунарди. Буни унга Ирина билан асал ойи жуда чўзилиб кетган ўша кунларда тиқиштиришган эди. Таклиф қилинган бу мавзу бир неча беш йилликлар ва жорий юз йилликнинг режаларидан ҳам анча кенг эди. У билан академикнинг куёвини сийлашди, бир маза қилиб бекор юрсин дейишди, ҳа, ҳа, такасалтанглик қилсин, дейишди. Вадим буни энди тушунди, уч, тўрт йилга бемалол етади, агар бутун кетмаса…
Лекин у такасалтанглик қилмайди! У буюк олим бўлади! Вадим ғолиблик рақси ва бўм-бўш совуткич ёнидаги ўйларидан сўнг шундай қарорга келди. Тақдирнинг ўзи унга улуғликка ва юксакликка йўл кўрсатди! Бу йўл ­ мавзунинг номидан кўриниб турибди. “Атмосфера турбулентли қуюнларининг алгебраик моделлари” ­ қизиқ, бундай моделларни ясашга ким ҳам жазм этарди! Фавқулодда мураккаб бу муаммони ҳали ҳеч ким ечолгани йўқ, ҳеч ким! Ахир, об-ҳавонинг қандай бўлишини ким ҳам аниқ айтиб бера оларди? Қуюн ҳосил бўлиши назариясига кимлардир сал-пал ёндашди, лекин қуюн ичидаги қонуниятни тадқиқ қилишга Данил Бернуллиннинг ўзи ҳам ботина олмади, бошқалар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади!
У журъат этади! Ҳал қилади! Ва шуҳрат қозонади!

4

Катта сакрашга тайёрлангандек, у бир неча кун кутди. Тез-тез лабораторияга кириб турди. Бу ерда номаълум моҳир қўлларнинг куч-ғайратлари билан резервуар, ҳовуз тикланган эди; насослар ёрдамида уларга сув ҳайдаларди, илмий ходимлар эса ўзига хос турбулентли сув оқимини кузатиб турардилар. Глазичевнинг ҳафсаласи пир бўлди: бу ерда оқимларни кузатиб бўларканми? Лекин айланиб юрди, кузатди, билимдонлар сўзларига қулоқ тутди, ўқиди ва ҳамкасблари нима билан шуғулланаётганини кўрди. Ҳаммасида майда-чуйда мавзу: “Стационар ва ностационар бўлинма оқимларнинг сонли тадқиқоти”, “Газсуспензиясида турбулентли оқимлар”. Анча бурун ёқланган докторлик диссертацияларини варақлаб кўрди, баъзи нарсалар ойдинлаша бошлади. Қуюн, ҳамма жойда қуюн, сувдами, атмосферадами, барибир. Бу ерда эса сув ичида сув оқими, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди.
Шундан сўнг Вадим кутубхонага қатнай бошлади, унинг қўлига бир журнал тушиб қолди, унда алоҳида бир бўёқ ҳақида ёзилган экан. Унинг майда зарралари сувда (муайян ҳароратда) эриб кетмайди. Энг муҳими, унинг солиштирма оғирлиги сувдан фарқ қилмасди. Шунинг учун ҳам турлича бўялганларни фарқлаш ва ҳисоблаш мумкин эди. Лекин қандай ва нима билан ҳисоблаш мумкин? Қандайдир радиоэлектрон қурилма бўлиши керак-ку, ахир! Бўлиши керак! Лекин уни қаердан топса бўлади? Бўёқ шундай яқингинасида, физика-химия институтида. Аммо ускунани қаердан топиш керак?
Вадим бўлимларга борди, лабораторияларни айланди. Бирорта ускуна топарман деб ўйлади. Ҳеч бўлмаса ўша қуриб кеткур ускунани ясаш қўлидан келадиган муҳандис-электрончини топиш ниятида эди. Унинг аниқлагани шу бўлдики, институтнинг рўйхатида бунақа лавозим йўқ экан. Муҳандис-радист ­ марҳамат, маоши 150 рубл. Институт бўйича уч нафар шундай муҳандис бор экан, лекин уларнинг ҳеч қайси бири Глазичев гуруҳига боришни хоҳламади, ҳаммаси ундан қўл силтади. Тўғри, кадрлар бўлими сахийлик қилди, бош бошқармада битта 170 рубл маошлик радио-электрончи ўрнини ундирди. Бу ҳақда биринчи қаватда эълон ёпиштиришди, кадрлар бўлими қаергадир буюртма берди. Бироқ бу ишга ҳеч ким келмади. Шунда Вадим институт даҳлизи бўйлаб наридан-бери юра бошлади, рухсатнома бюроси ёнидан ўтди, институтга ёлланаётган мутахассисларга назар солди. Ана шундай назар солишларнинг бирида тақдир унга кулиб боқди ­ ёввойи даҳони учратиб қолди.
­ Сидоров, ­ дея таништирди даҳо ўзини Вадимга. Лекин у рўйхатда ҳам, диплом бўйича ҳам Епифанов ҳисобланарди. Вадим бу омадсиз электрончини тирсагидан ушлади. Чунки 170 рубл унга маъқул келмаганди. Йигит Вадим билан тенгқур эди, ўзини мағрур тутарди.
­ Ҳаммаям сотилади, шу жумладан, мен ҳам, лекин 170 рублга эмас. Маънавий эҳтиёжимга яраша 190, яна қўшимча мукофоти бўлса, бу бошқа гап…
Лекин Вадимнинг жаҳли чиқиб, унга, 170 рублга шахсан ўзи ­ фан номзоди 30 рубл қўшиб беражагини айтгач, кулди, даҳлизгача эргашиб кирди, бир неча саволлар берди, оилавий аҳволига қизиқди, қайнотасининг фамилияси унга бироз таъсир қилди… Электрон ускуна нега кераклигини суриштирди, ахир, дунёнинг бирорта лабораториясида бу нарса бўлиши амри маҳоллигини таъкидлади.
Сўнг суҳбатдошига ўйланиб қараб турди-да:
­ Нима ҳам қилардик, ­ деди. ­ Айтишларича, Архимед ҳам Сиракўза ҳукмдорининг берган садақаси билан кун кечирган экан.
У жиддий ўйга толди.
Ниҳоят, сергак тортиб, ўзини қайтадан Сидоров деб таништирди-да, нуқтаи назарини қатъий баён қилди.
­ Ўттиз рубллик қўшимчанинг кераги йўқ, ­ у битимнинг молиявий томонини рад этди. ­ Биринчидан, шу ўттизталик аҳдлашувга ярашмай турибди. Иккинчидан, СССР фуқаросини шилиб олиш менинг қоидамга кирмайди. Совет Иттифоқининг ўзини шилиш ­ бу бошқа гап. Турбулентли қуюннинг фарқига унча бормайман. Лекин кечаси билан ўйлаб кўраман. Эртага бир гап бўлар…
­ Fояга кўра, иккита шишага Эйнштейнни ҳам рад этмоқ мумкин, Бернулли нима деган гап.
Ана шу Сидоровга икки шиша учун ўн рублни аямади, яна учта дарсликни ҳам қўшиб берди. Электрончи уларни эртаси кунгача сув қилиб ичиб юборди. Бу соҳанинг машҳур билимдонидан йўл-йўриқ олди ва Глазичев билан беш дақиқалик суҳбатда жаҳонга танилиш йўлини чизиб берди. Турбулентли оқим, – деди у, ­ бу бўшлиқ, у ҳеч қандай тартибга бўйсунмайди. Лекин бунга бошқача нуқтаи назардан ҳам қараш мумкин. Яъни: бўшлиқ ­ бу тартибнинг ўзидир. Уни тартибга солиш учун бизнинг барча уринишларимиз беҳудадир.
­ Мана чизма, ­ деди Сидоров Вадимга бир варақ қоғозни узатиб. Вадим эса чизмани олиб тарҳлаш устахонасига югурди. Бўшлиқнинг сирини кимгадир айтишдан Вадим эҳтиёт бўлди, чунки фалсафадан имтиҳон унинг учун ҳалокатли бўлганини унутмаганди: Вадим ускуна яратиш ғояси марксизм билан чиқишиб кетишига шубҳаланарди. Барибир, қурилмани ясашга муваффақ бўлишди. Турли қисмлардан ташкил топган бу ускуна “Спидола” радиоприёмнигича келарди. Вадим уни “Тайфун” деб атади.
Лекин дастлабки синовлар бу услубнинг ишончсизлигини кўрсатди. Ускунани қайта кўриб чиқиш, айрим қисмларини янгилашга, умуман, анча терлашга тўғри келди. Ускуна синаб кўрилаётган ҳовуз теварагида институтнинг барча бекорчилари тўпланишди ва ғийбат қилишди. Ниҳоят, узатгичлар ишга тушиб кетди. Рақамлар устуни тасмани тўлдирди. Бўшлиқнинг сирли моҳияти ҳам ойдинлаша борди. Жуда, жуда қизиқ бўлди. Ускунанинг ҳар бир ўлчови Иван Иванович Лапиннинг социализм сиёсий иқтисоди ҳақидаги меҳнатларига совет фани берган мукофот шуҳрат тожининг биттадан шодасини узиб ташларди.
Ҳовузга аспирантлар гувиллаб кела бошлашди, “Тайфун”ни кўриш учун келувчи одамларнинг кети узилмасди. Вадим қизиқувчи бекорчихўжаларни ҳайдаш билан овора эди. Кечқурун соат бешга яқин ўзи ёзар рулондан “Тайфун” ўлчовларини йиртиб олди, ускунанинг мия блокини аста ўчириб, ўз хонасига кириб кетди. Бўлажак кашфиётни эҳтиётлаб ҳеч кимга бирор нарса демади. Ҳолбуки, буни ҳамма сезиб турарди.

5

Уйни бўшатиш учун Глазичевга хотини ва қайнонаси қўйган бир ойлик муддат тугади. Шу бир ой “Тайфун”ни тайёрлаш ва ҳовузда тажрибалар ўтказиш билан ўтди. Ҳарбий-академик кооперативдан “тиқ” этган товуш йўқ. Яна бир ой ўтди, яна битта ўтмишда қолди… Бирдан Ирина ташриф буюриб қолди. “Салом, кутмаганмидинг?” ­ деди-ю, ошхонага ўтди, совуткични очиб кўрди, ғамхўрлик кўрсатяпти, қорни тўқми? Зарарли озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилмаяптими? Чекишни ташлаш вақти етмадимикин? Вадим унга кўзини бақрайтириб қараб тураверди: унинг бирорта гапига ишонмасди. Унинг ғашига тегаётган нарса Иринанинг ўзи эмас, балки у онаси билан келиб Вадимни ялқов ва аҳмоқ деб ҳақоратлагани, бир бурда нонни таъна қилгани эди. (Унинг ғаши келганининг яна бир боиси шунда эдики, бу таъна қилишларда Ирина ҳам, онаси ҳам ҳақ эди: чунки Вадим тўртинчи курсдан бошлаб имтиҳонлар ва синовларни зўрға учга топширарди, агар Лапинларникида овқатланмаса, институтдан кетиб қолиши ҳеч гап эмасди, ва албатта, номзодликни ҳам ана шу аблаҳ оиланинг дўстлари ёрдамисиз ёзолмас ва ёқлай олмасди.) Сентябр анча иссиқ келди, хотини енгил ва очиқ кўйлакда келганди, тутилиб-тутилиб гапирар, тўхтаб нафасини ростлар, ғамхўрлик кўрсатишга уринарди:
­ Кийимингни қаерда ювдиряпсан? Маҳсулотларни қаердан оляпсан ­ дўконданми ё бошқа жойданми?
Глазичев диққат билан тингларди. Ирина бўлса уни мақтарди: ҳаммаёқ топ-тоза, мана, ниҳоят фан номзоди чангютар ва хитой супургисида ҳаммаёқни саранжом-саришта қилишни ўрганибди. Худди мана шунинг учун ҳам унга ёлғиз яшаб кўришга вақт бериш керак эди…
Мана қандай сўзлар айтишди ­ ёлғиз яшаб кўриш учун вақтинча имкон берилди! Яъни ўша вақт тугаяпти, хотини келди ва …
У тишларини қисди. Индамай турди. У кўриб турибди: Ирина ҳозир танаси жунбушга келган шундай бир ҳолатдаки, сал имо қилса борми, кийимини ечиб ташлайди, бадани ўт олиб ёнаяпти. У қўпол бир тараддудда эканини сездириб қўйди, афтидан, қанақасига ечинсам деб мўлжалларди, кўйлагини этагидан кўтариб бошидан суғуриб чиқарсами ёки елкаларидан тушириб оёқларидан олсамикин? Йўқ, бошқа бир йўлини ўйлаб қолди-ю, лекин у ҳам бўлмади, чунки Глазичев аста-секин совуб борарди, зеро, уни таҳқирлаган бу оилага нисбатан нафрати қайнаб турарди.
“Сени ойинг юбордими ёки ўзинг?..” демоқчи бўлди ғазабланиб.
Лекин айтмади, чунки қўрқди. Қўрққанининг боиси шунда эдики, ниҳоят, унинг ўзи Ирина нимадандир ёки кимдандир қўрққанини сезиб қолди. У қўрққанидан қалтираб, кўйлагини ечиб ташлашни ўйламасди ҳам. Иринанинг юзлари буришиб, лаблари бўлмағур нарсаларни шивирлади: ҳовузга бормагин деб илтимос қилдими-ей…
Ва кетди, индамай, бирор сўз айтмай, бироқ, йўлак олдида, кўзга ташланадиган жойда анча турди, Вадим пешайвондан уни чақиради, тўхтатиб қолади, деган илинжда…Кейин маҳкумона қўлини силкиди-да, тўхтаган таксига ўтириб, отасининг кооперативига, ўз уйига жўнаб қолди. “Қанақа ҳовуз тағин?” ­ ғазабланди Вадим, мен сузишни билмасам, бирдан эслади: ҳовуз ­ бу ўша резервуар, сув оқимининг бўялган зарраларини қидириш билан ўзи овора бўлаётган жой.
У қуюнлар ва бўялган заррачалар билан тажрибалар ўтказишни янада тиришқоқлик билан давом эттирди. Уйига жуда кеч қайтарди.
Бирдан ­ шанба куни эшик қўнғироғи жиринглади, уйга бир киши кириб келди, ўзини таништирди: Лапинлардан келдим, сим қоқишингиз мумкин, мана, менинг ҳужжатим, мен юристлар коллегиясидан, адвокатман, Лапинлар оиласи ва уларнинг қариндошлари иши билан шуғулланаман, гап шундаки…
У фарзандсиз эр-хотин ажралишининг барчага маълум бўлган шартларини жирканч товушда баён қилди.
­ Мен тайёрман! ­ деди Глазичев ўзига узатилган қоғозга имзо чекар экан. Кейин суд жараёнини тезлаштириш ҳақидаги иккинчи қоғозга ҳам қўл қўйди.
­ Ажралишнинг асосий ­ расмий сабаби ёстиқдошига хиёнат бўлади, ­ деди адвокат.
­ Розиман! ­ деди зарда билан Вадим, кейин ғазабли луқма ташлади: мочағар-чи, у ким билан дон олишган экан?
­ Суриц Нелли Александровна, ­ деди адвокат қора кўзойнагини олиб, сўнг тушунтириб берди, чунки Вадим аёл фамилиясини эшитиб ҳайратланганди. Зеро, Нелли Суриц кимлигини у билмасди. Буни қарангки, Нелли Суриц ҳалиги сартарош хоним экан, Вадимни тўшакда ўша билан тутишганди, узоқ эмас, куни кеча ўша билан муҳаббат гаштини сурганди.
­ Бундай бўлиши мумкин эмас! ­ тутоқиб кетди Вадим.
Адвокат бўлса унга дарҳол тушунтириб қўйди:
­ Ҳа, худди ўша. Ва ҳар қандай вазиятда ҳам судга ўзининг Глазичев В.Г. билан алоқалари ҳақида кўрсатма беришга тайёр.
Қўл қўйилган қоғозлар ҳакамга таъсир қилган бўлса керак, ҳафта ўтмай ҳалиги қора кўзойнакли кимса Глазичевни судга етаклаб келди, йўлакда турган Иринанинг олдига бошлаб борди, у бўлса Вадимга қарагиси ҳам келмади. Торгина даҳлизга киришди. Институтдаги фаррош кампирга ўхшаган бир аёл ҳар иккаласидан:
­ Хўш, нима гап, фиркларингдан қайтмадингларми? ­ деб сўради. Ўнг томонида ўтирган момойдан пичирлаб нимадир сўради, чап томонидаги барча урушлар фахрийси бўлган бобойга алланималар деди. Шу ернинг ўзида суд ҳаражатлари учун деб Вадимдан юз эллик рублни қуртдай санаб олди:
­ Суд қарори ўн кундан кейин қонуний кучга киради!..
Fамгин, кимгадир ҳамдардлик билдирувчидек кўринган адвокат ҳакам кўрсатган муддат тугамасдан Вадимнинг ҳузурига кириб келди. У чуқур хўрсиниб туриб шуни маълум қилдики, гарчи никоҳ бекор қилинган бўлса-да, айни дамда Вадим Григорьевич Глазичев ҳамон Ирина Ивановна Глазичеванинг эри ҳисобланади ва суд қарорини бекор қилдириш имконига эга. Яъни, қийин ҳал бўладиган ҳуқуқий коллизия вужудга келади, зеро, Ирина Ивановнанинг эрлилик ҳолати давом этяпти, унинг ўзи, Вадим Григорьевич, ўзини ҳали бўйдоқ деб ҳисоблай олмайди. Шуни эслатишим мумкинки, давом этди адвокат, Ирина Ивановнадан никоҳ бузилганидан сўнг ўн икки ойдан кейин туғилган боланинг отаси сиз, Вадим Григорьевич ҳисобланасиз…
Вадимнинг ўйлашича, Ирина ундан ҳомиладор бўлиши мумкин эмас, чунки унинг бола туғадиган бачадони бошқа аёлларникига ўхшамайди, бу ҳақда ўзи оғзидан гуллаб қўйганди, лекин табиблар бирорта курортда даволансангиз бас, бола кўрасиз, деб ишонтиришганди.
Шунинг учун сурбет адвокатнинг дўқ-пўписалари Вадимга таъсир қилмади. Лекин орадан бир кун ўтгач, адвокат ўзгарди-қолди. Тиржайиб, тилла тишларини кўрсатди, портфелининг қулфини шарқиллатиб очди, ичидан қандайдир қоғозларни олди-да, В.Г.Глазичев бу ердан дарҳол туёғини шиқиллатиши кераклигини айтди, гарчи у ушбу хонадонда рўйхатда турса ҳам, бу ердаги ҳеч нарса, хонадоннинг ўзи ҳам унга тегишли эмас. Чунки хонадон биргаликда йиғилган мулк эмас, у Ирина Ивановнага ҳадя қилинган, бу никоҳдан олдин (адвокат “олдин” сўзига алоҳида урғу берди) бўлган, мана булар эса, юк хатлари, квитанция ва чеклар уйдаги буюмларга ёзилган бўлиб, улар ҳам никоҳдан олдинги сана билан қайд қилинган. Автомобил “Жигули” ва гаражга келсак, улар Мария Викторовна Лапинанинг хусусий мулки, мана, ҳужжатлари… Бошқача қилиб айтганда, чамадонингни ол, унга майка билан иштонингни жойла-да, жўна бу ердан… Қаерга дейсанми?.. Истаган жойингга… Ажрашган эр ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни ўмариб жўнаб қолмаслиги учун Иринанинг хонадонида укаси Кирилл яшаб туради.
Бу тасқара уйга қандай кириб олдийкин, жумбоқ, қўшнининг пешайвони орқали ўтдимикин? Балки Иринанинг калити билан эшикни аста очиб киргандир.
Fазабдан аъзойи бадани жунбушга келган Вадим югуриб пешайвонга чиқди. Пастда қайнотасининг “Волга”си турган экан. Унинг ёнида эса Иван Иванович Лапин, Иринанинг отаси, наридан-бери юриб турибди. Тентак Кирюша эртасига пайдо бўлди, қўлида назарий механикадан дафтар. Уйнинг йўлагида ўтириб олиб, қўриқчи кўппакдай Вадимдан кўзини узмасди.
­ Совуткични очсанг, башарангга тушираман! ­ деди Вадим ва паспортига белги қўйдириш учун ЗАГСга югуриб кетди. Қайтиб келса ­ адвокат, шу ерда ҳозиру нозир, ҳадя тайёрлапти, коммунал бинода Вадим учун бир хоналик уй топибди. Ҳозироқ ўша ерга кўчиб ўтиши керак экан. Барча эътирозларга киноя билан жавоб қайтараркан, бирдан жиддий тус олди ва тўнғиллади:
­ Агар Глазичев деган кимса қаршилик кўрсатадиган бўлса, Ирина Ивановна Лапинанинг ажрим аризаси бўйича, уни таъминлаш учун аёлга нафақа ундириб берилади, чунки, айнан шу Глазичев билан бирга яшагани туфайли Иринанинг соғлиғига анча путур етказилган…
Адвокат шундай деб Вадим томонидан имзоланган қоғозни кўрсатди. Ажрим ҳақидаги илтимосномада Ирина эрининг жабру жафоси туфайли касалликка чалинганидан нолиган экан. Дарвоқе, буни эри ҳам тасдиқлаган эди. Бу қоғоз бир тийинга қиммат, деди адвокат, Вадимнинг дағдағасига жавобан. Лекин ишонаверинг, керакли тиббий маълумотномалар исталган пайтда бўлиши мумкин.
Вадим академикнинг қудратига энди тўла ишонч ҳосил қилди. Лекин унда қувонч умидлари ҳали сўнмаган эди, ҳарҳолда, хонани алмаштириш учун бош қотирмайди; коммуналкадаги хонадан эса бир амаллаб чиқиб олади, ахир, етти йил бурун Қозон вокзалида поезддан тушганида аҳволи бундан ҳам бадтар эди-ку!
Адвокат Глазичевни уйдан итариб чиқарганда тентак қайни қўлидаги дарслигини ярмигача ўқиган эди. У Вадимни ўз “Волга”сида Преснияга олиб келиб қўйди. Ташландиқ тор кўчага бурилиб, мебелсиз, қоғозлари юлинган, бўм-бўш хонага олиб кирди, Вадимнинг эгнидаги костюм, ҳатто туфли ҳам “олдин” олинганини чеклар ёрдамида исботлади, лекин одамгарчилик қилиб ва саховат кўрсатиб Глазичевдан пайпоғини, иштони ва майкасини ечиб олмади, унга бўш совун қутисини, жилд ичига солинган шахсий қоғозларини, иккита писка билан сартарошлик дастгоҳини ва назарий электротехникага оид илмий меҳнатини қайтариб берди. Бу қўлёзма Иринага тегишли эди ва баҳона учун мўлжаллангани кўриниб турарди, чунки бир вақтлар узилиб қолган алоқаларни тиклаш учун худди шундай усулдан фойдаланган эди.
У қуп-қуруқ ерда қарийб яланғоч ўтирар, тиззаларини иягига тираб, деворга ёпиштирилган қоғоздаги доғдан кўзини узмасди. Ниҳоят, атрофига аланглаб қаради-да, чинқириб юборди, томоғига алланарса тиқилгандай бўлди. У бу тўқ дунёнинг қоқ ўртасида бутунлай ёлғиз қолгандай эди. Қўлидаги пулни ғижимлади, олтмиш уч рубл, қандайдир англашилмовчилик билан адвокат томонидан мусодара қилинмаган шу пул қолган эди унинг қўлида; ҳужжатлар, майда-чуйда нарсалар ва “Тайфун”нинг мияси, бахтга қарши, ишхонада эди…
Вадим Григорьевич Глазичевнинг бор-йўқ нарсаси шулардан иборат эди. ВАК ёзги таътилга тарқаб кетганди, май ойининг охирги куни у ниҳоят диссертацияни тасдиқлади, лекин ҳужжатлар институт кадрлар бўлимига келиб тушмаганди, шунинг учун Вадим, фан номзоди, тиланчи маоши билан яшаши керак эди, ҳаммаёққа қўли етадиган адвокат ҳали уни ҳам кестириб бераман деб дўқ қилганди. Уй ичи қоронғу ва дим эди, Вадим ўрнидан туриб қаради ­ дарчалар берк, деразалар қиш учун елимлаб ташланганди, шифтда электр ипи, абажурсиз, ҳатто патронсиз осилиб турарди, дераза рафи, часпаклар қўпориб олинганди. Кўзига дунё қоронғу бўлиб кетди, унинг зулмат босган бу ҳаётига дераза ортидан электр пайвандидан нур тушгандай бўлди. Шиппагини шапиллатиб қўшни кампир кўринди. Унга ҳамдардлик билан қараб қўйди (“ичиб қўйдингми, лочинча!..”). Шимга ўхшаган жулдир нарсани кўтариб келди, тешик шиппакдан бўлак бирор пойабзал топилмади. Вадим кампирдан бир рублни майдалатиб олди ва телефон-автоматни излаб кетди, учинчи уринишдан кейин ҳамюртини топишга муваффақ бўлди.

6

Уни Сумков дейишарди. Глазичевдан беш йил олдин пойтахтда пайдо бўлди. Уч ой давомида ейиш-ичиш ва яшашига етадиган пулни қопчиққа яшириб, тўғноғич билан Павлодар ўлчови бўйича шинам костюмнинг ички чўнтагига қадаб қўйганди. Сўзамол Сумков Москвадан қўрқмасди. Ўша Павлодар ўлчамида туппа-тузук билимга эга эди, лекин кириш имтиҳонларидан гурсиллаб йиқилди-да, қандайдир хатога йўл қўйдим, деб бош қотира бошлади. Москва ҳаётидан сабоқни уни ўша куни йиқитган имтиҳончилардан эмас, балки айни шу оқшом Садовая кўчасида икки бошқа шаҳарлик йигитнинг учрашувидан олди. Ёшлар Москвага келганидан ва жойлашиб олганларидан хурсанд эдилар. Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, Сумков бир ҳақиқатни яхши тушуниб олди. Ҳолва деган билан оғиз чучимас экан. У имтиҳонларда ҳар қанча уринмасин, синовчи ўқитувчилар Сумковни тушунишмади. Улар йигитга дарс берган қишлоқ муаллимларига сира ўхшамасди.
Шундай қилиб, ҳаммаси барбод бўлди, умидлари пучга чиқди. Сумков ётоқхона комендантига кўрпа-тўшакларини топширди-да, жўнаворди. Тўғри Қозон вокзалига қараб юрди. Лекин ўжар Москвага нисбатан тўлиб-тошган ғазаби уни тахта девор билан тўсилган қурилишга етаклади. У қурилишнинг комсомол дарғасига учрашди. Буни қарангки, истисно ҳам бўларкан. Москва кўз ёшларга ишонмайди, дейишарди. У эса ишонди, ҳамдардлик билдирди, кимгадир сим қоқди, қандайдир ижроқўмдаги ўртоқларга етаклаб борди. Қарабсизки, чекка бир қишлоқдан келган йигит қурилишда ёрдамчи ишчига айланди. Бу ерда у кўплаб бошқа ёшлар қатори Москвада вақтинча яшаш рўйхатига олинди. Шунда Павлодардан келган бу ёрдамчи ишчи ўзига ҳар хил шақилдоқлар тақиб олган москваликка ўхшаш истагидан воз кечиб, бошқача йўл тутишга қарор қилди. У “шундай иш қилиш керакки, москвалик бўлиш билан бирга туб аҳолидан анча устун турсин” деб ўйларкан, шу мақсадга интилди. Шундай қилиб, у ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайдиган турли хабарларни тўпловчи ва пулловчига айланди. У ҳамма жойда дўстлар ва танишлар орттирди, Политехника институтини тугатгач, радиода ишлади, микрофонни машҳур шахслар оғзига тутиб, ундан керак бўладиган барча гапларни қойилмақом қилиб ёзиб оладиган бўлди. “Известия”да Сумковни хатлар билан ишлашга қўйишди. Энг қимматли хатларни яшириб қўя бошлади. Хабарларни у сотмас, балки шундай айирбош қилардики, ҳеч қачон зарар кўрмасди. Унинг калласида юзлаб фамилиялар, манзиллар, таржимаи ҳол маълумотлари сақланиб қоларди. Сумков бир вақтлар кўзи қонга тўлган безори ўқувчилар калтагидан асраб қолган ҳамюртини ҳам унутмасди. Ётоқхонага ҳар замонда келиб, ундан хабар олиб турарди. Вадим Глазичевнинг нолишларини тинглаб, у йўл қўйган хатолардан ўзини тергашга ҳаракат қиларди. Вадим эса бундай хатоларга бирин-кетин йўл қўяверарди. Уларни яширишга ҳам уринмасди, онасини партиядан ўчиришганини, отаси бўлса турли “гуноҳ”лари учун парткомиссиядан бўшамасди. Тентакнинг ҳаётда бир мартагина омади чопди ­ қудратли арбобнинг қизи билан танишиб қолди, тилини тийиши керак эди, йўқ, оғзидан гуллаб қўйди. Академикнинг қизини Сумков бир сафар узоқдан кўриб қолди ­ бу девқомат қизнинг сонлари зўр-ку, деди ўзича ва ғалатироқ хулоса чиқарди; зеро у насл-насабли бир испан хонимнинг мемуаридаги воқеа эсига тушди. Табиат ўша хонимга икки метр бўй берганди, унинг қўлини сўраб келган куёвтўралар елкасидан ҳам келмасди. Ўша таниқли хоним қари қиз бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди, агар бир дароз учраб қолмаганда. Бир куни иссиқда биқиб ўтирса, ҳовлиларини ўраб турган баланд тахта девор нарёғидан қандайдир шляпа сузиб кетаётган эмиш. Кўзимга бирор нарса кўринди шекилли, деб ўйлабди девқомат испан қиз. Лекин хизматкорлар ўша шляпани тўхтатишибди. Буни қарангки, ҳалиги шляпанинг эгаси дароз қиздан бир бошга баланд, бунинг устига, католик экан. Дарҳол никоҳ ўқитиб, тўй қилишибди, лекин уларнинг турмушлари узоққа чўзилмабди. Чунки эркакни полиция фош қилибди, у қаллоблик билан шуғулланаркан. Аммо унинг омадсиз рафиқаси эркин қуш бўлиб, қўллари бўшаб қолибди. Ойимчахон ўша қўллари билан бир генерални ушлаб олибди. Гарчи генералнинг бўйи пастроқ бўлса ҳам худо “нарёқ”дан берган экан, роса чопағон чиқиб қолибди… Сумков академикнинг ўзи ҳақида ҳам анча-мунча нарсани билиб олди. У қўлга туширган шикоятлардан шу нарса маълум бўлдики, фан чироғи бўлган академик латиш қулоқларидан бўлиб, анчагина олғирлардан экан. Боғ-ҳовлилар қишлоғида қўшнисининг ярим гектар ерини тортиб олиб, барча қонунларга зид равишда уй қурибди, ўзининг хорижда ишлаб чиқарилган иккита машинасини ерости гаражига яшириб қўйибди (учинчисини, ўзимизда чиқарилганини Мария Викторовна номига ёздиришибди); жадал суръатларда қурилган сауна дастлабки мижозларни қабул қилибди, у ерда академикнинг ёшгина ассистент шогирдлари маза қилиб буғланиб, терлаб чиқишибди. Сумков қасд олиш пайти, албатта, етиб келишига қатъий ишонарди ва жаллод ойболтаси академик оиласи боши узра қачон кўтарилишини сабрсизлик билан кутарди. Ўша ойболта кўтарилган бўларди ҳам (Сумков бу ҳақда Вадимга ўз вақтида айтишдан тортинган эди) агар дипломатлар оиласидан бўлган куёвчанинг ҳовли йўлагидаги ўпишишлари жонига тегиб, воқеадан анча олдин ўз ишонч ёрлиғини кўрсатишга жазм этган эди. Бунга Ирина норозилик билдирди, лекин академикнинг тазйиқи остида барибир рози бўлди. Шунинг учун ҳам кейинроқ дарслардан бир неча кунга рухсат сўраб, жавоб олишга мажбур бўлди. Лапинлар қизларининг вақтлироқ ҳомиладор бўлиб қолганига тан беришга ҳам, гуноҳ қилиб қўйган ва гадойга айланган куёвларининг қарзларини қоплашга ҳам тайёр эдилар-у, кутилмаганда ношукур фан номзодининг ғарб матбуотида бир-икки мақоласи пайдо бўлиб қолди-ку… Лапинлар эътиборларини яна рад этилган Глазичевга қаратдилар.
Глазичевнинг ҳамюрти таътилга кетмоқчи бўлиб турганди. Қора денгизда бир мириқиб дам олмоқчи эди. Бандлигини баҳона қилиб, Вадим билан учрашувни кейинги ойга қолдирса ҳам бўларди. Лекин Сумков дарҳол етиб келди. У ҳамюртининг аҳволини кўриб, қайтиб чиқиб кетди, дўкондан костюм, ботинка, кўйлак (бахтга қарши плаши ишхонада қолганди) ва курси кўтариб келди. Сумков ҳамюртининг бошига тушган барча кўргуликлардан хабардор эди. Вадимни сартарош хоним, шиша идишлар қабул қилувчи аёл ёки гастрономда шарбат сотувчи жувон билан қўлга туширишганига у унча эътибор бермади. Э, бу бари майда-чуйда гаплар. Лапинлар оиласининг оғзи бир марта куйди ­ худди шундай дейишди улар курсида ўтириб дуо ўқиётган яҳудийдек тебранаётган Глазичевга. Чиндан ҳам латишлар дипломатнинг ўғлига чув тушган эдилар. Бироқ совет ҳокимиятига қарши ёвуз ниятда бўлган (бунинг учун жазосини олган) куёв мосуво бўлди. Лапинларнинг бутун умиди павлодарликдан эди, у ҳам панд берди; бир вақтлар Лапиньш бўлган Лапиннинг дунёқараши бошқача. У мулкдорчасига фикр юритади, унга бақувват, хўжалик одами керак, итоаткор, пул топадиган эркак бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам институтда унга, фан номзоди Глазичевга маъқул мавзуни рўпара қилишди, етти-саккиз йил бемалол пашша қўриб ўтириб докторлик диссертациясини ёқлаши мумкин, бунақанги фан номзоди қизининг ҳаётига раҳна сололмайди, Вадим бўлса Ломоносов, Ньютон бўламан дейди. Э, ҳозир улар кимга ҳам керак; шундай экан, ҳамюртининг айби унинг хотинбозлигида эмас, бунақанги “шўх”ликлар ҳозир ҳисобга олинмайди, бу борада ҳамма аллақачон ботқоққа ботган, Иван Иванович Лапиннинг ўзи бу соҳада қулоғигача гуноҳга ботиб ўтирибди, унинг олий мартабали рафиқаси бўлса ёш аспирантлар билан ошиқ-маъшуқлик қилаяпти. Етар энди, ­ деган хулосага келди Сумков (унга ҳомийлик қилиш ва устоз бўлиш жуда ёқарди), энди шуни яхши билиш керакки: бизнинг ҳаммамиз учун йўлдан адашиш, чапга бир қадам ёки ўнгга бир қадам босиш ҳам ман қилинган, Иван Иванович буни ўз бошидан кечирган, бир сафар оддий нарса ­ буғдойнинг маҳсулот сифатидаги қийматига шубҳаланиб хўп панд еганди. “Шундай экан, ҳамма бало институтнинг ўзида, ­ деди ҳамюрти хайрлаша туриб, – унут, ўша тоза илм деган хаёлингни, жўра, унинг турган-битгани ифлос ўзи! Нималарнидир ўйлаб юрибсан-а, қўй, ўша турбулентли қуюнларингни…”
Глазичев эса айнан шунга ишонгиси келмасди, ахир, ишхонада ҳамма унга ҳамдард, барча ундан қандайдир янгилик кутаяпти, лекин у адвокатнинг айтганларини эслаб, “ҳа, ҳамюртим ҳақ!” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ҳарҳолда текинга келган костюм, ботинка, кўйлак ва курси Глазичевда ўзининг ҳақлигига ишонч уйғотди. Меҳрибон қўшни кампир унга бир қучоқ эски газеталар тўпламини келтириб берди. Вадим Глазичев уни кутаётган шон-шуҳрат арафасида худди ўша газеталар тахлами устида ухлаб қолди.

7

Ўша шуҳрат унга яқинлашиб кела бошлаганди. Бир ҳафтадан сўнг, иш кунининг қоқ ўртасида юз берди бу ҳол. “Тайфун” чиқиллар, насослар гувиллаб сувни ҳайдар, иш бир маромда борарди. Вадим орқасида қандайдир чолнинг инқиллаганини эшитди. Орқасига ўгирилиб, академик Фаддеевни кўрди. Қарияга бунинг нималигини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди, у ҳаммасини яхши тушунарди. Ҳамиша, қаерда бўлмасин, ўтиришни яхши кўрадиган кекса академик чорак соатча тик туриб “Тайфун”нинг ишлашини томоша қилди. Кейин шошилиб, ҳожатхонага йўналди. Қарилик-да, бўшаниб, анча енгил тортди. Кейин телефон қилиб, фан номзоди Глазичевни суҳбатга чақирди.
Нимадир юз беришини сезган Глазичев қўлини яхшилаб ювди, оқ халатининг у ёқ-бу ёғини кўздан кечирди. Хаёлига электрончи Сидоровнинг сўзлари келди: “Ҳамма одамлар сотилади. Шу жумладан мен ҳам сотиламан, лекин ойига юз тўқсон рублга, на камига, на кўпига!” Эшикни тақиллатиб, ичкари кирди. Лекин гап пул ҳақида боргани йўқ, қария бўғиқ овозда резервуардаги тадқиқотларга халақит бераётган, натижаларни ёритишга тўсқинлик қилаётган бюрократларни сўкди. Худди шундай иш айнан ушбу институтда, ҳаммага маълум Булдиннинг айби билан юз берганди.
­ Мен бу билан қандайдир ҳаммуаллифлик шаклида ифодаланган бемаъни иштирокка даъвогар эмасман, ­ деди Фаддеев. ­ Йўқ, менинг ундай ниятим йўқ! Бироқ, бу истиқболли ишни чўзиб ўтириш мумкин эмас. Лўндасини айтсам, Глазичев, сен икки-учта мақолани қоралаб ташлашинг керак. Мен эса ўз таъсиримдан фойдаланаман ва ҳадемай институтда олиб борилаётган ғаройиб тажрибалардан ҳамма хабар топади…
Вадим фойда ва зарарни наридан-бери хомчўт қилиб кўриб, рози бўлди. Чунки дастлабки маълумотлар жиддий хулосалар чиқариш имконини берганди.
­ Яна битта гап, ­ деди академик. ­ Бу ҳақда Булдин билмагани маъқул!
Улар шундай бир тўхтамга келишди.
Шундан кейин Фаддеев резервуарга бошқа келмади. Лекин Булдин бошқараётган бўлимдаги ходимлар серқатнов бўлиб қолишди. Шу боисдан ҳам у телефон қилиб, тезда хонасига етиб боришни буюрганда Глазичев ҳайрон бўлмади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди: икки академик кўпдан бери, айтишларича, талабалик курсисидан сира бери чиқиша олишмасди. Фаддеевнинг сўлғин юзи унинг микроинсульт бўлганидан дарак берарди. Бу синов майдони ­ полигонда юз берганди. Ўшанда, ракетани учириш олдидан блиндажда турган Фаддеев олдига Булдин кириб келганди, унинг қўлида қора ҳарфлар билан “Тротил” деган сўз ёзилган қути бор эди. Қутининг ёнида ипи осилиб турарди.
­ Ҳаёт билан видолашавер, ­ бўкирди Булдин ранги оқариб кетган ҳамкасбига. ­ Барча ёвуз қилмишларинг учун сени ўлимга ҳукм қилдим…
У қутининг ипини зажигалка билан ёндирди-да, сакраб ташқарига чиқди, блиндаждан чиқиладиган туйнукни оғир бир нарса билан беркитиб қўйди. Ўшанда ҳеч қандай портлаш бўлмади, лекин академик жуда қўрқиб кетганди. Қария анчагача дудуқланиб юрди, пешоб қилгани тез-тез ҳожатхонага югурадиган бўлиб қолди.
Академик Булдин айнан Фаддеевдан бошлади гапни. Аввало уни бировларнинг фикрини ўғирлашда, дўқ-пўписа қилиб қўрқитишда, товламачиликда айблади. Академик Булдин ҳайратдан ёқа ушлади: ахир, қандай қилиб фан номзоди Глазичев, давлатга фойда келтирадиган бирорта тутуруқли ғояни ўртага ташламаган ўша ипирисқи чол билан ҳамтовоқ бўлиб ўтирибди-я?! Ўзи, Иван Евграфович Булдин эса бошқа гап. Чунки Хитойнинг шимолий вилоятларида чорва туёғини тенг ярмига камайтирган мана шу (у кўрсаткич бармоғини ўз кўкрагига ниқтади) Булдин бўлади. Ҳа, ҳа, бу ўша, анави қийиқ кўзлилар билан муносабатлар кескинлашганда компакт генератор қуриб, шундай частотали нур тарқатдики, буқаларни бепушт қилди-қўйди! “Буни мен қилганман, мен!” ­ деди у кўкрагига уриб.
Ва улар, Булдин билан Глазичев, шундай бир нарсани ўйлаб топишадики, у океан ортидан келтириладиган буқаларни назарда тутмоқда, бунинг учун эса резервуардаги кузатишлар натижаларини умумлаштириш керак. Бу ишни орқага суриб бўлмайди. Ўзини академик Фаддеев деб атаётган кимса, хунаса ва зулук, институтдаги барча ёш истеъдодлар унинг ҳужумига дучор бўлдилар, уларнинг ҳаммаси шип-шийдам қилиниб, ҳайдаб юборилди. Бу Фаддеев, ниҳоят, ҳеч киммас, ҳеч нарсамас. Ҳеч қанақа таъсири ҳам йўқ, алоқаси ҳам. Булдин эса, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида кўплаб танишга эга. Бу эса Глазичевга жуда қўл келади. Ахир, бу нима деган гап, бутун дунёга машҳур институтнинг илмий ходими ночор коммуналканинг жимитдеккина кулбасида кун кўраяпти. Ваҳшийлик! Шармандалик! Булдин буни шундай қўймайди. Ўзининг содиқ ёрдамчисини хорлатиб қўймайди, унинг лавозим маошини оширишга, муносиб бошпана топиб беришга қурби ҳам, кучи ҳам етади. Хуллас, Глазичев бир хонали уй билан таъминланади, уч ойдан кейин, йўқ, икки, яхшиси, бир ярим ойдан кейин янги хонадонга кўчиб киради. Шунинг учун ҳам у дарҳол Фаддеевдан юз ўгириши керак, дарҳол!
Тор-мор келтириб, фош қилувчи сўзлар шиддатидан сустлашиб, довдираб қолган Вадим, айни пайтда тантанавор бир ҳолатда (Лапинлардан интиқом олиш соати яқинлашарди), Булдин тазйиқи билан парткомга ариза ёзиб, академик Фаддеев устидан шикоят қилди. Бу юлғич академик Глазичев яратган “Тайфун” ускунасини ундан тортиб олмоқчи, унинг резервуарда ишлашига йўл қўймаяпти; худди шу Фаддеев коммунизм қураётган жамиятимизнинг маънавий негизларини топтамоқда. Булар унинг (қариянинг кексалик нуқсонлари санаб ўтилганди) хатти-ҳаракатида ўз ифодасини топмоқда… Шундан сўнг Булдиннинг бақувват қўллари Вадимнинг панжасини қисиб қўйди. Вадим дадил қўл силкиб, йўлак даҳлиздан тантанавор бораркан, кимдир ташлаб кетган бўш сигарет қутисини тепиб юборди.
Лекин у бўлғувси тантаналардан завқланиб улгурмади. Чунки эртасигаёқ уни Фаддеев чақириб қолди. Қария фан номзоди Глазичевдан хафа бўлгани шундоққина кўриниб турарди.
­ Келиб-келиб кимга ишондингиз ўзи? Наҳотки мана шу таваккалчи Булдинни академия ва фаровон турмуш пиллапоясига олиб чиққан ҳокимият мурватларини билмасангиз? Ёки унинг хитой новвослари ҳақидаги масалига ишондингизми? Унинг қанчалик юлғич эканини эшитмаганмисиз? Тутган жойини узмай қўймади бу юлғич. Узиб олиб, ўзиники қилаверади. Ахир, Москванинг ўзида еттита уйи бор. Улар қариндошлари ёки ўйнашлари номига ўтказилган. Бунинг ҳам осонгина йўлини топган, ўйнашларининг фамилиясини ўзгартириб, қариндошига айлантирган қўйган. Сизга, Вадим Григорьевич, шунақа бир хонали уйдан ваъда қилмадими? Ишонманг, овора бўлманг ҳам! Менинг шогирдларим эса устозларини жуда қадрлашади. Ана шундай шогирдларим орасида СССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари ҳам бор.
Сиз менга суянинг, сира кам бўлмайсиз. Яна уч ойдан сўнг, ўзингиз биласиз, баъзи бир бюрократик тўсиқларни енгиб ўтиш керак бўлади, сўнгра, уч ойдан кейин, сиз икки хонали уйга кўчиб ўтасиз. Йўқ, йўқ, “Новое Черёмушка” метроси ёнидамас, биламан, у ерда собиқ қариндошларингиз билан бир ҳаводан нафас олиш сизга оғир; йўқ, сизга бериладиган хонадон Ленин шоҳкўчасида бўлади. Шундай экан, қўйинг ўша фитначини, ундан юз ўгиринг, мана қоғоз, ёзинг парткомга, ҳозироқ ёзинг!
Глазичевнинг кўзи очилди, ниҳоят Булдиннинг кимлигини тушуниб етди. Фаддеевнинг қутқуси билан парткомга шикоят ёзди. Унинг қалби яйраб кетди, бўлмасам-чи?! Янги уй! Ленин шоҳкўчаси! Икки хонали уй!
У уйида пулини санаб кўрди ва ўзининг тежамкорлигига тасаннолар айтди. Ушбу коммуналкада яшаш учун қарийб ҳеч нарса сотиб олмади; чойшаб, сочиқ, йиғма каравот ­ барига икки юз рубл кетди. Қолган пули минг рублдан ошмасди, кўпроқ бўлиши ҳам мумкин эди, бироқ ҳаммасини “Тайфун” ўпириб кетди, лойиҳа устахонаси монтажчиларига тўлашга тўғри келди. Лекин, барибир, икки хонали уйга кўчиб киришга етади!
Кейинги куни ертўладаги резервуарга кирмоқчи эди, эшикда “кириш мумкин эмас” деган ёзув, қулф осиғлиқ. Қўнғироқ тугмачасини босди, эшик қия очилди, ичкарида лаборантнинг таниш қиёфаси: “Сиз рўйхатда йўқсиз!” Яъни, у, Вадим Глазичев, “бегона!” Бу ерга киришга муносиб кишилар сафидан ўрин эгаллаш учун эса бўлим бошлиғининг олдига кириш керак. У бўлса жойида йўқ. Глазичев, нима юз берди экан, деб тирноғини кемирди, ахир, ертўлага эринмаган ҳар қандай одам кириши мумкин эди-ку ­ у ерда махфий ҳеч нарса йўқ. Рухсатнома олиш учун бир неча жойга бош уриши лозим, бу эса анча вақтни олади, лекин қўлидан нима ҳам келарди.
У тегишли жойларга учраша бошлаган ҳам эдики, энг керакли кишининг ўзи унинг ҳузурига келди. Фирқа қўмитаси котиби шахсан ўзи келиб лабораториядан ҳаммани ҳайдаб чиқарди, Глазичев ёзган иккита ариза солинган папкани очди, ташвишли бир алпозда энсасини қашиди.
­ Ёмон, жуда ёмон… Ёш коммунист бўлатуриб… ҳалитдан… Фисқу фасод тарқатаётибсиз, тезда парткомгача етиб боради, райкомдагилар маълумот тўплай бошлайдилар… Яхши эмас, ҳечам яхши эмас…
Глазичев қонталаш лабларини қимирлатиб қўйди. Унга ҳамдард фирқа котиби эса сўзида давом этди.
­ Шунақаям расвогарчилик бўладими? ­ У шикоятлардан бирини қўлига олди, кейин уни иккинчисининг устига қўйди. ­ Сизнинг ёзишингизча, муҳтарам академиклар бесоқолбозлик билан шуғулланади, балоғатга етмаган қизларни зўрловчи разил одамлар… Бу нарса жиноят тартибида тергов қилишни тақозо этади. Агар улар шуни хоҳласалар ва агар партком тегишли ташкилотларга мурожаат қилса… Дарвоқе, жиноят кодексида шундай модда бор, туҳмат учун жазолайдиган. Албатта, бу ерда шубҳали ҳолатлар, туҳмат ­ хусусий иш эмас, ижтимоий иш. Сизнинг шикоятларингиз бўлса ўта шахсий, моҳиятига кўра далил-исботларсиз… Лекин барибир, бу жуда серғалва иш, партком қўл қовуштириб қараб туролмайди. Коммунист Глазичев Вадим Григорьевичнинг шахсий иши кўриб чиқилиши керак. Бунинг оқибати шунга олиб келадики, эҳтимол билетинг билан хайрлашишингга тўғри келарди…
“Эҳтимол” ва “балки” деган гаплар Вадимни қўрқувдан халос этолмасди. Партия билетидан айрилиш ҳамиша ҳамма нарсадан, ҳатто озодликдан ҳам маҳрум бўлишни билдирарди. Эсида бор, бундай ҳоллар Павлодарда бўлганди. Бу ерда, Москвада ҳам шундай аҳвол юз берганди. Ҳамюрти бўлса ҳар бир учрашувида таъкидларди: партия ­ сенинг қутқарув қуршоғинг, ҳар қандай довулда ҳам жонингга ора киради. КПСС сафида экансан, ­ дерди у, ­ талашинг, зўрлашинг, ўлдиришинг мумкин, қонун сени ҳимоя қилаверади.
Вадим, “Нима қилиш керак?” ­ дегандек партком котибига қаради. У эса папкадан тоза қоғоз олди. Глазичев шу қоғозга барча даъволаридан воз кечишини ёзди. Кейин эса яна шундай бошқа бир қоғозга уни ўз хоҳишига кўра институтдан бўшатишларини сўраб ариза битди.
Вадим ўз ҳисобида турган буюмларини топширар экан, сейфдан “Тайфун”нинг кеча ускунадан олиб қўйилган “мия”сини кўриб қолиб, чўнтагига тиқди. “Мия” ҳам, “Тайфун”нинг ўзи ҳам ҳеч қайси рўйхатда йўқ эди. Аризага қўл қўйиб беришди ва бир соатдан сўнг Вадим меҳнат дафтарчасини, саккиз юз рубл тангаси билан, фойдаланилмаган таътил учун яна шунча пул олиб, институтни тарк этди.
Хайр, институт. Хайр, жаҳоншумул шуҳрат!
Вадим метронинг “Белорусская ­ Кольцевая” бекатида тушиб, 18-троллейбусга ўтирди. Мана, ниҳоят у ўз уйида, бир хонали коммуналкада. Энди бу ердан ҳеч қачон чиқиб кетолмаса керак. Идиш-товоқ ювиладиган чаноққа таяниб, ўйга толди; бундан буён яшайдиган ери ­ шу жой. Хонадан зах ҳиди уфурарди. Нордон ва чучмал ҳиддан кўнгли беҳузур бўлди. Бўлган воқеаларни бирма-бир эслади, хотини Иринанинг, қайнонасининг гаплари қулоқлари тагида жаранглаб турди. Улар тўғри айтишди, нодон ва қўрқоқ деб жуда тўғри таърифлашди. Ҳа, улар ҳақ, минг бора ҳақ! Анави академикларни айтмайсизми? Тайёр ошга баковул бўлишмоқчи-я!
Вадим Глазичев бир қарорга келди. У у ёқ-бу ёқни қидириб арқон ахтара бошлади. Ўзини осиш учун унга арқон керак эди. Арқон тополмади. Қўшни кампирдан сўрасамикин? Вақтинчалик олади, албатта. Кейин хат ёзиб қолдиради, арқонни эгасига топширишлари учун. Ҳа, Глазичевлар шунақа ҳалол одамлар, уларга бировнинг нарсаси керакмас. Кичик илмий ходимлардан у берган қарзларни ундиришни ҳам ёзиб қолдиради. Энг аввало ­ ҳалиги ертўла эшигини очмаган лаборантдан ­ ўша аблаҳ Вадимдан ойликкача ўн бир рубл қарз олган эди.
Бирдан миясига ажойиб фикр келди: электрўтказгич! Сим устига қопланган ип уни кўтара олмаслиги мумкин. Агар шифтни тешиб ип осилган темир илгакка электрўтказгични маҳкамлаб бўйнига солинса бўлар, илгак панд бермайди, албатта. Агар у айнан ўша хонада Лапинлар уни қафасга тиқишгандай қамашган катакда ўзини осса жуда зўр бўлади-да. Уларга қасдма-қасдига! Ҳозир ичиб олса зарар қилмасди, ҳарҳолда академиклар ва адвокатлар йўқ ўша нариги дунёга жони қийналганини сезмай борарди-да. Дўкон ҳам ёнларида, бир қадам. Лекин бўлмади, ўзига эп кўрмади.
Нима қилиш керак? Йўқ, бўлмайди, қўшниси, милиция кўриб қолиши мумкин. Ўзига ўт қўйиб ўлдирса-чи? Шунга қарор қилди: оёғининг тагидан ўт ёқади-да, ўзини электр ўтказгичга осади. Ёнадиган буюм эса ёнгинасида, ана, қалин папка: “Физика-математика фанлари номзодининг илмий даражасини олиш учун диссертацияси”. Уни ёнишга осон бўлиши учун бироз тўғрилаб қўйиш лозим.
Вадим Глазичев папкани очиб, силкитди, қоғоз варақлари оёқлари остига тўкилди. У варақларни кўтариб ёқмоқчи бўлганда кўзи ёзувга тушди, бақириб юборишига сал қолди. Бу ­ Вадимни ҳайдаб чиқаришган ўша уч хонали уйдаги буюмларнинг рўйхати эди. Сервантдаги қошиқ ва санчқилар (сервантнинг ўзи ҳам, албатта), чойшаб ва ёстиқ жилдлари, комод (у ҳам рўйхатда бор), турли рангдаги қўлсочиқлар, адёл ва матрас жилдлари; фин совутгич “Розенлов”, Fарбий Германиянинг “Грюндиг” деган стереорадиоласи, яна кўплаб бошқа нарсалар, яна икки жавон тўла китоблар ва уларнинг номлари. Ахир, булар ҳужжат-ку! Фақат нотариус тасдиқламаган ҳужжат. Йўқ, нега энди ўзини осиши керак? Тағин ўз диссертацияси гулхани устида-я! Йўқ! У дераза олдида туриб қасам ичди: ҳамма билиб қўйсин, у рўйхатдаги ўзига тегишли буюмларни қайтариб олади, албатта қайтариб олади! Меҳнаткаш инсонни академик сармоясининг кишанларидан озод қилиш манифести худди шунинг учун тузилган-да! “Мен худди шундай қиламан! Шундай қиламан!” ­ дея ёниб улгурмаган гулхан устида рақсга тушар, юраги ўч олиш, уч хонали уйини қайтариш ва қандайдир академикнинг қизига уйланиш истаги билан ёнар эди.
Буни қарангки, ҳаммаси биз ўйланганчалик ёмон эмаскан. Ҳамма нарсага кучи етадиган адвокат ҳар қанча уринмасин, уни Москвада яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилолмаганди. Академиклар унинг фирқа билетини тортиб олишга ҳар қанча уринмасинлар, эплай олмадилар. Мана ўша ҳамюрти қутқарув ҳалқаси деб таърифлаган ҳужжат, партия мандати унинг чўнтагида.
Кечқурун хонасига институт югурдаги кириб келганда адолат тантана қилишига ишонч янада ортди! Олий раҳбарлар ғазабда, “Тайфун” бузилган, ускуна ишламаяпти, етишмаётган блокни қайтариб беринг, акс ҳолда ­ милиция, тинтув! Лекин дўқ-пўписалар Глазичевга асло таъсир қилмади, ахир ўша ускуна ҳеч ким ҳисобида эмас, эгаси йўқ!
­ Йўқол! ­ бақирди ғазаб билан Вадим Глазичев. ­ Йўқол менинг уйимдан, ўзим сизларни судга бермасимдан олдин йўқол баринг!

8

Бир неча кун у ҳеч қаёққа чиқмай яшади. Фақат ошхонага ва нон учун дўконга чиқиб турди. Нуқул нолиб юрадиган қўшниси унинг уйидаги бор-будини шилиб кетишди деб ўйлаб, ойликкача уч рубл бериб турайми, деб қолди. Бир литрлик чойдиш ва иккита стаканнинг биттасида чой дамлаб, иккинчисида ичарди. У бошқа ҳеч нарса сотиб олишни истамасди. У бу ерда вақтинча яшаяпти! ­ Вадим шундай қарорга келганди. Тақдирнинг қуюнли оқимлари уни одамлар дарёсининг ўртасигача олиб бориб қўярди, ундан нариёғига, ҳосилдор соҳилгача эса ўзи сузиб боради, қулай ва кам аҳолили, боғ-роғлар ҳамда жаннат неъматлари тўлиб-тошиб ётган ўша жойларда мазза қилиб яшайверади.
Ва тақдирнинг ўзи ташриф буюрди ­ эшик қўнғироғи жиринглаб, қўшни кампир кириб келди. Унинг орқасидан отаси ­ Григорий Васильевич Глазичев пайдо бўлди. Вадим уни, онасини ҳам кўрмаганига ўн йиллар бўлганди. Тўй арафасида Ирина унга ота-онасини олис вилоятдан таклиф қилишни эслатганди, лекин Вадим қўнмаганди. Мана энди отаси ўзи келди ­ Вадимнинг Пресняда яшаётганини Ирина орқали билибди. Қария қўрқиб кетиб, бу ерни қандай топишга боши қотиб турганди, яхшиямки бошловчи топилиб қолди. Уни Кирилл бошлаб келди.
­ Сизни нима жин урди, ­ деди Вадим. ­ Ойим билан нега ажрашдингиз?
Отаси аҳмоқона жавоби билан уни лол қолдирди:
­ Ойинг беқарорлик касалига мубтало эди. Сен ҳали туғилмагандинг, ойинг КПСС Марказий Қўмитасининг шахсга сиғиниш ҳақидаги қарорини мафкуравий нотўғри деб қабул қилди. Кейин эса Молотов, Каганович ва бошқаларнинг партияга қарши гуруҳи ҳақидаги масалада ҳам иккаламиз қаттиқ баҳслашдик. Ана шундан кейин ойинг Марказқўмнинг Октябр пленумига ҳам салбий муносабатда бўлди, ­ сен ўшанда боғчага қатнардинг, ­ менинг сабр-бардошим тугади.
Мана шу бир мурвати кам, мана шу бўшанг, мана шу нотавон одам барча ҳужжатлар бўйича унинг отаси ҳисобланади! Ҳар қандай одам Кремлдаги қирпичоққа тупурган бўларди, онаси бўлса, буни қарангки, бошқача, алоҳида фикрда экан. Шулар ҳам ота-она бўлди-ю. Дарвоқе, иккаласи ҳам бадбашара, худо ақлдан қисган кимсалар. Қизиқ Вадим кимга тортган экан?
­ Ойинг ўлиб кетганига анча бўлди.
Вадим сўрамай қўйгач, саволлар жуда кўпайиб қолди, лекин бу кас унга нима деб жавоб бера оларди. Уни деб Вадимнинг бутун ҳаёти барбод бўлди. Отаси туфайли Вадим ҳозир мана шу кулбада ётибди, бойларга қарам бўлиб юрибди. Бари шу туфайли! Ахир, бу одам уруш йиллари таъминот бўлимида бошлиқ бўлиб ишлаганди-ку. Ўзидан олдинги киши сингари анчагина пулни ўзлаштирса бўлмасмиди. Ҳалиги одамнинг ўғли ­ Вадимнинг синфдоши танаффус пайтлари нуқул нонни сарёққа булаб ерди. Вадимнинг отаси ўмарса ҳам келажагини таъминласа бўларди-ку! Шунда у пойтахтдаги дуч келган бойга тиз букиб юрмасди. Отаси Павлодарда яхшигина хонадон соҳиби бўлиши мумкин эди, олишига сал қолганди, лекин Григорий Васильевич ҳе йўқ, бе йўқ ­ ўз навбатини кўпболали ўринбосарига берди. Ўзи ишдаги хонасида тунаб қоларди, ўғлини эса шаҳардан узоқ қасабада ижарада турғазарди. Вадим олтинчи синфдан ўнинчи синфгача бир ўзи яшади. Отасини бошқа шаҳарга, ҳаммом-кир ювиш трестига ишга тайинлашди, онаси озгина чойчақа юбориб турарди, агар мактабда бериладиган нонушта бўлмаса, Вадимнинг аҳволи нима кечарди. Ижроқўм бўлиб ишлаганда ҳам ўғлига ёрдами тегмади. Мана шундай: ҳамма яхши нарсалар ­ бегоналарга, ўз боласига эса ­ ҳеч вақо! Тўйиб овқат емасликдан Вадим жуда нимжон ўсди. Талабалигида икки марта вагон бўшатишга ёзилди ­ бир тўйиб овқатланай, деди-да, лекин тушунди, жисмоний иш унга тўғри келмаскан. Аммо онаси, онаси-чи! Тайганинг хилват гўшасида ўқитувчи бўлиб ишлаб юриб, очликдан ўлиб кетди. Бир сафар ўша томонлардан ўғлига халтачада кедр ёнғоғи юборганди, ўша халтачани юқори синф ўқувчилари тортиб олишди, ўзини роса калтаклашди, яхшиямки, ўнинчи синф ўқувчиси Сумков келиб қолди, Вадимни қутқариб, болаларни ҳайдаб юборди.
Стаканга чой қуйиб отасига тутди, нондан кесиб қўйди.
­ Уйда совуткич йўқ, ­ деди Вадим. ­ Шунинг учун сарёғ ва бошқа тез бузиладиган нарсаларни олиб ўтирмайман.
Қария нондан тишлаб, чойдан ичди:
­ Район таъминот ва соғлиқни сақлаш бўлими хоналарига ярим йил қатнади, ниҳоят қўйиб беришди, ­ деди у, ясама жағларини олиб ўғлига кўрсатмоқчи бўлиб, Вадим тескари ўгирилди. Бир нарса таскин берарди: кулбаси тор бўлгани учун меҳмонга тунаб қолишни рад этса бўлади. “Ота, ўша уч хонали уйга борақолинг, ўйларди Вадим, қани жойимиз тор деб баҳона қилиб кўришсин-чи?!”
Лекин мана шу кулбада ҳам қўшнининг феъли ёмон, бировларнинг бу ерда ётиб қолишига рухсат бермайди деб баҳона тўқишга ўрин қолмади. Қария ўрнидан турди, ҳожатхонага кириб чиқди, ўғлига совға (бир қути сигарет) ва телефон рақами ёзилган қоғоз парчасини тутқазиб хайрлашди. “Яқин икки ҳафта ичида мени шу телефондан топишинг мумкин”, деди. Ҳовлида кутиб турган бадбашара Кирилл чолнинг қўлидан ушлаб, етаклаб кетди, Вадим энди тушунди: отаси қарийб кўр бўлиб қолган экан-ку! Қандайдир “Анти-Дюринг”га изоҳларни ўқийвериб кўзидан айрилибди бечора. Шунинг учун совғага фильтрсиз сигаретни танлаган экан-да, телефон рақами ёзилган қоғоз парчасига қарагиси келмади, халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасидаги бирор меҳмонхонадир-да, “Заря”ми ёки “Колос”. Ҳолбуки, отаси Калинин вилоятидан бошпана топган эди. Бироқ ёвуз ниятли Лапинлар нима учун анови ғариб Кириллни унга етакчи қилиб беришди? Ҳа, собиқ куёвларини яна бир бор таҳқирлаш учун шундай қилишган!
Лабини тишлаб, энсасини қашиганча, пешонасини тириштириб барча бойларга лаънат ўқирди. Ахир, унинг Павлодардек ватанига, баҳайбат (182 сантиметр) бўйига, меҳнати ва кўзёшларига, пешона тери билан ёзилган ва ҳимоя қилинган диссертациясига кўз олайтирган ўшалар эди-да. У ҳали уларга кўрсатади, қилмишлари учун ҳали минг пушаймон ейдилар.
Лекин барибир ­ у отасидан ташвишда эди. Вадим хонадан ўчоқ бошига, у ердан яна хонасига бориб-келар, отаси ҳақида ўйларди. Хаёлида шундай манзара гавдаланади: Ирина Лапина-Глазичеванинг уч хонали уйи жойлашган баланд минора қулаб тушади, унинг собиқ хотини ҳали тегиб улгурмаган янги эри билан харобанинг тагида қолади. Фақат кўп қаватли биногина эмас, собиқ қариндошларининг ҳаммаси емирилиши ҳақида орзу қиларкан, ерда ётган бир парча қоғозга кўзи тушди. Бу ўша отасидан қолган ва Иринанинг қўли билан телефон рақами ёзилган қоғоз парчаси эди. Шу телефон баланд бинонинг тўққизинчи қаватида, бир вақтлар Вадим яшаган ва ҳозир хаёлида қулаб харобага айланган уч хонали уйида эди.
Яна бир мазах қилиш! Яна бир таҳқирлаш, тарсаки тушириш! Йўқ, Вадим Глазичев толстойчи эмаски, иккинчи юзини ҳам тутиб берсин!
У ҳар куни эрталаб ҳафсала билан соқол олар, уйидан чиқмай ўтирар, иккала академик эмаклаб келиб, бош эгиб, ундан институтга қайтишини сўрашларини кутарди. О, шунда у академиклар устидан бир маза қилиб кулсинки! Бу муттаҳамларни бир бопласинки! Лекин ­ кечиради, албатта, унга бир хонали уйни тўғирлаб беришса. Кечиради. Аммо, борди-ю, Иван Иванович Лапин ­ Лапиньш келса, Вадим унинг сурбет башарасига тупуради, ҳа, ҳа, тупуради! Ҳатто у Вадимга уч хонали уйни барча буюмлари, лекин Иринасиз, қайтариб берган тақдирда ҳам!
Ҳозир унинг қасоскор режаларидан олаётган завқи унга тасалли беролмасди, зеро улар охир-оқибат ёмон натижаларга олиб келарди: Вадим қамоққа тушарди. Хона эмас, қафас! Қафас! Бир кишилик ҳужра қамоғи. Ундан эса асло чиқиб бўлмайди! Бундай ҳолатда афви умумий кутилмайди, пул эса тугаб бораяпти. Мана, ноябр ҳам бошланди, ҳадемай совуқ тушади.
Бир куни кулбасига кирди-ю, эшикни ёпиб, узоқ ўйланиб қолди. Унга кимдир яхши хабар билан келадигандай туюлди. Ҳаётда баъзан шундай мўъжизалар ҳам бўлиб туради-ку! У мўъжизаларга ишонарди.
Бир сафар у яшаётган кулба яқинидаги ахлат ташланадиган идишларга қараб хаёл сураётганда, улар устига ёққан қор жуда чиройли кўриниб кетганди, кимдир уни чақиргандай бўлди. Вадим бошини кўтариб, Сидоровни кўрди. У қўли билан имлаб уни чақирди. Вадим шошилиб унинг ёнига чиқди. “Тез бўл! Тез! ­ шоширарди у. ­ Паспортингни ол! Кетдик! Тезроқ!”
Вадим бу лаънати Лапинларнинг бирор ҳийласи бўлса керак деб, ўжарлик кўрсатди, соқоли олинмаганини, кийимидан зах ҳиди анқиётганини рўкач қилди. Бу вазият эрксевар Сидоровни янада завқлантирди:
­ Янаям яхши! Яна-да яхши! Паспортингни олвол! Эртага сенинг алоҳида хонадонинг бўлади! Бир хонали, албатта. Агар бу ерда сен билан яна кимдир ёзилган бўлганда эди ­ икки хоналиги тегарди. Олға! Тезроқ бериш керак!
Такси тўхтатишиб, қанақадир муассасага етиб боришди, йўл-йўлакай Сидоров маънодор қилиб: “Исроил, эмиграция” деб қўйди. Лекин бу сўзлар Глазичев учун ҳеч маънони англатмасди. Лекин кечқурунга бориб муассасалардаги кўпгина кишилар билан гаплашганидан кейин шу нарса маълум бўлдики, бундай айирбошлаш Вадимга шаҳарнинг қарийб қоқ марказида, Профсоюз кўчасида бир хоналик уйга эга бўлиш имконини бераркан. Фақат мол боқишгагина ярайдиган Қизил Преснядаги ўша хонанинг бу тарзда шошилинч равишда мебель билан жиҳозланган, қўшнисиз ва телефони бор бу бошпана (хонадонга “Рекорд” телевизори ҳам қўшиб бериларди)га айирбошлаш ҳеч қанақа мантиққа мос келмасди. Ҳатто, ҳамма нарсани биладиган Сидоров ҳам маъюсгина иқрор бўлди:
­ Биз, руслар, буни қаёқдан…тушунардик. Ҳатто татарлар ҳам тушунмайдилар. Бу ерда яҳудийларнинг ноинсоний мияси керак бўлади. Синай қумларида қирқ йиллаб сарсон-саргардон юриб қовжираган мия… Улар ўзларининг қовжираган мияларини жаннатмонанд ер ҳақидаги орзулари билан суғормоқдалар. Венгер математикларидан бирининг таъбирича: инсон мияси ­ бу йўлбарснинг сўйлоқ тишидир, у фикрлашга эмас, яшаб қолишга хизмат қилади. Ҳозирги совет яҳудийлари ушбу айирбошлашни ўйлаб топишди. Оила Исроилга кўчиб кетаяпти, лекин жини суймайдиган бу давлатга уч хонали уйини ташлаб кетишни истамайди, шу тариқа айирбошлашлар бошланади, яҳудийлар мўмайгина пул ишлайдилар. Кейин қандайдир йўллар билан бу пулларни валютага айлантириб берадиган жойларига жўнатадилар. Бу ҳаракат қайта-қайта айирбошлашни, елиб-югуришни тақозо этади. Бу ишга кўплаб яҳудийлар ва яҳудий бўлмаган оилалар жалб қилинади. Натижада фан номзоди Глазичев ҳам уйлик бўлиб қолади, устига яна пул ҳам олади.
Ҳушёрликни йўқотмаган Вадим эҳтиётлик билан аниқлади: нега энди Сидоровнинг ўзи яҳудий ақли маҳсулидан фойдаланмади?
Сидоров тан олиб қўя қолди:
­ Афсус, пушаймонман! Сенинг барча кулфатларингда мен айбдорман. Мен! Мен икки буюк балохўр ­ Фаддеев билан Булдин сенинг устингда турганини ҳисобга олмабман. Улар ҳар қандай одамни эгаллаб оладилар, улар ролларни аллақачон тақсимлаб олганлар… Менга эса уйнинг кераги йўқ. Менга ертўла ҳам кифоя. Ўша ертўласиз мен Сидоров бўлмай қоламан.
Ҳужжатларни расмийлаштириш бироз чўзилди. Орадан икки кун ўтди. Ниҳоят, Глазичев паспортини ички бир ҳаяжон билан варақлаб кўрди, янги жойга қайд қилингани ҳақидаги муҳрни топгач, бешинчи қаватдаги бир хонали уйнинг собиқ соҳибининг қўлини қисиб қўйди. Хонанинг битта деразаси тор кўчага очиларди, иккинчисидан эса Профсоюз кўчасидаги машиналар оқими яққол кўзга ташланарди. Каравот, диван, жавон, бўмбўш китоб токчалари ­ Вадим унутолмаётган уч хонали уйдагидек чехларники эмас, советларники. Кекса ва ғамгин яҳудий меҳмоннавозлик билан ишора қилди ­ марҳамат, энди ҳаммаси сизники, эгалик қилаверинг… Мана телефон рақами, дарвоқе, мен уни сизнинг номингизга ўтказиб қўйганман. Телефон қилинг…
Шундан сўнг Вадим мардикор ёллаб хонадаги барча буюмларни чиқартириб ташлади. Чунки улар рўйхатдаги меъёрларга тўғри келмасди. У бўш хонага кириб, яйраганча қулочини керди. Ёнига нимадир ботгандек бўлди. У қўлини шимининг орқа чўнтагига солиб, “Тайфун”нинг миясини топди.

9

Яҳудийлар Глазичевга кўчиб ўтгани учун уч минг рубл беришди, хонанинг эгаси эса қийналгани эвазига саккиз юз рубль қўшиб қўйди.
– Ҳа, дунёда ҳали адолат бор! ­ деган қарорга келди Вадим кўрган хўрликлари ва азобларини ўйларкан. Бу кўргиликларга Лапинлар оиласи айбдор, ёки сартарош аёлми? Ўша! ­ хулоса қилди у. Аччиқ-ширин дамлар айнан ўша сотқиндан бошланганди. Адвокатнинг пули эвазига сохта гувоҳлик бермоқчи бўлган ўша; Преснядаги ахлатхонага етаклаган-чи? Ўша. Вадим худди ўша ердан Профсоюз кўчасидаги уйнинг бешинчи қаватига кўтарилди. Тўғри, бир сафар уни учратиб қолиб башарасига туширмоқчи бўлганида ўша малла қанжиқ йиғлади, ялиниб-ёлворди, кейин уйига бошлаб кетди. Сартарош хонимнинг шинамгина хонасида Вадим эриб кетди, кечирди, карам шўрвасини мақтади, ҳа, яхши пишириш унинг қўлидан келарди. Кейин эса неча бор уникига кириб турди, шўрвасидан, котлетидан татиб кўргани, диванида ётиб кўргани…
Сўнгра эрталабдан тўппа-тўғри соч-соқоли олинмаган ҳолда сартарошхонага кириб келди. Хоним унинг сочини олиб, соқолини қиртишлаб, чиройли қилиб қўйди, Вадим “устара ҳақини кечқурун уйингга бориб тўларман”, деди. Лекин хоним “ҳисоб-китоб учун пулни тўламасанг бўлмайди” деб, кечқурун боришига рози бўлди. Вадим хафа бўлмади, мундоқ ўйлаб кўриб, кечқурун бормасликка қарор қилди. Унинг ҳар тунги ташрифи ўн рублга тушаяпти, ўзи бўлса ишсиз, пул тополмаяти. Ҳали иш топиши ҳам даргумон. Бу жумбоқни вақт ҳал қилади. Янги уй олгани эса жиҳозлар топишини тақозо этарди. У бир-икки бор дўконга бориб, мебель қарамоқчи бўлди, лекин юраги бетламади. Ирина билан ётган диван-каравот эсига тушиб кетди. Ниҳоят, ўлчагич олиб, хонадонини ўлчаб чиқди. Хосхона ­ 9,8 квадрат метр, ошхона ­ 7,2, даҳлиз ­ 9,7. Ҳа, уч хонали уйдагидек эмас. Анча тор. Хосхонада Ирина билан муҳаббат ўйинларидан зериккач, ошхонага чиқишарди. Ўша ошхона бунга нисбатан икки баравар кенг эди. Шуларни ўйларкан, қандай мебель олсам экан деб боши қотди.
У пойтахтдаги мебель магазинларини уч кун айланди. Ошхона учун “Мцири” гарнитурини (430 рубл) топди ва ёзиб қўйди, лекин анча кутишга тўғри келарди. Уч хонали уй чизмасида иккита “Хельга” секретери ҳар бири (980 рублдан) белгиланди. Вадим уларни Ленин шоҳкўчасидан топди. Бироқ китоб жавони ҳеч қаерда кўринмасди. Улар буюртма билан ясаларкан. Ҳали навбатга туриш керак. У “хона” гарнитурини ҳеч қаердан топа олмади. Бу мажмуга ёзув столи, иккита оромкурси, диван ва журнал столчаси кирарди. Жавон-чи? Эсдан чиқарганини қаранг-а! Жавонни меҳмонхонага қўйиш керак!
Умуман, бир хонали уйга ҳеч қандай гарнитур тўғри келмасди, жавон эса сиғиши мумкин. Уч хонали уйни ҳали кутиш керак. Бахтни қарангки, унга чех китоб токчалари учраб қолди. Вадим таксига пул тўламаслик учун токча тахталарини ўзи кўтариб келди. Токчани бир амаллаб ўрнатди, лекин ҳозирча уйида битта ҳам китоб йўқ эди. Токчанинг энг юқори қисмига “Тайфун”нинг миясини қўйди. Ҳозирча Вадимга унинг фойдаси теккани йўқ, лекин умидвор эди, ундан мўъжиза кутарди. Худди ўша мўъжиза унга гилам, шолча, уйга керакли бошқа жиҳозларни келтириши мумкин. Бундай жиҳозлар Иринада, яъни ўзининг аввалги уч хонали уйида хорижники эди. “Отта” гарнитурини эслашнинг ўзидан эса бош айланади!
У Лапинлар оиласидан ўч олиш режасини кейинга сурди. Чунки ҳали у уйига идиш-товоқ, пичоқ, қошиқ деган зарур нарсаларни олиши даркор эди. Ирина овқатни қозонда пиширарди, уни қаердан топиш керак? Умуман, нимада ўтириш керак? Юрагини чангаллаганича, бир амаллаб стул, қошиқ, санчқи, алюминий қозон сотиб олди.
Сидоров тасаввурининг меваси бўлган “Тайфун”нинг мияси бўм-бўш китоб токчасида чанг босиб ётарди. У ўзининг мавжудлиги билан ишни қаердан қидириши керак, пул ва умуман гарнитурни қаердан топиш мумкинлигидан дарак бериб турарди. Институтга бориш лозим! Физика кафедрасига! Ўқитувчи бўлиб! Ўша ерда номзодлик учун ҳам тўлашади, ўша ерда хўжалик шартномаси бўйича ишлар бўлади, ўша ерда иштаҳаси карнай талаба қизлар тўлиб ётибди!
Янги уй зиёфатига таклиф қилинган ҳамюрти институтлардаги барча бўш жойларни эсида сақларди, у огоҳлантириб қўйди: меҳнат дафтарчангни мактаб ўқитувчиси деган атама билан булғаб ўтирма, сабр қилиб кутсанг, бирор институтнинг пуллик кафедрасига жойлашиб оласан.
Институт билан кафедра топилди, лекин жой сессиядан кейин, яъни семестр тугагач, баҳорнинг охирларида бўшаркан. Ҳамюртининг қийиқ кўзлари (унинг аждодида қозоқ қони бор эди) қатъий эди, сўзларини кесиб гапирарди, нима демоқчи эканлиги Вадимга етиб борсин деб, ҳар бир иборани чертиб-чертиб айтарди. У кетгач, Вадим анча вақтгача ухлай олмади, йиғма каравотни ғижирлатиб, кечаси билан ўйлаб чиқди. Аждодлари ирсиятида рус бўлмаганлар ҳам бормикан, дея бош қотирди. Ҳамюртининг фикрига қараганда, фақат бегона юртликлар Россияда яхши яшашармиш. Улар камчилик бўлганлари учун иноқ яшармишлар, биз, руслар, шу жумладан, москваликлар ҳам, танбал, тарқоқ, бир-биримизни қўллаб-қувватламаймиз.
Вадим учун шу тўрт ой жуда тиғиз бўлди: у дўконларни айланди, гиламларни кўздан кечирди. Уларни Лапинлар уйидаги гиламлар билан таққослади. Лекин уларни сотиб олмади. Бундай гилам ва шолчаларни олиш учун бир қоп пул керак бўларди. Мебель дўконларидан тез-тез хабар олиб турди. Барибир, ҳозир навбати етиб келса ҳам, у сотиб ололмасди. Пули йўқ эди.

10

Ниҳоят, иш топилди! Озиқ-овқат саноати институти бўш ўрин мутахассис танловида фан номзоди Вадим Григорьевич Глазичев ғалаба қозонганини эълон қилди. У ўқитувчи қилиб тасдиқланди. Энди у дўконма-дўкон тентирашига вақт бўлмаслигини яхши биларди.
Вадим қарийб бўм-бўш мебел дўконида ёқимли бир жувон билан танишиб қолди. Хоним муштумини ботириб, матрас таранглигини текширишни, каравотни силаб-силаб кўришни жуда ёқтираркан. Улар танишгач, бироз кўча айланишди, кейин шундай бўлиб қолдики, Вадим ўзини ҳалиги жувоннинг хонасида кўрди. Буни қарангки, жувоннинг уйидаги каравот, у ҳали дўконда кўриб ёқтирган ва нозик қўллари силаб қўйган каравотнинг айнан ўзидай эди. Улар эрталабгача ўша каравотда ётиб, унинг ниҳоятда яхшилигига амин бўлишди. Шу билан уларнинг муҳаббат машқлари ҳам ниҳоясига етди. Тушга яқин жувоннинг эри сафардан қайтиб келди. У ҳам эсдан чиқиб кетарди-ю, кафедра мудири касал бўлиб қолди. У бўлса, одатда, бутун курсга физика бўйича янги ўқув йили бошланиши олдидан дастлабки маърузани ўқирди. Касал бўлдими, баҳона қилдими ёки янги тажрибасиз ўқитувчини оғир синов билан синаб кўрмоқчи бўлдими ­ буни аниқлашга Вадимнинг вақти йўқ эди. Тиним билмас, ҳаддан ташқари толиқар эди. Юз эллик одам, кўпки, кам эмас, аудиториянинг охиригача тўлдириб ўтирибди, учдан икки қисми қизлар, уларнинг ҳеч қайси бирини Вадим аниқ кўролмайди, ҳаммаси ягона бўлиб тўлқинлантирувчи аёл қиёфасида кўзга ташланарди. Уларга қараб, ҳалиги эри сафарга кетган жувон келади кўз ўнгига, ана Вадим уни шошмасдан ечинтираётир, эҳтимол, эрига биринчи марта хиёнат қилаётгандир, қизариб кетди, ийманибгина ётди, кўзларини қўллари билан беркитиб олди, ­ худди шу пайт уятсиз Ирина яқин ўтмишдан сузиб чиқди. У шаҳвоний муносабатларга оид барча илм, қўлланма ва усулларни сув қилиб ичиб юборганди. Ирина қурғур бир сафар қадимий усуллардан бирини қўллашга уриниб Вадимнинг ўмровини синдириб юборишига сал қолганди. Ўша муҳаббат бандаси эҳтиросдан жунбушга келиб ҳаракат қилар экан, қизармас, уялмас ва қаршилик кўрсатмасди. Айни шунинг учун ҳам Вадимга ёқимсиз, кераксиз ва иркит бўлиб қолганди… Ҳислари яна бир парвоз қилди-ю, хотирасида “Тайфун” мияси муаллифининг сўзлари жонланди: “Аслида физика фан эмас! У кузатувлар ва тажрибалар умумлашмасидир…”
Талабалар тинчланиб, Глазичевни тинглашга тайёрланишди ва фан номзоди гапга тушиб кетди. У гапирар, хаёлида эса Ирина билан яқинда танишган жувон чарх урарди, ўша илмий маънода, албатта. Вадимнинг гапларидан талабалар ҳайрат билан шуни билиб олдиларки, физика ­ бор-йўғи минглаб тажрибаларни тартибга солган тўпламдан иборат экан. Шунинг учун ҳам тажрибалар муқаддасдир, уни севиш керак…
Маҳлиё бўлиб қотиб қолган аудиторияда ­ ўлик сукунат. Вадим бўлса аста-секин қизишиб борар, хаёлан энг яқинроқда ўтирган талаба қизни ечинтираркан, инсон тажрибасининг барча назариялар устидан тантанаси ҳақида, одам кўзи ва қулоғининг улуғворлиги тўғрисида гапиришда давом этарди. Ўзича, талаба қизча буни сезмаган ҳолда курагини яқинлаштириб ва елкасини энгаштириб сийнабандини ечишда эркак қўлларига ёрдам бераётганини тасаввур қилиб, юзларча қизларга табиатнинг ўзи оғирлашган олмани шохдан тўппа-тўғри Ньютон оёқлари остига ташларкан, инсоний идрокка рўпара қилишини гапирди, назариянинг ўта мураккаблигини эслайди, шунинг учун лаборатория тажрибаларини ниҳоятда назокат билан ўтказиш ва дарсликларда тавсия қилинган масалалар моҳиятига эътибор бериш кераклигини таъкидлади.
Ҳали танаффус учун қўнғироқ чалинишигача у хаёлан яна учта талаба қизни ечинтирди ва гулдурос қарсаклар янграб, тўртинчи жононни яланғочлашга имкон бермади. У пешонасидаги терни артиб, минбардан тушди ва декан қўлини қисиб табриклар экан, институт танловда янглишмаганини тан олди.
Ушбу маъруза ҳақида институт бўйлаб афсоналар тарқалди, қизлар унга дуч келганда ё атайлаб кўзларини олиб қочишарди, ёхуд у билан гаплашишга ҳаракат қилишарди. Унинг тантанаси ҳақидаги гап ҳамюртига тезда етиб борди. У Вадимни қизғин табриклади, тўғрисини айтиб қўя қолди: ҳамкасблар учун бир ювишинг керак, институтда томир ёйиш лозим. Вадим бироз энсаси қотди ­ биринчи маошгача кутиб турди, кейин лозим бўлган ва Москва мезони билан бинойидек дастурхон ёзди (мебелни қўшнидан олиб туришга тўғри келди). Ҳарҳолда, фан номзоди, яхшигина маош олади, шунга яраша каттагина ҳаражат қилди, унинг тенгқур ҳамкасблари тўққиз шиша арақни сўнгги томчисигача ичишди, тўғри, биттасини улардан кимдир олиб келганди; совғалар, одатдагидек, хўжалик моллари эди. Шунга қарамай, бундай кайфу сафога берилиш мумкинмас деган қарорга келинди. Бу аҳволда ҳеч қанақа пул етишмайди, олинадиган нарсалар эса қанчадан-қанча!
Кафедранинг иккита чаққон ассистенти хўжалик шартномаси асосида Глазичевни ўзларига бириктириб қўйдилар, шунинг учун энди унга ҳар ойда қўшимча эллик-олтмиш рублдан тушадиган бўлди. Вадим узоқ ўйлаб юргандан сўнг, ниҳоят девор жавон сотиб олишга қарор қилди. Уни юкловчи мардикорлар (юз рублга) олиб келиб, бирпасда йиғиб ҳам беришди. У хонанинг бир томонини бутунлай эгаллади. Лекин негадир кечаси ғичирлар эди, афтидан, ичини кийим-кечак билан тўлдиришга ундарди. Универмагда бир костюмни кўрди, жуда маъқул келди. Лекин ёш ўқитувчилар талабалар русумида кийинишарди. Аммо у ёқтирган костюмнинг бир томони ўзига маъқул келмади, у Москванинг “Большевичка” фабрикасида тикилган эди. Глазичев пойтахт маҳсулотини сотиб олишни ўзига ҳақорат деб билди ва қирқ рубл қўшимча тўлаб, сал ёмонроқ бўлса-да, Чехияда тикилган костюмни харид қилди. Агар Павлодарда шундай костюмлар тикилса борми, бир ярим, икки баравар қиммат бўлса ҳам жон-жон деб сотиб оларди. Иккита патак кўйлак, учала бўйинбоғ жавондан жой олгани уни анча қувонтирди. Алам қиладиган томони шунда эдики, Иринага тегишли бўлган ўша жавондаги костюм французларники эди. Ҳозир қаердан топасан ўшандай костюмни? Айтишларича, Марказий универмагда юз рақамли бўлим бор эмиш, ўша ердан энг яхши молни сотиб олса бўларкан, лекин у ерга аллақандай ҳужжат талаб қилинармиш. Бу ҳужжат қандайдир алоҳида кишиларга берилармиш. Бу одамлар унинг костюмни сотиб олишаётганини тасаввур қилиб, ўша виждонсиз кимсаларга нисбатан Глазичевнинг муштлари тугилди.
Йиғма каравот устида ҳаёт қайнарди. Унинг оёқ томонига Вадим стул қўйди. Энди оёқлари осилиб турмайдиган бўлди. У каравот сотиб олишдан тийилиб турарди. Чунки каравот: сен мангу бўйдоқ қолишингни билдирарди. Агар у икки кишилик бўлса, ёнингда аёл бўлишини тақозо этарди, натижада, фарзанд туғиларди, демак, уч хонали уй олишга тўғри келади, албатта у Ирина пайтидагидек бўларди, лекин Иринасиз… Шу билан орзулар ҳам барбод бўларди. Йиғма каравот эса қўзғалган ҳирсини пасайтирар, каравот бўйича шериклик қилиши эҳтимол бўлган талаба қизлар дарсдан сўнг савол сўрагани ёпирилишганда ундан бир қадам, ҳатто бир неча қарич масофада бўлишарди. Маслаҳат пайтида бўлса улар Вадимнинг ёнида стол атрофида ўтиришар, улардан Иринаникидан кам бўлмаган атир ҳиди анқирди. Қизлар ёки аллақачон қизлигидан айрилганлар, лекин ҳаммаси аёл зотидан эдилар, ўзларини тутишлари ва имо-ишоралари битта мақсадни кўзларди ­ эркакларнинг, ўқитувчининг эътиборини ўзига қаратиш, мойиллик уйғотиш, токи унинг қўли “қониқарли”дан паст баҳо қўйишга бормасин. Айрим қизлар эса ўзларининг камтарона билимлари учун юқорироқ баҳога эҳтиёж сезардилар. Ҳа, умуман, бу билимлар кимга ҳам керак эди, айниқса шаробшунослик факультетида?
Лекин қизлар ўзларининг устунликларини яхши билишарди, кўз сузиб тузоққа илинтиришнинг ҳадисини олишганди, ишқий алоқаларнинг ҳуқуқий жиҳатларидан ўқитувчилар яхши огоҳ, айнан: сен талаба қизни ўла-ўлгунча, гўрга киргунча севишинг, у сенга садоқатидан қасамлар ичиши ва иккалангиз юмшоқ тўшакда никоҳдан ўтишдан олдин шаҳват лаззатидан тўйгунча баҳраманд бўлишингиз мумкин; аммо қонун шафқатсиз, у шуни назарда тутардики, сендан оладиган баҳоси туфайли тақдири сенга боғлиқ бўлган қизни ўзинг билан яшашга мажбур қилдинг, шу сабабли жазо олишинг тайин.
Мана шунақа, бунинг бошқа иложи йўқ! Талаба қиз деканатга кириб оғиз очса бас ­ ё унга уйланасан, ёки институтдан ҳайдаласан ва бошқа ўқув юртларининг эшиклари сенга тақа-тақ беркилади. Ноинсоф қизлар буни яхши билишади, кўз сузиб, қош қоқишади, имо-ишора қилишади, елкаларини яланғочлаб қалбингизга ўт ёқишади.
Ҳаёт эмас бу, ғурбатнинг ўзгинаси! Москва автомобилсозлик институтида ишлайдиган ҳамкасби ­ назарий механика кафедрасининг ассистенти Глазичевга фойдали бир таклиф билан кирганида бу ғурбатларнинг ҳаммаси барҳам топди-қўйди. Қандайдир иш билан озиқ-овқат саноати институтига келган учар ассистент Глазичевнинг аёл зотига суяги йўқлигини сезди-да, ғоясини унга шипшиди, Вадим бундан жуда таъсирланиб кетди. Ассистент таклиф қилган ғоя чапараста чангланиш деб аталарди. Ростини айтганда, кишини лол қолдирадиган даражада зўр ғоя эди. Бунинг учун шундай қилинарди: ассистентга турли усуллар ­ имо-ишора ёки имзосиз хат билан талаба қиз синов дафтаридаги керакли балл учун кўнгилхушликка рози эканини маълум қиларди, шунда унга даҳлиз йўлакда кетаётган пайти шивирлаб ассистентнинг акаси билан танишишни таклиф қилинарди. Яхши баҳо олиш, талаба стипендияга эришиши ­ танишувнинг муваффақиятли ўтишига боғлиқ эди. Глазичев ҳам худди шундай йўл тутиб, талаба қизга жияни билан учрашишни тавсия этарди. Ҳаяжонли масала ­ учрашув жойи, яъни уй ёки бирор хона ҳақида муаммо ҳам ҳал бўлди. Уйланган ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган ассистент Глазичев хонасини кўриб, шунга ишонч ҳосил қилдики, йиғма каравотда илмни текшириб бўлмайди. Ҳар иккаласининг бахтига ассистентнинг узоқ қариндоши ­ Жазоирга кетган муҳандиснинг вақтинча эгасиз хонадони топилди, калитнинг нусхаси ясатилди. Текин ичимлик билан Ереван таъминлайдиган бўлди, коньякли яшиклар физика лабораториясига ўтказилмасди: арманларни уч юлдузли ичимликни нурлантириш йўли билан янада кўпроқ ишлаб чиқариш мумкинми деган масала қизиқтирарди.
Талаба қизларни айирбошлаш жадал суръатда борарди. Баъзан жуда ғаройиб тасодифларга дуч келинарди. Москва автомобилсозлик институти талабалари яхши баҳолар олиш учун турли ҳийлалар ишлатишарди, қизлар улар билан ростакамига танишишни истардилар, бунда гулдасталар тақдим қилинса янада яхши, учрашув тасодифан юз беришини хоҳлардилар. Қизлар ўзларига тегажоғлик қилаётган нотаниш кимсага ишончсизликни моҳирона ижро этардилар, кейин қаҳвахонага бирга боришга зўрға кўнардилар, ундан кейин эса “синов”дан ўтгани боришга рози бўлардилар. Айримлари қайта имтиҳон топширишни истаб қолардилар, лекин Глазичев жуда қаттиққўл эди ва шафқатсиз эди, чунки навбат кутиб турганлар талабини ҳам қондириши керак эди-да. Вадим ўзида ғалати ҳолни сеза бошлади: унга фақат москвалик қизлар керак эди! Фақат пойтахт нозанинларига чоптирган айғири совиб бўлгачгина кўнгли жойига тушарди. Талаба қизлар, одатда, пойтахт туб аҳолисининг биринчи авлодидан бўларди, Глазичев эса аждодлари Москва дарёси ортида ёки Маросейкада ўрнашиб қолганларни маъқул кўрарди. Ҳалиги сафарга кетган муҳандиснинг аёли ана шундайлардан эди. Вадим унга уч марта телефон қилди, ҳар сафар гўшакни эркак киши кўтарди ва у кечирим сўради; ниҳоят у жувонни чақириб олишга муваффақ бўлди, Вадимнинг манзилгоҳига югуриб келган аёл биринчи галда мушти билан ниқтаб кираверишдаги матраснинг юмшоқми-қаттиқлигини текшириб кўрди.
МАИнинг кечки факультетида ўқиётган бир талаба қизга бу хона шу қадар ёқиб қолдики, буни ассистент ҳам, Вадим ҳам сезиб улгуришди, у имтиҳон ва синовлардан атайлаб йиқиладиган одат чиқарди. Бир куни навбатдаги мижоз ­ талабанинг кўнглини олиб, эшиккача кузатиб қўйди-да, энди ўзи ҳам кетмоқчи бўлиб турганда телефон жиринглаб қолди. Бу ҳалиги иккинчи талаба эди; бугун бормасам бўлмайди, деди у. Ота-онамдан чиқиб кетолмаяпман. Чиқдим дегунча етиб бораман. Кечқурун олтигача қўнғироғимни кут. Кўзойнакли, озғин бу қиз Глазичевнинг жонига тега бошлаганди, лекин ростини айтиш керак, анча сахий эди, ҳар сафар ишини битиргач, унинг пиджаги чўнтагига юзта, икки юзталикни тиқиб қўяди.
­ Майли, олтигача, ­ деди Вадим. Сўнг вақтни ўтказиш учун гўшакни кўтариб, эри сафарга бориб турадиган аёлнинг телефон рақамини терди, ҳар эҳтимолга қарши. Буни қарангки, уйда экан, гўшакни жувоннинг ўзи кўтарди! Аёл шоша-пиша:
­ Телефон қилганинг яхши бўлди, раҳмат, ­ деди. ­ Ҳозир эрим айлангани чиқиб кетаяпти. Мен ҳозир ёнингга етиб бораман. Такси тўхтатсам бўлди…
Глазичев гўшакни қўйиб, каравотига югурди, ҳозиргина чиқиб кетган қиздан белги қолдирмаслик учун ўринни тузата бошлади. Тўшакни қоқиб, адёлни энди текислаб бўлган ҳам эдики, эшик қўнғироғи жиринглади: иккинчи қиз бостириб кирди. “Олтига етиб бораман деганди, йигирма беш дақиқа ўтди”. Нима қилиш керак? Сафарга кетадиган кишининг хотини ҳозир етиб келади, шу атрофда туради…
У иккинчи қизни йўлакдаёқ ечинтириб каравотга ётқизди, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, эшикдан итариб чиқариб юборди-да, янги мижозни кутиб олишга зўрға улгурди. У уйига телефон қилиб, эрига нима балоларнидир уқтирди-да, кечаси тўққизгача Вадимнинг ёнида қолиб кетди. Ҳаяжондан терлаб кетган Глазичев “Профсоюз” кўчасидаги кулбасига жўнади, лекин йўлда фикридан қайтиб “Академик” бекатида тушиб қолди. Шу атрофда, универмаг биқинидаги уйда яқиндагина танишган бир хоним турарди. Автомат-телефондан сим қоқди: тўрт соат ичида тўртта хонимни эпласа ­ нима қилибди? Яна шуни эътиборга олиш керакки, кейинги москвалик аёл унча-мунчага кўнмайдиган, боласи бор уйида сира яқинлаштирмайди, ташқарида эса ­ аёзли қиш, ишқий рағбатга жуда ноқулай.
Йўқ, хонимни барибир кўндирди, телефон будкасига олиб кирди… Уйига тантанавор бир тарзда қайтиб бораркан, метродан сартарош жувонга телефон қилмоқчи бўлди, бугун унга ҳам ҳафсала қилмоқчи эди. Лекин унинг Рязан томонлардан эканини эслаб қолди-ю, ҳафсаласи пир бўлиб, попуги пасайди!

11

Бугун у яна тантана қилган кун эди!
Оловга қўйган чойдиши унинг эсидан чиқиб кетганди, худди эрталабки бадантарбия қилаётгандек, қўлларини силкитиб, ёлғиз калта иштонда хона бўйлаб наридан-бери бориб келарди; у мушт ўқталиб дағдаға қиларкан, Москвани, унинг эркак аҳолисини лаънатлар, аёлларга хайрихоҳлик билдирар, уларнинг барчасини, ҳатто КПСС Марказқўми Бош котиби Андроповнинг қизини ҳам, агар у бор бўлса, қўшиб ҳомиладор қилишга қодир эканини тўнғиллаб қўярди. Ёки унга уйланади, котибнинг қизи билан никоҳ саройидан ­ у смокингда, хотини эса оппоқ кўйлакда ­ чиқадилар, уларни кутаётган машинага ўтириб, тўй автомобиллари кортежи кузатувида йўлга тушадилар, бутун Москва осмонини лимузинлар чинқириғи тутади.
Йўқ, бу машиналар чинқириғи, сигнали эмас, плитага қўйилган чойдишнинг чийиллаши эди. У югуриб бориб газни ўчирди. Чойдишнинг эриб кетишига сал қолибди. Чой дамлади-ю, ичишга шошилмади. Зеро, кейинги кунлар ғалабаларидан жуда руҳланиб кетганди.
Вадимнинг байрами яна бир неча кун давом этди, ўч олиш режалари кўпайиб ва кенгайиб бораверди. Лапинлар оиласи ёппасига ва битта-битта, адвокат ҳам қўшиб қириб ташланди, бироқ маънан ва жисман яксон қилинган, бир вақтлар иблисларча ҳийла ишлатган ўша адвокат Глазичевга уч хонали уйнинг ордерини ва “Жигули” калитини тутқазишга улгурди.
Шу кунларда ўқитувчилари ҳар йили ўтказиладиган тиббий кўрикка ҳайдаб қолишди. Вадим Глазичев аёл врачлар олдида мағрур ҳолда, бу хонимлар унинг эркаклик шавкатидан завқланишсин деган мақсадда гердайиб ечина бошлади. Аёллардан бири кесатиб, унга танбеҳ берганида ҳам парво қилмади.
Яна Москва енгилди ва оёқ ости қилинди! Яна! Шундай бўлган ва шундай бўлади!
Аёзли феврал қорларини ғарчиллатиб босиб бораркан, Вадим шундай ўйларди, шундай орзу қиларди. Унинг орзу ва ўйларига Москва қақшатқич зарба берди, Глазичевни яна бир бор ер билан яксон қилди, уни Қизил Преснянинг овқат чиқиндилари ташланадиган ювинди идишларига улоқтиришга сал қолди.
Кечқурун соат тўққизларга яқин уйига қайтатуриб, у кафедранинг димиққан мажлисидан сўнг бироз тоза ҳаво олай деб бир бекат олдинроқ, уйига яқинроқ бўлган “Академик” станциясида тушди. Тахта девор билан тўсилган майдонга яқинлашганда, у ерда нимадир қурилаётган эди, уч кишини кўриб қолди, кўрмаслиги мумкин эмасди, чунки кўзи жуда ўткир эди. Ҳалиги уч киши деворнинг тахтаси кўчган жойига қараб юришди, уларнинг ўртадагиси мустақил юролмасди, уни икки ёнидагилар етаклаб боришарди. Уларнинг ҳаракати Вадимга ғалати кўринди. У тўхтади, бир қадам четга ўтди-да, тепасида чироқ ёниб турган устун орқасига беркиниб, уларни кузата бошлади. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай ҳалиги икки етакловчи қайтиб чиқди, ўртада оёқларини судраб бораётган учинчи киши йўқ эди. Бу иккови, йўлга чиқиб олгач, у ёқ, бу ёққа қараб қўйдилар-да, дадил юриб кетдилар.
Вадим уларнинг изидан тушди. Кўриниб турибди, иккита москвалик пойтахтга келган одамни, эҳтимол, павлодарликдир, тўнашди. Ёки ўлдиришди, шундай бўлиши мумкин. Нима қилиш керак? Бақирсинми? Ёрдамга чақирсинми? Кимни? Милицияними?
Унинг ўзи пайдо бўлди: милиция газиги “Профсоюз” кўчаси бўйлаб оҳиста юриб келарди. Улардан икки қадам нарида жиноят содир этилганини улар қаердан ҳам билишсин…
Глазичев отилиб чиқди, машинага урилишига сал қолди, лекин, барибир уни тўхтатишга муваффақ бўлди. Милиционерларга воқеани тушунтириб, қўли билан узоқлашиб бораётган икки одамни кўрсатди. Машина олдинга ташланди, Вадим ҳам. Газикдан иккита сержант отилиб чиқиб, қочаётганларни таппа босишди. Уларни машинага жойлаб, чопиб бораётган Вадимнинг орқасидан юришди. Тўсиқнинг тахтаси кўчган жойига етишганда милиция кийимидаги ҳайдовчига тайинлашди: “Васька, қочмоқчи бўлишса, отиб ташла!” Ҳайдовчи тўппончани ўйнатаркан: “Жим ўтиринглар” деб қўйди.
Сержантлар ҳалиги жойдан қонга беланиб ётган одамни олиб чиқишди. “Тез ёрдам” ҳам етиб келди. Врачлар ярадорни дока билан боғлашаркан, сержантлар орқа ўриндиқдаги йўлтўсарларнинг чўнтакларини титиб, ўзлари учун зарур бўлган нарсаларни олишди. Яна бир милиция машинаси етиб келиб, ярадорни ва Вадимни олди-да, бўлинмага жўнади. У ерда ҳалиги икки жиноятчи қўлига кишан солинган ҳолда ўтиришарди. Бўлинмада кимгадир телефон қилиб маълумот беришди:
­ Ўртоқ подполковник! Талончилик… ҳа… ўлдиришга уринишган… ҳа…
­ Раҳмат! ­ деди бараварига сержант Вадимга, кўрсатган ҳушёрлиги учун миннатдорчилик билдириб.
У бир неча кун ўзича фахрланиб юрди, кейин бўлинмада эшитганларидан шу нарса маълум бўлдики, ҳалиги икки йўлтўсар ўсмир москвалик эмас, Саратов вилоятининг бир чеккасидан, жабрланиб, ўлишига сал қолган ва Вадим томонидан қутқарилган йигит эса асл москвалик экан.
Жуда алам қилди, шубҳалар қийнади. Шубҳа-гумонлардан қутулиш учун милиция бўлинмасига келди. Ҳушёрлиги учун Глазичевга ташаккур билдиришган ўша бўлинмада унга жуда ёмон муносабатда бўлишди, бақириб беришди, ҳатто уни ҳуқуқ-тартибот органлари ишига халақит бераяпсан деб айблашди. Буни қарангки, шу йилнинг 14 декабрида ҳеч ким бировни қўлга туширмапти, айниқса ҳушёрлик қилгани учун ўзини кўрсатмоқчи бўлаётган Вадим ёрдамида… Жаҳли чиққан Глазичев норозилик билдирмоқчи эди, ўзини қамаб қўйишди. Ҳибсдан уни ҳалиги икки сержант озод этиб, йўлгача чиқариб, бу ерга бошқа келма, деб маслаҳат беришди.
Вадимнинг ғазаби қайнади, милицияга ва сурбет пойтахтга нафрати ошди. Талабалар таътили бошланганди, у бироз жаҳлидан тушди ва Глазичев китоб қидиришга киришди. Рўйхатдаги китоблардан баъзиларини сотиб олганди. Лекин анчагина нарсани сотиб олишни мўлжаллаганди. Олибсотарлардан Жек Лондоннинг кўк жилдли, Анатоль Франснинг яшил жилдли китобларини арзон-гаровга харид қилди. Шуларнинг ўзиёқ чех жавонларини тўлдирди. Бу эса рўйхатдаги баъзи қаторларни ўчиришга имкон берди. 17-рақамли қаторда “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” ёзилганди. Ундаги китоблар эса икки юз жилддан ошиқ эди. Бунинг учун жавоннинг ўзи етишмайди. Камида уч хонали уй ва китоб жавонлари керак бўлади.
Шу рўйхат билан у метрода 11-трамвай йўналишигача борди. Сўнг трамвайда “Богатир” кўпригигача юрди. Офтоб чарақлаб турар, ҳаво ажойиб эди. Измайлов парки хиёбонларида китобсеварлар изғиб юришарди. Китобларни, одатда, яшириб сотишарди. Милиция йўл қўймасди. Вадим қирқ рублга Гамсуннинг икки жилдлигини сотиб олишга муваффақ бўлди. Бир юз олтмиш беш рублга олинган айнан шу китоблар олдинлари Иринанинг жавонини безаб турарди.
У қилган харидидан хурсанд бўлганича хиёбон бўйлаб анча айланиб юрди, сўнгра бир сўқмоққа бурилди-да, қандайдир яшик устига ўтириб, чўнтагидан рўйхатни олди (оладиган нарсаларининг рўйхатини ҳамиша ёнида олиб юрарди) ва эсидан чиққан нарсаларини ­ чанғи, унга кийиладиган ботинка, суртиладиган мой, кейин китоблар рўйхатини олди ва олиши керак бўлган спорт буюмларига оид рисолаларни тиркаб қўйди.
– Жуда ажойиб кун бўлди-да, ­ ўйлади Вадим. Шу куни тақдир уни ноёб касб соҳиби бўлган буюк бир инсон билан учраштирди. У Сидоров сингари радиоэлектроника бўйича мутахассис эмасди. У жамиятшунос эди. Вадимнинг орқа томонидан тасодифан келиб қолган бу одам унинг қўлидаги рўйхатни кўриб қолди. Афсуслангандай тилини такиллатди ва гап ташлади:
­ Рўйхатингиздаги китоблар жуда ноёб, уларни Москвадан топиш қийин. Айримлари Ленин кутубхонасида чанг босиб ётибди. Улар ҳозир сотувда йўқ. Лекин шахсан мен, ­ у ўзини таништирди, ­ кечирасиз, мен ­ Рушников Леонид Сергеевич, жамиятшуносман…
­ Мен, Вадим Григорьевич… Глазичевман…
­ Рўйхатингизда жуда қимматли китоблар бор экан, бу ўта қимматли маълумот. Чунки мамлакатда нимани ўқитишади, бунинг ҳисоб-китоби фақат кутубхоналарда олиб борилади. Лекин аҳолига қандай китоблар керак, Советлар мамлакатининг фуқаролари нималарни ўқишни хоҳлайдилар ­ бу сирли жумбоқ. Шунинг учун ҳам китоб сотиладиган жойларда қисқача сўраб-суриштириш йўли билан ҳақиқатни билишга уринамиз…
Жамиятшунос қирқ ёшларда эди. Кўриниши ва гапириш оҳангидан саховатли ва ўзига тўқ ва обрў-эътиборли одам эканлиги сезилиб турарди. Бир сўз билан айтганда, Рушников Вадимнинг ишончини қозонганди. Талаба қизлардан бўш бўлган кунлари Вадим китоб дўконларини айланарди. Ана шундай кунларнинг бирида жуда ғазаби қайнади: қандайдир бир йигит, кўринишидан ишчи бўлса керак, унинг рўйхатида қайд қилинган китобни шундоққина бурнининг тагидан илиб кетди. Китоб унга нимага керак? Ичиши ўрнига китоб олишига бало борми?
Худди шу фикрларини жамиятшуносга тўкиб солди Вадим. Леонид Сергеевич унга қатъий эътироз билдирди:
– Йўқ, – деди Рушников, – унда бизнинг ишчи-деҳқонлар мамлакатимиз дунёда энг ўқийдиган юрт экани нима бўлади?
Бу фикр жамиятшуносга жуда мароқли туюлди. Леонид Сергеевич Рушников секингина кулди, Глазичевга эҳтиром билан қараб қўйди. У бўлса, унга чексиз ишонч билдириб, рўйхатини кўрсатди. Жамиятшунос рўйхатга қараб Вадимга нима излаётганини дарҳол илғаб олди-да, баъзи бирларини топиб беришга ҳаракат қилишини айтди.
– Ҳамма гап, буни сизга қандай хабар қилишда, – деди Рушников.
Вадим телефони рақамини айтди. Рушников ёзиб ўтирмади, чунки ёдлаб қолганди. Вадим олимнинг хотираси жуда зўр эканини олдиндан сезганди.
– Менинг тушунишимга қараганда, сиз “Профсоюз” метроси атрофида яшайсиз?
– Ҳа, – деди Вадим ва (милицияга бўлган нафратидан ҳали тушмаганди) сўради: – Совет кишилари ҳамда айрим фуқароларнинг жамоатчилик тартибини сақлаш органларига муносабатини жамиятшунослар қандай баҳолайдилар? Масалан, яқинда…
У милиция бўлинмасида бўлган воқеани, уни қанчалик хафа қилишганини гапириб берди.
– Сиз кечиринг уларни, ўша ҳукмдорлар малайларини, – деди Рушников, меҳрибон кўзлари билан ҳамсуҳбатига термулиб. – Ахир, улар ёвузликларидан эмас, шафқатсиз ҳаёт зарурати туфайли шундай қилишган. Милиция аҳлида шундай бир тушунча бор: ташаббускорни қўлга тушириш, деган. Яъни, ўша сержантларнинг ўзлари, биров айтмасдан туриб, ички бир даъват билан шубҳали шахсларни ушлайдилар ва ўша фуқаролар қидириб юрилган жиноятчилар бўлиб чиқадилар. Бундай ташаббуслар учун мукофотлар берилади, унвони оширилади, лавозими кўтарилади. Агар борди-ю, кимдир, худди сизга ўхшаб, уларни жиноят устига бошлаб борса, уларга кўмаклашиб юборса, демак, бу сизнинг фуқаролик бурчингиз…
У бошини алам билан силкитиб, дунёнинг такомиллашмаган ва милициянинг гумроҳлигига ачиниб чуқур изтироб чекди. Хўрсиниб қўйди. Глазичев билан илиқ хайрлашди ва Стендаль ва Метерлинкни топишга ваъда бериб, китобсевар Вадимдан милицияни кечиришни яна бир бор илтимос қилди.
– Мени ҳам афв этинг, сизни безовта қилдим… Ҳар хил сержантлар бизнинг фанимиз – жамиятшуносликни тушунмайдилар ҳам. Китоб савдосига оид рақамларни оладилар-у, аҳолининг барча эҳтиёжлари қондирилди, деб ўйлайдилар.

12

Шундай қилиб, у милицияни кечирди, чунки янги таниш унга жуда ёқиб қолганди, Вадим жамиятшуносга ишонди.
Лекин милиция ҳам фикрини ўзгартирди. Бир ҳафта ўтиб, қўнғироқ жиринглади, Вадимни бўлим бошлиғининг ўзи таклиф қилди. Худди жамиятшуносга ўхшаб ҳурмат билан, бўлиб ўтган воқеани қоралагандай оқ сочли бошини сарак-сарак қилиб гапирди. “Яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз!” деди. Кейин эса юқори органларнинг вакиллари Вадим билан гаплашмоқчи эканини қўшиб қўйди.
Ўша вакиллар икки киши бўлиб қўшни хонада кутаётган экан. Уларнинг Глазичевга қандайдир фавқулодда сирли ва махфий ишлари бор эди. Эшикни ёпишаркан, ҳеч ким йўқмикин деб, ташқарига яна бир бор аланглаб олишди-да, жиддий суҳбатга ўтишди. Энг ачинарли томони шундаки, дейишди улар, – унинг, яъни Глазичевнинг иштирокида жуда муваффақиятли ўтказилган жиноятчиларни қўлга тушириш режаси барбод бўлган. Чунки ҳалиги жиноятчилар тергов манзилига олиб кетилаётганда қочиб кетишга муваффақ бўлишган. Ўша жиноятчилар хавфли, ўта хавфли, милициянинг ҳушёрлигини бўшаштириш учун ўзларини оддий талончилар қилиб кўрсатишга уринишган. Энди уларни қўлга тушириш керак, шу боисдан Глазичевнинг ёрдами жудаям зарур. Чунки у ўша совет ҳокимияти душманларининг юзини кўрган ягона одам ҳисобланади, нимага деганда жиноятлар қочиб кетатуриб, уларни ушлашда қатнашган икки сержантни ўлдириб кетишган. Глазичев Вадим Григорьевич ўша ёвуз душманларни қўлга туширишда жамоат тартибини сақлаш органларига ёрдам беришга розими?
Сўрашмаса ҳам бўларди, Глазичев ёрдам беришдан бош торта олмади. Унга машинкада матн ёзилган бир варақни узатишди. Мазкур қоғоз Вадим Григорьевич Глазичевга ҳалиги жиноятчиларни учратиб қолса, ҳуқуқ-тартибот органларини хабардор қилиш масъулиятини юкларди. Вадим қоғозга қўл қўйди ва совет ҳокимияти душманларини қўлга туширишга раҳбарлик қилиб ҳушёр турган ходимнинг телефонини эслаб қолди.
Ўртоқлар у билан хайрлашиб қолишди, Вадим бўлса милициядан чиқиб ва икки маҳаллагача юриб, бирдан ўзини тутолмади, хохолаб кулиб юборди. Вой, аҳмоқлар-ей! Вой, гумроҳлар-ей! Ҳалиги ўлдирилган деб айтилган сержантлар соғ-омон юришибди. Милиция бўлимига яқинлашганда кўриб қолди уларни. Ҳалиги икки ўртоқ шунинг учун ҳам агар қочоқларни қўлга тушириш чўзилиб кетса, бошқа районга ўтиб туришни таклиф қилишган экан-да. Жиноятчилар яширинаётгани тахмин қилинаётган жойга йўллашди уни. Қип-қизил каллаварамлар! Унга қўл қўй деб бир варақ қоғозни узатишди. Бир сафар адвокат уни боплаб алдаганди. Шу боисдан ҳам у матнни диққат билан ўқиб чиқди. Унда мажбурловчи ва зиён-заҳмат етказувчи ҳеч нарса йўқ. Милициянинг кўнглини овутиш учун ойда икки марта сим қоқиб: жиноятчиларга ўхшаган кишилар учрамадими, деб қўйилса, бас. Э, ҳеч қанақа жиноятчилар ҳам йўқ, бу аниқ. Умуман, милиция ўз шаънини ерга урмаслик учун ҳақиқий фидойи одамни сал четроққа суриш керак бўлиб қолганди.
Тақдир унга яна ёрдам қўлини чўзди ва унга ишонч билан жавоб бермаслик гуноҳ бўларди, у ўзини ҳушёрликка чорлаб шундай қилди ҳам. Вадим телефон қилган жамиятшуносга янги жойга кўчиб ўтиш ҳақида лом-мим демади.
Улар “Кутузов” метросида учрашишди, сўрида ўтиришди. Жамиятшунос ваъда қилгани – рўйхатдаги уч китобни олиб келганди.
– Мана бу – уйимники, – деди Рушников телефон рақами ёзилган бир парча қоғозни узатар экан. Вадим ҳам унга ўз телефонини ёзиб берди.
Орадан бир ҳафта ўтди. Қочиб кетган жиноятчиларнинг овчилари Вадимга телефон қилиб, унинг ҳузурига келишди, ўзлари билан олиб бориб Қуйи Масловкадаги бир уйни кўрсатишди, яна шуни ҳам эслатишдики, унвони бўлган илмий ходимларга қўшимча йигирма квадрат метр тегишли, мана ўша қўшимча жой, янги турар жойингни расмийлаштирсанг бўлди.
Мана, бу бошқа гап, дея суюнди Вадим, энди Профсоюз кўчасидаги кулба, райижроқўм билан ҳам хайрлашса бўлади. У яшаш шароитини яхшилашни талаб қилиб райижроқўмга икки марта кирганди, фуқароларнинг жиноятномалари билан шуғулланувчи қизча бир сафар тишини ғижирлатиб: “Одамлар ҳануз ертўлаларда яшаяпти, кўпболали оилалар каталакларда кун кечиришяпти, сиз бўлсангиз…” деганди. Вой тентак-ей, унинг кимлигини билмайди-да.
Энди тақдир менга кулиб боқяпти деган тўла ишонч билан Вадим бўлажак уйини кўздан кечирарди. “Мцири” деган ошхона гарнитурини кўрганда унинг кайфияти янада кўтарилди. Ахир, рўйхатдаги худди шунинг ўзи эди-да! Харид қилишни орқага суриб юрганидан жуда қувонди. “Яхшиям, шошилиб сотиб олмаган эканман”. Собиқ соҳиблари керак бўлмаганидан ёки кўчиб кираётган янги уй эгасининг орзусидан хабар топишганидан уни қолдириб кетишганга ўхшайди.
Мардикорлар юкларини хонага олиб кириб беришди. Вадим хонадонда ёлғиз қолди, деразаларни кўздан кечирди, ошхонага кирди. Қаердадир яқин атрофда Жуковский академияси, теваракда – уйлар, уйлар, уйлар… Ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, Павлодарда ҳеч бўлмаса ҳар хиллик бўлади.
Лекин – бу икки хонали уй. Шунинг ўзи катта ютуқ. Тақдир уни ҳадеб сийлайвермайди, бир куни пешонаси “тақ” этиб деворга тегиши мумкин. Ахир, ҳамма ҳам анави орган ходимларига ўхшаб аҳмоқ эмас. Янги уйга кўчиб кириши билан унга эслатиб қўйишди: хонадонингизга одамларни таклиф қилинг, уларни ўзингизга жалб қилинг… Нима, уларни ўз ҳисобидан едиради, ичирадими? Чучварани хом санабсиз!
Уй ҳужжатидаги ёзувга ишонқирамай, бутун уй ичини метр билан ўлчаб чиқди. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Керакли буюмлар, китоб жавони сотиб олди. Китобларни жойлаштираркан, бирдан эсига тушиб қолди. Ахир у қўлдан китоб сотиб олаяпти, уларга на чипта, на бирор ҳужжат ёзиб берилмаяпти. Борди-ю, уйланса, кейин хотини уйдан ҳайдаб юборса, унинг мол-мулкка ҳаққи бўлмаслиги керак. Бунинг учун китоблар никоҳгача сотиб олинганини исботловчи чипта ёки ҳужжатлар керак.
Лекин буни қандай қилса бўлади? Дарҳол Рушниковга сим қоқди, маслаҳат сўради. Жамиятшунос сотган асарларини нодир китоблар дўкони орқали ҳужжатлаштириб берадиган бўлди. Рушников кетгач, Вадим китобларни кўздан кечирди: Амальрик, Зиновьев, Авторханов, Оруэлл, Пименов, Лимонов. Бунақа муаллифларни Ирина сақламасди. Лекин ҳозир буларнинг ҳеч қанақа хавфли жойи йўқ, нодир китоблар дўкони орқали ўтказилди, ахир. Ҳамма қўрқиб, қалтирайдиган қандайдир Солженицин эмас ҳар ҳолда. Авторханов (“Ҳокимият технологияси”)га кўз ташлади – турган-битгани рақамлар: партиянинг фалон қурултойда ноиблар сони пистонча, Марказқўмга сайланганлар шунча… Бирам зерикарлики! “СССР 1984 йилгача яшай олармикин?” – Амальрик ўз китобини шундай атабди. Ҳозир ўша 1984 йил-ку, азиз ўртоқ!
Китобларни барибир ўқиди: қарийб бепул, ахир, қўлдан сотиб олишга тўғри келса, эҳ-ҳе, қанча пул тўлаш керак! Чўнтагида партбилет билан ёнма-ён асраётган ўша рўйхатни неча марта қараб чиқди. Ҳалиги муаллиф йўқ эди унда.
Йиғма каравотни тахлади, маҳкам боғлади, полиэтилен билан қоплади-да, болохона айвонига олиб чиқиб қўйди: энди унинг жойи шу ерда. Хўжалик шартномаси бўйича қўлига каттагина пул тегди, тахта каравот – кат буюртма қилди, худди уч хонали уйидагига ўхшаганидан. Вадим энди шунда ётарди.
Сессия тугашига ҳали анча бор, “икки”чи қизлар камайгани йўқ, Вадим қарийб ҳар куни учрашувга чиқиб турарди. Ҳар кечага иккитадан талаба қиз тўғри келарди. Шу касб-кор бўйича ҳамкасби, политехника институтидан чиққан рақобатчи анча панд бера бошлаганини айтди. Тағин ҳеч кутилмаганда маориф майдонида кекса муаллима пайдо бўлди. МДУ ўқитувчиси бўлган бу шум кампирни Вадим ёмон кўриб қолди. У пойтахтдаги барча “икки”чилар қисматини енгиллаштиришни хоҳлаб қолганди: ёш йигитларга ўч бўлган бу профессор кампир учун Вадим ўз институтидан синовлардан ўтиш қийин бўлган эркак мижозлардан топиб бериши керак эди. Чапараста чанглатиш тизими баъзан панд бериб қоларди, лекин меҳнат яхши ташкил қилинган тақдирда бундай муваффақиятсизликлар жуда кам юз берарди. Аммо бир сафар Вадимда кутилмаган ҳол содир бўлди. Миясиз талаба қизларнинг навбатма-навбат келиши жуда яхши йўлга қўйилган бўлишига қарамай, орада узилиш юз берди, бу нарса Глазичевни ларзага солди…

13

Ўша илиқ апрел куни унинг вақти жуда тиғиз эди, Москва автомобилсозлик институтидан келадиган “иккичи” талаба қизга бир ярим соат вақт ажратганди. Шунинг учун ҳамкасби белгилаган учрашув жойи метро Фили йўналишининг “Смоленск” бекатига барвақтроқ келди. Ҳамкасбининг таърифига қараб “икки”чи қизни дарров ажратди. Ўрта бўйли, буғдойранг бу қиз газета дўкони ёнида турган экан. Вадим айланиб ўтиб, яхшилаб разм солди. Қовоқбош қизнинг анча ёқимтой эканлигидан хурсанд бўлди. Ишқий ўйинларнинг барча усулларини яхши ўзлаштириб олган Вадим эндигина “эскимо” сотиб олиб ейишга тутинган навбатдаги ўлжага яқинлашди.
– Бу бандаи бечорага ҳам озгинасини қолдирсанг яхши бўларди, – деди Вадим, – эҳтиросдан бағрига ўт туташган ташна йигитга раҳм қил…
– Ола қол! – “Икки”чи қиз “эскимо”ни Вадимнинг оғзига тиқди. Бунақанги эркаликларга кўниккан номзод (айрим талаба қизлар дастлабки танишувда гапни сўкинишдан бошлар, оилавий аҳволидан сўроққа тутишарди) музқаймоқ¬дан тишлаб узиб олди-да, одатдагидек, об-ҳаво, навбаҳор ҳақида гап очди, кейин сўради:
– Қаерда ўқийсан ўзинг, бечорагина?..
– Бечорагина МДУда ўқийди, – деди қиз. – Ўзинг қаерга панжа урдинг? Маслаҳат керакмасми?
Қиз Вадимга ёқа бошлаганди. Ҳа, шубҳа йўқ: “икки”чи! Худди ўша, ҳамкасби айтган қиз.
– Жуда соз. Меникига кетдик. Баъзи нарсаларга ўргатасан, – деди Вадим Жазоирга кетган мутахассис уйининг калитини қўлида ўйнаркан. – Тезроқ бўлақол, ишим бошимдан ошиб ётибди. Ҳа, ўзингда ҳам… Сизнинг МАИда ҳам доим шошма-шошарлик…
“Икки”чи қиз кўзларини лўқ қилиб унга қаради:
– Тўхта, тўхта… МАИ? Нега МАИ? Нимага довдираяпсан? Мен сенга МДУданман деб айтдим-ку!
Вадим сўкиб юборди, оббо, қовун туширди-ю. МДУ! Ахир, ҳалиги “икки”чи йигитларни талаб қиладиган педофилка Анциферова ўша ерда-ку! Унинг рўпарасида эса аёл жинсидаги шахс турибди. Тағин денг, барча иккиламчи жинсий белгилари билан! Кўкраклари, кўзлари, лаблари, оёқлари – роса “кетворган”. Аммо, балки шум кампир бошқача тушунтиргандир? Ёки у ўзининг ўрнига қарз бўлиб қолган мана бу қизни юбордимикин? Ёхуд, аксинча, Анциферованинг ўзи бу гўзалдан қарздормикин?
– Менга қара, қизгина, сен Анциферовадан эмасмисан?
Таниш фамилияни эшитиб қизгина “вой-й” деб юборди. Вадимнинг енгидан ушлаб, метродан четроққа етаклади, бориб сўрига чўкди, йигитни ҳам ёнига ўтирғизди. Сўнг уни сўроққа тутди:
– Сен Анциферовани қаердан биласан? МДУ профессори билан МАИ орасида қанақа алоқа бор? Ўзинг қайси институтдансан?
– Мен озиқ-овқат… институтиданман, – тўнғиллади Вадим ва ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди. Лекин МДУ талабаси унга қаттиқ ёпишиб олди.
– Исминг нима? Вадим, шундайми? Менга қара: агар ҳозир менга Анциферова ҳақида гапнинг ростини айтмасанг, менинг унда қаттиқ аламим бор, шундай “дод” соламанки, милиция югуриб келади ва сен мени мажбурлаётганингни билиб олади. Яъни Анциферова номи билан мени қўрқитиб зўрламоқчи бўлганинг учун ўша кампирни чақириб, авра-астарини ағдариб ташлашади. Шунда сенинг МАИдаги кирдикорларинг ҳам фош бўлади! Сен ростини айтсанггина қутулишинг мумкин. Мен эса сенинг тўла хавфсизлигинг учун кафолат бераман – чунки “ғинг” демайман.
Вадим бор ҳақиқатни айтиб берди. Бирданига эмас, албатта. Қиз уни мушти билан дўппослади, сочларидан тортди, барибир мақсадига эришди. Профессор кампирнинг ёш йигитларни ўз ётоғига қандай киритишини билиб олгач, Вадим умуман тушунмайдиган сўзлар билан тўнғиллади:
– Мана сизга – эвихь вайблихь…
Кейин сўрининг устига чиқиб тикка туриб олди-да, қарийб бақиргандай гапирди:
– Ёшларни у эмас, балки мен хоҳлаяпман! Мен биринчи курсларни истайман! Менга бўлғуси талабалар керак!
Бирдан ўйланиб қолди. Ўтирди. Кейин момиққина чиройли қўлларини осмонга кўтарди:
– Мана буни омад деса бўлади! Мана бу бошқа гап!
У лолу ҳайрон бўлиб қолган Вадимни қучоқлади, ўпди.
– Демак, сен бир неча ойдан бери иккиёқлама физика курсини ўтаётган экансан-да… Бунинг устига, ўзинг номзодсан! Жуда зўр! Синов ва имтиҳонларни қайта топшириш. Тушунтириб бердингми?
Вадим тан олишга мажбур бўлди: ҳа, бир неча бор.
– Суҳбатлашиш-чи?
– Йўқ, ўтказилмади.
– Вой, шўрликкинам! – деди ачиниб МДУ талабаси. – Роса чарчабсан-ку. Ҳозир қорнингни тўйдираман. Мен бу ерга бекорга келганим йўқ. Ҳу, рўпарадаги гастрономга буюртма бергандим. Уйга олиб боришимга ёрдамлашиб юборсанг, унча олис эмас. Қасам ичаманки, сизларнинг тизимингиз ҳақида ҳеч кимга оғиз очмайман… Мен бунақаси ҳақида ҳали эшитмагандим. Лекин кўп нарсадан хабарим бор. Танишиб қўяйлик: Фаина. Жаранглаши ғалати-а? Шунинг учун содда қилиб Фанни Каплан, деяқол! Мени танишларим ҳам шундай чақиришади.
Вадимнинг юрагини қоплаган қўрқув аста-секин йўқолиб, ўрнини бу довдир қиз тилига маҳкам бўлади деган ишонч эгаллай бошлади.
– Бундан ташқари, – деди Фаина, – вақти келиб, ўзим сенга сопроматдан имтиҳонни қайта топшираман…
– МДУнинг психология факультетида сопромат нима қилади? – эътироз билдирди Вадим.
– Вой, худойим-ей, – деди хохолаб Фаина. – Мунча гўл бўлмасанг!
Гастрономга етиб боргач, буюртмалар бўлимига кириб, иккита оғир ўрамни олишди. Уларни Вадим кўтариб олди. Троллейбусга ўтириб, Дорогомиловкагача боришди, лифт билан учинчи қаватга кўтарилишди. Эҳтиросдан бутун вужуди жунбушга келган Вадим ўзини зўрға тутиб турарди. Бугун ҳеч нарсага эриша олмаслигини сезиб, ҳафсалаcи пир бўлганди. Фаина сумкасидан калитни олди.
– Энди жўна, – деди у. – Олий доирада айтишгандай: туёғингни шиқиллат. Ота-онам жуда қаттиққўл. Бунинг устига уйимизда таъмир ишлари кетяпти. Эртага сенда нима: синовми ёки қайта имтиҳон?
– Менда – фақат сен, – деди Вадим титроқ товушда. – Ҳамишаликка…
Шундай деб қизни қучоқламоқчи бўлди. Фаина уни секин итариб ташлади.
– Унда мен сени рицарликка ўтказаман. Ўпиб қўй. Мана, бу ерни… – Фаина плашининг этагини қайириб, оёғини кўтарди, кўйлагини тортди-да, бармоғи билан тиззадан анча юқори, калта иштонидан пастроқни кўрсатди. – Мана, бу ерни.
Кўрсатилган жойни ўпиш учун аввал энгашди, сўнг тиз чўкди.
Шундан кейингина:
– Энди сен меникисан, – деди Фаина. – Ҳамишаликка.

14

Фаинанинг телефонини билмагани учун Вадим эрта тонгданоқ Катта Дорогомиловкага йўл олди ва қўнғироқ тугмасини босди. Эшикни Фаина очди. Халатда, уйқусираб турарди. У бармоқларини кўрсатиб, неча дақиқадан сўнг пастда бўлишини маълум қилди. Кўп ўтмай, яхшилаб кийинган ҳолда, қўлида чамадон билан тушиб келди.
– Сен ёлғиз яшаяпсанми?.. Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим. Ҳозирча сеникида яшаб тураман. Купорос ва лакдан бошим тарс ёрилай дейди.
Метрога тушишди, “Динамо” бекатигача боришди, кейин уйга қараб юришди. Йўл-йўлакай Фаина бир неча бор сонини яланғочлаб Вадимга кўрсатди-да, яна қаерларида унинг лабларидан из қолиши кераклигини айтди. “Баландроқ, баландроқ, яна баландроқ…”, – дерди Фаина қиқирлаб кулганича.
Ичкарига киришгач, Фаина хоналарни айланиб чиқди, ошхона, ҳаммомни кўздан кечирди, унгача Вадим даҳлизда тиз чўкиб турди.
– Жуда яхши! – маъқуллади қиз. – Қарор қилинди: бир ой эмас, бир ярим ой шу ерда яшайман!
– Ҳамиша!
– Қўйсанг-чи… Неча марта эшитганман… Эркаклар ҳамиша деб – янги жазман топгунча бўлган даврни айтишади. Лекин умуман ҳулқ-атвор юзасидан менинг бу ердалигимга қонуний тус бериш учун бирор ўтириш ташкил этиш керак. Баҳона борми?
Баҳона бор эди: янги уйга кўчиб кириш. Ҳолбуки, ҳали жиноятчиларни қидириб юрган ходимлар каттароқ зиёфат таклиф қилишарди. Зеро, жиноятчилар уларни тутиб берган одам билан танишишни истаб қолишлари турган гап. Лекин Глазичев бошқача фикрда эди, кичикроқ ўтиришга рози бўлди. Леонид Сергеевич эса телефон қилиб Вадимнинг танишлари Авторханов, Зиновьев ва Амальрик асарларини қандай баҳолашаётганини суриштирди, чунки бу китобларни ҳамма жойда жон-жон деб сотиб олишар, ўқишар, баҳслашишарди!
Вадим икки хонали уйга кўчиб ўтганини ўқитувчилардан яширди, ҳар хил сўраш-суриштиришлардан қочиш учун шундай қилди. Ўтиришга кимларни таклиф қилиш ишлари билан Фаина шуғулланди. Зеро, пойтахтдаги барча институтларда унинг кўплаб дўстлари бор экан.
Шундай қилиб янги уй зиёфати бўлиб ўтди. У бир неча бор такрорланди. Мириқиб ичишди. Кимлардир совға-салом билан келишди. Улар ҳам янги уйга кўчиб кирган Глазичевни, ҳам ёш келин-куёв Глазичевларни табриклашарди. Ошхона кенггина эди, унга ўн бештача одамни жойлашди, сиғмай қолганлар катта хонада ерда ўтиришди. Вадим каттароқ столни ҳеч қаердан тополмади. Дастурхон устида узоқ баҳслашувлар бўлди, лекин ким нима ҳақида баҳслашаётганини тушуниб бўлмасди. Фаинанинг ёнида ўтирган Вадим фақат унинг гапларинигина эшитарди, ҳар замон-ҳар замонда севгилисининг очиқ елкасига лаб теккизиб қўярди. Эҳтироси ошиб борарди. У бу аёлни севарди ва шундай хоҳлардики, Фаина унга бақириб берар ёки оёғига тепиб, аъзои бадани жунбушга келган йигитни ҳовуридан туширарди.
Сал ўзига келгач, бўлаётган гапларга қулоқ соларди. Бир неча ойлик ўқитувчилиги давомида талабалардан кимга нима ёқишини, кимдир қўнғироқ жиринглашини сабрсизлик билан кутишини аниқлайдиган бўлиб қолганди. Саволлар ёзилган билетни олаётган талабанинг кўзига қараб унинг кимлигини яхши англарди. Декан Вадимнинг қулоғига аста шивирлаб: “Сиз бугун Васильевични йиқитманг… Кондаковага унча қаттиққўл бўлманг”, деганида кимларни назарда тутаётганини ҳам биларди. Бир сафар Рушников ёшлар Зиновьев ва Авторханов ҳақида қандай фикрда эканлигини сўраганда, Вадим тўғрисини айтақолди.
– Билим қаерда уларда… Ўзларини кўз-кўз қилиб юриш бўлса… Безорилардан бошқа нарса эмас…
Бир куни гап айланиб яҳудийларнинг камситилаётганига тақалди. Улар тарихий ватанларига кетишни истайдилар, нега йўл беришмайди?..
– Уларга йўлни кенг очиб қўйиш керак, кетаверишсин… Ўз уйларини биз, русларга қолдириб кетишсин. Ана шунда уй-жой масаласи ҳал бўлади, қўяди…
Даврада уни ҳурмат қилишарди. Оз гапирарди-ю, соз гапирарди. Унинг токчаларида Авторханов, Зиновьев, Набоков ва яна кимларнинг асарларини кўришса, бир-бирларига маънодор қараб қўйишар, жим қолишарди. Вадим нодир китоблар дўконидан олдим деб чиптасини кўрсатар, улар қўлга олиб, айлантириб у ёқ-бу ёғини кўришар, қалбаки эмаслигига ишонч ҳосил қилишарди. Талабалардан бири:
– Нима қилипти, бўлиши мумкин, – деди. – Бизнинг мана бунақа бошбошдоқликда… Мен қурилиш отрядида бўлганман. Колхозда молхона қуриб берганмиз. Ана ўша қишлоқдаги бир кулбага жойлашган кутубхонада Пильняк бор эди, Булгаковнинг дастлабки ёзганлари, ҳатто Троцкийнинг брошюраси чанг босиб ётарди…
Унинг Фаинасини ҳамма яхши кўрарди. Баъзи-баъзида уни Фанни Каплан, деб чақиришарди, лекин кўпинча Маша Рябоконь деб аташар, нега у Кузьмич деган кимсани отиб қўйганини сўрашарди.
Бир куни Глазичев автобусда метронинг “Кутузов” бекати ёнидан ўтиб бораётганда Рушниковни кўриб қолди. У хиёбонда МДУ филфак талабаси Рома деган малла бола билан суҳбатлашиб турарди. Вадим ҳайрон бўлди, жамиятшунос уни учрашувга таклиф қилган жойни эслади ва ўша атрофдан тез-тез хабар олиб турадиган бўлди. Узоқдан кузатиб юриб шу нарсани аниқладики, уникига меҳмонга келиб турадиган ёшларнинг чорак қисми Леонид Сергеевич билан алоқадор экан.
Вадимнинг ошхонасида тўпланувчилар фақат талаба ёки инженерлар эмас, балки москваликлар ҳам эдилар. Бир куни ана шу москваликлар доирасида қустанайлик бир йигит ҳам пайдо бўлди. Вадим уни бир чеккага тортиб қулоғига шипшиди: “Дўстим, сен бу ерда бўлар-бўлмас гапларни валақлайверма… Ҳар хил одамлар бор, ўзинг тушунасан…”
Бир куни ҳамюртини ҳам чақирди. У ошхонада ўтирган тўдага хўмрайиб қараб қўйди-да, кузатгани чиққан Вадимга:
– Ҳайдаб юборсанг-чи, буларни, – деди. – Қаердан келиб қолишди бу ерга…
– Булар ҳаммаси Фаинанинг дўстлари, – деди Вадим ўзини оқламоқчи бўлиб.
– Уни ҳам ҳайда!
Янги уйни ювишлар аста-секин камайиб борди. “Икки”чи қизлар ҳам анча-мунча вақтни оларди. Фаина негадир рашк қилмасди. Вадим уни севатуриб қандайдир каллаварамларга айланишим яхши эмас, демоқчи эди, Фаина жеркиб берди:
– Қизчаларни хафа қилма, СССРдагиларнинг ҳаммаси менга ўхшаш ақлли эмас! – деди. Кейин яна тан олди: – Руҳшунос сифатида, соф илмий нуқтаи назардан ўша “икки”чилар менинг ўзимни ҳам жуда қизиқтиради…
У Вадимни “Смоленская” метро бекатигача кузатиб қўйди-да, унинг синовдан ўтишга келган қизни қандай айлантириб, олиб кетганини кузатиб ўтирди. Кейин уйида навбатдаги талаба қиз тўшакда ўзини қандай тутганини суриштирди. Глазичевнинг жавобини тингларкан, кўзлари чақнади, кўкраклари чуқур нафас олиб кўтарилиб тушди, лаблари эса изоҳ берди: “Бу – диссертация учун…”
Ўтиришлар тугади. Фаина касалхонада амалиёт ўтар, ҳориб-чарчаб, оч ва жаҳли чиқиб, лекин меҳр билан келарди. Бир куни “Тайфун”нинг миясини топиб олди, сўраб-суриштирди, институтдаги резервуар-ҳовуз ҳақида билиб олди. Академикларнинг қилмишларидан хабар топди. Ниҳоят, тажрибаларни давом эттирсанг бўлмайдими, деди Фаина.
Фаина ўзи ҳақида жуда кам гапирарди. Тан олди: иши юришмаган оиладан чиққан экан, отаси ўтмишда вилоят фирқақўмининг иккинчи котиби бўлган, бу эса таносил касалидан баттар. Уни Маша Рябоконь деб чақирадиган дўстларини алам билан эслайди. – Тепадагилар ҳеч нарсани билишни хоҳлашмайди. Ахир, нигилистлар – уларнинг таянчи-ку! Бўлмаса ҳаммаси барбод бўлади. Ҳеч бир мамлакат мухолифсиз узоқ яшай олмайди. Мана булар, ошхонада чуғурлаётганлар шавкатли Марказқўмимизнинг ҳақиқий устунларидир. Бу болаларни эркалаб ўстириш керак.
Вадимнинг ҳеч нарса қилгиси келмасди: ёзга келиб “икки”чи қизлар оқими тўхтади, ҳаётида эса бахт давом этарди. Кечқурун чарчаб келган Фаина шошиб овқатланар ва Вадимнинг ёнига, катга чўзиларди.

15

Бир сафар Фаина ана шу катда иккинчи ёнбошига ағдарилди-да, нега тузукроқ каравот олмайсан, деб сўради. Вадим Лапинлар уйида қолиб кетган буюмлар рўйхатини кўрсатиб, бор гапни тушунтирди. Фаина узоқ ўйланиб қолди.
– Нақадар даҳшат! – ҳўнграб юборди Фаина. – Вой, тавба! Роса гадой бўлиб қолибсан-ку!
Вадим ўзини оқлашга тушди:
– Ҳеч қанақа гадой-падой эмасман: октябр ойида хўжалик шартномаси бўйича бир ярим минг рубл оламан. Умуман каравотга бемалол етади. Лекин менга бир вақтлар ўзимга тегишли бўлган нарсалар керак! Ҳа, қачонгача шундай юрамиз, ЗАГСга ариза берсак ҳам бўлар энди!
Фаина томоғига тугилиб қолган ҳавони ютди-да, бадтар ҳўнграб юборди. Кейин тўхтади, жим бўлиб қолди. – Энди уйга қайтсам ҳам бўлар, – деди. – Уйдаги таъмирлаш ишлари аллақачон тугади, ота-онам: қизимиз қаерда, ким билан яшаяпти деб дугоналаримдан суриштиришяпти…
Нарсаларини чамадонига жойлади-ю, жўнаб қолди. Вадимнинг қалбини алам ўртади. Деканатга касал эканини айтди. Аламидан ичмоқчи эди, ишхонадан коньяк олмаган экан, ароқ учун дўконга чиқишга эринди. Бунинг устига энг арзон ҳисобланган “Андроповка” ароғи ҳам камёб бўлиб қолганди.
Орадан икки кун ҳам ўтмай, Фаина қайтиб келди, буюмларсиз, севгига эҳтироссиз: қарашлари ёввойи, қўллари қалтирарди. Телефон қилиб олган хабаридан даҳшатга тушди.
Анциферова (ҳа, ўша – МДУдаги шум кампир) – ўзини осиб қўйибди! Вадим ҳам, Фаина ҳам яхши тушунарди – улар бунга алоқадор эдилар.
Офат деганда бундан даҳшатли бўлмаса керагов! МАИдан келган ҳамкасби Вадимга чапараста чанглантириш тизими ҳақидаги ҳамма гапни айтгани йўқ. МДУ профессори тузган тизим бўйича талаба қизлар “синов”лардан ўтиш билан бир қаторда шум кампирнинг амри фармони билан унинг уйида қўшимча имтиҳон ҳам топширардилар, яъни юксак мартабали мижозларни ҳам қабул қилардилар; кейин маълум бўлишича, ана шундай мижозлардан бирининг изидан тушишган экан. Пойлаб юрган изқуварлар “синов” ва “имтиҳон” олиш тизимини фош қилишибди. Ишни барбод қилган йигитчани Вадим ва унинг МАИдаги ҳамкасблари Фаинанинг илтимоси билан профессор кампирга тиқиштир¬иш¬-ган эди.
Мана шу янгиликларни айтиб бўлгач, Фаина йиғлади-да, жўнаворди. Вадим¬нинг буёғи нима бўлишини кутишдан бошқа иложи йўқ эди. МАИда тергов иш¬лари қизғин борар, талаба қизларни узлуксиз етказиб бериб турувчининг қайноқ фаолияти ҳар томонлама текширила бошланди, озиқ-овқат саноати инсти¬тути¬га ҳали навбат келмаганди, Вадимга тегишолмасди. У резервуарда тажрибалар ўтказишни йўлга қўйишга уриниб кўрди. Бунинг учун баҳона ҳам ўз-ўзидан топила қолди, буюртмачилардан бири техник вазифани сал-пал ўзгар¬тир¬ган эди. Ўтказилган пуллар эвазига датчикларга буюртма берилди ва улар рўйхат¬га киритилди. Қараб турибсизки, “Тайфун” бутун ҳолига келди. Вадим ускунବнинг миясини уйида сақларди, эрталаб ишга олиб кетар, кечқурун қайтариб олиб келиб китоб токчасига қўйиб қўярди. МАИдаги ҳамкасби телефон¬-автоматдан сим қоқиб, уни огоҳлантириб қўйганди. Шу боис Глазичев жабр кўрмади, умуман уни бирор нарсада айблаб бўлмасди, чунки МАИнинг талаба қизлари билан танишганда ўзини турли номлар билан атарди. Бунинг устига, терговнинг ўзи ҳам энига ва узунасига ковлаштиришни лозим кўрмасди. Зеро, СССР Олий таълимининг обрў-эътиборига путур етказиш мақбул иш эмасди.

16

Бирдан нимадир юз берди – эҳтимол, ҳалиги икки жиноятчи қўлга тушган¬дир, балки бошқа воқеа содир бўлгандир, жамиятшунос Вадимникига меҳмон бўлиб келди, Зиновьев, Авторханов ва бошқаларни олиб кетаркан, мезбонга ўгирилди.
– Нафис ижод билимдонлари, – ошхона меҳмонларини чол шундай атар¬ди. – Классикларни ўқишса бўлмайдими? Бўлмаса… Қалай, сизга қизлар ёқдими?
Ўз гапига алоҳида эътибор берилишини билгани учун Вадим ўйлаб гапирди:
– Бирортаси билан кўнгилхушлик қилишга нима етсин, лекин улар такаббур ва димоғдор-да.
– Худодан қўрқинг-е, Вадим Григорьевич! Димоғдорлик қаерда дейсиз? Товуққа ўхшаб қақағлашади-ю, тухум қўйишни билишмайди… Биттадан бола кўришгандайди, эслари кирарди. Ачинаман уларга, жуда ачинаман… Вақт келади – телевизорда кўп серияли ҳужжатли фильмни айлантирамиз, – Рушниковнинг қўли “Мцири” гарнитурининг осма жовонига чўзилди, – ёш халқ иродаси ифодачилари ҳақида… Петя Верховенский бир қўли билан “ГУЛАГ архипелаги”ни варақласа, иккинчи қўли билан Вера Засуличнинг думбасини уқаларди… Гапнинг пўсткалласини айтганда, БАМ – ўтакетган аҳмоқлик, лекин ҳарҳолда, темир йўл изларини ётқизиш, бу ерда бемаъни нарсаларни ўқигандан яхшироқ. Тағин органлардан нолишгани ортиқча. Ҳолбуки, улар олдида қарздордирлар. Агар улар бўлмаганида, бу валакисаланглар нима ҳам қила олардилар, қўмитасиз улар ҳеч ким эмаслар.
Энди ушбу икки хонали уйни ташкил қилган ўша ходимлар ташриф буюришлари турган гап. Вадим тайёргарлик кўра бошлади. Барча буюмларнинг ёрлиқлари ва чипталаридан нусха олдирди, чунки жиноятчилар қўлга туширилгач, уйини ундан тортиб олишлари мумкин эди. Унинг шубҳалари бежиз эмасди. Вадимга милиция сирларини айтган ҳалиги икки ходим аввалига уни ўз ҳузурларига чақиришди, кейин ўзлари Глазичевнинг уйига ташриф буюришди. Уйни кўздан кечиришди, маслаҳатлашишди, сўнгра Вадимнинг қўлини қисиб:
– Бу уй алоҳида фонд ҳисобланади, – дейишди. – Агар Глазичевга шу ерда яшаш ёқса, майли, яшайверсин. Агар ёқмаса, бошқа жойга кўчиб ўтишини ташкил қилишимиз мумкин. Нимага деганда, ушбу хонадоннинг соҳиби соғ-саломат юрибдилар, дарвоқе, ошхона гарнитури ҳам ўша одамга тегишли.
Вадим кўчишга қарор қилди. Унга институтдан бир соатлик масофада икки хонали уйни кўрсатишди. Аммо бу ишда қололмаслиги шундоқ ҳам аниқ эди – талаба қизлар товламачилик қила бошлашганди. Аммо, буюк ихтирога оз қолганди. “Тайфун” яхши самаралар бера бошлаганди. Унинг натижалари ишлаб чиқилса, унга диссертация ёқламасдан ҳам фан доктори унвонини беришлари мумкин.
Янги уй аввалгисидан анча кенг, анча ёруғ экан. Еттинчи қават (тўққизинчидан бироз пастроқ, лекин бешинчидан юқорироқ – шунинг ўзи катта ютуқ!). Янги уй зиёфати белгиланмади, шу сўзнинг ўзидан хавф-хатар уфуриб турарди. Вадим Григорьевич Глазичев энди қаерда яшаётганини ҳеч ким билмасди. Аммо Фаина етиб келди, манзилни қаердандир аниқлабди. Тунд ҳолда катда ўтирар, сигаретани тутатарди (чека бошлабди). Кейин ўрнидан турди.
– Марекни ҳибсга олишди, – деди хайрлаша туриб.
– Қанақа Марек тағин? – ҳайрон бўлди Вадим.
– Ошхонада ичиб ўтирадиган бор эди-ку…
Кимнинг исми нима эканини у эслолмасди. Фаина ёнида эди – шунинг ўзи бас унга.
Вадим кейинги кунларда анча овора бўлди. У кўнглига ёқадиган каравотни ҳеч қаердан тополмасди. Ўша Иринаникига ўхшаган каравотни СССРдаги ҳеч қайси мебель комбинати тайёрламас экан! Табиийки, унақа каравот буюк давлатнинг ҳеч бир дўконида сотилмасди. Буюртма бажарувчиларга ҳам мурожаат қилиб кўрди. Охири танишларнинг танишлари орқали кимларгадир буюртма бериб, сал кўнгли тинчиди. Фақат муддати бироз чўзиладиган бўлди-да…
У уйига қайтганда қоронғу тушганди. Лифтдан чиқди ва эшиги олдида ўтирган кишига кўзи тушди. У қиёфасидан касалманд ёки ичган одамга ўхшарди. Ундан жирканиб, юзини ўгирганча эшигини очди. Ҳалиги кимса ўзига келса жўнаб қолар деб ўйлади. Чой ичди. У куннинг яхши ўтганидан хурсанд эди.
Омадли, бундан ташқари, ажойиб кун эди! Эшикни нимадир тирнагандай бўлди. Нима бўлдийкин?..
Эшикни очди. Ҳалиги кимса эшикка суяниб мудрарди. Бу одам унинг отаси эди.
Вадим унинг қўлтиғидан олиб ичкари тортди. Отаси илиқ эди, отаси тирик эди. Оғзига қуйилган ароқдан ўзига келди, йўталди, кўзини очди.
Саволларга ғудраниб жавоб берарди. Вадим икки марта Фаинага телефон қилди, у гўшакни кўтарди. Уйга кириб пальтосини ечди, тишлари орасида тутаб турган сигарет, кўзлари шафқатсиз.
– Ким бу?
– Отам.
– Бу ерда нима қилаяпти?
– Қаердан келиб қолганини билмайман. Мен уни бир ярим йилдан бери кўрганим йўқ эди. Зинадан топдим.
– Мен бошқа нарсани сўраяпман: у нега бу ерда, ошхонада? Нимага ахлатхонада эмас? Сендан буни кутмагандим…
Ахлатхона ўраси эллик метрча нарида, отасини бир ўзи ўша жойга кўтариб боролмасди. Бундай қилишни истамасди ҳам. Нимадир халақит берар, бунга йўл қўймасди. Қандайдир бир туйғу уни тўхтатиб турарди.
Фаина оғзидан тутун қайтараркан, секингина:
– Инсульт, – деди. – Жудаям оғир шакли эмас. “Тез ёрдам” чақираман.
Жим қолишди. Отасининг чўнтакларини тинтиб кўришди. Уларда пул (тўрт рубль, тангалари билан) партия, касаба уюшма билетлари ва паспорт бор эди.
– Калинин областида қайд қилинган экан. Бир вақтлар ўша ерда рўйхатда турган экан. – Фаина қандайдир қизил ҳужжатни варақлади. – Касалхонага олмасликлари мумкин. Балки олишар.
Олишди: Фаина “Тез ёрдам” врачига ниманидир шипшитиб қўйди. Санитарлар отани замбилга ётқизишди, лекин юк лифти ишламаскан. Ота чидамли аскарлардай йўловчилар лифтида тик туриб олис йўлга отланди.
– Агар ўлмаса, яна уч ҳафтадан кейин уни сенга олиб келиб беришади, узоқ вақт ётади ўлимини кутиб.
Яна нимадир демоқчи бўлди шафқатсизларча, шунинг учун Вадим уни эшитишни истамади. У кетди. Вадим сўкинди. Бир бурчакка тиқилганча узоқ вақт қимир этмай ўтирди.
Эрталаб ғамгин бир ҳолатда қоғозларини тахлаб чиқди. Ўйлагиси келмасди, умуман, ҳеч нарса қилгиси келмасди. Пастга, резервуарга тушди, бу ерда уни директор ўринбосари қаршилади. Унга шундай шарт қўйди: бир ўртоққа ишлаш учун рухсат берасан. Ўша ўртоқ қуюн ва оқимлардан қандайдир рақамларни ундириб олиши керак экан. Қандайдир академикнинг ўғли бўлган ҳалиги ўртоқни эса Вадим йўлакда кўргандай бўлувди. У йўлакда ҳожатхонага киргиси қистаб турган одамдай у ёқдан-бу ёққа юриб турарди, ичкарида кимдир узоқ ўтириб қолгандай типирчиларди… “Ҳозир”, – деди Вадим ва чўнтагидаги “Тайфун”нинг миясини бошқа бинонинг ертўласидаги лабораториясига олиб кетди. У ерда муфел печлари икки қатор олов пуркаб турарди. Улардан бирининг қопқоғини очди. Цельсий бўйича тўққиз юз даражали иссиқ уфурарди, Вадим “мия”ни ўша ёққа ирғитди.
Энди ишдан бўшатишларини кутиши керак эди. У шундай бўлишига шубҳа қилмасди. Шанба куни Вадим касалхонага борди, палатага кирмади, у ер жуда сассиқ эди, ҳамшира орқали отасига олма солинган тугунни бериб юборди. Ўзи ташқари чиқиб тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Отасининг аҳволидан хабар ҳам олмади, шундоқ ҳам ҳаммаси равшан – тез орада ўлади.
Якшанба куни кечқурун қандайдир қиз овози телефонда унча ёқимли бўлмаган хабарни ҳаяжон билан маълум қилди: чапараста чангланиш тизими муаллифи суддан қутулишга муваффақ бўлибди, прокуратура МАИ билан тил топишибди, ассистентни шовқин-сурон билан ҳайдаб юборишибди, “чангланган” қиз орқали Вадимни ҳам ўша огоҳлантирибди: қоч!
Уч кундан кейин у меҳнат дафтарчасини қўлига олди, ҳисоб-китобига қарийб бир ярим минг рубл чиқди, энг муҳими – Москва бўйлаб: ўз хоҳиши билан бўшамаган, балки ҳибсга олинган ашаддий жиноятчиларга алоқадор бўлгани учун ишдан ҳайдалган, деган гап тарқалди.
Бундай хабар ҳамюртига етмасдан қолмасди. У Вадим Глазичевнинг меҳнат дафтарчасини диққат билан қараб чиқди. Қониқмагандай бошини сарак-сарак қилди: еттинчи қават, сал баландроқ, лифт тез-тез ишламай қолади, тўртинчи ёки бешинчи қаватга нима етсин. Ишга келсак, бу арзимаган нарса, яхши бўлиб кетади. Эртага ёки индинга… Ҳа, айтгандай, Григорий Васильевичга саломимни ва энг яхши истакларимни етказ.
Сумков ҳаракат қилмаслиги, ҳамюртига, ўша Григорий Васильевичнинг ўғлига ёрдам бермаслиги мумкин эмасди. Ахир, бундан ўн беш йил муқаддам ота Сумковни партия сафидан ҳайдашдан бош тортган КПСС Павлодар шаҳар қўмитаси бюросининг ягона аъзоси эди.

17

Ҳамюрти Вадимни тезда бир журналга жойлаштирди. Унча аҳамияти бўлмаган бу журналнинг телефонини бировга айтиб юрма. Ўрта мактаблар ва техникумларнинг ўқувчилари учун шпаргалка, холос. Унда номзодлигинг учун қўшимча маош кутма, деб огоҳлантирди. Лекин унда ишлаётган ходимлар ўзларини хафа қилдириб қўймайдилар. Нима учундир, қаердандир тўлов олиб туришарди…
Вадим ишни тезда ўзлаштириб олди. Кунига етти-саккиз мақола келарди, уларни ўқишни охиридан бошлашарди: ким ёзган, қандай илмий лавозимга эга, қанақа унвони бор; агар ёзувчи бўлса, давлат мукофоти соҳибими, мукофотни нима учун олган. Журнални ўқитувчиларнинг ўқишига умуман унчалик ишонишмасди, охирги бўлим бундан мустасно, албатта. Бу бўлимда қизиқарли масалалар ечими илова қилинарди. Журналнинг ўтган йилги сонларини варақлар экан, Вадим шу бўлимда К.Лапин деган таниш фамилияни кўриб қолди. Бу ўша тентак Кирюшами ёки ўхшаш фамилиямикин деб, матнга кўз югуртириб чиқди. Масала чиндан ҳам жуда оргинал ечилганди. Агар бу ўша – Иринанинг калтафаҳм укаси бўлса, демак, унга кимдир ёрдам берган.
Ҳамюрти йўл-йўлакай икки марта редакцияга кириб, унга ўгит берди ва қарабсизки, Вадим таҳририятнинг ўз одами бўлиб қолди. У шу даражага етдики, бир куни бош муҳаррир ҳузурига чақиришди. Арзимас бир масала ҳал қилинди: бош муҳаррирнинг ўринбосари бир ойлик ёки кўпроқ таътилга кетар экан, унинг мажбурияти Вадимга юкланди, у қаршилик кўрсатмади: ахир, кимдир телефон қўнғироқларига жавоб бериши ва нашрга қўл қўйиши керак-ку.
Ўринбосар Вадимга калитларни берди, омад тилади ва жанубга жўнаб кетди. Хона тинч ва шинам эди, камдан-кам телефон қилишар, онда-сонда киришарди. Тушлик олдидан эшикдан қўлида супурги билан фаррош кириб келарди: “Хўжайин, овқатланишга чиқиб келинг!” дерди. Бюронинг тўрттала қаватида ҳам мана шундай майда журналларнинг кичик таҳририятлари, ҳаммасига битта умумий ошхона, овқатлари яхши ва арзон. Умуман бу ер жуда кўнгилдагидек, – ўйларди Вадим Глазичев.
Ҳеч нарса кўнгилсизликдан дарак бермасди. Академиклар бу ерга келишмасди, партия гуруҳлари топшириқлар билан жонга тегишмасди. Фақат Ирина ташвиш орттирарди. Касалхонада ҳамшира унинг қулоғига шивирлаб, касал отасига қандайдир ёш аёл келиб турганини айтди. Вадим бирор қариндош чиқиб қолдимикин деб ўйлади, балки Павлодардандир? Ҳамюрти бундай тахминни қатъиян рад этди.
– Келиб турган кимлигини биламан, – деди Сумков.
– Ким? – қизиқсинди Вадим.
– Собиқ хотининг, ким бўларди.
Ғазабланган Вадим бақириб берди:
– Нега энди? Нима учун?
Жавоб ҳам ғалати бўлди:
– Чунки сени севади, тентак. Ҳали умидини узгани йўқ. Ҳанузгача тушунмаганингга ҳайронман.
Ўринбосарнинг таътилдан қайтишига уч ҳафта қолганди, отасининг касалхонадан чиқишига сал камроқ вақт бор эди – босмахонадан журнал таҳририятига “Рим католик черковининг реакцион моҳияти” деган номда нашрга тайёрланган мақола келиб қолди. Одатда, бундай мақолаларни мактабларда ҳеч ким ўқимасди, лекин қарийб ҳамма сонда босиларди, цензура ва Марказқўмнинг фан бўлими шуни талаб қиларди. Бундай мақолалар учун, одатда, таҳририят масъулиятдан халос қилинарди.
Мақола Вадимнинг столига қўйилди, лекин у буни ўқимаганди, ўқиган бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки ишлаганига энди бир ой бўляпти.
Ҳозир у мақоланинг номини ўқиб, охирига кўз ташлади. Муаллиф мақоланинг биринчи саҳифасида ўзи ҳақида унча маълум бўлмаган фамилия сифатида таърифлаб, кейин унга фалсафа фанлари доктори, Давлат мукофоти лауреати (олий мактаблар учун дарсликка ҳаммуаллифликда), Марказқўм аъзолигига номзод эканини қўшимча қилганди.
Бундай мақолалар таҳририятда ўқилса-да, текшириб чиқилмайди – Вадим буни тушунарди. Бу каби мақолаларга рухсат белгиси қўйилади ва муаллиф шошилиб вергулни бошқа жойга қўйиб юбормадими, деб мусаҳҳиҳ томонидан текширилади, холос.
Шунга қарамай, Вадим мақолани ўқишга қарор қилди. Чунки унинг сарлавҳасидан беадаблик уфуриб турарди. Кафедра мудири ўқитувчиларнинг маърузаси матнини ҳеч қачон текширмасди. У истаган нарсасини гапириши мумкин, лекин гапираётганда барибир дарсликка қараб қўйиларди. Чунки ҳар қандай гуруҳда ҳам мазкур мавзуни яхши биладиган фитначи талаба топилиши мумкин. Шу боисдан бундай мақолаларга эҳтиёткорлик билан ёндашарди.
У мақолани диққат билан ўқиб чиқди.
Ўқиб чиқди ва ўйланиб қолди. Бу ерда нимадир бошқачага ўхшайди.
Балки у журнал-нашриёт ишларини яхши билмагани учун ниманидир тушунмаётгандир? Мана, масалан, соф илмий нуқтаи назардан, нима учун Рим черковнинг номи билан берилаяпти? Рим папасининг серҳашам саройлари Римда эмас, Ватиканда жойлашган. Иккинчидан, мазкур Рим католик черковининг реакцион моҳияти бўрттириб кўрсатилиши проваслав черковини энди реакционликда айблаб бўлмайди деган маънони билдирмайдими? Учинчидан…
Учинчидан, у ўзича унинг уйида майхўрлик қилган диссидентлар ушбу мақолани ўқиб қанчалар кулишларини тасаввур қилди.
Йўқ, ушбу мақолада нимадир жойида эмас, қандайдир хато яширинганга ўхшайди.
У мақолани синчиклаб ўқий бошлади, сўзлар маъносига алоҳида эътибор берди. Сўзларнинг ўзаро боғланишига сиёсий публицистикани яхши тушунадиган ҳамюрти кўзи билан қаради. Рим католик черкови, уқтирарди муаллиф, физиканинг равнақига тўсқинлик қилди. (У бунга Жордано Брунодан тортиб, кўплаб ҳаммага маълум мисолларни келтиради.) Аммо, қаердадир мақоланинг сўнгги чорак қисмида: “Ҳозир ҳам Ватикан барча тараққийпарвар ғояларга ваҳшиёна ёвузлик билан қарамоқда, ҳар қандай антисоциалистик чиқишларни завқ-шавқ билан (Польшадаги “Бирдамлик” оқимига қурол-яроғ етказиб бериб) қўллаб-қувватламоқда” деган ибора илондай ўрмалаб чиқиб қолди.
Мақола қунт билан ўқиб чиқилди, диққат билан ўрганилди. Унда услубий хатога ва яна нимагадир йўл қўйилгани сезилиб турибди.
Вадим Глазичев ўйланиб туриб телефонларга қаради. Кимга телефон қилсин? Ким аниқлик кирита олади? Ахир, ҳамюрти жиддий маслаҳат қилганди: сиёсий соҳада бериладиган нарсалар марказий матбуотда эълон қилинган мақолалардан сўзма-сўз кўчириб ёзилган бўлиши керак. Лекин гап шундаки, ҳеч қаерда – на “Правда”да, на “Известия”да, Вадим буни яхши эслайди, католиклар польяк касаба уюшмаларига қурол-яроғ етказиб бериши ҳақида бир оғиз сўз айтилгани йўқ. Бирор сўз! Ҳеч қаерда!
Ҳар эҳтимолга қарши ҳамюртига телефон қилди, нима бўлгандаям Совет Иттифоқидаги газеталар нималар ҳақида ёзишганини у яхши билади. У гўшакни кўтарди-ю, узоқ жим бўлиб қолди. Ташвишланган Вадим бақирди:
– Телефонингга нима бўлган ўзи?
– Ҳеч нарса бўлмаган. Ҳаммаси жойида. Ҳозир етиб бораман.
Етиб келди, мақолани хўмрайганча ўқиб чиқди. Вадимни дарҳол мақола муаллифига сим қоқишга мажбур қилди. У чет эл сафарида экан, ўрнига хотини жавоб берди, бирорта сўзни ўзгартиришни, ҳатто вергулнинг ўрнини алмаштиришни қатъиян ман қилди.
Бундай ҳолларда нима қилиш кераклигини ҳамюрти яхши биларди, Вадимга айтди-ю, нохуш бир ҳис билан жўнаворди. Вадим бош муҳаррир ҳузурига кириб, нашрни кўрсатди.
Бош муҳаррир саволларни қаторлаштириб ташлади:
– Хўш, мақоланинг қўлёзмаси қани, машинкада кўчирилган нусхаси қаерда?
Муаллифнинг қўлёзма матни топилди. Қурол-яроғ етказиб беришда черковнинг роли ҳақида гапирилган жойнинг хат бошидан ўнг томонда сўроқ белгиси савлат тўкиб турарди. Тўғри, кимдир уни қалам билан чизиб ташлаганди. Қўлёзманинг ишланиш жараёни ҳақидаги тўлиқ маълумотни фақат таътилга кетган бош муҳаррир ўринбосаригина жавоб бериши мумкин. Таҳририят матни қаердалигини ҳам ўша айтиб бера олади. Ўринбосарни топишнинг иложи йўқ, қизининг айтишига қараганда, у қаердадир “Херсон атрофидаги чўлларда” экан. Таҳририят нусхаси эса босмахонада йўқолибди.
Орадан бир соат ўтди, яна бир соат. Мақоланинг ўша қалтис жойини нима қилишни ҳеч ким билмасди. Ниҳоят, бош муҳаррир кимгадир телефон қилди, машина чақирилди, Глазичевни шошилинч равишда ўтган ой учун аъзолик бадалини тўлашга мажбур қилишди ва орадан ярим соат ўтиб, у билан бош муҳаррир Кўҳна майдондаги Марказқўм биносига киришди. Партбилетларини кўрсатишди, лифтга чиқиб, ўзларига бир қараб олишди, тепага кўтарилишди. Бош муҳаррирга таниш бўлган эшик олдида тўхташди. Йўқ, эшикни тақиллатишмади, ундаги дермантин қопламани тирнагандай бўлишди. Котиба шундай табассум қилдики, гўё эрталабдан бери уларни кўриш истагида ёниб тургандай эди. Мулойимлик билан қаерга бориш кераклигини кўрсатди. Киришди. Стол ортида тўладан келган киши, журналлар, шу жумладан, “Мактабда физика”нинг мутасаддиси ўтирарди. Бош муҳаррир далиллар билан гапирди, сўзини якунлар экан, терилган нашрни ва муаллифнинг машинкада ёзилган матнини кўрсатди. Мутасадди қўлида йўғон қалам билан мақоланинг белгиланган жойини ўқиб чиқди. Шубҳали сатрлар унга заррача таъсир қилмади. У фақат елкасини қисди-да, иккала матнда ҳам ҳеч қандай иғвогарлик кўрмаётганини айтди. Кейин журналнинг тиражи ва обунаси ҳақида сўз очди. Ниҳоят, ўринларидан туриб хайрлашишди. Вадим йўлда, машинадаёқ мақола нашрига қўл қўйди. Кейинги куни эрталаб босмахона ишга киришди. Бир ҳафтадан кейин эса журналнинг элликтадан тахлаб боғланган нусхалари алоқа бўлимларига, у ердан вокзалга етказилди. Вокзалдан почта вагонлари журналларни бепоён Ватаннинг турли бурчакларига етказиш учун олиб кетишди. Таълим бўлими мудирлари журнални биринчи бўлиб олишди, варақлаб кўришди, ўқувчилар билан ишлаш қандай йўлга қўйилганига қараб, журнал саҳифалари ё ўқилди, ёхуд ўқилмасдан қолиб кетди.

18

Бироқ ўша куни, почта вагони журнал тахламларини Брест томон олиб кетаётган пайтда шундай воқеа юз бердики, Вадим буни сира кутмаган эди. Таҳририятга қилинган қўнғироқ уни шошириб қўйди. Отасига касалхонадан жавоб беришибди, ҳадемай олиб келишади. Хўш, кейин нима бўлади? Уни қаерга жойлаштириш керак?
Уни замбилда олиб келишди. Олиб келган санитарларга Фаина бошчилик қиларди. Вадим энди тушунди: отаси юролмас экан. Медицина ёрдам бермапти!
– Қаерга ётқизайлик?
Жавоб бўлмади. Ҳамма жим эди. Бирдан Вадимнинг эсига тушди, сакраб балконга – болохона айвонга чиқди. Йиғма каравотни олиб кирди. Замбилда ётган бўз костюм ва болалар ботинкасидаги бемор йиғма каравотга ўтқазилди. Санитарлар, бироз пул ундириш илинжида анча депсиниб туришди-да, жўнаб қолишди. Олдин ҳеч ким эътибор бермаган оқ халатли аёл ачиниш билан инсульт эканини айтди ва дори-дармон рўйхатини тутқазди. Вадим унинг изидан тушиб, зинада тўхтатди, отасининг яна икки-уч ой яшаши мумкинлигини билиб олди. Танасининг чап томони ва мияси қисман фалаж бўлиб қолганлиги туфайли ҳали-бери гапиролмайди, эҳтимол, умуман гапиролмас.
Оқ автомобил тиббиёт қоғозини қолдириб жўнаб кетди. Фаина ҳам беморга қараб туриш истагини билдирмади. Ҳалиги тиббий қоғозни ўқиб чиқди-ю, ҳеч нарса демади.
Ота уйда бир неча соатгина бўлди, бирдан тагидан сув сизиб чиқди, бунинг устига ичи ҳам кетганди. Вадим уни қип-яланғоч қилиб ечинтирди, лекин фойдасиз: ювиниш хонасигача судраб боролмас, ўзи қўлини теккизгиси ҳам келмасди. Хона бирпасда қўланса ҳидга тўлиб кетди. Нима қилсин, кўчага улоқтирсинми? Қандай қилиб, қўшнилар милицияга чақишмайдими?
Лекин чиқариб ташламасдан иложи йўқ. Эски латта-путталар топилди, Вадим отасининг яланғоч баданини артиб чиқди, атир пуркади, сассиқ ҳидга чидаб бўлмасди. Йиғма каравот ёнига ўтирди, отасига кўз югуртирди. Унинг соч-соқолини олишган экан. Юзлари озиб-тўзиб кетган, бадани қовжираб қоқ суякка айланибди. Кўзи унсиз боқарди, тили оғзида айланмасди. Сукунат Вадимни эзиб юборди ва у сўкинди. У молиявий ҳалокат ёқасида турибди. Пули кам, жуда кам, отасини қандайдир латталар билан артиб туриш лозим! Нима билан боқади? Ёки – миясига шундай фикр келди – умуман боқмаса-чи, барибир ўлади-ку! Бир ой олдинми, кейинми, нима фарқи бор?! Кўмиб ўтирмайди ҳам! Ўликхонадан тўғри куйдиришга жўнатишса-чи. У ўлик отаси учун бир тийин ҳам сарфламайди!
Эрталаб у поликлиникадан врачни чақирди, касалга қараб тургани учун ишдан озод қилувчи қоғоз беришини сўради, лекин рад жавобини олди. Отасини қариялар уйига жойлаш учун уриниши ҳам беҳуда кетди. Чунки Григорий Васильевич Глазичев СССР фуқароси ҳисобланмас экан. Нега деганда Калинин областидаги Кулагина қишлоғидан учиб кетгандан кейин бирорта ҳам милиция бўлимига учрамапти. Ишхонадан бир кунга жавоб сўраб, ҳаммаёққа телефон қилиб чиқди, лекин ҳеч ким отасига қараб туришга рози бўлмади.
Бирдан қўнғироқ жиринглаб қолди. Вадим эшикни очиб қотиб қолди. У бир соат бурун тезда етиб бораман деган Фаинани кутаётганди, бўсағада эса – Ирина турарди. Собиқ турмуш ўртоғи ачинган бир овозда Григорий Васильевичнинг саломатлигини сўради (Вадим гап отаси ҳақида кетаётганини дарҳол тушунмади), каравот ёнида қотиб қолди. Вадим отасининг олдида уни ҳайдаб юборишга ботина олмади. Қария гарчи ҳеч нарсани идрок қилмаса-да, кўзлари таниганини ифодалади, қўли сал қимирлади, фақат шу. Ирина сумкаси билан ошхонага кирди, идиш-товоқларни тарақлатди, овқат бор-йўқлигини текшириб, совуткичга нимадир қўйди. Отанинг гапиргиси келарди, қандайдир товуш пайдо бўлди. Ирина гапирди – Вадимга эмас, отасига:
– Касалхонадан чиқариб юборишганини биз кечроқ билиб қолдик, акс ҳолда уйимизга олиб кетардик… Ҳозир ҳам кечмас…
– Бермайман! – бақирди Вадим, ҳолбуки ярим соат олдин Преображенскдаги фахрийлар шифохонасига отасини олиб кетишларини сўраб ялинган эди. – Бермайман!
Уни нафрат қийнарди, Иринага, ҳозиргина кириб келган Фаинага, ҳамма одамларга бўлган нафрат. Уч хонали уйини ундан тортиб олишди! Ишини! Турбулент қуюнли алгебрасини тортиб олишди! Талаба қизлардан маҳрум этишди! Энди отасига кўз тикишяпти!
Иринани у ҳайдаб юборди. Чунки, отаси энди унинг ўз мулки эди. Бундан ташқари, унда қандайдир туйғу уйғониб келаётганди: отаси – унинг нажоткори. Мана шу ночор, учиш аппарати, уни, Вадим Григорьевич Глазичевни осмонга учириб кетадиган нажот қуши. Унинг истаган чўққиларга етишишига йўл қўймай, Вадимни ерда ушлаб турган пўлат арқонлар худди чириган латта иплари сингари отасининг сўнгги нафаси узилиши билан парчаланади.
Шу ҳис-туйғу унинг онгини ёритиши билан Вадимнинг қўллари ўз-ўзидан қайчини топди. Отасини четлаштириб йиғма каравотни ўртасидан кесди. Думалоқ тешик ҳосил қилди, клеенканинг ўртасида ҳам шундай тешик ясади. Отасини яна ўз жойига ётқизди. Энди у бемалол у ёқ-бу ёққа чиқиб кела олади. Каравотнинг тагига идиш қўйиб қўйди, отаси тагини ҳўлламайдиган бўлди.
Фаина уч марта келди, ёрдам берай, қарашай деб. Вадимни дийдаси қотиб кетганликда айблади. Глазичев кўнди, унинг келиб туришига рухсат берди. Сўнгра Ирина ҳам келиб қарияга қарашиб туришга изн олди. Иккови чиқишиб қолди, ҳатто дўстлашиб кетишди. Бир куни Вадим уларнинг аёлларча иқрорларини эшитиб қолди.
– Сен нега келаяпсан бу ерга? – ҳайратланди Фаина. – Мен-ку, гуноҳларимни ювишга уринаяпман, сен-чи?
– Менда ҳам бор ўша гуноҳлардан, – тан олди Ирина. – Ўзимга, қалбимга қулоқ тутмадим… Онамнинг гапига кирдим, мендан ақллироқ деб ўйладим. Отам ҳам…
Дам олиш кунлари қариянинг тепасида иккаласи парвона бўлишарди, бошқа пайтлари Вадимнинг ўзи қарарди. Отаси бир неча бор туришга ҳаракат қилди, қўли билан ишора қилиб юришга ўрганиш кераклигини тушунтиришга уринди. Лекин Вадим масалани ўзича ҳал қилганди – шу ётганича ўлиб кетгани маъқул, барибир шунга маҳкум. Ҳаммаёқни булғадинг, на чора, бундай ахлатларга ўғлинг, коммунист Глазичев ўрганиб қолган, унга сен ўргатгансан.
– Ҳисоб варағингиз қани? – сўради дўқ қилиб Вадим. – Ўлиб қолганингиздан сўнг сизни ҳисобдан қандай чиқараман?
Отаси чуқур хўрсиниб, оғир гуноҳини тан олди: сўнгги пайтларда ҳеч қаерда ҳисобда турмаганди.
– Менга айтинг-чи, доҳийларимиз тузган ва йўргаклаган Коммунистик партиянинг шонли сафини шу усулда тарк этишга уринмадингизми?
Отаси оғзини очиб, асло бундай қилмаганман деган фикрни зўрға тушунтирди.
– Сизга ишониб бўпман! – деди Вадим кулиб ва сигарети кулини отасининг пешонасига қоқиб. – Қани, айтинг-чи, қанча гўл қизнинг умрига завол бўлдингиз? Ахир мен, баъзи нарсаларни сиздан мерос олганман, сиз ҳам тинч юрмагандирсиз?
Очиқ тан олиш ҳар қанча аччиқ бўлмасин, отаси гуноҳ йўлларга кирганини билдирди. Лекин ҳаммаси розилик билан бўлган, у ҳеч кимнинг қизлик шаънига чанг солмаган.
– Ёлғон! – дўқ қилди Вадим ва сигарет қолдиғини отасининг бўйнига босиб ўчирди. Сўнг отасининг оғзидан ясама тиш қопламасини суғуриб олди-да, ҳеч нарсага ярамай қолган синиқ стаканга ирғитди. (Бир куни эрталаб Фаина ва Ирина иккаласи қарияни сигарет кули қоплаган, баданида сигарет қолдиқлари ётган ҳолда кўришди, буни сабабини сўрашганида: бобой шўхлик қилаяпти, чекаяпти, деган жавобни олишди.)
– Сўнгги йилда нима эвазига кун кўрдингиз, ландовур? Тиланчилик қилдингизми? Жавоб беринг!
Отаси индамади… Барибир қаерда нафақа олганини билолмади. Ер юзида бирор қариндоши борлигини аниқлай олмади (Вадим ўзини отасига қариндош деб ҳисобламасди). Отаси қандайдир исмларни, манзилларни пичирлади, лекин Вадим нима қилишни билмасди, отасининг бир ёки икки ҳафталик умри қолганини у биларди…

19

Бу пайтда эса, унга, физика-математика фанлари номзоди В.Г.Глазичевга боши узра фалокат, даҳшатли фалокат соя солиб келарди. Агар у уфқдаги оддий оқ булутдан қора булутга айланса, уч хонали уй ҳақида орзу қилиш эмас, балки Красная Преснядаги ўша коммунал кулбага қайта кўчиб бориш тадоригини кўриши лозим.
Булут қуюқлашди, аллақачон офтобни қоплаб олди. Олис-олисларда момақалдироқ гумбурлайди, лекин чақмоқ чаққанича йўқ. Ҳозирча.
Рим-католик черковининг реакцион моҳияти ҳақидаги мақола босилган ҳалиги журнал 20.000 нусхада чоп этилиб, 50 тадан тахланиб, СССРнинг турли бурчакларига етиб борди, почтачилар уларни, мактабларга, маориф бўлимларига, хонадонларга етказиб бердилар. Улар В.И.Ленин номидаги Бутуниттифоқ кутубхонасига ҳам етиб борди.
Ниҳоят, дастлаб ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаган бу журнал Ватикан шаҳар-давлатида ҳам пайдо бўлди. Бироқ ҳазрати олийлари анчадан бери черковни фан билан яраштириш қайғусида юрганди. Ватикандаги 1475 йилда асос солинган Апостоль кутубхонасининг навбатчи библиографик журналдаги сарлавҳани синчиклаб ўқиб чиқди-да, уни китоб омборига жўнатмоқчи бўлди, лекин “Бирдамлик” сўзига кўзи тушди-ю, ҳушёр тортди. Рим папаси польяк бўлиб, унинг исм-фамилияси Карел Войтила эди. Бу борада чайқовчилик тез-тез юз бериб турарди. Асрлар давомида қарор топган анъанага кўра католиклар бошлиғи бирор миллатга мансуб бўлмасди. Шу боисдан Польшага тегиб кетадиган мақолаларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш тақозо этиларди. Ватиканнинг Польшага қурол етказиб беришга алоқадорлиги ҳақидаги жумла библиографни жуда қизиқтириб қолди. У матбуотдаги ахборотларга баҳо беришда Вадимдан, унинг павлодарлик ҳамюртидан, журналнинг бош муҳарриридан, КПСС Марказқўми мутасаддисидан ҳеч ҳам фарқ қилмасди. Библиографдан мутасаддигача, ҳамма-ҳаммасини, энг аввало ушбу мақолаларда кўтарилган муаммони қайси нуфузли орган биринчи бўлиб қўйди? – деган савол қизиқтирарди.
Қисқаси, мазкур мақолага қадар қаерда Польша касаба уюшмалари Ватикандан қурол олишяпти ёки Ватикан пулига қурол-яроғ харид қилаяпти деб расмий равишда эълон берилган?
Библиограф кардинал билан боғланди. Кардинал Рим-католик черковининг ташқи сиёсий фаолиятини бошқарарди. Католик ташқи ишлар вазири журнални талаб қилди.
Журналда чиққан мақолани уч тилга таржима қилишди ва кардиналга олиб киришди. У жиддий ўйга толди. “Бирдамлик”ка ҳеч қанақа қурол-яроғ етказиб берилгани йўқ – бу тушунарли, шу боис раддияга ҳам муҳтож эмас. Аммо, ҳазрати олийларини ҳақорат қилишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Москвада нунций1 йўқ, зеро, худосиз большевиклар фақат православ черковинигина тан олишган.
Дипломатик демарш барибир амалга оширилди, Польша орқали боғланилди. Польша ташқи ишлар вазирлиги тўғридан-тўғри муносабат билдирмади. Польшанинг СССРдаги элчиси Совет Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлиги Европа бўлимларидан бирининг мудири билан шахсий суҳбатда бўлди. Икки дипломат бир-бирига нозик табассум қилишди. Смоленск майдонидан кўҳна Қизил майдонга қўнғироқ қилинди. У ердагилар на қулоқ қоқишди, на қош чимиришди.
Шундай экан, Ватикан тортиниб ўтирмади ва Рим газеталаридан биттасида мақолани кўчириб босди (қалам ҳақи тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди, зеро жанжал чиқиши умидида эдилар). Мақола Римдан Гдинга Калашников автоматларини етказиб бериш усуллари ҳақидаги аччиқ-аччиқ саволлар билан бежаб ташланган эди.
Бир ҳафтадан кейин журнал таҳририятига Давлат сирларини сақлаш бош бошқармасидан цензор келди. Шу нарса аниқландики, бош муҳаррир ўринбосари таътилда бўлгани учун мақолага ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. У мақолани олган куни матннинг ўнг томонига қизил сиёҳ билан савол аломати қўйганлиги ҳеч кимдан яширилмади. Цензор қуруқ қайтишга мажбур бўлди, чунки қизил сиёҳда белги қўйган одам шубҳалана бошлади. Сўроқ белгисини ўзи қўйганми ёки бошқа биров – гумонсирарди. Балки Глазичев қўйгандир. Эҳтимол, мақолани қўлёзма ёки машинкада кўчирилганини ўқимагандир. Айтмоқчи, айнан ўша матн йўқолган-ку.
Бу ерда фақат мақола муаллифи, фалсафа фанлари доктори, профессор ва Марказқўм аъзолигига номзоднинг ўзигина аниқлик киритиши мумкин эди. У бўлса, бир ҳафта ўйлаб кўрганидан сўнг, ўша бадбахт жумла ўзига эмас, балки номсиз муаллифга тегишли эканини тан олди. Бунга далил қилиб, ўша жумласиз, машинкада ёзилган ўз мақоласини кўрсатди.
Иродасиз цензор ўрнига Марказқўмдан махсус комиссия келди ва “сиёсий масъулиятсизлик” деган ташҳис қўйди. Шу масъулиятсизликни ким кўрсатган ва у қандай ифодаланиши аниқланмади. Глазичевни чекиш жойида кўриб қолган комиссия аъзоси йўл-йўлакай у билан гаплашгандай бўлди ва халажой қаерда, деб сўради.
Бор гап шу. Комиссия ўзини четга тортди. Вадимни ҳозирча ҳеч ким тергамади ҳам, жазоламади ҳам. Нимага ҳам жазолашарди? Ўша жумла ҳақида у ўз вақтида бош муҳаррирга айтганди, биргаликда МКга боришганди, мутасадди бош муҳаррир ёнида босишга рухсат этганди.
Таҳририятдагилар касал отаси ҳақида хабардор эдилар ва ишдан эртароқ кетишга розилик беришарди. Соат етти бўлмасдан уйига келган Вадим мусибатни кўрди. Отаси ерда ётар, йиғма каравот ёнбошлаб қолганди. Чол тўнғиллаб сўкинди ва ўзини ювиб қўйишни сўради.
Қарияни енгилгина калтаклашга тўғри келди:
– Ҳадеб типирчилайверманг, ювилиб тозаланишни ҳам эсдан чиқаринг.
Янги муаммо пайдо бўлганди: уни каравотга боғлаб қўйиш керак, лекин нима билан? Камар биланми ёки арқон билан? Униси ҳам, буниси ҳам йўқ. Охири тўкилган чойшабни бўлак-бўлак қилиб кесди-да, арқонга ўхшатиб эшиб, отасини каравотга маҳкам боғлаб қўйди. Ҳисоблаб кўрди: чол яна икки ҳафта яшаса керак, у ўчаётган оловнинг сўнгги милтиллашига, ҳали сўнмаган ҳаётнинг охирги нишонасига ўхшайди. Лекин сассиқ ҳиддан қутулиб бўлмасди. Отасининг “совуқ, совуқ” дея қилган ишорасига қарамай, бадбўй ҳид хоналарга ўрнашиб қолмаслиги учун Вадим болохона айвонга очиладиган эшикни беркитмасди. Барибир ҳид аримасди.
20

Сумков бир вақтлар ўз отасининг партбилети ва лавозимини сақлаб қолган Павлодарнинг собиқ шаҳар бошлиғи жон таслим қилаётган хонадонда нималар бўлаётганини яхши тушунарди. У ҳамюртиникига меҳмон бўлиб келмади, лекин таҳририятга ташриф буюрди, Вадимнинг ёнига ўтириб ҳамдардлик билдиргандай сукут сақлади.
Фақат шугина эмас. Вадимни йўлакка олиб чиқди-да:
– Ишинг яхшимас, – деди. – Аҳвол чатоқ. Чунки халқаро жанжал чиқди. Москва бу жанжалдан фарзинни ёки кичикроқ сипоҳни қурбон қилиб бўлса-да, бир амаллаб чиқиб кетиши керак. Кўҳна майдонга бу ярашмайди, лекин пиёда, яъни Вадим Глазичевдан воз кечиш эвазига партия бу ишни босди-босди қилиши мумкин.
У шундай деди-ю, чиқиб кетди. Вадим овқатланмоқчи бўлиб буфетга йўл олди, уйда ҳеч нарса ея олмасди. Жазо олиш хавфи уни бироз чўчитарди, икки ойлардан кейин ушбу буфетга киролмаслиги аниқ, ишдан икки марта ҳайдашган эди, бўшатишдан олдин маънавий савияни, ҳушёрликни ошириш ҳақида, партия сафларини тўлдириш тўғрисида қандай баландпарвоз сўзлар айтилишини яхши биларди.
Уйга келди-ю, умрида биринчи марта отасининг гапини эшитгиси, турмушнинг турли икир-чикирлари ҳақида сўрагиси келиб қолди. Ахир, танасининг қарийб ярми фалаж бўлиб ётиб қолган отаси ҳозирча ҳаётнинг тирик гувоҳи эди. Отаси эслаб, гапириб берар, сўзларни чайнаб гапирарди. Кейинги йилларда Вадимнинг қулоқлари КПСС Марказқўмининг Бош котиби Л.И.Брежневнинг чайналиб гапиришига кўникиб қолганди.
Ўз ҳаётини, даврини хотирлаб, тилини зўрға айлантириб гапираётган отаси, буни қарангки, хаёлан ёрқин келажакка интилиб, ярим яланғоч, қашшоқларча кун кўрган экан. Лекин нақадар қизиқ, нақадар мароқли! Чийрилиб кетган мана шу чувалчанг Узоқ Шарқдаги шахтёрлар шаҳри Сучанда туғилган экан. Отаси ўзининг шармандали йўлини ўша ердан бошлаган, агар Ленин коммунизмни ғарбдан орқалаб келган бўлса, у ярим ялпи фаровонлик ғояларини шарқдан олға сурганди. Шу тариқа Москва ҳар томондан даҳшатли назариялар билан тикланиб, аввал бошданоқ нурашга маҳкум этилганди. Оиласи буржуача таъбдаги одамлар эди, отасининг ота-онаси идора хизматчилари бўлишган, шу туфайли у савод чиқарган, китоб ўқишни билган, ҳар ҳолда йигирма ёшларида бир неча ҳунарни эгаллаб, жон-жаҳди билан алоҳида олинган бир мамлакатда социализм қуришга киришган. Кўнгилли бўлиб урушга жўнаган, ярадор бўлгач, Уралга қайтиб ишчилар таъминоти билан шуғулланган, ўша ерда Вадимнинг онасига уйланган. Албатта, онаси болаларини кўпайтириб, оилани мустаҳкам¬лашга интилмаган, эри ҳам бошқа аёлларга бепарво бўлмаган, ҳар ҳолда, отаси ўғлидан фарқли ўлароқ, аёллардан ажралишга турмуш қийинчиликларини эмас, сиёсий важ-карсонларни кўрсатган. У, эҳтимол, аёллар бошини сиёсий масалалар билан шу қадар қотирганки, улар Григорий Васильевич билан унинг ғоявий интилишларини деб ўзларини қурбон қилганлар, уни тарк этганлар. Вадим ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган пайтда отаси хотинини ташлаб кетди. У хотинини Маленков – Молотовнинг партияга қарши гуруҳини тўғри баҳолай олмаганликда айблаб ажрашди. Коммунизмга фидойиларча садоқатли бўлган ота хотинининг бағрига яна қайтиб келди. Бунга баҳона қилиб КПСС Марказқўмидаги нифоқларни кўрсатди. Худди мана шу нифоқлар Павлодарда жойлашиб қолган онасини олис тайга қишлоғига улоқтирди. Ўша ерда бироз ўқитувчилик қилиб, вафот этгач, ҳеч кимга кераги бўлмай қолган ўғли моддий ёрдам сўраб аризалар ёза бошлади.
Уч хонали уй ҳақидаги орзуларига етолмай толиққан бечораҳол бир одамчанинг тақдирини ўйларкан, Вадимнинг ўзига раҳми келиб кетди. Ахир, отасига ўхшаб ўғли ҳам уч хонали уй-жойга интилмаганмиди? Ахир, отаси СССРдаги ҳар бир оилани уч хонали уй билан таъминлашга даъват этарди, оппортунист онаси эса икки хоналига ҳам рози эди. Эр-хотиннинг ораси айни шундан бузилиб кетганди. Худди шу ерда уй-жойдан фойдаланиш идорасидаги қизчани эсламай бўладими? У Вадимнинг номзодлиги учун йигирма квадрат метр жой талаб қилганини қоралаб берганди: “Ахир одамлар ертўлаларда яшаб турибди”, – деганди қизча. Отасининг лунжлари шишди. Вадим унинг нимадир сўрамоқчи эканини тушунди:
– Бугун “Правда” нималар ҳақида ёзаяпти? – сўради отаси.

21

Ҳамюрти Сумков ҳамма нарсани суриштирди, билди, Глазичевнинг уйига югуриб келди, уни ташқарига чақириб, тез орада нималар бўлишини айтди ва нима қилиши кераклигини тайинлади.
Қиладиган иши эса жуда оддий ва бизнинг асримиз учун доно йўл эди: раҳбарият нима деса рози бўл, хўп де. Ҳамма нарсага ўзинг айбдор эканингни тан ол. Фақат ўзинг айбдор эканингни айт! Бошқача бўлмайди! Тўғри, журнал раҳбарияти томорқасига бир-икки тош отсанг бўлар, у барибир, юқори раҳбариятдан эшитадиганини эшитади. Тепадагиларга эса ташкилий хулосалар чиқариш учун бу жуда зарур.
Қўшни хонадоннинг эшиги очилиб, кампир мўралаб қўйди. Сумковнинг капалаги учиб, Вадимни ичкари – ошхонага судради ва бор гапни айтди.
Гап эса қуйидагидан иборат эди. Ҳалиги мақола ва ўша жумла билан боғлиқ масала анча олдин, Андроповнинг тахтга чиқиши пайтидаёқ унга мағзава ағдариш мақсадида ўйлаб қўйилган, лекин кейинроқ амалга оширилган эди. Жанубий Корея ҳаво лайнерининг ҳалокати Ватиканни қурол-яроғ етказиб беришда айблаш режасини орқага сурди. Андроповнинг ўлими эса, унинг устига парда тортди. Лекин иғво машинаси ишга тушдими, бас, уни тўхтатиш қийин. Энди турли даражаларда бўлиб ўтган қатор маслаҳатлашувлардан сўнг қарор қилинди: жазолаш керак! Кимни? Мана шу ерда яна фитна бошланди, ҳаммага маълумки, бу ишда айбдор мутасадди, лекин бу ғалвани унинг ўзи бошламагани учун уни жазолаб бўлмайди, аммо бор зарбани Вадим Глазичев ўзига қабул қилиши керак, ҳарҳолда жаллод ойболтаси унинг ёнидан ўтиб кетади, Вадим ўзининг айбдорлигини тан олса бўлгани, партия уни жазолайди, лекин коммунист Глазичевни ўз сафларидан ўчириш даражасида эмас… Қисқаси, мажлисда тавба-тазарру қилиши лозим, яъни Марказқўмнинг доно кўрсатмаларини адо этолмадим, партия интизомини буздим ва ҳоказо… Чунки охиригача курашишдан наф кўрмайсан, муҳими – қандай бўлмасин партия сафларида сақланиб қолиш. Ҳар қандай йўл билан бўлмасин партиядан ажралмаслик лозим! Акс ҳолда – ҳалокат!
Шундан сўнг у жўнаб кетди. Вадим бўлса узоқ ўйга толди. Фаинанинг дўстлари Вадимникида ошхонадаги базми жамшидларда Андропов ҳақида кўп гапиришарди. Гўё Давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ бошлиғи бўлган бу одам шеърлар ёзармиш, Сиёсий бюро мажлисларида Шекспирни намойишкорона инглизча ўқирмиш, Евтушенконинг дўсти эмиш, ҳатто ўзи яҳудий экан, деган маълумотлар ҳам бор. Қаранг-а, мана шундай бир одамни унинг фирқадош ўртоқлари бадном қилмоқчи бўлишибди!

22

Воқеалар даҳшатли тарзда ривожланиб борарди. Юзма-юз учраштириш ўтказилди. Вадимни бош муҳаррир ҳузурига чақиртиришди. У ерда комиссия аъзолари ярим доира ясаб ўтиришарди. Шу ўтган бир ой ичида Вадим етти ёки саккиз марта ўша лаънати жумла ҳақида, ўзи ёш ходим сифатида уни таҳририятнинг ўзида бош муҳаррирга кўрсатгани, муҳаррир кимгадир телефон қилгани, яна сим қоқиб машина чақиргани, кейин фирқа бадалини тўлашга улгурган Вадимни олиб кўҳна майдондаги КПСС Марказқўми биносига, бир киши ҳузурига боришгани, ҳозир фамилияси Вадимнинг эсидан чиққан ўша киши мақолани ўқиб, ҳа, ҳа, айнан шу мақолани, унинг лаънати жумласини қайта ўқиб, ҳеч қандай мулоҳаза билдирмагани, шу арзимаган нарсага ҳам ваҳима қилиб юрибсизларми, қандайдир черков экан, босаверинглар, дегани тўғрисида гапириб берди.
Бош муҳаррир воқеани сал бошқачароқ тушунтирганди. Мақолани унга ҳозир шу ерда мавжуд бўлган ўринбосар лавозимини бажараётган Вадим Глазичев олиб кирди. Қурол-яроғ етказиб бериш ҳақидаги мазкур фактнинг олинган манбаи кўрсатилмаган жумла менга ҳам ёқмади, у Марказқўм билан алоқа боғлаб, мақолани ҳамда Глазичевни олиб бориб, ўша жумлани ўртоққа кўрсатдим…
Бош муҳаррирга бу ёғини исботлашга йўл қўйишмади – Вадимнинг ҳузурида, албатта. “Сиз бўшсиз!” – дейишди унга. Вадимда отасини дўппослаш қарори ўз-ўзидан пайдо бўлди, қўли қичишаётганди. Дўппослади ва уялиб кетди: худди отаси унинг уришини кутаётгандай эди, қувонч тўла кўзёшли кўзлари билан унга қараб турарди. У ўзича шундай қарорга келди: отасига бошқа тегинмайди, майли, жон бераверсин ва тоғорадаги сийдик ва нажасга эмас, шифтга қараб ётгани учун Вадимга раҳмат, десин.
Ҳолбуки, Вадимнинг бир ўзини, бош муҳаррирсиз Марказқўмдаги ўша ўртоқ ҳузурига олиб боришганидан кейин отаси тоғорага қараб ётиши ҳам мумкин эди. Ҳалиги ўртоқ фавқулодда қоғоздан кўз узиб, ҳузурида қаддини ғоз тутиб турган Вадимга ҳайратланиб қаради-да:
– Эшитишимча, мен ҳақимда ҳар хил бўлмағур гапларни тарқатиб юрган эмишсиз… Гўё мен сизга қандайдир бемаъни нарсани босиб чиқаришга рухсат берган эмишман…
Бундай гаплардан кейин айбдор ўзини ташлаб юбориши ёки қотиб қолиши кутилганди. Уни юролмагани учун тирсакларидан ушлаб судраб олиб чиқиб кетадилар, деб ўйлашганди.
Лекин Вадим Глазичев Павлодар шаънини ерга урмади. Ҳатто киприк қоқмади, бирор туки қимир этмади. Мутасаддининг сўзларини бепарво тинглади-да, бирор сўз айтмай, эшикка қараб юрди, уни аста олиб чиқиб кетишди. Кўҳна майдонга келишидан бир соат олдин даҳлизда қулоғига шипшиган эди: Марказқўмда шундай одамлар борки, уларнинг вазифаси виждонсизларча, сурбетларча ёлғон гапиришдир. Мутасадди – ана шундайлардан биттаси. Шунинг учун ҳам уни Сиёсий бюро ва котибиятдагилар қадрлашади.

23

Касалхонадан кейин отаси жуда ҳам озиб кетди. Йиғма каравотда эти устихонига ёпишиб ётарди. Чоршанба куни ишдан келгач, Вадим отасининг қоқсуяк танасини кўтариб ваннага олиб кирди. У отасини яхши бўй таратувчи тузлар аралаштирилган иссиқ сувга қўйди. Қария сувга чўмганча лаззатланарди. Вадим уни эҳтиёткорона ювиб, кейин оҳиста кўтарди-да, катга ётқизди (йиғма каравотни пешайвондан пастга улоқтирганди), соқолини олди; оқарган соч-соқоли олиниб, юз-кўзлари сочиқ билан тозалангач, унинг хаёлига отаси у дунёга тозаланган ҳолда кетаяпти, деган фикр келди. Вадим унга ёрдамлашди, ясама тишларини ювди, синиқ стаканга солиб қўйди. Отаси тобутга солингач, у ердан олиб, қариянинг оғзига солиб қўйилади. Паспорти бор, тиббий маълумотнома бўйича милиция ва рўйхатга олиш идораси яна қандайдир қоғозлар беради. Григорий Васильевич мозорга умид қилмаса ҳам бўлади, ҳеч ким унга бирор қабристондан жой бермайди, ягона йўл – жасадини куйдириш, шундай экан, кўк алангада ёнавер коммунист ва меҳнаткаш, дейишдан бошқа илож йўқ. Бомж1 эдинг – шундайлигингча қолдинг. Ҳали тирик бомжга Вадим – биринчи марта! – яхшигина бўтқа пишириб берди. Ҳолбуки, отасининг тезроқ ўлишини истарди. Зеро, отасининг ўлими Вадим Глазичев учун фойдали эди. Отаси ўғлининг ёрқин келажак – инсоният учунмас, Вадим Григорьевич Глазичев учун курашига халақит берарди.
Зеро: отаси эмас, партия ўлаётганди! Совет Иттифоқи Коммунистлар партияси! Ҳа, бир вақтлар у Европа бўйлаб дайдиб юрган шарпа эди, Россияга ёпишди, унинг танасига ўрнашиб олди, яқинда у ердан ҳам ҳайдаб юборишади.
Шалвираган чол танаси билан қудратли давлатнинг ўхшашлиги ҳақидаги бу фикр унда анчадан бери етилиб келаётган эди. Лекин бу фикр Вадим мутасадди ўртоқнинг хонасидан чиқаётган пайтида аниқ тушунча бўлиб етилди, дастур шаклини олди. У энди нима қилишини яхши биларди.
Вадим Глазичевнинг кўз ўнгида КПСС ўлиб бормоқдайди. У куни битганини ҳис этиб, жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатиши мумкин эди. Гапиришни эсдан чиқарган, вақт-вақти билан чинқирар, қаддини ростлар, куч-қуввати кундан-кунга тугаб борар, сассиқ ҳид кучаяр, бурунни ҳар қанча беркитма, фойдасиз эди. Бадан аъзолари ҳатто тоза, ёғи олинган овқатни ҳам ҳазм қилолмас – давлат организми ҳам унга ҳар қанча тиқиштирма, миллионлаб маблағларни ўзлаштиришга қодир эмасди.
Катта хонадаги чироқни Вадим ўчириб қўйди, деразадан ойдин тушиб турарди. Отаси ётган кат сояга тушиб кетгандай, бу Вадимга отаси мозор чеккасида тургандай бўлиб кўринди. Хонада нимадир чиқиллаётгандай бўлди, ахир, бу уйда қўл соатидан бўлак нарса йўқ-ку. Девор соатларининг “тик-таки” хотирада қолган, Павлодардан олиб келинган ўша соатлар энди Москва уйида сонияларни санарди. Бу коммунист Г.В.Глазичевнинг сўнгги кунлари, сўнгги соатлари ва сўнгги дақиқалари эди. Ҳар ҳолда унинг ўғли В.Г.Глазичев учун ҳам бу сўнгги онлар эди. Чунки Вадим партия сафида қолишни истамасди. Бунинг устига, у издан чиқиб, қулаб тушаётган поезддан мумкин қадар тезроқ сакраб қолишга интиларди.
Ой чарақлаб турган ана шу чоршанбадан пайшанбага ўтар кечада у ўтган кунларини эслар ва кўз ўнгидан ўтказарди. Вадим хотирасида Фаинанинг дўстлари билан суҳбатдошларини тиклади ва хаёлан улар қўлдан қўймай ўқиётган китобларни варақлаб чиқди. У Марекни ҳам эслади, мулойим ва камтар бу йигит пивони жуда яхши кўрарди; Фаинанинг барча маҳмадона дўстларини КГБ нега аяганини Вадим тушуниб етди. Уларнинг ҳеч қайси бирини суҳбатга ҳам чақиришмади, индамас Марекни эса қамаб қўйишди. Марек партия учун хавфли эди. Шуниси билан хавфли эдики, у ҳеч кимни на исёнга, на норозиликка чақирарди. “Бекорга шу ишни бошлаяпсизлар, – деди у бир куни. – Ҳаммаси ўз-ўзидан парчаланади. Бизлар ўз-ўзидан бузилаётган тизимда яшаяпмиз ва ўзимизнинг ҳаракатсизлигимиз билан воқеаларнинг табиий ривожланишига кўмаклашаётибмиз…”. Лекин, эҳтимол, Марекнинг бошқа сўзи КГБнинг ғазабини қайнатгандир. Лекин бир марта у Андропов ҳақида кесатиб, оддийгина: “Комсомолнинг чаласи” деганди.
Бу диссидентлар унинг уйида қандай пайдо бўлишди? Вадим ҳафталар, ойларни орқага қайтарди, то “Смоленская” метросида Фаинани МАИдан юборилган талаба қиз деб қабул қилган кунини эслаб кўрди. Ҳаммаси ўшандан, янги уйни ювиш зиёфатидан бошланган эди, – деди Вадим хотирасини ковлаштириб.

24

Ва эртаси бутун кун бўйи, бутун тун бўйи у ҳали ковланмаган қабр ёнида ўтириб, ҳали кўмилмаган одамлар овозини эшитди. Отаси бирдан тилга кирди ва Вадим Преснядаги кулбасида эшитмаган гапини айтди: “Кўпдан бери сезиб юрибман: руҳ ҳали жўшқинликка қодир, бадан бўлса жадал ҳаракатдан ўзини тияди…” Жуда аниқ гапирди, гўё ҳеч қандай инсульт юз бермагандай. Вадим энди унинг ясама тишини бошқа, анча ваколатли идишда – ўн етти рублга атайлаб сотиб олинган безакли хитой финжонида сақларди.
У жуда енгил ва беғараз ўлаётганди. Кўзлари зарворлашиб, косаларига кўмилди. Бармоқларининг учи қичишди, чойшабнинг четларини тирнай бошлади. Бурни оқариб кетди, учи ўткирлашди. Ҳаёти ҳали сўниб бўлгани йўқ, лекин бадбўй ҳид камайди, хонада ҳатто баҳор гулларининг иси таралди. Томир уриши аранг сезиларди…
Жума куни эрталаб ишхонадан телефон қилиб, фирқа йиғилиши борлигини айтишди. “Бораман”, – деди Вадим ва товуши ўзини фош қилганини тушунди. Зеро, тазарру қилмасликка қарор берганди. Вадим қаторлаштириб қўйилган стул¬лар устига чўзилиб, букчайиб олди-да, маза қилиб ухлади. Қандайдир шовқин уни ўрнидан сакраб туришга, катта хонага югуриб чиқишга мажбур этди.
У ерда сокинлик ҳукмрон эди, фақат шилдираш эшитилгандай бўлди. Отаси¬нинг ўлимига бир-икки соат қолганди. Энди келажак ҳақида ўйлаш вақти етганди.
Яна бир неча йилдан сўнг партия ҳам ўлади ва ҳозир янги мозор, янги даврга тайёрлашнинг айни пайти. Унга партиясиз бўлиб кириш лозим ва шундай кириш керакки, партиясизлик хизмат ҳисоблансин, унга яшаш, олдинга силжиш, баландликларни эгаллаш ҳуқуқини берсин. Зеро, партия унга чўққиларни эгаллашга йўл қўймаганди. Бу энди фан номзодлари чиқишга интилаётган чўққилар эмас, бошқа юксакликлардир, чунки “Тайфун” баланд кўтара олмайди, Сидоровни энди ёрдамчиликка ёллай олмайсан. Партия жон таслим қилиши билан қор қопланган ёнбағирлари ялтираб турган бошқа чўққилар чорлай бошлайди. Бошқа даврлар бошланади, ўзга соҳиллар яқинлашади. Худди отаси сўнгги соатларини кутаётгани сингари, КПСС тугаса, мамлакатнинг тақдири нима бўлади? Кейинги ҳафта партия йиғилиши, уни партиядан ҳайдашади, биргалашиб айблашади… Нимада? Э, энди улар билан Вадимнинг нима иши бор!
Хўш, мамлакат нима бўлади?
Тасаввур қилиш қийин эмас. Бу кароматгўй ва келажак башоратчилари Вадимнинг ошхонасида еб-ичиб гап сотган ўша пандавақилар, бекорчихўжалар, улар орасида физиклар, химиклар ва биологлар ҳам бор эди, лекин улар ўз фанлари билан фақат илмлари туфайли ҳокимият юзига тупуриш бўлгандагина шуғулланадилар. Қизиқ, одамлар, бир-бирини мақташади, холос. Ҳатто қўшиқ ҳам тўқишибди: “Келинглар, бир-биримизга мақтов айтайлик…” Улардан биттаси бир куни мақтаниб қолди, буни қарангки, у ўзининг илмий-тадқиқот институтида имтиёзли даражада экан, гўё унга шикоят қилишибди: мана, кўриб қўйинг, ўзимизда ҳам диссидент бор, уни нима қиламиз? – деб. Шикоятчига раҳбарият шундай маслаҳат берибди: сиз диссидентга ҳадеб ўчакишаверманг, ҳадеб ишга кўмиб ташлайверманг, акс ҳолда социализмда кишиларни эксплуатация қилишаяпти деб, бутун Европага жар солади-я!.. Э, турган-битгани бекорчихўжа ва маҳмадоналар, лекин улар орқасида қандайдир кучлар бор, вақт-вақти билан ошхонада ёши каттароқ, тажрибали йигитлар ҳам келиб туришарди. Жуда кам гапиришарди. Уларнинг гапларини ҳозир Вадим эслаб, мағзини чақа бошлади. Ҳокимият худди ўша индамаслар қўлига ўтади ва мамлакат, эҳтимолки, социалистик йўлдан бошқа томонга бурилади. Партия, бу аниқ, барча ҳуқуқ ва ваколатларидан маҳрум бўлади. Бундай ҳуқуқлар бошқа кишиларга берилади. Маълум вақт мобайнида завод ва фабрикалар раҳбариятсиз қоладилар. Унда нима бўлади? Ҳаммаси барбод бўлади, емирилади. Буларнинг олдини олса бўлади, лекин ким шундай қилади? Ҳамма жойда митинглар, талотўплар бошланади. Жуда узоқ вақт оғизларини очиришмади, кўчаларга чиқаришмади. Гап талашишади, ҳар бир тепаликдан туриб нутқ сўзлайдилар, совет ҳокимиятини булғашга тушадилар. Лекин ҳалиги “уч” олиб ўқиганлар янги ҳокимиятга ялтоқланадилар, ўз одамларини қўллаб-қувватлайдилар, буни улар эплайдилар. Худди ўшалар Вадим ҳақида қайғурадилар, уни партиядан ҳайдаб юборишганда, ташлаб қўймайдилар. Ҳаётга йўл берадилар. Буржуазия тартиблари уларга жуда ҳам маъқул, у ердаги парламентлар, сенатлар ва палаталар “уч”чиларга жуда ёқади. Унга, эркин иттифоқнинг эркин парламентига Вадимни депутат қилиб сайлайдилар. Унинг қандай аталиши номаълум, лекин Ирина подшо пайтида Олий Кенгаш қандай аталганини айтиб беради. Янги парламентда Вадим роса нутқ ирод қилади, у эса қандай гапиришни билади. У фақат минбарга чиқиб олиб, гап бошласа бўлгани – ҳаммасини қойил қилади. Бунинг учун оддий нарса керак, холос: фақат унга хушрўй ва оёғи чиройли хонимлардан етказиб турилса бўлгани. Халқ сайлайдиган депутатларнинг ёш цензини1 камайтириш ва у ерга навжувонларнинг етарли миқдорини киритишга эришилса бас, оёғи чиройли хонимлар топилади. Шундай оёқларга кўзи тушса, хизмат кўрсатган ва ҳурматли депутат Глазичевга жон киради.
Яҳудийларга ҳам раҳм қилиш лозим, – ўйларди депутат Вадим Глазичев. – Майли, ўзларининг тарихий ватанларига кўплаб қайтаверсинлар. Шунда Павлодар, Усть-Илимск ва Кацавенодан келган йигитларга кўпроқ уйлар қолади. Барча чеклашларни бекор қилиш керак, жин урсин. Анави разил идора – КГБни тарқатиб юбориш лозим. Ҳа, милицияни ҳам бир силкитиб ташласа ёмон бўлмасди.
Вадим узоқ ўйланиб қолди. Кейин бирдан “қаҳ-қаҳ” уриб кула бошлади. У ўз устидан, павлодарча гўллигидан куларди. Куч-қувват ва пулни сарфлашнинг нима кераги бор? Барибир пул кам бўлади, уни мебелга, гиламга сарфлаш на ҳожат? Ахир, бир вақтлар уч хонали квартирасида шу нарсаларга эга эди-ку! Ҳаммаси оддий: олдиндан Ирина билан қайта никоҳга кириб, ўша уйга кўчиб кириш. Ирина – содиқ дугона, энди тушуна бошладим: оила – бу “кама сутра” эмас, шаҳват муомаласининг юз қирқ саккиз усули тугул, йўқ, бутунлай бошқа нарса – ҳозир айнан Иринада мавжуд бир хилқат; у ҳозир бирам ёқимли, бирам мулойим бўлиб қолганки… Аммо қайнотаси унинг қиёфасида халоскорни кўриши учун, Вадим, ҳали вақт борида унга аччиқ ҳаёт нималигини кўрсатиб қўйиши керак, СССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Иван Иванович Лапин қандайдир янги ғоялар тантанаси учун азоб чекмоғи керак. Академикка қарши органларни, Рушниковга ўхшаш турли жосусларни гиж-гижлаш лозим. Бошқача қилиб айтганда, зимдан туҳмат ёзмоқ даркор. Масалан, икки ҳафта бурун ишхонадан эски, рўйхатдан ўчирилган ёзув машинкаси келтирилди, тузатилиб ишлайдиган ҳолга келтирилган ўша “Оптима”ни ахлатга ташлаб юборишга кўзи қиймади. Энди у ўша ёққа ташланади, лекин олдин ҳали ишлаб турган КПСС Марказқўмига маълум қилинади.
Ушбу чақимчилик матни унинг калласида ўз-ўзидан пишиб етилди. “Азиз ўртоқлар! Яқинда Латвия ССРнинг Тукумс шаҳридан ўтиб кетаётиб, ўлкашунослик музейига кириб қолдим. Ўша ерда мен тасодифан ғаройиб ҳужжатга дуч келдим. Аниқлашимча, ўша ҳужжат кимнингдир илтимоси билан архивга жўнатилган экан. Мазкур ҳужжатнинг гувоҳлик беришича, Латвиянинг Тукумс уездида бир вақтлар одамларни қон-қақшатган ва йирик қулоқлардан бўлган Лапиньш Ивар ҳозир совет фанига суқилиб кириб олган Иван Иванович Лапиннинг отасидир…”
Лекин уйини у бермайди! Бу жой унга жуда қимматга тушган. Бу ерда Фаина яшайди, у билан ажралиш нияти йўқ. Қонуний аёли ҳам бунга қаршилик қилмайди, Ирина истаган пайтида бу ерга келиши мумкин. У бу ерда Вадимни Фаина билан бирга кўриши мумкин, барибир, “ғинг” демайди. Чунки Фаина қандайдир сартарош эмас, балки унга яхши таниш бўлган аёл. Фаина Вадим учун келгувси ҳаётида муҳофаза ёрлиғидир. Агар борди-ю, қонуний ёстиқдоши – Иринадан фарзанд кўрмаса, Фаинадан туғилиши мумкин. Агар Ирина туғса, Фаина шу ерда, ёрдам беради.
Хонада у ёқдан-бу ёққа юрар экан, Вадим Глазичев яна кўп нарсаларни ўйлаб қўйди. У ҳар замон-ҳар замонда отасига қараб қўярди. У бўлса, ўлмас ва шу билан ўғлига келгусидаги ўз ҳаётини ўйлаб олишга имкон берарди.
Вадим кўзгуга қаради ва унда анча қорайган, қад-қомати келишган, сочлари эрта оқарган, аёвсиз, куч-қувватга тўлган эркакни кўрди. У йўлида учраган барча енгил нарсаларни вайрон қилиб, енгил бўлмаган оғир нарсаларни четлаб ўтишга қодир эди. Унинг рўпарасида жангга ташланаётган йигит турарди. У энди чекка қишлоқдан келган довдир йигитча эмас, ҳатто москвалик ҳам эмас, балки бутун Россия миқёсидаги арбоб эди.

25

Отаси душанба куни жон таслим қилди. Бутун шанба ва якшанба давомида Ирина билан Фаина тахта каравотни гулларга буркаб ташлашди. Қўшнидан магнитофон сўраб олишди ва кун бўйи аёллар танлаган музикалар: Верди, Бах, Шопен асарлари янгради. Нима бўлганда ҳам ер юзининг олтидан бир қисмини ва юзлаб ядро зарядлари эгаллаб турган партия ўлаяпти, ахир Григорий Васильевичнинг бармоқлари ўлими олдидан кучга кириб ҳаракат қила бошлади. У Вадимнинг қўлларига маҳкам ёпишиб олди. Бу ярим тунда рўй берди.
Фаина билан Ирина кетма-кет кириб келишди. Улар энди хўжайинлари ким бўлишини тушуниб олишганди. Улар кўзёши қилишди, у-бу ишларга қарашишди, вакил келгач, ўликни олиб кетишди. Вадим отасининг партбилетини олиб район фирқа қўмитасига югурди, бадалларини тўлаб қўймоқчи бўлди, лекин қайтаришди. У шаҳар қўмитасига, яна қаергадир сим қоқа бошлади. Охири Фаина уни силтаб тўхтатди:
– Эсингни йиғсанг-чи! Нима, кўрмаяпсанми? Уларга ҳозир фирқа аъзоларининг ўлиги ҳам, ҳатто тириги ҳам керакмас…
Партия йиғилиши соат учга белгиланган эди, Вадимга маслаҳат беришди:
– Отанг ўлганини айт, йиғилишни қолдиришади.
У рад этди. Ирина билан Фаинага қулоқ солмади, ювинмади, атир сепиб нажас, сийдик ва маййит ҳидини кетказишни истамади ҳам.
– Нима учун? – деди елкасини қисиб. Барибир, ювиндихонага бораяпман…
Бусиз ҳам йиғилиш икки марта қолдирилганди, коммунист Глазичев ўз хатоларини тан олишга рози бўлади, деб ўйлашганди-да… Душанбага белгиланган йиғилишни кейинга қолдиришга ҳеч кимнинг юраги бетламади. Ҳеч қанақа баҳона-ю, кўз ёши ҳам ёрдам бермасди: чунки ташқи ишлар вазирлиги шошираётганди, у, ахир, тезроқ ўзини оқлаши керак эди-да!
Партиядан ҳайдалаётган коммунист Глазичев мажлислар залига бошини баланд кўтариб кирди. Ва бошини шундай, мағрур тутганча қайтиб чиқди. Орқасидан эшикни ёпиб, ёрқин келажак сари дадил одимлади.
– Сен менинг ҳаётимни барбод қилдинг! – деди ғазаб билан ҳамюрти телефонда ва дафнга боришдан бош тортди, кейин бу қилмишидан қаттиқ афсусланди.
Аммо, адвокат пайдо бўлди. Бу ўша – бир вақтлар Вадимни қип-яланғоч қилиб ечинтирган ҳамда уч хонали уйдан қувиб чиқарган адвокат эди. У Фаина олдида бош эгди-да, энгашиб қўлини ўпди. Улар четга чиқиб анча гаплашишди. Улар нима ҳақда гаплашганини Вадим сўраб ўтирмади, чунки яхши биларди: ўлган отасининг пойтахт тупроғига кўмилиши мумкин эмас. Кремль деворига марҳумни йўлатишмайди. Наводевичье қабристони йўлини милиция тўсиб қўяди. Ваганьковскийда анча мураккабликлар бор экан. Ниҳоят, икки квадрат метр жой Введенский мозоридан топилди, у ерга ҳам ҳар қандай одамни қўяверишмайди.

26

Адвокат ўзига юклатилган барча умидларни тўла оқлади: кўмишга ер топиб беришдан ташқари, унинг буюртмаси билан шундай тобут ясалдики, унга 1905 йилги маёвка қатнашчиси ҳам жон-жон деб ётган бўларди.
Дафн маросими дабдабали бўлди ва кўп киши қатнашди. Пойтахтнинг барча диссидентлари келишди ва тобутни эҳтиром-ла, улуғвор кўтариб боришди. МАИнинг талаба қизлари – қирқ нафардан ошиқроғи бир жойга тўпланиб олиб, Ирина билан Фаинадан кўз узишмасди, улар ким, қайси аспирантурадан деб бош қотиришарди. Марҳум мамлакат бўйлаб дайдиб юргани ва касаллиги туфайли кўп ойлар аъзолик бадалини тўлай олмаган экан, шу сабабли у ўзини партиядан ҳайдалган деб ҳисобларкан. Буни диссидентлар билишмасди. Шу боис ўғил ота изидан борган, марҳум ҳаётлигида КПССга иснод келтирувчи хатти-ҳаракати ва советларга қарши жўшқин фаолияти учун партиядан ўчирилган деб билардилар. (Буни хорижий “овозлар” ҳаялламай қайд этишди.)
Марҳумни хотирлаш маракаси ўтказилди. Кўплаб нотаниш кишилар Вадимнинг ёнига келиб, қўлини қисишди, мардлиги ва қатъияти учун миннатдорлик билдиришди. Ҳатто Иван Иванович Лапин-Лапиньш ҳам келиб, Вадимни бағрига босди. Оиласи бағрига қайтганлигидан мамнунлигини билдирди.
Эртаси куни Вадим ўзига яхши таниш бўлган уч хонали уйга кўчиб ўтди.
Ундаги ҳеч нарса ўзгармабди. Ўша мебель, гилам ва шолчалар. Иккала жовон ҳамда токчалар китоблар билан тўла. Бошқа қидиришга ҳожат йўқ. Ётоқ ва ошхонадаги жовонлар ҳам жой-жойида. Ирина анча тўлишибди, бўйи ўсганга ўхшайди. Сонлари диркиллайди, ҳаяжонидан кўкраклари кўтарилиб тушаяпти. Эрини қайта топганидан мовий кўзлари ёниб турибди. Унинг пули бор. Ана шу пул Фаина нигилистлар деб атаган кишилар ҳукмронлигининг хира даврини ўтказишга бемалол етади.

Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 4-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!