Иброҳим Ғафуров. Фасоҳат — ифода санъати

Ўзи ўртага савол қўйиб, яна ўзи унга жавоб бериш моҳир мураббийларнинг усули. Моҳирона саволга моҳирона жавоб ҳам мураббийларнинг усули. Буни ҳақиқий мураббиёна савол ва мураббиёна жавоб дейиш мумкин. Навоий, Толстой, Шекспир, Гёте асарларида шундай теран томирли саволлар ва шунга яраша теран томирли жавобларга дуч келамиз. Уларда ҳаёт, инсон, толе, инсоннинг қаердан келаётгани ва қаерга бораётгани устида чўнг изтиробли ўйлар, умид ва умидсизликлар акс этади.

Мўъжизалар китоби Қуръонда ҳам бир неча сураларда ва уларнинг бир қанча карима оятларида Тангрининг бир қанча саволлар қўйганига ва уларга инсоният маърифати учун яна Ўзи мантиқ тўла жавоб берганига дуч келамиз. Чақмоқ қора булутлар бағрини оний шиддат билан тилиб, оловли из қолдириб, ёритиб ўтган каби Қуръонда янграган бу саволлар ҳам инсон онги, унинг қалби ва шууридаги зулматларни тилкалаб ўтади ва сира ўчмас маърифатли из қолдиради.

Қуръон ўз ғоялари ва улар асосига қурилган ислом таълимотини масаллар, пайғамбарлар, қавмларнинг гўзал қиссалари билан исботлаб, таъсирли қилиб киши онгига етказганидек, одамлар билмаган жуда кўп ҳодисалар ҳақида саволлар қўйиб, саволларни таъсирли оҳангларга чулғаб, уларга кишилар учун янгилик бўлган жавоблар бериб, шу орқали имонга чорлайди, имонли бўлмоқликнинг фазилатларини рад қилиб бўлмас далиллар билан уқтиради. Кўп эшитганман: одамлар “Қадр” (Қудрат) сурасини севиб ўқийдилар, такрорлайдилар, унинг жарангли садоларига мафтун бўладилар, маъноларини чақиб ҳайратга тушадилар.

“Биз уни қадр кечасида нозил қилдик. Сен биласанми қадр кечаси нималигини? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.”

Бу савол “Ва мо адрока…”, деб бошланади. Агар сўзма-сўз таржима қилинса, бу “идрок қиласанми…” дегани бўлади. Лекин англаш қулай бўлиши учун уни барча ўзбек таржимонлари “биласанми”, деб ўгирганлар. Фақат Абдулазиз Мансур “Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?!” деб ағдарган. Аммо бу ўринда биз таржималарнинг қандайлиги ҳақида эмас, саволнинг нима учун айнан шундай қўйилаётгани, бундан қандай мақсад кузатилгани устида мулоҳаза юритсак, фойдали бўлармикин, деймиз.

Араблар кунларга, ойларга, йилларга ва турли табиат ҳодисаларига ном беришни қадимдан одат қилган эдилар. Фил йили, Зилзила йили, Қадр йили… деб эслаб, ўша йили бўлиб ўтган воқеаларни бир-бирларига ҳикоя қилиб юришар ва бундан инсоний ибратланишарди. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” деган улуғ китобида жуда кўп қимматли маълумотларни келтирган, йил ҳисобларидаги турли чалкашликларни тўғрилаган, ҳатто пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинага қачон ҳижрат қилиб, қачон “Ошуро” рўзасини тутганини аниқ ҳисоблаб бериб, шунгача бўлган чалкашликларни тўғрилаган. Лекин гап бунда эмас. Арабларнинг ўз айёмларига ном бериш одатлари, мана, Қуръон сурасида ҳам ўз акс садосини топаётганида. Пайғамбаримизнинг ҳикоя қилишларича, Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигида, тўғрироғи 26-дан 27-га ўтар кечаси илоҳий Қуръон ваҳий билан нозил бўла бошлаган. Мана шу инсоният тарихида бурилиш ясаган воқеалардан бири рўй берган вақтни Қуръон “лайлатул-қадр”, яъни Қудрат кечаси, деб атади ва бу ҳақда мўъжизакор маънога тўлиқ алоҳида сура туширди.

Тангри ўз сурасини кутилмаган эъжозий савол билан бошлайди. Бундан илгари сен ҳеч қачон шундай кунга, шундай кечага, шундай таъсирли сўзларга ва ниҳоят, шундай фавқулодда саволга учрамаган эдинг-ку, эй инсон, ибрат олмайсанми? — дегандай бўлади. “Мо адрока…” деб бошланадиган савол Тангри китобининг кашфидир. У илоҳий китобнинг таъсир кўрсатувчи жозибали усулларидан бирига айланади. Тангри бошқа фавқулодда ҳолатларда таълимнинг илоҳий шаклидан такрор-такрор фойдаланади. Алоҳида илоҳий тил йўқ. Илоҳ доим инсоний тилдан фойдаланади, инсоний тилни қўллайди. Буни файласуфлар антропоморфизм, деб аташган. Бу табиий нарса. Чунки Тангрининг мақсади инсон, шунинг учун унинг тилида, унга тушунарли қилиб сўзлайди. Бу — илоҳий эслатмалар тилидир.

Лекин, буни қарангки, ушбу қисқагина сура шарофати билан инсоният ҳаётида лайлатул-қадр деган тушунча ва у билан биргаликда бутун бир ҳодиса қарор топди. Ислом маданиятида у байрамга айланди. Одамлар шу кеча кирганда, уни бедор ўтказиб имон ҳаловати топишга интиладиган бўлдилар. Бир саволнинг қудрати шундай бўлди.

“Қориа” сурасида “мо адрока…”, деб бошланадиган савол бир эмас, қисқагина сурада уч бора такрорланди. Савол сурани жуда шиддатли тусга киритади. Унда илгари араблар ҳеч эшитмаган, уларнинг ақллари бовар қилмаган оҳанглар янграйди.

“Қориа. Қориа ўзи недур?

Билурмисан қорианинг нималигини?

Ва мо адрока мо ал-қориату?”

Муфассирларнинг талқин қилишларича, қориа қиёмати азимнинг номларидан бири. Унинг бир қанча маънолари мавжуд. Муфтий Шамсиддин Бобохонов ўз таржимасида унга “тарақлатувчи”, деб изоҳ берган. Таржимаси матнида эса “қиёмат” деб ўгирган, соддалаштириб юборган.

Алоуддин Мансур: “Ал-қориа” калимаси “қалбларни қаттиқ қоққувчи (қиёмат)” — деган маънони англатади”, деб тушунтириб ўтади. Суранинг биринчи оятини “(Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоққувчи (қиёмат)!” — деб ўгиради, бир оғиз сўзни бир неча оғиз сўз ва изоҳга айлантиради. Қуръон ўз кутилмаган қисқа саволига тасаввурларни жонлантирадиган, ҳаяжонга соладиган жавоб беради. Яъники, қориа кунида одамлар тўзғитиб юборилган парвоналардек бўлиб қолурлар. Тоғлар эса титилган юнг мисоли тўзғийди. Ўша куни яхши ва ёмон амаллар бари тарозуда тортилади. Имонсизлар тубсиз чоҳдан жой олади. У ерда ловуллаб ёнган олов ҳоким. И.Ю.Крачковский “қориа”ни — “поражающее”, деб талқин этади. Абдулазиз Мансур шунга яқин йўл тутади: “(У) зарба берувчи (қиёмат)дир. (Эй инсон), зарба берувчи не эканлигини сенга не ҳам англатур?!” — деб ўгиради: Крачковскийга пайравлик қилади. Сура дунёда яхши амаллар қилмай ўтган, яхшиликлари, эзгу ишлари тарозининг палласини босишга ярамаган кишиларнинг охиратдаги жойларини ҳам кўрсатади. Бу жойнинг номи тубсиз қаър, жарлик — сура тилида “ҳият” ёки “ҳовият”. Тарозиси енгил келмиш зотнинг онаси — “ҳовият” (“Фоуммуху ҳовия”). “Ҳовия” сўзи ваҳий қилиниши биланоқ яна ўша чақмоқ савол эшитилади: “Ва мо адрока мо-ҳият”. Жавоб шу заҳоти эшитувчининг миясига яшиндек уради: “Норун ҳомият”. Барча таржимонлар бу қиличдек оятни алангали ўт ёки ловуллаган олов, деб таржима қиладилар. Ҳовияқорианинг узвий бўлаги. Қориа яшиндек зарба берувчи бўлса, ҳовия — унинг ядровий алангаси. У бепарво, лоқайд, фақат ўз-ўзича бойлик, давлат йиғиб, шу билан мағрурланиб юрганларга омонлик бермайди. Ҳовия, демак, бу — тубсиз чоҳдаги мангу ўчмас алангали олов. Сура ушбу тушунчалар илоҳий китобнинг ёрқин кашфи бўлгани учун ҳам уларни тушунтириш йўлидан боради ва уларга ўзининг машҳур экспрессив саволи билан диққатни жалб қилади, уларни тирик дунёдаги қилмишларнинг жазоси сифатида қаттиқ эслаб қолишга ундайди. “Мо адрока…” бу ерда ҳам, бошқа ўринларда бўлганидек, мислсиз эслатувчи, диққатни тортувчи вазифасини бажаради. У хотира дарвозасини тақиллатади.

Одамлар қавмлари орасида бир-бирларини ғийбат қилиш, масхаралаш, пастга уриш, обрўсини тўкиш одамзот ер юзига келибдики, одат бўлиб келади. Ғийбатчилар, масхараловчилардан барча пайғамбарлар, уларнинг яқинлари, оила аъзолари, қариндош-уруғлари ва жумладан, жаноб Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, саҳобалар ҳам, уларнинг хонадон аъзолари ҳам кўп азиятлар чекишгани тарихдан маълум. Ғийбат, масхаралаш, обрў тўкишни имонли мўмин кишига мутлақо ярашмайдиган ахлоқий унсур, деб топди ислом таълимоти. Сураларда бу ахлоқий иллатга қарши ўтли ўта таъсирчан сўзлар тушди. Айниқса, “Ҳумаза” сураси ғийбат ва таҳқирнинг ўрни қаерда эканини ҳаяжон тўла сатрларда кўрсатди. Ғийбат, таҳқир билан машғул, муккасидан кетиб бойлик тўпловчи зотларнинг охират ҳаётидаги ўрнини таърифлади. Ғийбатчининг ўрни “хутама”, деб ҳукм ўқиди. “Хутама” ҳам одамзот учун, дин ва ахлоқ дунёсида янгилик, кашфиёт эди. Шунинг учун калом етказувчи яна ўша ўзининг хотира эшигини безовта қоқувчи ҳаяжонли ўткир саволига мурожаат этди:

“Ва мо адрока мо-ал-хутама”.

Сезаяпсизми, бу савол юракларимизда акс садо топа бошлади. У савол ортидан ғийбатчи ва масхараловчиларнинг тақдирига, ғийбат ва таҳқирнинг оқибатига инкор этиб бўлмайдиган жавоб топилди: “хутама” бу — норуллоҳ, деб жавоб қилди Қуръон сўзи. У мудом тўхтамай ёниб туради. У инсон қалбларини қамраб олади. Охират ҳаёти ҳақидаги ушбу жуда қисқа ва жуда ўтли сураларнинг бари бир-бирини тўлдириб боради ва буюк бир аланга ҳосил қилиб, инсон учун охират ҳаётини ёритади.

“Мо адрока…” илоҳий саволи ортидан келган сатрлар — оятлар қиёмат, охират, жаннат ва дўзах ҳаётининг эъжозий манзараларини кўз ўнгимизга келтиради. Бу манзаралар бошқа динлардаги қадимлардан маълум бўлган шу ҳодисаларга ўхшаш тасаввурларни беҳад даражада бойитади, ўз кашфиётларини қўшади, натижада охират ҳаёти тақводорлар, диндорлар, имонлилар, эзгу амал эгалари учун унутилмас бир тизим тусини олади. Бу тасвирларда мўъжизакор образли дунё, яъни ҳақиқий тасвир ҳосил бўлади. Тасвир ва тасаввур бундай ҳолларда фавқулодда ўзаро уйғунлик топади. Қуръон “мо адрока…” деб тушунтираётган сўзлар, тушунчалар — булар образли сўзлар, образли тушунчалардир. Тасвирнинг илоҳий булоқлари. Европа олимлари бу каби тушунчаларда асотирий маънолар қидиришиб, асотирий маънолар кўришиб (буни қарангки, биз ишлатаётган “асотир” сўзи ҳам Қуръон калимаси бўлиб, у “асотири аввалин” деган бирикмада илоҳий матнда бизгача етиб келган), ҳатто бу мифологик ҳодисага “архетип” деган тушунча остида баҳо беришган. “Архетип” тушунчасини швецариялик психоаналитик олим, улуғ мифшунос К.Г.Юнг ишлаб чиққан ва у орқали илк образлар чизгиларини назарда тутган, юнон тилидан таржимада бу тушунча “илк образ”, деган маънони англатади. Қуръондаги “тутун”, “олов,” “чоҳ”, “сақар”, “ҳовия”, “сижжин”, “иллийун” каби тушунчалар, эҳтимол, эслаб бўлмас қадим-қадим замонларнинг асотирларидан келаётган, эҳтимол кўплари унутилиб кетган, Қуръон саҳифаларида эса Тангри томонидан тавҳид ва имон ғоялари муносабати билан яна янгидан эслатилаётган образлар, образли тушунчалар, архетиплардир. Бу илк образлар фақат сўз, каломгина эмас, уларнинг ортида, замирида улкан руҳоний эъжозий ҳаёт манзаралари ўз тафсилотлари билан мужассамдир.

Муфассирлар Қуръон оятларида Иброҳим пайғамбар, Мусо пайғамбар, Исо пайғамбар замонларидан келаётган ва лекин V — VII аср араб қавмлари орасида аксаран унутилаёзган (жоҳилият, тинимсиз ўзаро қабилавий урушлар, талон-торожлар, мушриклик, кофирлик бало-офатлари боис) жуда кўп қадим сўзлар қиссалар, ақидалар, масаллар ва янги ҳодисаларнинг манзараларида қайта тирилганини қайд қилиб ўтганлар. Океан сиёҳ бўлганда ҳам у Қуръон қиссаларини баён қилишга етмайди, деган илоҳий образ бунда нақадар ҳақлигини исботлаб туради.

Қуръон олам тан олган мўъжиза китоб бўлгани боис савол ҳам туғилади: Тангри уни аввал ном бериб сўнг яратдими? Ёки аввал бино қилиб сўнг ном бердими? Ҳар ҳолда у инсонни яратганда, унга нарса-ҳодисаларга ном бериш мўъжизасини ҳам ато қилди. (Иблис буни инсонга ғаш кўрди. Унинг тирноғи ичига кириб олди.) Инсонга шу тариқа нарсаларни номлаш, мантиқли фикрлаш ва дунё муомалаларини сўз ва мантиқ билан олиб бориш, муроса ва мадора қудрати ато этилди.

Инсонда нариги дунё ҳаёти тўғрисида билим йўқ. Бори ҳам ғоят чалкаш эди. Қуръон мўъжизакор сўзи билан нариги дунё ҳаётининг бутун таъсирли образли манзараларини яратиб, ибрат учун инсониятга тақдим қилди. Бу манзаралар, айниқса, “Раҳмон”, “Воқеа” сураларида мислсиз маъно бўёқларини касб этди ва “Фабиаййи олойи раббикумо туказзибон”, деб ўттиз бора такрорланган саволда ўз поён чўққисига кўтарилди. Бу суралар дунё бадиий поэтик сўзининг камол чўққисидир. Унга Тангридан ўзга ҳеч зот кўтарилолмади.

Қуръон “мо адрока…” деб савол ташлаганда олам — бу олам ва у оламнинг инсон ақлини ожиз қилиб қўядиган воқеалари ҳақида фикр юритади. Бу билан фавқулодда мистик ҳодисаларга — бу жуда ғалати эшитилса ҳам — реалистик тус беради. Одам илгари идрок этмаган, этолмаган воқеа-ҳодисаларни идрок эта бошлайди.

“Биласизми жазо куни нималигини?” (“Инфитор”, 17.-18).

“Биласизми ажрим куни нималигини?” (“Мурсалот”, 13.-14).

“Биласизми сижжин нималигини?” (“Мутаффифун”, 7.-9).

“Биласизми иллийун нималигини?” (“Мутаффифун”, 19).

Булар ҳам Юнгнинг “архетиплар” ҳақидаги таърифига сиғадиган илоҳий асотирий воқеа-ҳодисалардир. Улар — образ-ҳодиса. Сура “Сижжийн” ва “Иллийун”битилган китоблардир, деб хабар беради. Имонсизларнинг номаи аъмоллари “Сижжийн” китобига ёзилади. Аброрларнинг яхшиликлари “Иллийун”га дарж қилиб борилади. Бири етти қат ер тагида, иккинчиси етти қат осмонда — Арш кутубхонасида сақланади. Қуръон Аллоҳ оламни илм билан қоплаб олганини айтади. Бу икки мўъжизавий китоб ҳам олам илмдан бино бўлганига уйғундир. Бу сўз-тушунчалар қаерлардан тушди экан? Улар Яқин Шарқ маданиятининг қайси қадим асотирларидан келаётибди? Юнонлар қадим Трояни Илийон, дердилар. У ерда Афинанинг улуғ ибодатхонаси бўлган. Хомер ўз буюк достонини “Илиада” деб атагани ҳам шу илиондан. Аммо бу “иллийун” билан боғланадими? Балки “Гилгамеш”ларда шуларга яқин сўзлар бўлгандир? Балки “Таврот”да, балки “Инжил”да? Аммо Қуръон улар орқали тамомила янги ҳодисаларни одамзотга англатди ва унга янги маданий тушунчалар туҳфа этди. Бирининг ер остида, иккинчисининг ер устида самода жойлашгани ҳам жаннату дўзах еру само орасидадир, деган тасаввурга нақадар уйғун ва бунда илоҳий мантиқ ҳоким. Аллоҳ ўз каломини тушунтириб бериш ва уни баён этиш ҳамда доим эслатишни ўз зиммасига олган (75.19). Бундан ҳам ваҳийнинг палапартиш бир нарса эмас, балки устувор мантиққа эга эканини уқиш мумкин. Само, нариги дунё, охират, қайта тирилиш, имон ҳодисаларини, ажрни Аллоҳ тушунтирмаса, баён қилмаса, шу пайтгача ким тушунтирган, улар ҳақда ким тасаввур уйғотганди? Самонинг ўзи шуни тақозо қилган, шуни юзага чиқарган. Аллоҳ қасам ичиши ҳожатсиз эди. Лекин қасам арабларга аждод-аждодлардан яқин эди. Шунинг учун Аллоҳнинг қасами арабларга тушунарлироқ эди. “Ториқ” сурасида Қуръон ҳақ билан ноҳақни ажратувчи Сўз экани таърифланади. Қуръон — мислсиз сўз олами. Тўрт муқаддас оят ичида сўз нималиги устида ажойиб таъриф келади: яхши сўз — яхши дарахт; ёмон сўз — ёмон дарахт; мустаҳкам сўз, қатъий сўз, собит сўз, оғир сўз — булар Қуръонда нималиги тушунтирилади. Исломнинг сўз ҳақидаги қарашлари, ўлчовлари шуларда ифодаланади. Яхши сўз, худди яхши дарахт каби, доим лазиз ва эзгу мевалар беради. Унинг илдизи мустаҳкам, ҳеч бир шамол, тўфонлар бу эзгу дарахтни қулатолмайди. Бу Қуръоннинг сўз ҳақидаги илк таърифи ва у “Иброҳим” сурасида баён қилингани ҳам эътиборли. Ёмон сўз эса мисоли ёмон дарахт. Унинг илдизлари ерга омонат ўрнашган, улар ҳар дамда узилиб кетадигандек. Имон келтирганлар устувор, мустаҳкам сўз билан ҳамиша собит ва собитқадамдир. Имон топмаганлар эса доим адашиб-улоқиб юради, ҳалокат ва фалокат қўли доим уларнинг ёқасида. Аллоҳ табиат ҳодисаларини худди инсон эҳтиёжлари ва унинг яшаш шароитлари учун етиштиргандек, сўзларни ҳам одам эҳтиёжлари, унинг маънавий дунёси, руҳонияти, ақл-идроки, гўзаллик, зийнат эҳтиёжлари учун сафарбар қилгандек бўлади. Гўзал, мўъжизакор сўзлари такрор-такрор (мўташобиҳ) келувчи илоҳий китоб сўзни ва унинг қиммати, қадрини мана шундай тушунтиради. Сўз билан самоларга чиқиш, меҳрибон ер қаватларига тушиш қурбини ато этади. Сўзларнинг шундай гўзал таърифлари билан дунё адабиёти ва маданияти қанчалар тараққий қилди. Буюк олимлар, адиблар, муфассирлар, тарихнавислар ўша сўзлардан илҳомланди. Навоий каби зотлар илоҳий сўз қудратини бутун ижодиётига сингдирдилар ва кўкларга парвоз қилдилар. Қуръон сўзларидан тараққиёт муждалари отилиб чиқди. Сўз нур янглиғ олам ва одам қалби, онг-шуурини тамомила қамраб олди.

Биз “ад-дийн”, “ажр”, “сакар”, “ториқ”, “қадр”, “духон”, “қория”, “хутама”, “ҳовия”, “сижжийн”, “иллийун” сингари “мо адрока…” савол услуби билан тушунтирилган сўзлар ҳақида фикр юритдик. Бу ишлар аввалларда қилинганми, қилинмаганми ё энди қилинмоқдами — Аллоҳ билади. Аллоҳ рози бўлсин.

Имон қавлини ўрганиш эса ҳамиша инсон учун хайрлидир.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 15-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!