Ҳорун Яҳё. Коинотдаги мукаммал мувозанат ва уйғунлик

(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир. (Эй инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовутни (нуқсонни) курмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансан? Сўнгра кўзингни қайта-қайта (самога) қарат, кўзинг сенга хор ва толиққан ҳолда қайтур. («Мулк» сураси, 3-4-оятлар)

Коинотдаги миллиардлаб юлдузлар ва галактикалар улар учун тайинлаб қўйилган йўллардан мукаммал бир мувозанатни сақлаган ҳолда ҳаракат қилади. Юлдузлар, сайёралар ва йўлдошлар нафақат , ўз ўқи атрофида, балки улар кирадиган система билан ҳам биргаликда айланадилар. Баъзида 200-300 миллиард юлдуздан иборат галак-тикалар бир-бирларининг йўлларини кесишган ҳолда ҳаракатланади. Ҳайратга соларли томони шундаки, коинотдаги бундай ажойиб тартибни барбод қилиши мумкин бўлган бирор тўқнашув юз бермайди. Бу шундай мўъжизаки, у бизнинг ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди.

Коинотда тезлик тушунчаси ердаги катталиклар билан таққослаганда жуда катта ўлчамларни келтириб чиқаради. Юлдузлар, сайёралар, галактикалар ва галактикаларнинг конгломератлари (уларнинг сонли хоссалари фақатгина математиклар томонидан тушунилиши мумкин) миллиардлаб ёки триллионлаб тонна оғирликка эга бўлиб, ғайриоддий тезликда ҳаракатланадилар.

Мисол учун, Ер соатига 1670 км (1038 миля) тезликда айланади. Агар биз бугунги кунда энг тез учадиган ўқ соатига ўртача 1800 км тезликка эга бўлади деб ҳисобласак, биз Ернинг улкан ҳажм ва массасига қарамасдан қанчалик тез ҳаракатланаётганлигини тасаввур қилишимиз мумкин.

Қуёш атрофида айланаётган Ернинг тезлиги ўқнинг тезлигига қараганда 60 марта катта: соатига 108000 км. Агар биз мана шу тезликда ҳаракат қила оладиган машина ярата олганимизда эди, у ерни 22 дақиқада айланиб чиқа олар эди. Бу рақамлар фақат Ергагина тааллуқлидир.

Қуёш системаси учун бу рақамлар ундан-да ҳайратланарли. Бу системанинг тезлигига ақл бовар қилмайди: коинотдаги системалар қанчалик катта бўлса, уларнинг тезлиги ҳам шунчалик каттадир. Галактиканинг маркази атрофида Қуёш системасининг ҳаракат тезлиги соатига 720000 км га тенг. 200 миллиард ёки ундан кўпроқ юлдузга эга бўлган Сомон йўли коинот бўйлаб соатига 950000 км тезликда ҳаракат қилади.

Бундай чигал ва тез ҳаракатли системада, шак-шубҳасиз, жуда катта тўқнашувлар бўлиш хавфи бор. Бироқ аслида бунга ўхшаш ҳеч қандай воқеа юз бермайди ва биз батамом хавф-хатардан холи ўз ҳаётимизни давом эттирамиз. Чунки коинотдаги ҳар бир нарса Аллоҳ томонидан ўлчаб қўйилган бенуқсон мувозанатга кўра амал қилади. Мана шу сабабдан ҳам, худди оятда хабар берилганидек, бу системада «тафовут» мавжуд эмас.

КОИНОТДАГИ УЙҒУНЛИК

(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир. (Эй, инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовутни (нуқсонни) қўрмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансан? Сўнгра кўзингни қайта-қайта (самога) қарат, кўзинг сенга хор ва толиққан ҳолда қайтур. («Мулк» сураси, 3-4-оятлар)

Кўрмадингизми, Аллоҳ етти осмонни қандай қаватма-қават қилиб яратди. («Нуҳ» сураси, 15-оят)

У (яна) осмонлар ва Ернинг ҳукмронлигига эга, фарзанд тутмаган, подшоҳликда шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчови билан ўлчаб қўйган зотдир. («Фурқон» сураси, 2-оят)

Табиат ва коинотдаги барча системалар машинадек ўзидан-ўзи ҳаракат қилади, улар орасидаги бенуқсон тартиб ва мувозанат тасодифийлик ҳосиласидир, деган даъво билан материалистик фалсафа пайдо бўлган эди. Аммо бугун, материализм ва дарвинизмнинг нотўғри эканлиги (у илмий асос деб аталар эди) илмий жиҳатдан исботлаб берилди. (Қаранг: Ҳорун Яҳё. Эволюция ёлғони. 8-нашр, Дарвинизм рад этилди, 2003.)

XX асрда астрофизика ва биология соҳаларида бирин-кетин жадал суръатлар билан қилинган илмий кашфиётлар ҳаёт ва коинотнинг яратилганлигини исботлади. Дарвинизмнинг асослари барбод бўлгач, Катта портлаш назарияси коинотнинг йўқликдан яратилганини кўрсатди. Кашфиётлар моддий дунёда буюк бунёдкорлик ва ҳамоҳанглик мавжудлигини аниқлади ва материализм даъволарининг асоссиз хусусиятларини узил-кесил исботлади.

Ҳаёт учун зарур бўлган шароитларни назарда тутсак, фақат Ергина бу шароитлар талабига жавоб беришини кўришимиз мумкин. Ҳаёт кечиришга мос бўлган муҳит учун бизнинг атрофимизда бир вақтда ва тўхтовсиз содир бўлаётган ҳисобсиз шароитлар мавжуд. Ҳар бирида ўртача юз миллиард юлдуз бўлган бир неча юз миллиард галактикалар бор. Ҳамма галактикаларнинг, эҳтимол, юлдузларчалик кўп сайёралари бордир. Мана шунчалик катта рақамлар олдида Ерда шундай ягона муҳит пайдо бўлишининг аҳамияти тўғрисида бир оз мулоҳаза юритсак яхшироқ бўларди.

Катта портлаш кучидан то атомларнинг физик қийматларигача, тўрт асосий кучдан то юлдузлардаги кимёвий жараёнларгача, Қуёш томонидан чиқариладиган ёруғлик туридан то сувнинг қуюқлигигача, Ойнинг Ергача бўлган масофасидан то атмосферадаги газлар даражасигача, Ернинг Қуёшгача бўлган масофасидан то унинг ўз орбитасида оғишиш бурчагигача, Ернинг ўз ўқи атрофида қайси тезлиқда айланишидан то океан ва тоғларнинг Ердаги вазифасигача ҳар бир нарса бизнинг ҳаётимиз учун жуда ҳам мосдир. Бугунги кунда илм-фан дунёси бу хусусиятларни «Антропик принцип» ва «Уйғунлик» концепциялари воситасида тасвирлайди. Бу концепциялар коинотнинг мақсадсиз, назоратсиз, материянинг тасодифий тўплами эмас, балки унинг инсон ҳаёти томон қаратилган мақсади борлиги ҳамда жуда аниқлик билан безатилганлигини тушунтириб беради.

Юқоридаги оятларда Аллоҳнинг яратишида ўлчов ва уйғунликка диққат қаратамиз. «Безатмоқ, ўлчамоқ, ўлчов билан яратмоқ» маъносини англатувчи «тақдиир» сўзи «Фурқон» сурасининг 2-оятидаги каби Қуръон оятларида ишлатилган. «Уйғунликда, ҳамоҳанг равишда» маъносини англатувчи «тибаақ» сўзи «Мулк» сурасининг 3-ояти ва «Нуҳ» сурасининг 15-оятларида ишлатилган. Шунингдек, Аллоҳ «Мулк» сурасида «фарқ, номувофиқлик, келишмовчилик, мос эмаслик, қарама-қаршилик» маъноларидаги «тафаавут» сўзини ваҳий қилганки, номувофиқликни, нуқсонни излаган кишилар уни топа олмайдилар.

XX асрнинг охирларига келиб ишлатила бошланган «уйғунлик» атамаси оятларда ваҳий қилинган бу ҳақиқатни ошкор қилди. Сўнгги чорак аср ёки ундан кўпроқ вақт мобайнида кўпдан-кўп олимлар, заковат эгалари ва ёзувчилар коинотнинг тасодифлар мажмуаси эмаслиги, аксинча, унда ҳар бир майда элементигача инсон ҳаёти учун жуда мос тушадиган ғайриоддий шароит ва тартиб борлигини исботладилар. Коинотдаги кўпчилик хислатлар унинг атайлаб ҳаётни таъминлаш мақсадида яратилганлигини яққол кўрсатади. Физик доктор Карл Гиберсон бу далилни шундай тасвирлайди:

1960 йилларда, баъзи физик олимлар шу нарсани кузатишдики, бизнинг коинотимиз инсон ҳаётининг мавжуд бўлиши учун уйғун қилиб кўйилган экан.10

Британиялик астрофизик профессор Жорж Ф. Эллис бу уйғунликка қуйидагича изоҳ беради:

Ажойиб уйғунлик бу чигалликларни осонлаштирадиган қонунларда учрайди. Амалга оширилган ишларнинг қанчалик мураккаблигини тушуниб етгач, «мўъжизавий» деган сўзни, унинг онтологик хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда ишлатмасликнинг иложи йўқ.11

Катта портлаш тезлиги:

Катта портлаш билан ўрнатилган мувозанат ва коинотнинг бир онда яратилиши унинг тасодифан вужудга келмаганлигини исботловчи далиллардан биридир. Аделаида университетининг математик физика соҳаси бўйича таниқли профессори Пол Дейвиснинг фикрига кўра, агар Катта портлаш натижасида содир бўлган кенгайиш коэффициенти бор-йўғи миллиард миллиарддан бир кисмига (1/1018) фарқ қилганда эди, коинот вужудга келмаган бўлар эди.12 «Вақтнинг қисқа тарихи» номли китобида Стефен Хокинг коинотнинг кенгайиш коэффициентидаги бундай ғайриоддий аниқликни қуйидагича эътироф этади:

Агар кенгайиш коэффициенти Катта портлашдан бир сония кейин, ҳаттоки юз миллион миллионнинг бир қисмигача кичикроқ бўлганда эди, коинот ўзининг ҳозирги кенглигига етмасдан олдинроқ барбод бўлган бўлар эди.13

Тўрткуч:

Коинотдаги физик ҳаракат Гамонавий физика томонидан эътироф этилган тўрт куч: тортишиш кучи, электромагнитик куч, қудратли (кучли) атом кучи ва заиф (кучсиз) атом кучининг ўзаро таъсири ҳамда мувозанати эвазига содир бўлади. Бу кучлар бир-бирига нисбатан турли ғайриоддий қийматларга эгадирлар. Машҳур молекуляр биология мутахассиси Майкл Дентон бу кучлар ўртасидаги ғайриоддий мувозанатни шундай таърифлайди:

Агар, мисол учун, тортишиш кучи триллион марта кучлироқ бўлганда эди, унда коинот анча кичик ва унинг ҳаёт тарихи анча кисқа бўлган бўлар эди. Ўртача катталикдаги юлдуз Қуёшга қараганда триллион марта кичикроқ массага эга ва ҳаёт даври тахминан бир йилча бўлган бўлар эди. Аксинча, агар тортишиш кучи камроқ бўлганда эди, ҳеч бир юлдуз ёки галактикалар пайдо бўлмаган бўлар эди. Бошқа шунга ўхшаш хусусият ва қийматлар ҳам кескинлик бобида бундан қолишмайди. Агар қудратли куч бир оз заифроқ бўлганда эди, барқарор турадиган ягона элемент водород бўлган бўлар эди. Бошқа атомлар мавжуд бўла олмасди. Агар у электромагнитик кучга нисбатан бир оз ортиқроқ бўлганда эди, унда фақатгина икки протонли атом ядролари коинотнинг турғун бир бўлаги бўлар эди, бу эса бундай коинотда водород бўлмаслигини ва агар бирор юлдуз ёки галактикалар пайдо бўлса, улар ўзларининг ҳозирги ҳолатидан бугунлай бошқача бўлишини англатади. Шубҳасиз, агар бу турли кучлар ва ўзгармас катталиклар ўзларининг айни пайтдагидек пухта қийматларига эга бўлмаганида эди, на юлдузлар, на ўта янги юлдузлар, на сайёралар, на атомлар ва на ҳаёт бўлур эди.14

Самовий жисмлар орасидаги масофалар:

Самовий жисмларнинг космосдаги тақсимоти ва улар орасидаги улкан бўшлиқлар Ерда ҳаёт мавжуд бўлишида муҳим роль ўйнайди. Самовий жисмлар орасидаги масофалар жуда қудратли самовий кучлар таъсирида шундай ҳисоб-китоб билан белгиланганки, бу Ер юзида ҳаётнинг мавжудлигини таъминлайди. «Табиатнинг тақдири» номли китобида, Майкл Дентон ўта янги юлдузлар ва юлдузлар орасидаги масофани шундай таърифлайди:

Ўта янги юлдузлар, шунингдек, барча юлдузлар орасидаги масофалар бошқа сабабларга кўра жуда жиддийдир. Бизнинг галактикамиздаги юлдузлар орасидаги масофа тахминан 30 миллион миляга тенг келади. Агар бу масофа қисқароқ бўлганда эди, сайёраларнинг орбиталари беқарорлашган бўлар эди. Аксинча, бу масофа каттароқ бўлганда эди, унда ўта янги юлдуз томонидан отиладиган парчалар шундай бетартиб тарқалар эдики, бизникига ўхшаш сайёралар системаси эҳтимол ҳеч қачон пайдо бўлмаган бўлар эди. Модомики космос ҳаёт манбаи бўлиши керак экан, унда ўта янги юлдузларнинг милтиллаши жуда аниқ қийматда содир бўлиши ва улар орасидаги, шунингдек, барча юлдузлар орасидаги масофа ҳозирда кузатилган рақамларга жуда яқин бўлиши лозим.15

Тортишиш кучи:

—     Агар тортишиш кучи кучлироқ бўлганда эди, Ер атмосферасида ҳаёт учун энг хавфли таъсирга эга ортиқча аммиак ва метан йиғилиб қолган бўлар эди.

—     Агар у кучсизроқ бўлганда эди, у ҳолда Ер атмосфераси кўп миқдордаги ортиқча сув йўқотган ва бу ҳаётнинг бўлмаслигига сабаб бўлар эди.

Ер ва Қуёш ўртасидаги масофа:

—     Агар бу масофа узоқроқ бўлганда эди, сайёра жуда совуқ бўлган, атмосферадаги сув айланиши бузилган ва сайёра музлик асрига маҳкум бўлган бўлар эди.

—     Агар Ер Қуёшга сал яқинроқ бўлганда эди, ўсимликлар ёниб кетган, Ер атмосферасидаги сув айланишига тузатиб бўлмас даражада талафот етган ва ҳаётнинг бўлмаслиги мумкин эди.

Ер қобиғининг қалинлиги:

—     Агар қобиқ қалинроқ бўлганда эди, ортиқча миқдордаги кислород атмосферадан унга ўтган бўлар эди.

—     Агар сал юпқароқ бўлганда эди, вулқон ҳаракатларининг сони ҳаётнинг мавжуд бўлишига тўсқинлик қилган бўлар эди.

Ернинг айланиш тезлиги:

— Агар бу айланиш секинроқ бўлганда эди, кун ва тун ўртасидаги ҳарорат фарқи жуда ўсиб кетган бўлар эди.

— Агар у тезроқ бўлганда эди, унда атмосфера шамоллари жуда катта тезликка етган бўлар ва циклон ҳамда тўфонлар ҳаётнинг мавжуд бўлишига жиддий тўсқинлик килган бўлар эди.

Ернинг магнит майдони:

—     Агар бу магнит майдон кучлироқ бўлганда эди, жуда қаттиқ электромагнит тўфонлари кўтарилар эди.

—     Агар у кучсизроқ бўлганда эди, унда Ер Қуёш шамоллари номи билан маълум бўлган ва Қуёшдан чиқадиган зарарли зарраларга қарши ўз ҳимоясини йўқотган бўлар эди. Ҳар иккала ҳолат ҳаётнинг бўлмаслигига асос бўлар эди.

Альбедо эффекти (Ер томонидан қайтариладиган ёруғлик улуши):

—     Агар Ер қайтарадиган ёруғлик улуши кўпроқ бўлганда эди, музлик асрининг бошланиши муқаррар бўлур эди.

—     Агар у камроқ бўлганда эди, иссиқхона эффекти ортиқча иссиқликка сабаб бўлар эди. Ерни аввалига музликларнинг эриб кетиши туфайли сув босар ва сўнг у ёниб кетган бўлар эди.

Атмосферада кислород ва азотнинг нисбати:

—     Агар бу нисбат каттароқ бўлганда эди, ҳаёт учун зарурий бўлган функциялар зиддиятли тарзда тезлашиб кетган бўлар эди.

—     Агар у кичикроқ бўлганда эди, ҳаёт учун зарурий бўлган функциялар зиддиятли тарзда секинлашиб кетган бўлар эди.

Атмосферада карбонат ангидрид ва сувнинг нисбати:

—     Агар бу нисбат каттароқ бўлганда эди, атмосфера ўта қизиб кетган бўлар эди.

—     Агар у кичикроқ бўлганда эди, атмосфера температураси пасайиб кетган бўлар эди.

Озон қатламининг қалинлиги:

—     Агар бу қатлам қалинроқ бўлганда эди, Ернинг температураси жуда паст даражага тушиб кетган бўлар эди.

—     Агар у юпқароқ бўлганда эди, Ер ўта қизиб кетган бўлар ва Қуёшдан чиқадиган зарарли ультрабинафша нурлар таъсирига қарши ҳимоясиз қолган бўлар эди.

Сейсмик ҳаракат (зилзилалар):

—     Агар бу кучлироқ бўлганда эди, мавжудотлар учун доимий алғов-далғовлик содир бўлган бўлар эди.

—     Агар секинроқ бўлганда эди, денгизлар тубидаги озуқалар сувга тарқалишни бас қилган бўлар эди. Бу денгиз ва океанлардаги ҳаётга ҳамда Ер юзидаги барча мавжудотларга ўзининг ҳалокатли таъсирини кўрсатган бўлар эди.

Ернинг оғишиш бурчаги:

Ер ўз орбитасида 23 даража бурчакка оғишган ҳолда ҳаракат қилади. Фаслларнинг алмашиб келишига мана шу оғишиш сабаб бўлади. Агар бу оғишиш ҳозиргига нисбатан каттароқ ёки кичикроқ бўлганда эди, фасллар ўртасидаги температура фарқи ашаддий даражага бориб етган бўларди, яъни ёзлари чидаб бўлмас даражада иссиқ, қишлари эса ўта изғиринли аёздан иборат бўлар эди.

 

Қуёшнинг катталиги:

Қуёшдан кичикроқ юлдуз Ернинг мангу музлик қаърига бурканишига, каттароғи эса Ернинг ёниб кетишига олиб келар эди.

Ер ва Ой ўртасидаги ўзаро тортишиш:

—      Агар бу тортишиш сал кучлироқ бўлганда эди, Ойнинг қудратли тортиш кучи атмосфера остидаги шароитларга, Ернинг ўз атрофида айланиш тезлигига ва океанлар сатҳининг кўтарилиб-пасайишига ўта жиддий таъсир кўрсатган бўлар эди.

—      Агар у ҳозирдагидан сал кучсизроқ бўлганда эди, бу Ердаги иқлимнинг кескин ўзгариб кетиш оқибатини келтириб чиқарган бўлар эди.

Ер ва Ой ўртасидаги масофа:

—      Агар улар бир-бирига бир оз яқин бўлганида эди, Ой Ерга қулаб тушган бўлар эди.

—      Агар улар бир-биридан бир оз узоқроқ бўлганида эди, Ой космосда йўқолиб кетган бўлар эди.

—      Агар улар бир-бирига ҳатто жиндаккина бўлса ҳам яқинроқ бўлганда эди, Ердаги сув сатҳининг кўтарилиш-пасайиш даражасига Ойнинг таъсири хавфли тус олган бўлар эди. Океан тўлқинлари паст текисликларни сув билан кўмиб ташлаган бўлар эди. Бунинг оқибатида юзага келадиган ишқаланиш океанларнинг температурасини кўтариб юборган ва Ер юзидаги ҳаёт учун муҳим бўлган сезгир температура мувозанати йўқолган бўларди.

—      Агар улар бир-биридан ҳатто жиндаккина бўлса ҳам узоқроқ бўлганда эди, Ердаги сув сатҳининг кўтарилиш ва пасайиши камайиб кетар, бу эса, ўз навбатида, океанларнинг кам ҳаракат-лигига олиб келар эди. Ҳаракатсиз сув денгиздаги ҳаётни хавф остига қўйган ва биз нафас олаётган кислород даражаси ҳам хавф остида қолган бўлар эди.16

Ернинг температураси ва углеродга асосланган ҳаёт:

Ҳар қандай тирикликнинг замини бўлган углероднинг мавжудлиги маълум бир чегарада турувчи температурага боғлиқ Углерод аминокислота, нуклеин кислота ва оқсил каби органик молекулалар учун муҳим модда ҳисобланади: бу ҳаётнинг асосини ташкил этади. Шу сабабдан, ҳаёт фақат углеродга асосланган бўлади. Углероднинг мавжуд бўлиши учун, температура 20 даража Цельсийдан кам ва 120 даража Цельсий (240°Ф) дан кўп бўлмаган ҳолатда бўлиши керак. Бу температура даражалари Ердаги температура даражаларига жуда мос тушади.

Булар Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ва бу ҳаётнинг давом этиши учун муҳим бўлган ўта сезгир мувозанатлардан айримларидир, холос. Бироқ, ҳатто шулар ҳам Ер ва оламнинг қатор тасодифлар натижасида вужудга келмаганлигини исботлаш учун етарли ва аниқ далиллардир. XX асрда қабул қилина бошланган «уйғунлик» ва «антропик принцип» концепциялари ҳам Аллоҳнинг мавжудлигидан гувоҳ берувчи далиллар сирасига киради. Ҳамоҳанглик ва мута-носиблик 14 аср олдин Қуръонда ғоят аниқлик билан таърифланган эди.