Абдумурод Отажонов. Ҳаёт қуёши (ҳикоя)

Тун-кунунга айлагали нурпош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Алишер Навоий

Жеткербой хўжалик марказидаги шифохонада навбатчи эди. Навбатчи шифокор саломатлик ва тинчлик учун масъул.
Қиш куни бир тутам… Қоронғи тез тушади. У хоналарга бирма-бир кириб чиқди. Ҳамшираларга дориларни беморларга вақтида ичиришни, муолажаларни кечиктирмай бажаришни тайинлади. Даҳлиздаёқ турли дори-дармонларнинг ўткир ҳиди димоққа урилади. У очиқ ҳавога чиқди. Чорбоғда бир оз айланиб юрди. Тўрдаги хонада яқинда тиббиёт амалиётидан чиққан бемор ётибди. Ундан вақт-вақти билан хабар олиб турилса, бас, тунги навбатчилик тинч ва бехатар ўтади. Совуқдан эти жунжикди… Илиққина бинога кирганида қабулхонадаги телефон қулоқни қоматга келтириб жаранглаётган эди.
— Лаббай, лаббай, эшитаман. Ҳа, шифохона. Шифохона деяпман-ку!.. — Гўшакдан чийиллаган товуш чиқди. — Эшитиляптими?..
— Шифохона деяпсизми? Уҳ-уҳ… Яна тушдимми?
— Ҳа… Нима деяпсиз…
— Кўнгилсиз воқеа…
— Нима? Жони омонми?
— Ҳозирча омон…
— Нима бўлди?
— Овулимизда бир сўқир кампир бор эди. Совуқ уриб музлаб қолибди. Тез етиб келинглар. Ундан айрилиб қоламизми, деб қўрқаяпмиз.
— Гўшакни қўймай туринг… Қайси овул?
— Нўғай овули.
— Кимнинг уйига борайлик?
— Бийсен тракторчининг онаси. Мен кўприкда кутиб оламан.
Телпагини кўзига бостириб кийган ёш йигит машинанинг олдига тушиб, йўл бошлади. Эшиги жанубга қаратиб қурилган уйнинг ёнида тўхтаб, “мана шу уй” дегандай деразасидан нур тушиб турган кулбага ишора қилди.
Жеткербой тез тиббий ёрдам анжомлари солинган қутичасини кўтариб, йўл кўрсатган йигитнинг изидан ичкарига кирди. Беморни қўни-қўшнилар, кайвони момолар ўртага олган. “Дўхтир келди, дўхтир келди”, деб шивирлашиб Жеткербойга йўл бўшатишди. Тезкор муолажадан бадани қизиган кўзи ожиз кампир кучсизгина шивирлади:
— Айланайин, Бийсенмисан? Бийсеним, — дея лабларини қимтиди.
— Оҳ, онаизор-а! Ўзи жон талашиб ётибди-ю, яна даладаги боласига қайғуради-я, — деди бошига қават-қават рўмол ўраган қора кампир.
— Боласи далада. Ҳолидан хабар оладиган кимса йўқ. Тағинам қорга кўмилиб қолмаганини айтинг…
— Худо сақласин-а!
— Ҳар куни адашмасдан бориб-келиб юрадиган йўли эди. “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деб шуни айтишаркан-да. Худо шифо берсин!
— Қўрқманглар, омонлик… Юрагини совуқ урганми, йўқми, билмадим.
— Бояқиш ғариб жон, унинг иссиқ-совуғидан хабар оладигани йўқ.
Жеткербой беморнинг турмушидан хабардор бўлди, демак, она сўқир, боласи далада ишда. Мана бу дорини ичсин, мана бу укол билан муолажа қил, деб кимга топширади? На қизи, на келини бор… Кампирни шифохонага олиб бориб, даволайди. Соғайтириб, дуосини олади.
— Ўғлига айтиб қўярсизлар, — деди шифокор оқ рўмолини тепасига лайлакнинг уясидек баланд қилиб ўраган кампирлар билан иссиқ хонада ҳам қуён мўйна телпагининг узун қулоқларини тушириб олган йигитга. — Момони шифохонага ётқизамиз.
Бийсен тракторчи ёлғиз бошли сўқир кампирнинг яккаю ягонаси эди. У ёзда даладан бери келмас, кузги йиғим-теримда эса пахта қабул қилиш омборига пахта ташиш билан банд. Қишда ҳам тиниб-тинчимайди, узоқ-яқинларнинг юкини ташийди. Ўша куни ҳам Бийсен бировнинг молини олисроқдаги молбозорга олиб кетди шекилли, уйга қайтмади.
Кўзи ожиз кампир кун ботиб, қоронғи тушганини қўшниларнинг ҳовлиси сув сепгандек жим-жит бўлиб қолганидан сезади. Одамлар куннинг ёруғида зарур ишларини битириб олишади-да, кўнгли хотиржам бўлиб, уй-уйларига кириб кетишади.
Кўзлари кўрмай қолгандан буён кампир тонг оқариб отганию, кун қизариб ботганини тусмоллаб билади. Уйнинг совуганини ҳам кеч киргач пайқайди. Шомга бориб аёз туради, изғирин кучайиб, этни жунжиктиради. Ўғли ишга кетаётганида ҳовлидаги ғарамдан бир қучоқ ўтин келтириб, печканинг ёнига қўйиб кетди. Кампир пайпаслаб ўтинни топди. Юлғуннинг қуруқ новдаларини печканинг ўчоғига қалади. Қамишнинг бошидаги пўпакларидан тутантириқ қилиб, гугурт чақди. Алламаҳалда ўчоқнинг бир ёнига қўйилган қора қумғон шақиллаб қайнади. Кампир қайнаган сув тошиб, оловга тўкилганида “жиз-жиз” этиб чиққан товушдан ҳушёр тортди. “Қайнаса қайнасин, — деди у. — Ёлғиз ўзим чой ичмайман. Болажонимни кутаман!”
Қишнинг узундан узоқ бир туни шу зайилда жуда секин ўта бошлади. Кампир зерикди. Яқин орадаги қўшнисиникига бориб, ухлаш пайтигача гурунглашиб ўтиргиси келди.
Овулдаги уйлар сочилган тариқдай ҳар қайсиси ҳар томонда. Кампирнинг уйи хийла четда. Энг яқин қўшнининг уйи катта ариқнинг нарёғида. Ариқ четларидаги ерлар ўйдим-чуқур, қизилмия, юлғун қоплаган жарлик ҳам бор. Ўртада ёлғизоёқ сўқмоқ. Кундузи ёққан қалин қор теварак-атрофни кўрпадек буркаган. Ҳатто кўзи очиқ одам ҳам йўлни кўмиб юборган бу қалин қорда увату текисликни фарқлаши даргумон…
Кампир уйидан анча олислаб кетганида ўзининг тўғри иш қилмаганини англади. Ана энди бир ножўя қадам босса ё ариққа тушиб кетади ёки ариқдан қазиб чиқарилган лой уюмига, кесакка суринади. Таёғи билан туртиб-туртиб кўрса, рошнинг метиндек деворига тегади. Яқин орада бундай рош ё жарлик йўқ эди-ку. Энди нима қилади? Қаёққа қараб юради — олдингами, орқагами? Келган йўли билан уйига қайтгани маъқул.
Аёз кучайиб, бошига ўралган рўмолнинг чокларидан, кийимининг ёқаларидан изиллаган аёз киради. Аъзои бадани нина санчилгандек чиммиллаб оғрийди. Ҳасса тутган қўллари ҳам ачишади. Бир маҳал оёғи сирпаниб, бир ёнга қийшайиб, муз устида учиб кетиб, қор уйими устига қулаб тушди. Қўлларини сермаб, тўрт тарафни пайпаслайди. Тикка жар, оёқ босиб чиқадиган қияроқ ер йўқ… Тунги аёз авжига миниб, ҳолдан тойган гавдани музлата бошлади. Энди охирги чора — овози борича товуш чиқариш, холос.
— Худойим-ай, менга дунёни кўрсатиб, ҳаётнинг чиройига ташна кўнглимни қондирдинг, шукур, рози бўлдим… Бироқ отадан етим қолган яккаю ягона боламнинг умрига йўлдош, турмушига қўлдош бўлиб, сенинг марҳаматинг билан яшаётган эдим. Энди келиб-келиб бир ғариб банданг — Бийсенимни етим қолдириб, ризқу насибасини — оналик меҳримни қиясанми, эй Оллоҳ?! Наҳот, қаҳринг бунчалар қаттиқ бўлмаса?! Оҳ, болажоним, Бийсеним, мен музлаб бораётирман… Шу ҳолда танам қотиб, ўлиб қолсам, сен етим қоласан… Кел, жоним, кел. Мени елкангга опичлаб, уйга олиб кет, болам! — дея тўхтаб-тўхтаб, нафасини ростлаб ўзига-ўзи гапираверди кампир. Биров бўлмаса, биров эшитиб, қор босган ўрадан қутқариб олар, деб умид қилиб мадори етгунича товушлайверди.
Тун сукунатида кучсиз товуш ҳам узоққа таралади. Телпакли йигит ётиш олдидан ташқарига чиқди. Кампирни товушидан таниди. Етиб келиб кампирнинг музлаб қолган қушдай енгил гавдасини елкасига олиб, уйга қараб югурди…
Эрталаб Жеткербой кеча оқшом оғир аҳволда келтирилган беморни бориб кўрди.
— Она, қалайсиз? Яхшимисиз? — ҳол сўради шифокор кампирдан.
— Бийсеним? Бийсеним…
    Шифокор ҳайрон бўлиб, хонадаги беморларга қаради.
— Момо, ўғлингиз тунда келиб кетди. Бу шифокор, — деди кампирнинг қулоғига ёшроқ бир келинчак. — Яхшимисиз, деб сўраяпти.
— Худо хоҳласа, омонатини олади, — деди кампир. — Мен ўлимдан қўрқадиган ёшда эмасман… Меҳрибон ва раҳимдил Худойим оналарни фарзанддан айирмасин. Фарзандлар онасидан айрилиб қолмасин…
— Она, навбатчилигим тугади, — деди Жеткербой. — Муолажаларингизни қизларингиз қилиб қўяди… Индинга келаман…
— Чироғим, сени қандай она туққан экан, бунчалар меҳрибонсан? Онанг борми, раҳмат айтаман, онанг…
Жеткербойнинг юраги чиммиллаб кетди.
— Нега индамай қолдинг, болам? — деди кампир шифокорнинг жим қолганини пайқаб, онадан етим эканлигини англаб. — Эй тақдир, бандаларнинг кўнглини ярим қилишга моҳирсан-а… Вой, жоним-ай. Мендай кўзи сўқир ғарибни кечир. Бийсеним отадан айрилиб етим қолган эди, сен онадан…
— Ҳа, она… Шунинг учун мен оналарнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонимни ҳам аямайман… Сизларга жонимни, бутун ҳаётимни беришга тайёрман, — деди Жеткербой кипригидан томган тиниқ ёшни қўллари билан юзидан сидираркан. — Она фарзанди учун ҳаёт қуёши… Она фарзанд ҳаётининг ўзаги. Она, сиз ҳам ҳаётда нур сочиб турган қуёшсиз. Фарзандингиз — Бийсеннинг фаришта онасисиз!
— Умринг узоқ бўлсин, болам! Оналар бахтига омон бўл. Элинг учун хизмат қил, жоним болам!

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 25-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!