Ҳабибулла Олимжонов. Мустақиллик (2011)

Муқаддима

Россия телеканалларидан бирида «Жаҳон шаҳарлари» рукнида Агра шаҳри ҳақида кўрсатув намойиш этилаётганди. Бошловчи-журналист Бобурийларнинг дунё тан олган улуғ ёдгорлиги — Тожмаҳал тўғрисида тўлқинланиб, ҳаяжон билан ҳикоя қиларкан, тарихий обиданинг меъморчилиги, тарихи, Ҳиндистон шоҳи — Бобурий подшоҳ Шоҳжаҳон уни севимли рафиқасига бағишлагани — ҳамма-ҳаммасини билимдонлик билан гапираётганини кўриб, ҳамкасб сифатида тан бериб, тинглаб ўтиргандим, бир пайт у жон-жаҳди билан: «Бабур хот родился в Фергане, но он вовсе не узбек!» деса бўладими.

Энди, ҳозиргина сўзамоллигига қойил қолиб ўтирган бошловчидан ижирғандим ва… ўзимча фахрландим: у бундан бир неча юз йиллар муқаддам яратилган, ҳозиргача ривожланган мамлакатларда ҳам анча-мунча иқтидорли меъморнинг ақли-заковати етмайдиган даражада мураккаб архитектуравий ансамбл тўғрисида ҳайратланиб ҳикоя қилишга мажбур, бироқ унинг муаллифи аждодларимиздан эканини тан олишни сира-сира истамаяпти! Чунки миллатга юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган Империя салтанати уларнинг мия­сига мана шу гегемонлик ғоясини шундай «экиб» қўйган эдики, ҳали-ҳануз унинг «соя»сидан чиқиб кетишолмаяпти.

…1993 йилда халқаро дастурлар доирасида америкалик ўзбек Мунаввар Ўлғун мамлакатимизга келиб, инглиз тили чуқур ўқитиладиган мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларидан тест имтиҳонлари олиб, унинг варақаларини АҚШга жўнатди. Имтиҳон натижаларига кўра 48 нафар ўқувчи Американинг турли штатларида бир йил яшаб, 11-12-синфларни битириб қайтишди. Ўшанда улардан бири билан суҳбатлашган эдим. У сўзлаб берган лавҳа эса ҳамон кўз олдимда муҳрланиб қолган: «Мичиган штатида яшаб-ўқидим, у ерда асли африкалик мусулмон қиз билан дўстлашиб қолдим, у мени уйига таклиф қилди. Икки қаватли қасрдай жойда яшашар экан, отаси катта тадбиркор-бой. Дугонамнинг отаси мен қайси мамлакатданлигимни сўради. «Ўзбекистонданман» дедим. Тушунмади. Ҳадеганда англайвермагач, «Русиями?» деб сўради. Мен илгари Россия таркибига бирлаштирилган иттифоқда бўлганимизни, икки йил аввал мустақилликка эришганимизни, мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси деб аталишини тушунтирдим.

Бизнинг бир неча юз йиллар олдин жаҳон тсивилизатсиясига салмоқли ҳисса қўшган Беруний, Улуғбек, Ибн Сино, Имом Бухорий каби боболаримиз бўлганини инглиз тилида англатдим, ҳалиги кишининг савлатидан асар ҳам қолмади. Бирдан: «Eй қизим, сен Имом Бухорийнинг юртиданмисан!» дея ҳайратланиб ўрнидан туриб кетди. Пешонамдан ўпди: «Қизим, сен Америкада бошинг­ни баланд кўтариб юргин, — икки қўлини тепага кўтариб, — Имом Бухорий ҳазратлари бутун дунё мусулмонларининг отаси бўлади, ахир!», — деди ҳаяжонланиб.

Ўшанда синфдошларим ҳам Ўзбекистон деган мамлакат борлигини билишмас экан. Биттаси «сизларда ҳам автомобил борми?» дегани сира эсимдан чиқмайди…»

Ҳа, бу «иттифоқдош» республикалар халқларини ўз тарихидан узиб қўйиш, аҳли дунё­дан яшириш сиёсатини олиб борган, ўзликни унутишга хизмат қилган шўро мафкурасининг «самара»си эди. Юз йил муттасил қилинган ҳукмронлик мафкураси натижасида ўз тарихи, ўз маданияти бор мамлакатнинг ҳам ер юзидан йўқ бўлиб кетишига бир бахя қолганди.

Кеча шундай эди.

Кеча

Кеча, шўро тузумининг чуқур ҳукмронлик даврида Совет Иттифоқи деган «бепоён» ўлкага араб мамлакатларидан бирининг подшоҳи расмий ташриф билан келганди. Унинг ташрифи доирасида Ўзбекистон ҳам бўлиб, меҳмон Хастимом (Ҳазрати Имом)даги харобгина масжидга бориб, намоз ўқиган ва эртага Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш истаги борлигини айтган. Бугунги авлод учун лоф эмас, эртак эмас, ҳақиқат шуки, ўша пайтда бу номни Ўзбекистонда, балки бармоқ билан санарли одамларгина билишган, бош­қалар ўз тарихидан бутунлай маҳрум қилингани боис ана шундай алломалар борлигини билмаган: на ўқувчи, на талаба, на зиёлилар. Мутасаддилар меҳмон олдида мулзам бўлиб қолмаслик учун дарҳол тарихчи (исломшунослар бўлмаган) олимларни чақиртириб, Бухорий ўзи ким бўлгани, унинг қабри қаердалигини суриштиришган. Ва туни билан Имом Бухорийнинг қабригача бўлган 7 километрли ўйдим-чуқур йўлга асфалт ётқизилиб, ташландиқ қабр супуриб-сидириб, тузатиб қўйилган.

Халқни тарихидан узиш, ман­қуртга айлантириш мафкураси рўёби учун нималар қилинмаган, дейсиз. Ёмони, марказдан келган махфий, норасмий топшириқларнинг маҳаллий раҳбарлар томонидан «ортиғи билан» бажарилиши эди.

Ўша давр мафкураси мансабдор кишиларни ҳатто отасининг жанозасида қатнашишдан ҳам маҳрум этди. Мабодо қатнашадиган бўлишса, улар «диний урф-одатларга амал қилгани» учун айбланиб, вазифасидан четлатиларди. Шу боис амалдор одамлар ўз ота-онасининг жанозасида бел боғлаб туришдан қўрқиб, «командировка»га кетиб қоладиган, қариндош-уруғлар яқин кишисининг фотиҳасига қўрқа-писа яширинча борадиган бўлиб қолишганди.

Халқимизнинг севимли байрамларидан бири — Наврўз эскилик сарқити — бидъат дея қатағон қилинди: газеталар муҳаррирлари Марказқўмга чақирилиб, Наврўз ҳақида бир сўз ёзмасликка топшириқ олди ва ҳатто ошхонада овқат еб бўлиб юзига фотиҳа тортган ходимани кўриб қолган муҳаррир унга мажлисда танбеҳ бериш даражасигача бориб етди…

Тошкентдаги «Марказ-27» деган даҳада ҳозир торгина хоналардан иборат бўлса-да, икки қаватли бир нечта коттеж бор, бироқ 90 квадрат метр ҳовлили тўрт қаватли, кўп хонали уй биттагина. Номи «эксперименталний» дейилган ўша пайтда. Негаки, у 1966 йилдаги зилзиладан кейин номига яраша эксперимент — тажриба сифатида қурилган. Афсуски, у ягона нусхалигича қолиб кетди. Бошқа йўқ, қурилмади. Сабаби, бу даҳа лойиҳасини тасдиқлатиш учун Москвага олиб борилганида (битта оддий мактаб қуриш учун ҳам Марказнинг рухсати керак эди-да — Ҳ.О.) Иттифоқ мамлакатининг ҳукумат раиси Косигин, бу лойи­ҳадаги қурилишни ҳамшаҳарларимизга раво кўрмай, «Пуст как все живут» деб чеккага суриб қўйган экан…

Мамлакатимиз ана шундай «темир панжа»лардан ажралиб, Мустақилликка эришгач, деярли юз йил мобайнида чирмашиб-бирлашиб кетган «катта оила»дан воз кечиб, «қозон-товоқни бўлак қилди». Шунда сувтекин бойликлардан маҳрум бўлиб қолган, ҳукмронлиги қўлдан кетган марказ жазавага тушиб, республикага тегишли улушларни бериш ўрнига, тикланиш, ривожланишга тўғаноқ бўлиш саъй-ҳаракатини қўллай бошлади. «Пахтани керак бўлса, Америкадан оламиз, билганларингни қилинглар» қабилида терс сиёсат тутди. «Булар ўзини ўнглолмайди, ялиниб келади» деб ўйлашди.

Ҳа, собиқ иттифоқ даврида «Пахта — ўзбек халқининг миллий ифтихори» деб жар солинса-да, аслида у халқнинг кулфати бўлганини кейин, Мустақилликка эришиб кўзимиз очилгач билдик. Чунки йил-ўн икки ой тинимсиз оғир меҳнат эвазига етиштириладиган бу «миллий ифтихоримиз»нинг 95-96 фоизи шундоққина хом­ашё ҳолида Россияга, бошқа республикаларга Москванинг тақсимоти билан жўнатиларди. Бир кило пахта учун ўзбекка 70 тийин тўланарди. Ҳолбуки, бир кило пахтанинг 300 грамм толасидан тўқиладиган газмолдан иккита эркаклар кўйлаги тикиларди. Ҳар бири 20 сўмдан — 40 сўм. 70 тийин қаёқда-ю, 40 сўм қаёқда! Ўзнинг жазирамаси остида тонгдан тунгача меҳнат қилган, бармоқларини «куф-куфлаб» иситиб қорнинг остидан ҳам пахтани йиғиштириб олган ўзбек соя-салқинда соатига қараб тўқийдиган ва тикадиган «қардош»лардан 40-50 баравар кам ҳақ олган!

Шунинг ҳисобига бу халқ «боқиманда» бўлиб қолган. Бу гапни саводсиз бир киши эмас, балки ўша пайтда республикага биринчи раҳбар бўлиб қолган одамнинг оғзидан, баланд минбардан эшитиш ўлганнинг устига чиқиб тепган билан баробар эди…

Бугун ижтимоий ҳаётни тинч ва осойишта йўлга солиш, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасидан намуна олишга очиқдан-очиқ даъватлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Эсингиздами, Россия телевидениесининг машҳур журналист-бошловчиси В.Листев отиб ўлдирилганида, мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Б.Елцин телестудияга келиб таъзия изҳор қиларкан, ўз сўзида жиноятчиликка қарши курашда Ўзбекистоннинг самарали усулидан ибрат олиш ҳақида эслатган эди. Яқинда Россия телеканалларидан бирининг мамлакатда автомобил ўғирлаш, олиб қочиш ниҳоятда кўпайиб кетганига бағишланган кўрсатувида ҳам «бу иллатнинг илдизига болта уриш учун Ўзбекистон тажрибасини қўллаш керак, у ерда одамлар машинасини калити билан қолдириб кетишаверади, ҳеч ким тегмайди» деб таъкидланди.

Дарҳақиқат, ўшанда бундай жиноятларга барҳам бериш, ҳаётни тинч-осойишта ўзанга солиш, олдинда аниқ кўриниб турган қирғинбарот ва қон тўкилишларнинг олдини олиш учун кенг идрок, зўр қатъият ва ўрни келганда қаттиққўллик билан иш юритиш талаб этиларди. Республика миқёсида иш бошлаганига икки йил ўтмасданоқ, ҳали марказнинг мустаҳкам чангалидан ҳеч бир иттифоқдош республика озод бўлмай туриб Ўзбекистонни мустақил мамлакат деб эълон қилишга журъати ва жасорати етган Юртбошимиз ташаббуси ва топшириғи билан жиноят қонунчилигига қатор ўзгартиришлар киритилди.

Кекса ва ўрта авлод вакиллари — биз ўзимиз кўриб гувоҳи бўлдикки, мамлакат мустақиллигига хавф солган у ер-бу ерда кетма-кет «содир этилган» миллатлараро можароларни бостириш анча оғир кечди. Юртбошимиз қўшни давлат халқи билан рўй берган можарони босиқлик, мушоҳада, тинч йўл билан ҳал қилгани учун минтақада вазиятни мутлақо издан чиқариб юбориши эҳтимоли аниқ бўлган муаммо бартараф этилди. Фар­ғона, Қўқон, Бўка, Паркент­даги талотўплар ҳам шу тариқа, баъзан Юртбошининг бевосита воқеа жойига бориб мулоқотга киришиши натижасида тинч йўл билан барҳам топди.

Иккинчи жаҳон урушида бир оёғини қолдириб келган, яқинда оламдан ўтган деҳқон отам телевизор кўриб ўтириб, мамлакатимизда ҳар соҳада амалга оширилаётган катта ва улуғ ишлардан тўлқинланиб, Президент нутқини мароқ билан тинглаётиб такрорлаган бир гаплари ёдимдан чиқмайди: «Барака топсин шу Инсон, бу кишини қилган ишлари учун авлиёлар руҳи қўллаяпти, ўғлим!»

Отам бунда, албатта, азиз авлиёларимиз — Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ал-Фар­ғоний ва бошқалар хотирасига кўрсатилган иззат-икром, уларга қурилган сарой-ёдгорлик мажмуаларини назарда тутаётган эдилар.

Юқорида мамлакатимизда етиштириладиган пахта масаласида, унинг халқимиз турмуш тарзида тутган аҳамияти ҳақида қисман фикр билдирдик. Ҳақиқатан ҳам унинг дунё миқёсидаги ўрни беқиёс. Шундай манбадан ажраб, пировардида, йирик-йирик саноат корхоналари тўхтаб қолиш эҳтимоли юқори бўлган қизил империя қўл қовуштириб ўтиришни истамасди. Умуман олганда, босқинчиликнинг ҳийлаю ҳунарлари кўп.

Чор россияси ҳам, шўролар ҳам муттасил юртнинг илғор фикрли зиёлиларини жиловлаш, халқнинг кўзини қўрқитиб, мутеликда сақлаш учун турли баҳоналар билан вақти-вақти билан халқларни қатағон қилиб турган. Унда, одатда, халқни ҳурлик-озодликка етаклашга онги-идроки етадиган зиёлилар қамалган, сургун қилинган, қатл этилган. Хусусан, 1917-1924 йилларда, 1933-1938 йилларда, 1952 йилда ва ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўртасида марказ томонидан Ўзбекистон, ўзбеклар учун бошланган қатағон ҳам илгаригилардан кам кулфат келтирмади. Москвадан юборилган Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи «Пахта иши», «Ўзбеклар иши» номлари остида пахтакор деҳқонларни, раҳбар кадрларни қамаш кампаниясини бошлаб юборди. Не машаққатлар билан етиштирилган 6 миллион тонна пахта камлик қилгандек, уни етиштириш сир-синоатларидан мутлақо хабари бўлмаса-да, «Пахта иши» билан шуғулланиб, етиштирилган ҳосил «чўғи»ни ҳисоб-китоб қилишди. Оддий табелчи-ҳисобчидан тортиб бригадир, колхоз раиси, райком ва обком секретаригача сохта айблов билан судланди. Нафақат ҳуқуқ, халқнинг ори таҳқирланди.

…Офат оловига Ўзбекистоннинг ўзида сув сепилди. 1989 йилнинг ёзида республика бош­қарувига янги раҳбар Ислом Каримов келгач, даст­лабки ишни бўрилар тўдасини келган жойларига қайтиб кетишга «рухсат бериш»дан бошлади. Республика қишлоқ хўжалиги ходимларининг йиғилишида Юртбошимиз «По хлопковим делам бил вулгарний подход» деди ҳаммани лол қолдириб. Газеталар буни «сохта ёндашув» деб таржима қилишди. Аслида эса бу сўзнинг луғавий маъноси кенгроқ — «қўпол», «зўравонларча», «сурбетларча» тушунчаларининг йиғиндиси маъносини беради. Кейинчалик қамалган бир неча ўн минглаб одамларнинг жиноят иши қайтадан кўриб чиқилди, моддий манфаатдорлиги тасдиқланмаган инсонларни оқлаш, бош­қаларга нисбатан «мажбурий чора» банди қўлланилиб, қамоқдан озод этиш масаласи қўйилди. Йигирма мингдан ортиқ киши қамоқдан чиқарилди, уч минг киши батамом оқланди.

Миллатнинг иззат-нафси, номус-ори топталишига йўл қўйилмади. Тарихий воқеа — эл-юрт ҳимояси бобида улуғ аждодларимизга монанд, Амир Темурга хос журъат қилинди. Қизил империя биринчи бўлиб Ўзбекистонда ана шу тахлит архив­га улоқтирилди.

Бугун

Бугун Ўзбекистонни Мустақил давлат сифатида дунё яхши билади. Энди нима қуриш, қандай қуриш бировдан сўралмайди, рухсат олинмайди. Юзлаб янги масжидлар барпо этилди. Диндорларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Қатағон этилган Наврўз тикландигина эмас, умумхалқ байрамига айланди. Унутилаёзган бош­қа удум ва қадриятлар қайта қарор топтирилди.

Бугун Амударёга кўприклар қураяпмиз, тоғлардан темир йўл ўтказиб поездларни юргизаяпмиз, нефтни қайта ишлайдиган заводларни ишга тушираяпмиз. Ғалла мустақиллигига эришилди, ёнилғи қувватимиздан хорижий мамлакатлар ҳам баҳраманд бўлмоқда. Мамлакатимиз кўча ва йўллари ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга тўла. Самолётсозлик ривожланмоқда.

Йигирма йил аввалги Ўзбекистон бошқа, бугунги Ўзбекис­тон бошқа: юпун кийинган, бўйнини қисиб «катта ака»дан мурувват кутиб, унинг кўзига мўлтираб қараб турадиган эрксиз-бечораҳол киши ўтмишда қолди. Савлати кўзни қувонтирадиган, кўзларида ҳамиша ақл-идрок шуъласи ва ғурур-ифтихор нури чақнаб турган, «Мен Ўзбекман!» дея баралла жаҳон билан бўйлашаётган 20 ёшли йигит-қизларни кўриш насиб этганидан нафақат менинг, балки катта ва ўрта ёшли замондошларимизнинг қалби ғурурга тўла.

Пойтахт Тошкентдаги кенг ва равон йўллар, муҳташам саройсифат ўнлаб-юзлаб иншоотлар, шаҳар ва қишлоқлардаги қасрмонанд коллеж ва литсейлар — булар бари Мустақиллик шарофати, фаровонлик иншоотларидир! Буларни хаёлан кўз олдимга келтирар эканман, беихтиёр бир воқеа ёдимга тушди. Мустақилликнинг даст­лабки йиллари Сағбон кўчасида яшайдиган ҳамкасб дўстимнинг ўғли армиядан келганида йўқлаб боришга тўғри келди. Унинг уйига охирги марта икки ойгина илгари боргандим. Энди у уйни роса изладим. Сабаби — эски шаҳарнинг бу кўчаси икки-уч ойда қайта қурилиб, таниб бўлмайдиган даражада янгиланган эди. Ва, мана йигирма йилдирки, бутун мамлакат ўша суръатда янгитдан бунёд этилди, бунёд этилмоқда.

Ушбу мақолада мамлакатимиздаги бунёдкорлик ҳақида бирма-бир, батафсил ҳаяжонли сатрларни қоғозга туширишни режалаган эдим. Бироқ юқоридаги кечаги тарихнинг қора ва хира лавҳаларидан ке­йин ёрқин ва гўзал манзараларни бунга қўшиш ҳайфдек туюлди. Зотан, Мустақиллик манзаралари алоҳида, том-том асарларга муносиб ҳодиса!

Йигит ёшинг муборак, Мустақиллик! Умринг боқий, ҳаётинг гўзал бўлсин, ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).