Абдужаббор Яҳёев. Соҳибқироннинг меъморий мероси

Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур даврининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги юксак ўрнини баҳолашда унинг фаолиятидаги бунёдкорлик ишлари, айниқса, меъморчилик ва шаҳарсозлик санъати алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обида, жумладан, Шаҳрисабз ва Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши соҳибқирон бобомиз қурдирган иншоотлар юксак меъморий қадриятлар тимсоли эканидан далолатдир.

Албатта, Амир Темурнинг бунёдкорлик ишларига оид кўплаб тадқиқотлар қилинган, уларнинг илмий, назарий ва амалий аҳамиятига холисона баҳо берилган. Лекин бу мавзу кенг қамровли ва серқирра бўлгани учун ҳануз Амир Темур даври меъморчилигида очилмаган саҳифа талайгина. Масалан, муcтақиллик йилларида Амир Темур ва унинг авлодлари меъморий меросини қайта тиклаш ва таъмирлаш борасида олиб борилган тадқиқотларда Соҳибқироннинг бевосита раҳбарлиги, кўрсатмалари асосида бунёд этилган иншоотларнинг фақат таърифи келтирилган, холос.

Г.Пугаченкова, П.Зоҳидовнинг мустақиллик йилларида чоп этилган асарларида буюк саркарданинг меъморчилик соҳасидаги фаолиятига ҳаққоний баҳо бериш, у қурдирган иншоотларни реал шарт-шароитлар нуқтаи назаридан таҳлил этишга ҳаракат қилинди.

Амир Темур Мовароуннаҳр тахтини эгаллагандан кейинги дастлабки даврдаёқ бунёдкорлик ишларига катта эътибор беради, яъни, асосан шаҳарлар тизимида мустаҳкам истеҳкомлар яратишга киришади. Шу сабабли, у давлат тизимини кучайтиришдан ташқари ҳар бир шаҳарни ҳимоя воситалари билан таъминлаш, карвон йўлларида ҳимоя қўрғонларини яратиш бўйича жуда катта ҳажмдаги қурилиш ишларини амалга оширди. Салтанатнинг йирик шаҳарлари Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд ва Тошкентда мудофаа деворлари, мустаҳкам дарвозахоналар бунёд эттирди. Карвон йўлларида дунёда биринчи бор почта хизматига доир иншоот-бекатлар қурдирди.

Амир Темур Самарқандни Афросиёбдан жанубда, мўғиллар давридан олдинги ташқи шаҳар ўрнида шакллантирди. 1371 йили Соҳибқироннинг буйруғи билан майдоннинг ҳаммаси қалъа девори билан ўраб олинди ва бу жой ҳисор деб аталди, унинг ғарбий қисмида арк-қалъа барпо этилди. Амир Темурнинг Самарқанддаги қалъаси пойтахтнинг мустаҳкам маъмурий маркази эди. Унда Кўксарой қароргоҳи, Бўстонсарой, қурол-яроғ устахоналари, омборлар, девонхона жойлашган. Алоҳида майдончада кўк тошли супа-тахт бўлиб, тахтга чиқариш маросими ана шу ерда ўтказилган. Амир Темур яна бир улкан шаҳарсозлик ва меъморий ғояни, яъни Самарқандни ер юзидаги энг катта ва гўзал шаҳарга айлантиришдек мақсадни амалга ошириш учун бутун куч-қудратини ишга солди. Шаҳар атрофидаги масканлар эса ўша давр машҳур шаҳарларига монанд йўлдош шаҳарларга айланишини ният қилди. ­Самарқанднинг теварак-атрофида Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Султония ва Шероз номли кўплаб қишлоқ-масканларнинг пайдо ­бўлиши бежиз эмас.

Шаҳарда Амир Темур қурдирган қаср-қалъа қаршисида Регистон мажмуасининг шаклланишига асос солинди. Амир Темур жомеъ масжиди ва унинг қаршисидаги “қўш иншоот” усулида қурилган улкан мадрасадан ташкил топган мажмуалар шулар жумласидан. Шаҳар ҳисори ташқарисида, ­кейинчалик Гўри Амир номини олган ­мажмуа, Афросиёб тепалигида Шоҳизинда меъморий мажмуасининг бунёд этилиши ҳам ХV аср шаҳарсозлигининг Темур ­даври йўналишини намоён этади.

Меъморий ансамбллар “қўш” усулда, яъни бир-бирига бош кўриниши билан рўбарў, пештоқи ғоятда баланд ва улуғвор кўринишга эга бўлган иншоотлар мажмуаси тарзида қурилган. Самарқанддаги ­Жомеъ масжиди билан Бибихоним мадрасаси бу шаҳарсозлик усулига намунали мисол бўла олади. Қадимий Афросиёбнинг Шаҳристон харобаларида қолган ўрта аср иншоотларининг айримлари, яъни Ҳазрати Хизр ва Чўпон ота мажмуалари ­Соҳибқирон эътиборидан четда қолмаган.

Улуғ бобомиз марказлашган йирик давлатни шакллантириш билан бирга Марказий Осиёда шаҳарсозлик санъатининг қайта тикланишига, унинг янада ривожланишига йўл очди, яъни Самарқанд ва ­Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларини тиклашга катта эътибор берди. Кўп йиллик юришлар даврида ҳам қўшин бир неча муддат дам олган ҳудудларида Соҳибқирон бунёдкорлик ишларини олиб борган. Қарши шаҳри қалъасининг мустаҳкамланиши, ­Тошкент яқинидаги Зангиота ва Туркистондаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбаралари ­қурилиши бунга мисол бўлади.

Шаҳарсозлик ва меъморий мажмуалар яратишга йўналтирилган ишлар асосан пойтахт шаҳарлар Cамарқанд ва Шаҳрисабзда олиб борилган. Қадимий Кеш шаҳри ва салтанат пойтахти Самарқандда олиб борилган шаҳарсозлик тадбирлари бу соҳанинг кейинги асрлардаги йўналишини белгилаб берди. Амир Темур ва Темурийлар даврида шаҳарларнинг асосий қисми “ҳисор” деб аталган тизимда шаклланди. Бу атама мўғилларгача бўлган шаҳарларнинг “Шаҳристон” атамасидан фарқ қилади. “Ҳисор” шаҳарнинг асосий қурилмалари, ҳунармандчилик-савдо жойлари, маҳаллаларни, шоҳ кўча ва мажмуаларни бутунлай ўз ичига олган ёки умуман янги жойда пайдо бўлган тизимдир.

Ўша давр бунёдкорлик ишларида исломий фалсафа, охират учун хайрли ишлар, мақбаралар қуриш ғояси ҳам ҳукм сурган. Севимли фарзанди Жаҳонгир ўлимидан сўнг Соҳибқиронда Шаҳрисабзда ўхшаши йўқ йирик хилхона-некропол қуриб, у ерга ўз авлодларини дафн қилиш фикри туғилади. Шаҳрисабз ҳисорининг жануби-шарқида ана шу мажмуага тамал тоши қўйилади. Кейинчалик бу ерда Дорут-тиловот ва Доруссиёдат мажмуалари пайдо бўлиб, янги қурилишлар бир неча асрлар давомида босқичма-босқич давом эттирилган.

Соҳибқирон ҳокимиятни ўз қўлига олган вақтдан бошлаб йирик шаҳарлар ва масканларда машҳур сўфий шайхларнинг қабр­ларини, яъни Термизда Ҳаким ат-Термизий, Урганчда Нажмиддин Кубро, Бухорода Сайфиддин Бохарзий каби бир қанча зиёратгоҳларни обод қилган. Манбаларга кўра, Шаҳрисабзда отаси Муҳаммад ­Тарағайнинг пири Шамсиддин Кулол қабри устига мақбара ҳам қурдирган.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик фаолиятида шаҳар атрофида жаннатмакон боғлар яратиш ва улар таркибида улкан кўшк-саройлар бунёд этиш Шарқ боғ тузиш санъатида алоҳида босқич бўлди. Оврупо иқлим шароитларида яратиладиган парк-боғ санъатидан фарқли равишда кескин континентал иқлим шароитида, суғориладиган қуруқ, иссиқ ҳудудда сўлим боғлар ва чорбоғлар яратиш амалиёти катта маҳорат билан амалга оширилди. Самарқанд атрофида қурилган Боғи нақш жаҳон, Боғи беҳишт, Боғи дилкушо, Боғи шамол кабилар шулар жумласидандир.

Ўша давр меъморчилигининг шоҳ асарлари — маҳобатли кўшк саройларнинг кўплаб қурилиши қадимий боғ тузиш санъатида янгича йўналиш пайдо қилди. Боғлар агрономик-бадиий вазифалардан кўра, кўпроқ монументал меъморчиликка яқин эҳтиёжларга ҳам жавоб бера бошлади. Давлат миқёсида қабуллар ўтказиладиган маъмурий, шунингдек маиший тадбирлар ўтказиладиган саройлар боғлар билан ҳамоҳанг тарзда бунёд этилиши ўз навбатида янгича меъморий ечимдаги боғ-сарой турларини намоён этди. Бу эса боғ иншоотларининг тарҳий ва ҳажмий ечими мураккаблашувига олиб келди. Самарқанддаги ­Ишратхона биноси боғ-сарой нуқтаи-назаридан таҳлил этилиб, бу ­иншоотнинг асл вазифаси илмий жиҳатдан очиб берилди.

Кейинчалик Ғарб меъморчилигида машҳур бўлган боғ-саройлар (масалан Версал) яратишда Шарқ, жумладан, Соҳибқирон барпо эттирган боғ-саройлар қуриш амалиётининг таъсири бўлгани, шубҳасиз.

Амир Темур ҳар бир иншоотнинг бунёд этилишидан олдин мубоширлар ва меъморларга амалий кўрсатмалар бериб, қурилишни қатъий назоратга олган. Бу борада, Тузукларда шундай фикрлар бор “… шаҳарларда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, йўлларда карвонсаройлар ва дарёлар устига кўприклар қурмоққа буйруқ бердим. Муҳандислар (меъморлар) менинг учун улуғвор иморатларнинг ва мен учун ўзим дарахтлар ўтқазган боғларнинг тарҳларини чизиб бердилар”. Бу эса ҳар бир ишнинг дастлаб пухта ишланган лойиҳаси ишлаб чиқилганидан далолат беради.

Замонавий Ўзбекистон меъморчилигида Соҳибқирон даҳоси билан яратилган меъморий ғоялар мужассам бўлган бой меросдан оқилона фойдаланиш бугунги меъмор ва қурувчи усталар олдидаги масъулиятли вазифалардан бири бўлиб қолди. Амир Темур даври меъморчилиги анъаналарига хос равишда бунёд этилган мустақиллик иншоотларидан Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи, Самарқанд яқинидаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси каби бинолардаги меъморий ечимлар бу вазифани бажаришга сидқидилдан киришилганидан далолатдир.

Демак, Соҳибқирон даври меъморчилиги, бунёдкорлиги, шаҳарсозлик соҳасини илмий ва назарий жиҳатдан бойитган ғоя ва усулларини ўрганиш давр талабидир. Илмий-тадқиқий вазифалардан яна бири Амир Темур иншоотларига оид сўнгги изланишлар натижалари асосида уларнинг асл вазифаларини ҳам очиб беришдан иборат. Масалан, Шаҳрисабзда Амир Темур бобомиз таваллудининг 660 йиллиги тадбирлари таркибида Дорут-Тиловат ва Дорус-сиёдат мажмуаларида олиб борилган археологик тадқиқотларнинг натижалари уларнинг меъморий ечимларига оид ­фанда ҳукм суриб келаётган илмий фаразларга аниқлик киритиш имконини беради. ­Шунинг учун сўнгги изланишлар натижалари билан бирга аввалги илмий хулосаларни ҳам қайта кўриб ­чиқиш муҳим илмий ­аҳамият касб этади.

Абдужаббор Яҳёев,

архитектор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 15-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!