Мецамор атом станцияси Европа учун таҳдид деб эътироф этилди

Арманистоннинг Мецамор шаҳри яқинида жойлашган атом электр станцияси Европа учун таҳдид саналади. Бу ҳақда Озарбойжон Миллий Мажлиси вице-спикери Зиёфат Асқаров Бокуда ўтган Европа Кенгаши Парламент ассамблеясида маълум қилган.

“Арманистондаги Мецамор АЭСнинг эҳтимолий таҳдиди очиқ муҳокама этилиши керак. Ушбу станция энг хавфли иншоот бўлиб, у совет технологиялари асосида қурилган. Станциядаги ҳар қандай носозлик Европа учун хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Боз устига, Арманистон сейсмик фаол минтақада жойлашган”, – дейди Миллий Мажлис вице-спикери Зиёфат Асқаров.

Озарбойжон матбуотига кўра, Мецамор АЭС ноқулай ҳудудда – тоғёнбағрида қурилган. Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда эса бу қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Расмий Боку кўп йиллардан буён мазкур АЭСни ёпиш ташаббусини илгари суриб келмоқда. Қайд этилишича, АЭС техник жиҳатдан эскирган ва БМТнинг Халқаро атом тадқиқотлари агентлиги ҳисоботида ҳам хавфли иншоот сифатида тан олинган. Иншоот Жанубий Кавказ ҳамда қўшни минтақада яшовчи кўпсонли аҳолига ҳам таҳдид экани айтилади.

Озарбойжон томони мазкур АЭС Россиянинг жанубий ҳудуди учун ҳам хатар туғдириши, шу боис мазкур масалани Москва иштирокида кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди. Қолаверса, мазкур экологик муаммо БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар миқёсида муҳокама этилиши лозим.

Аввалроқ Туркия томони ҳам АЭСнинг хатари хусусида огоҳлантирган эди.

“Арманистондаги АЭС дунёдаги энг эскирган иншоотлардан саналади ва бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, МАГАТЭ кўпдан буён уни ёпишни талаб қилмоқда. Мецамор АЭС Туркияга ҳам жиддий таҳдид солмоқда”, – деган эди Туркиянинг 2009-2015 йиллардаги энергетика вазири Танер Йилдиз.

Собиқ вазирга кўра, Туркия чегарасидан 16 км масофада жойлашган станция мамлакат учун ҳалокатли оқибатлар келтириши мумкин.

Минтақадаги ягона Мецамор АЭС 1976 йилда ишга туширилган. Арманистон томони, ўз навбатида, АЭС хавфсиз эканини айтиб келади.

C.Cалим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!