Ҳаким Сатторий. “Сўзимдан англа ўзимни”

http://n.ziyouz.com/images/amir_temur2.jpgМ.Герасимов 1947 йилда “Биографлар унинг буюк юришларини тасвирлашда жами ранглардан фойдаланганлару, ташқи кўриниши юзасидан жуда кам маълумот қолдирганлар. Борлари ҳам зиддиятли ва мавҳум”, деб ёзғирган экан.

Ҳар вақтки кўргасен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб, соғингайсен ўзумни.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Буюк бобокалонимиз ҳаётини муфассал ўрганган ва мукаммал тарихий-биографик асар — “Зафарнома”ни яратган Шарафиддин Али Яздий бир ўринда ул буюк зот ҳақида шундай ёзган экан: “…ҳазрат Соҳибқирон шундай бир мулк (подшоҳлик, ҳукмдорлик) эгасидирки, у фаришталарнинг Аллоҳга мурожаат этиб, “Бузуқчилик қилувчи ва қонлар тўкувчи кимсани яратасанми?” саволига жавобан Парвардигорнинг “Мен ерда бир халифа (ўринбосар, вакил) яратаман” деган иноятига каромат қилинган сарвар (етакчи, йўлбошчи)дир. Унга ўзининг олдиндан билиш ва кўриш фазилати туфайли баҳри барр (сувлик ва қуруқлик)да эгалик қилишга қудрат берилган”.

Менимча, бу эътироф шарафли аждодимиз шаънига айтилган жами сифатларни ўзида қамраб олади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур ўз давридаёқ барча доираларда “Сайф ул-Аллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи), “Сайф уд-дин” (Диннинг қиличи) деб улуғланган эдилар.

Шубҳасиз, ана шундай муҳташам ва маҳобатли зотнинг шахсияти (ўзига хос бўлган таш­қи ва ички олами) замонлар оша афкор оммани қизиқтириб келган. Шу қизиқиш ҳосиласи ўлароқ кўплаб афсоналар, ривоятлар яратилган. Гарчи уларда жиндак ҳақиқат унсурлари бўлса-да, шарқона хаёлот ва уйдирмалар ила пардозланганидан уларни тарихий далил сифатида қабул қилиб бўлмайди. Бу ҳикоятлар бобокалонимиз ҳақида у ёки бу даражада тасаввур бериши мумкин.

Агар масалага аниқ нуқтаи назардан ёндашиладиган бўлса, унинг муаммоли, мураккаб ва чигал томонлари кўплиги маълум бўлиб қолади. Бу ҳолатни ўша замон тарихчилари ҳам, ҳозирги замон тадқиқотчилари ҳам қайд этганлар. Бу, аввало, Шахс феъл-атворининг фақат ўзига хослиги, бошқа бирор зотга ўхшамаган ички дунёси ва фаолияти (унинг камёб­лиги ва ягоналиги ҳам шунда), ўз тўпидан баланддалиги ҳамда юксаклиги билан ўлчанадиган нодир хусусиятлари билан белгиланса, иккинчи тарафдан замондошларнинг Соҳибқироннинг маишати, дид-саъжияси, шахсий турмуш тарзи ва бошқа ички ўзига хос томонлари ҳақида махсус ёзиб қолдирмаганлари билан изоҳланади. Балки у даврларда бундай тадқиқотлар яратиш урф бўлмагандир ёки ҳеч ким жазм қилмагандир ёхуд ҳамон ўшандай асарлар асрлар ғубори ичра кўмилиб ётиб, ҳозиргача топилмагандир. Бу тарих кашфиётига ҳаддан ташқари қизиққан шўро тадқиқотчилари ҳам ҳатто қўлга илинадиган далилларга кам дуч келганлар чоғи М.Герасимов 1947 йилда “Биографлар унинг буюк юришларини тасвирлашда жами ранглардан фойдаланганлару, ташқи кўриниши юзасидан жуда кам маълумот қолдирганлар. Борлари ҳам зиддиятли ва мавҳум”, деб ёзғирган экан.

Шахсият билан боғлиқ маълумотлар ўша давр асарларида яхлит ҳолда эмас, сочма тарз­да учрайди. Соҳибқирон билан юзма-юз учрашган Ибн Халдун, Клавихо, Ибн Арабшоҳ, Иоан ва бошқалар, шунингдек, бобомизнинг замондошлари ўз хотираларида ул зотнинг ташқи кўринишини йўл-йўлакай тасвирлаганлар, саройнинг маиший ҳаёти (асосан зиёфатлар баҳонасида) юзасидан далиллар келтирганлар, бирор аниқ воқеа муносабати билан ҳазратнинг руҳий ҳолати (шодлиги, ғам-ғуссаси, ғазаби)ни қайд этганлар. Атрофда кечган буҳронли ҳаёт, кескин вазиятлар инсон ва ҳарбий лашкарбоши, давлат арбоби ва илм-фан, санъат ҳомийси сифатида фахрли аждодимизнинг шахсий фазилатлари ҳақида мулоҳаза юритишга изн беради.

Бир ҳолни истисно қилиш керакки, Амир Темур даврининг буюк воқеаси эди ва, бугунги назар билан айтганимизда, неча юз йиллар тақдирини ҳал қилувчи шиддатли ўзгаришлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида пайкон ўқларидек унинг теграсида шувиллаб учарди ҳамда, не саодатки, ўшандай таҳликали дамларда ҳам чақмоқдек Ақл тўғри ечимлар топишдан адашмаган эди. Бобомиз шахсиятидаги жами унсурлар ўша Буюк Ақлга хизмат қилган ва замон сўроқларига асрлар тақдирини белгилаб берган тўғри жавоблар топилган. Бу мавқе шунчалик баландки, унинг моҳиятини “Буюк Темур” деб аталган икки рамзий сўз нисбатан ифодалаши мумкин ва бу чўнг ҳақиқат қаршисида Шахсга берилган жами таърифлар нисбий бўлиб қолаверади.

Шуни эътироф этиб, қайд қилиш лозимки, Соҳибқирон васфи ўз даврининг даҳолари қалами ила куйланмаслиги мумкин эмас эди. Бу борада, ҳақиқатан, давомий (узлуксиз) занжир мавжуд. “Зафарнома”нинг муаллифи Шарафиддин Али Яздий тўрт ёшли болакай Алишерни манглайидан ўпиб, ёруғ иқбол тилаган чол-да. Алишер Навоий ижодида бу муборак мавзунинг акс этмаслиги ёки хира акс этиши мумкин эмас. Ҳозирча биз даҳо шоиримизнинг Соҳибқирон ҳақида “…агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар…” деб бошланувчи изҳорини аксарият такрорлаймиз. Бинобарин, сўз султони нафис абадиётга бағишланган махсус асарининг ижодкор Темурий шаҳзодаларга аталган алоҳида фаслини ихлос ва эҳтиром билан Соҳиб­қирон номи билан бошлайдими, демак, бунинг замирида теран меҳр яширин. Шоир ижодида бу буюк зот тимсолига кўп бора мурожаат қилгани шуб­ҳасиз. Оддий бир қайд: Фарҳод образини кўп тадқиқотчилар Навоийнинг идеали, ҳатто ўзининг тимсоли, деб талқин қиладилар. Ана шу суюкли қаҳрамон севгилиси Шириннинг юрти Арманистонда тоғ қазиб, ариқ ўтказади. Ободончилик ишларини амалга оширади. Тарихда шундай иш қилган бизнинг бирор қондошимиз борми? Бор. Бу — Амир Темур ҳазратлари. Соҳибқирон Тоғли Қорабоғда бир неча қишни ўтказган. Бу заминда ариғ (“Барлос ариғи”) қазиб, кўплаб олий иншоотлар барпо этган. (Бу ёғини шарҳ­лаш муҳтарам адабиётшуносларимизга ҳавола). Ёки Темур Малик, Нажмиддин Кубро, Султон Жалолиддин ва бошқалар бошлаган озодлик курашини ҳам охирига етказди! Синд дарё­си бўйида шафқатсиз таҳқирланган, лекин иродаси букилмай курашни давом эттирган ва бу йўлда маҳв бўлган Султон Жалолиддиннинг орини душмандан ким олди? Албатта, Амир Темур ҳазратлари! Масалага ёндашувда ана шундай кенг миқёс талаб этилади.

Шубҳасиз, Шарқ осмонининг порлоқ юлдузларидан бири, Соҳибқироннинг тўғридан-тўғри зурриёди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва авлодлари таржимаи ҳолида шавкатли бобокалонларининг шукуҳи акс этмаслиги мумкин эмас эди. “Бобурнома”да муаллиф фахр билан “Темурия салотини дастури била тўшак устида (яъни тахтда) ўлтурур эдим”, деб ёзганди. Ўғли Муҳаммад Ҳумоюнга битган хатида “Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг иш юритишлари доимо ёдингда бўлсин. Шунда давлатинг маъмур ва пухта бўлади” дея таъкидлаганди. Булардан ташқари ҳам асарда ҳазратнинг муборак номи кўп бора тилга олинади.

***

Маълумки, мемуар асар ёзиш анъанасини Амир Темур ҳазратлари бошлаб берганлар. “Темур тузуклари” шавкатли отанинг фарзандларга йўл-йўриғи, ҳаётий дастуридир. “Бобурнома” “Темур тузуклари”нинг мантиқий издоши, давлат арбоби ва саркарда изҳорининг дилбар шоир қалби нафосати билан ороланган, мукаммаллашган шаклидир. Албатта, “Темур тузуклари” Соҳибқирон шахсиятини ўрганишда таянч манба ҳисобланади. “Бобурнома”да эса муаллиф кўплаб замондошлари ҳақида ипга тизилган маржондек аниқ-тиниқ маълумотлар берган. Бу жиҳатдан Бобур Мирзо танлаган услубни тан олмасдан илож йўқ. Биз ҳам, аввало, тайёр анъаналарни истеъфода этиш, кейин эса авлодларнинг ўзаро меҳрига қуллуқ қилган ҳолда Соҳибқирон ҳазратлари шахси ҳақидаги қўлга киритилган маълумотларни “Бобурнома” услубида баён этишга аҳд қилдик. Беғараз саъй-ҳаракатларимиз очиқ кўнгиллик билан қабул қилинади, деб умид қиламиз.

“Бобурнома”да муаллиф ўз тақдири (асосан, тахтни қўлга киритиш ва салтанат юритиш)га бевосита алоқадор бўлган Темурийлардан Султон Аҳмад ва Султон Маҳмуд (отасининг акалари), Бойсунқур Мирзо (Самарқанд тахтини ундан олган)лар ҳамда Султон Ҳусайн (Бойқаро) Мирзони ҳар томонлама тавсифлайди. Уларнинг ҳар бирининг 1) валодат ва насаби; 2) шакл ва шамойили; 3) ахлоқ ва атвори; 4) масоф ва урушлари (масофлари); 5) вилоёти; 6) авлоди; 7) хавотин ва сарори; 8) умароси (амирлари); 9) судур (бошлиқлари); 10) вузаро (вазирлари); 11) шуаро (шоирлари)га муфассал таъриф беради (9-11 тоифалар Султон Ҳусайндагина мавжуд. Бойсун­қурда 1-4 тоифа). Изоҳларнинг лўнда, аниқлиги, ифоданинг ёрқинлиги кишини лол қолдиради. Шахсларнинг бўй-басти, кийими, эътиқоди, ҳарбий ҳаёти, оиласи, фарзандлари мухтасар қайд қилиб ўтилади.

Албатта, Соҳибқирон Амир Темур шахсиятининг кўламидан келиб чиқилса, Бобур қўллаган 11 банднинг ҳар бири юзасидан тўла китоб ёзиш мумкин. Қолаверса, ҳазратнинг валодат ва насаби (1), масоф ва урушлари (4), вилоёти (5), авлоди (6), хавотин ва сарори (7) юзасидан шу сатрлар муаллифининг “Ҳазрат Соҳибқирон” (2005 йил) ва “Олтин силсила” (2006 йил) китобларида ва бошқа асарларда имкон даражасида ҳикоя қилинган. Демак, бу гал нисбатан кам эътибор қаратилган жиҳатларга баҳоли қудрат тўхталиб ўтамиз. Бунда қўлимиздаги манбалар бизга ҳамдаст, ҳампоя бўлади.

Шакл ва шамойил

Ўз замонасида “араб дунёсининг шайх ур-раиси”, “машриқу мағриб тарихининг билимдони” деб улуғланган Валиуддин ибн Халдун Соҳибқиронни 65 ёшлигида кўришга муяссар бўлган. Унинг таърифи қуйидагича: “Темур баланд бўйли, қоматдор, боши катта, кенг пешонали киши эди. Жисмонан ниҳоятда кучли, бадани оқ, юзи қизил, бармоқлари йўғон эди. Соқоли ҳилпиллаб турарди. Нигоҳи чақноқ, овози жарангдор эди. Темур ўлим ваҳимаси нималигини билмай, маънавий ва жисмоний кучини тўла сақлаган ҳолда етмиш ёшга кирди”. (“Курер ЮНEСКО”, 1966 йил, № 6).

Ибн Арабшоҳ (1389-1450) аниқ далилларга, балки ўз кўрганларига асосланиб, Соҳибқироннинг суратини шундай чизади: “Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, у гўё қадимий амолика (паҳлавонлар) авлодидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, ажойиб бўлалик, ранги оқу қизил юзли, лекин доғсиз, буғдой ранг эмас, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, қадди-қомати камолига етган, серсоқол, ўнг оёқ-қўли ногирон, икки кўзи бамисоли икки шам бўлса-да, шодлиги билинмас, йўғон овозли эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши саксонга кета­ётган бўлса-да, изтиробсиз, вазмин, бадани тўла ва пишиқ, худди зич тош мисоли қаттиқ эди”.

Кўриниб турибдики, иккала шоҳиднинг таъриф-тавсифи бир-бирига яқин, уларни ўқигач, кўз олдимизга бўйи 2 метрдан кам бўлмаган, мукаммал қоматли паҳлавон гавдаланади. Гарчи 26 ёшида олинган жароҳат асари гавданинг ўнг томонида қолган бўлса-да, қўл меъёрида ишлаган, фақат ўнг елка бироз паст бўлган. “Темур виқор билан отда ўтирганда бу нуқс асло сезилмас, аксинча, чап елканинг баландлиги унга ўзгача салобат бағишларди”, деб ёзади тарихчилар.

Ахлоқ ва атвор

Барча даражадаги муаррихлар ҳазратнинг эътиқодда комил эканликларини фахр билан қайд этганлар. Болаликдан исломий муҳитда улғайган Соҳибқироннинг устоз ва пирлари жамиси ҳанафия мазҳабида бўлиб, ўзлари ҳам шу мазҳабда эдилар ва барча ҳаракатларида ҳанафия талабларига амал қилганлар. Ўзларига маънавий пир сифатида саййидзода Саид Баракани ва хуросонлик Зайниддин Таёбодийни танлаган эдилар. Шайх Шамсиддин Кулол оиланинг яқин кишиси ва пири бўлиб, ҳазратга исм қўйган ҳамда ёруғ камолидан башорат қилган эди.

Бобомиз гарчи фаолиятларида сиёсат ва диннинг мавқеини аниқ тайин қилган, уларни аралаштириб ёки қўшиб юбормаган бўлсалар-да, диндорларга чуқур ҳурмат билан қараганлар, уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутганлар. Умрлари бўйи диний авлиёлар, уламоларнинг равзаларини обод қилишга катта эътибор берганлар (жумладан, Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий қабри устига маҳобатли бино қуришни амр этганлар). Ўзлари ҳам диний арконларга тўла амал қилганлар. Сафарлар асносида ҳар доим ўғруқда кўчма ёғоч масжид олиб юрилган. Соҳибқироннинг бу борадаги тамойилини ўз сўзлари билан бундай ифодалаш мумкин: “Давлат ва салтанатимга боғлаган менинг биринчи тузугим — Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим”.

Мадраса таҳсилини олган, ўз даврининг етакчи олимларини суҳбатдош тутган Соҳибқирон бобомизнинг урфоний салоҳиятлари нақадар эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Адабиётдан қанчалик бохабар эканликларини Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”да келтирган ҳикояси орқали биламиз. Ўшанда ваҳимага тушиб, Қуръон тиловатига жаҳд қилган кишига қарата айтилган “Абдол зи бийм чанг бар “Мушаф” зад” (Гуноҳкор қўрққанидан Қуръонга чанг солди) мисраси 967-1049 йилларда яшаган форс шоири Абусаид Абулхайрнинг рубоийсидан экан.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!