Абдукарим Усмонхўжаев. Руҳ давоси – соғлик асосидир

Одам организмининг жамият, табиат ва олам билан олий даражадаги уйғунлиги унинг саломатлигини белгилайди.Бу уйғунликнинг бузилиши дискамфорт, дисфункция (организм ишининг бузилиши, касаллик)ларга олиб келади. Организмда доимий равишда икки тараф –саногенез (саломатлик механизмлари) ва патогенез (касалликлар механизмлари) жараёни кечади. Унинг саломатлиги ташқи муҳит, жамият ва оламга бўлган мослашувда намоён бўлади.
Неча йиллар мобайнида одамларни даволашга биологик ва жисмоний саломатлик нуқтаи-назаридан қараб келинди, руҳий-маънавий саломатлик тўғрисида эса яқин дамларгача гапириш имкони бўлмади. «Саломатликнинг моҳияти шундаки — дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида, – у ўз ичига том маънода жисмоний, руҳий ва ижтимоий бахт-саодатни қамраб олади». Ҳолбуки, инсон Табиатнинг, Оллоҳнинг бир бутун ижод маҳсули экан, саломатлик тўғрисидаги тасаввурга яна бир категория – диний саломатлик тушунчасини ҳам киритиш лозим бўлади. Шундай интеграл ёндашув орқали инсон саломатлигига ижобий таъсир қилиш мумкин.
Саногенетик ва патогенетик механизмлар ўзаро узвий алоқада бўлиб, бунда саногенетик омилларнинг устун келиши саломатликни таъминласа, патогенетик омиллар устунлиги касалликларга олиб келади. Ўзини мувофиқ тарзда жисмоний, руҳий-маънавий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантира олган, табиат ва муҳитга яхши мослаша олган кишигина соғломдир.
Айрим кишилар ўз вужудига душмандай муносабатда бўладилар: нима тўғри келса еб кетаверадилар, спиртли ичимлик ва тамаки билан танасини заҳарлайдилар. Аммо дунёда ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси бор. Саломатликка ҳам бир куни путур етишини ўйлаб кўрмайдилар. Бунинг ҳаммаси ўша кишиларнинг ўз организми фаолиятини, ўзини билмасликдан, яъни тиббий маданияти пастлигидан келиб чиқади. Албатта, ўз организмининг жамики хусусиятларини олимлар ҳам тўлиқ билмайди, бироқ ўз организмининг асосий талаб-эҳтиёжларини ҳар бир киши билиши шарт. Умумий, тиббий маданият, унинг руҳий-маънавий ва наслий ибтидосини саломатликни сақлаш ҳақидаги билимлар аниқлаб беради.
Бахтга қарши, замонавий тиббиётда депсихологизация давом этаяпти. Тиббиётдаги даҳрийлик, шифокорларнинг бемор устида ўт ўчирувчилардек ишлаши, яъни жигар оғриса фақат жигарни даволаши, бош оғриса бутун эътиборни бошни даволашга қаратиши, касалликнинг туб сабаби қаердан келиб чиқаётганини аниқламай туриб ҳаракатга тушиши нотўғри. Шифокор қанчалик тор мутахассисликка эга бўлмасин, бемор қалб ва руҳга эга бир шахс эканлигини ҳеч қачон унитмаслиги лозим.
Одам организмидаги ҳужайралар умр давомида ҳар ўн бир ой ичида яшариб, янгиланиб туришини замонавий тадқиқотлар исботлаб берган. Психологик тадқиқотлардан организм саломатлиги руҳнинг ҳолатига, кишининг ўзига-ўзи руҳий таъсир қила олишига боғлиқлиги ҳам маълум. Таъкидлаш керакки, инсон психологияси доимо ёшлигича қолади, кўнгил ҳеч қачон қаримайди. Ёш ўтиши умрнинг охири эмас, бу – донишмандлик тонгидир.
Одамнинг ўз тани сиҳатлигини сақлаши уч асосий принцип: ўзини англай олиш, тарбиялаш олиш ва ўз билимини қўллай билишга асосланади. Бунга яна уч туйғу: ишонч, умид ва муҳаббат қўшилади. Уларнинг энг асосийси ИШОНЧ – инсон саломатлигининг негизидир.
Беморда Яратганга, шифокорга ва ўзига нисбатан ишонч туйғусини шакллантириши муҳим аҳамиятга эга. Интеграл соғломлаштириш тизими саломатликнинг беш асосий қоида: рационал овқатланиш; тўғри нафас олиш; фаол ҳаракат қилиш ва чиниқиш; руҳий мувозанат ва руҳий такомиллашувни ўз ичига олади.
Тўғри овқатланиш – сиҳат-саломатлик ва узоқ умр кечиришнинг асосий шартларидан биридир. Овқатланишда учта таомилга: оқиллик, изчиллик ва хилма-хилликка риоя этиш керак. Овқатланиш орқали бош миянинг нерв ҳужайраларида ва организмда моддалар алмашинуви тартибга тушади. Озиқ-овқат фақат қон таркибини белгилаб қолмай, балки инсонда дунёқарашнинг шаклланишига ҳам ҳисса қўшади. Ҳозирги вақтда овқатланишга иккита бир хил жараён: озиқлантирувчи ва тозаловчи жараён сифатида қаралмоқда.
Овқатланишни доимо бир вақтда бошлаган, қовурилган таомлардан сақланган, шакар ўрнига асал истеъмол қилган маъқул. Қадимги табиблар асални умрзоқлик таоми, деб ҳисоблаганлар: «Асал ички аъзоларни соғайтиради, ҳароратни туширади, уни узоқ вақт истеъмол қилиб юриш иродани кучайтиради, вазнни енгиллаштиради, ёшликни сақлаб қолади ва умрни узайтиради».
Одам организмида тахминан 200 триллион ҳужайра бор. Уларнинг ҳар бирида 100 мингга яқин генлар бўлиб, улар бутун организм ва ҳужайраларнинг иш фаолиятини, ривожланишини бошқаради. Агар ана шу генлар нормал ишлаб турса, ҳар бир алоҳида ҳужайра ва бутун организм соғлом бўлади, узоқ умр кўради.
Қуръонда ёзилишича, одамнинг умри ва руҳи нафасида бўлар экан. Тўғри нафас олиш нафас олиш аъзоларининг ҳар томонлама ривожланиши ва мустаҳкамланишига ёрдам беради. Артериал босимни нормаллаштиради, юрак ва бош мия фаолиятини яхшилайди, организмнинг касалликларга қаршилигини оширади. Нерв системаси мувозанатга тушади, кайфият кўтарилади, одамнинг умумий ҳолати яхшиланади. Шу маънода, нафас олиш машқининг оддий ва самарали бир усулини тавсия қиламиз. Бу усулга кўра, секин, юзакироқ нафас олинади, аввалига 2-3 секунд нафас ушлаб турилади. Нафас олиш мароми минутига 6-8 марта, кейинчалик аста-секинлик билан нафас олиш ва чиқаришнинг вақти чўзиб борилади, нафас олиш эса секинлигича қолади. Бир-икки ой давомида бу машқ одатга айланади.
Йога (жўги)лар системаси бўйича нафас олиш машқлари ҳам кони фойда. Бунда чуқур нафас олиб, қорин ичига тортилади. Ўзимизга қулай тарзда жойлашамиз ва нафас чиқаришда қоринни олдинга чиқарамиз. Нафас олишда 10 – 12 дақиқа нафас ушлаб турилади. Нафас чиқариш нафас олишга қараганда икки баравар секинроқ бўлади. Шу тарзда етти марта машқ қилиб кўринг ва дам олинг. Кун давомида бу машқни бир неча марта такрорлаш мумкин бўлади.
Пастки, аниқроғи қориндан нафас олиш ва чиқариш машқи фақат бурун орқали амалга ошади. Ҳамма машқларда нафас узоқ вақт ушлаб турилиши тавсия қилинади. Ўрта ёки қовурғалараро нафас олиш машқида нафас чиқариш билан қорин тортилади ва қўллар ёрдамида қовурғанинг пастки қисми босилади. Бироз ушлаб турилиб, қовурғаларнинг пастки қисмининг ён томонга қараб кенгайиши ҳисобига аста-секин нафас олинади.
Нафас олишнинг учинчи тури – юқори томон ёки ўмровдан нафас олиш бўлиб, бунда нафас олиш ва чиқариш қовурғалар, елка ва ўмровлар орқали амалга оширилади. Бу машқ давомида елкаларнинг кўтарилишидан ўпканинг юқори қисми ҳам ҳавога қонишига имкон туғилади. Нафас чиқаришда елкалар пастга туширилади ва қорин ҳамда кўкрак қафасининг ўрта қисми ҳаракатсиз ҳолатда бўлади.
Умуман, бу машқларда энг муҳими нафас олиш маромини тўғри ушлаб туриш, шошилмай амалга ошириш. Нафас чиқариш нафас олишдан кўра икки баравар секинлик билан амалга оширилиши лозим.
Буқрот ҳаким: «Кимки ўзининг иш қобилиятини, тани сиҳатлигини, ҳузур-ҳаловатли ҳаётини сақлаб қолишни хоҳласа, бадантарбия машқ-лари билан мунтазам шуғуллансин, пиёда юриш ҳар кунги турмушидан мустаҳкам ўрин олсин», деган эди. Ибн Сино эса: «Бадантарбия билан доимо меъёрида шуғулланиб юрувчи одамга касаллик яқинлашмайди», деган. Зотан, эрталабки машқлар, юриш ва югиришни киши ҳар қандай ёшда ҳам бажарса бўлади. Ҳар қандай ёшдаги киши ҳар куни 30-45 минут пиёда юрса, метеогелиофизик омиллар (қуёш, совуқ, иссиқ, энергетика, атмосфера босимининг ўзгаришига нисбатан чидамлилиги ошади. Ёз кунларида яхшиси оёқяланг юриш, бир кунда икки маҳал совуқ сувни устидан қуйишга одатланиш керак.
Руҳий мувозанат ва руҳий чидамлилик соғлиқ ва узоқ умр кўришнинг биринчи даражадаги шартидир. Иродани чиниқтириш ва ўзини-ўзи руҳан идора этаолиш, асабий ҳолат-стрессларга қарши туриш орзу-истакка етишишда куч-қуввати ато этади, ижобий ҳиссиётлар, жисмоний ва руҳий имкониятларни оширади. Ҳар қандай стрессларни енгиш учун киши аутотренинг машқларини ўзлаштириб олиши керак. Шунда одам мустақил равишда, ўзига-ўзи таъсир қилган ҳолда, нерв системаси ва бутун организми ҳолатига таъсир қила олиши мумкин бўлади.
Бунда учта шартга риоя қилинади: тинчлик, иссиқлик ва қоронғилик. Киши ҳиссий ва жисмоний зўриқишни енгиш, бартараф этиш учун ўзини-ўзи онгли равишда ишонтириши керак. Бунинг усули оддий: олдинига киши овоз чиқариб ўзига маълум бир буйруқни беради, кейин буйруқ фикран, ичида берилади. Шунинг баробарда киши ўзини бутунлай бўш қўйиб, диққат эътиборини, руҳий ва жисмоний қувватини олдига қўйилган вазифани бажаришга қаратиши керак. Онгни ўзи бошқариши туфайли оғриқ тўхтатилади, руҳий ва ҳиссий таранглик олиб ташланади, одам ўз ҳолати, фикри ва сезгиларини бошқаришни ўрганади.
Ўзини-ўзи транс ҳолатигача бошқаришни ҳамма ёшдаги кишиларга тавсия қилиш мумкин. Фақат руҳиятида бузилишлар бўлган беморлар бундан мустасно.
Ўзини-ўзи трансли бошқарув жараёнида артериал босим нормаллашади, стресслар, депрессия ва қўрқув (ваҳима) ҳолати йўқолади, уйқу яхшиланади, оғриқ сезиш ҳисси пасаяди, зарарли одатларга чек қўйилади, болаларда иммунитет ошади ва шунинг оқибатида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни реабилитация қилиш имкони пайдо бўлади.
Соғломлаштириш мақсадида медитациянинг шарқона услубларидан фойдаланишга муваффақиятли уринганлардан бири германиялик Шульц аутоген машқлар услубини 1932 йилиёқ ишлаб чиққан эди. Шульц бу жараённинг икки босқичини кўрсатиб ўтади. Биринчи, қуйи босқичда мижоз танасида оғирлик ва иссиқлик ҳиссини уйғотишга йўналтирилган машқлар ёрдамида релаксация (мушаклар бўшашуви) усулларини ўрганади. Иккинчи, юқори босқич аутоген медитация дейилиб, турли хилдаги транс ҳолатларини ташкил этади. Аутоген машқларини эгаллаш алоҳида машқларнинг бир бутун мажмуини узоқроқ вақт давомида бажариб боришни талаб этади.
Албатта, транс ҳолатига тез кириш бўйича олинган малакани вақти-вақти билан машқлар орқали мустаҳкамланиб туриш лозим. Бу катта кучни талаб қилмайди, чунки онгга ҳеч бўлмаса бир марта сингдирилган бошланғич дастур инсоннинг бутун умри давомида таъсир кўрсатаверади.
Транс ҳолатини, зарурий ишонтириш учун керак бўладиган қисқача сўзлар ва кичикроқ «медитация» нуқталари бўлган бир (худди визит карточкаси каби) варақчани олдингизга қўйиб, амалга оширганингиз маъқул. Бу варақчада қўйилган кичик қора нуқта ўрнига (ҳатто тунда ҳам) хонада ялтираб кўринган нуқтани топиб, унга 40-120 секунд мобайнида кўз узмай қараб турилади (бунда айрим ўзига хос шахсий хусусиятлар ҳисобга олинади). Қуйида шу мақсадга ишлатиладиган карточкаларнинг намуналарини келтирамиз.
Аввало, уйқу вақтини аниқлаб оламиз (масалан: 15 минут ёки 2 соат ва ҳоказо), кейин яқин масофадан туриб медитация нуқтасига қараймиз ва аста-секин 33гача санаймиз. Кейин кўзимизни юмиб, айтилган вақтда уйқуга кетамиз.
Яқин масофадан туриб бир нуқтага қараб, 77гача санаймиз, кейин кўзимизни юмамиз, мушакларни бўшаштириб 7-10 марта ичимизда «Қон босимим нормаллашмоқда», деб шартли сўзларни такрорлаймиз.
Шу тариқа онгингизни ўзингиз бошқара олишни ўрганиб, ўз танангизнинг ҳақиқий соҳибига айланасиз ва барча ҳаётий муаммоларингизни қийналмай ҳал қила оласиз.
Таниқли инглиз врачи В.Коулмен касалликларнинг тўқсон фоизини узоқ давом этадиган муолажалар, дори-дармонларсиз ҳам енгиш мумкин, чунки организмнинг ўзи буларни енга олади, деб ҳисоблайди. Афсуски, ҳозирги одамларнинг аксарияти кўнгилдагидек дам олиш ва ўзини бўш қўйиб ётишни билмайди. Улар ўз ботинига туша олмайди. Касалликнинг симптомларини эмас, унинг сабабларини даволаш керак. Бунинг учун энг самара берувчи дори-дармонларни киши дорихоналардан эмас, ўзидан қидириш мақсадга мувофиқдир.
Диндор кишилар учун хотиржамликнинг энг яхши усули ибодат қилишдир. Профессор В.Силезиннинг маълумотларига кўра, ибодат қилаётган кишида электроэнцефалограммада уйқу ҳолатига яқин бўлган ҳолат – суст фаоллик пайдо бўларкан.
Ҳар бир одам учун ҳаётнинг мазмуни ва моҳияти – маънавий комилликка етишишдир. Бу кишининг ўз онгида некбинлик, яхшилик, фидокорлик туйғусини тарбиялаш, худбинликнинг ҳамма кўринишларидан воз кечиш каби одатларни тарбиялаган ҳолда, оила ва жамият, табиат ва Тангри билан муносабатни тиклашдир. Бунда энг асосий омил – одамларга нисбатан меҳр-муҳаббат ва сабр-тоқат, ўзига ва атрофдагиларга хайрихоҳликдир. Доимо ўзингизни тарбиялаб боринг, тиббий маданиятингизни ошириб туринг, ижодий имкониятларингиздан фойдаланинг ва уларни ривожлантиринг, юқори маънавият ва ижодий тафаккурга интилинг. Бунинг соғлиқ учун фойдаси беқиёс эканлигини ҳеч ҳам унутманг.
Инсонни соғломлаштиришда ва саломатлигини мустаҳкамлашда психология ва дин катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Тиббиёт, психология ва дин биргаликда ривожланиши керак.
Яна бир масала. Шифокорларимиз беморларга уларнинг моддий имкониятларини ҳисобга олиб ёндошсалар яхши бўлар эди. Қадимда ҳам табиблар хизмат ҳақларини беморнинг моддий аҳволидан келиб чиқиб олганлар. Мол-мулки сероб бўлганлардан бойларга нисбатан кўпроқ пул олганлар, камбағаллардан эса камроқ, баъзан уларнинг чин дилдан билдирган ташаккурлари ҳам ҳақ ўрнига ўтган. Ҳозир ҳам шунга амал қилсалар нур устига нур бўлар эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 25-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!