Ғурури тоғлардан юксак

«Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққизда Фарғона вилоятида 12 ёшда подшо бўлди» у. Атиги 12 ёш. Дарвоқе, бу ёшда Навоий мавлоно Лутфий лутфига сазовор бўлган ўша «Оразин ёпқоч, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш…» матлаъли ғазалининг қофияларини шеърда тизаётган эди.

Бугунги кун мучал кўрган бола-чи? Имкон туғилганда унда ҳам Навоийдаги таъби назм ёки Бобур шиддати, шижоати пайдо бўлармикин?.. «Феъли сажиясига кўра Бобур Сезарга қараганда севишга арзигуликдир», — дейди Эдуард Холден. «Бобурнома»даги тинимсиз жанги жадаллар, «дилбар шоир» ибораси билан айтганда, «муҳосара, фатаротлар» тасвири билан яхши таниш бўлган китобхон унга бундан кам баҳо бера олмас.

Темурийлар орасида назмга мойиллиги (табъи назм) бўлмаган, ижод билан шуғулланмаган султонлар бармоқ билан санарли. Амир Темурдан тортиб сўнгги темурийлар вакили Ҳусайн Бойқарогача, Мирзо Улуғбекдан Хисравшоҳгача ўзига хос ижод билан машғул бўлган. Аммо бу қаторда Бобурнинг ўрни улуғроқдир. Эҳтимол, ота доғидан кўз ёши қуримай отига минган шаҳзодада пешма-пеш бошга тушаётган тақдирнинг ноҳақ ўйинларию адолатсизликларидан кўра болаларча, шоирона ҳайрат устун келгандир.

Ўз рақибига нисбатан ҳам жўмардлик билан баҳо бериш учун Бобурдек шоир қалбига эга бўлиш керак, назаримизда.

Самарқанднинг иккинчи бор қўлга киритилишини Султон Ҳусайннинг Ҳирот тахтига ўтириши билан қиёслаб, ўзи ва унинг имкониятларини кўрсатиб беради: «Султон Ҳусайн мирзо ҳам Ҳирий (Ҳирот)ни ушбу йўсунлиқ ғофилликта олибтур. Вале бу иш била ул иш орасида кўп фарқ бордур. Аввал буким, Султон Ҳусайн мирзо кўп ишлар кўрган, бисёр тажрибалар кечирган улуғ ёшли подшо эди. Иккинчи буким, ғаними Ёдгор Муҳаммад мирзо 17-18 ёшли бетажриба ўғлон эди. Учинчи буким, ғанимнинг ичидан кайфият ва ҳолатни яхши билган Мир Али Мирохур мирзога кишилар юбориб, ғофилликда ғаним устига келтурди. Тўртинчи буким, ғаними қўрғонда эмас эди…

Мен Самарқандни олганда 19 ёшда эдим: не кўп иш, не тажриба кўриб эдим. Иккинчи буким, менинг ғанимим Шайбоқхондек пуртажриба ва кўп иш кўрган, улуғ ёшли киши эди. Учинчи буким, бизга Самарқанддин ҳеч киши келмайдур эди. Гарчи шаҳар эли менга кўнгуллик бўлса-да, Шайбоқхондан қўрққанидан ҳеч киши бунга жазм қилолмас эди. Тўртинчи буким, менинг ғанимим қўрғонда эди.»

Эътибор беринг-а, «ғанимим Шайбоқхондек пуртажриба ва кўп иш кўрган, улуғ ёшли киши эди» — ота юртидан абадий бадарға қилган хонга нисбатан бундай фикрларни айтиш учун қанчалик дипломат бўлиш керак киши! Дашти қипчоқдаги кўчманчи ўзбекларни бирлаштирган Шайбонийхоннинг темурийлар сулоласини «синдириб», йирик империя туза олган моҳир саркарда сифатида жаҳон тарихида ўз ўрни бор. Бобур хотираларида Шайбонийхонга нисбатан уни беобрў қиладиган ёки таҳқирлайдиган сўзлар қўлламайди. Аксинча, унинг ҳарбий қобилиятига, маҳоратига ҳар доим тан бериб келади.

«Тўлғама» — жанг майдонида рақиб томонга жангчиларнинг ёпирилиб, душман байроғига шиддат билан ўқ-ёй отиб, уларни саросимага солишидир. Шайбонийхоннинг ҳар бир жангда тўлғама тактикасини қўллаши Бобурнинг ҳавасини келтиради: «Ўзбекнинг (яъни Шайбонийхон нав­карларининг) урушда бир улуғ ҳунари ушбу тўлғамадир, ҳеч бир уруши тўлғамасиз бўл­мас».

Шайбонийхоннинг яна бир ҳарбий тактикаси шундай эдики, унинг армияси ҳужумда ҳам, ҳатто чекинганда ҳам, бетартиб талотўп бўлиб эмас, бор шиддати билан бирдай ёпирилиб ҳаракат қилади. Бобур буни ҳам «ўзбекнинг яна бир улуғ ҳунари» деб тан олади.

Эҳтимол, бу жўмардлик Шайбонийхонда ҳам ўзига нисбатан бир оз хайрихоҳлик уйғонишига олиб келгандир. 1500-1501 йилларда Шайбонийхон Бухорони олиб, Са­марқанд устига юради. Са­марқанд бекларидан Султон Али мирзо онаси Зуҳрабегимнинг пуч хаёллари таъсирида шаҳарни рақибига топширади. Зуҳрабегим ўғлига отасининг вилояти — Самарқандни бериш эвазига Шайбонийхон билан никоҳ шартномаси тузишни таклиф қилади. Аммо шаҳарга кириб олган хон бу «ақли ноқис хотун»га канизакчалик ҳам парво қилмайди, Султон Али мирзо эса Темур Султон (Шайбонийнинг ўғли) билан тўқнашувда ўлдирилади. Энди унинг Бобурга муносабатини эслаб кўринг: уч-тўрт ой давом этган Самарқанд қамалида Бобур танг аҳволда қолади. Халқ танқисликдан ит ва эшак гўштини ейишгача боради. Теварак-атрофга жўнатилган ҳеч бир элчи умидвор этгудай хабар билан келмайди. Шу вазиятда Шайбонийхон сулҳ тузишни таклиф этади. 3-4 минглик навкарли пуртажриба бир хон 200-300 аскари қолган, бунинг устига ёш, тажрибасиз бир саркардага-я? Ёки чиндан ҳам Муҳаммад Солиҳ ёзганидек у — «имом-уз-замон ғойибона ошиқ бўлиб, ишқ била маъшуқини» — Бобурнинг жондай эгачиси Хонзода бегимни қўлга олиш мақсадида эдими? Бу фикр ҳақиқатдан анча йироқ. Чунки «Бобурнома»да ўзининг ҳар бир камчилигини тан олган шоир бу ҳақда «менинг эгачим Хонзода бегим шаҳардан чиқишда Шайбоқхон илигига тушди» (ҳа, айнан «шаҳардан чиқишда илигига тушди») дейди. Муҳаммад Солиҳ берган маълумотга келсак, «Шайбонийнома» бадиий асар эканлигини унутмаслик лозим.

«Бобурнома»да шоирнинг ҳар бир вазиятга холис баҳо бериши, унинг ўз қариндошларига садоқати, ҳатто улар Бобурдан юз бурган пайтларда ҳам хиёнат қилмаганини қандай баҳолаш мумкин?

Самарқанд қўлдан кетиб, бир қанча фурсат она уруғи — хон додаси (Юнусхон) қошида юрган Бобур Хўжанд дарёсининг жанубидаги Андижон ерларини ишғол қилади. Аммо хон додаси бу ерларни ўз ўғлига бериб, шоирга: «Шайбонийхон Самарқандни эгаллаб, юксалиб бормоқда. Шунинг учун кичик хонни қанча узоқ ердан чақирдик, бу ерда ери (мулки) йўқ, ўз вилоятлари йироқда, бошқариб турсин», — деган важ кўрсатилади. Шайбонийхон мустаҳкам ўрнашиб олган Самарқанд қўлга киритилса (!), уни Бобурга беришни ваъда қилишади. Хон додасининг ҳийласини Бобур яхши тушунарди: «Бу сўзлар менга фириб экандур. Чора йўқ эрди, хоҳи-нохоҳи рози бўлдим…»

Қариндошларидан фойда йўқлигини айтиб, Бобурнинг яқин бекларидан бўлган Қамбар Али бошқа таклиф беради: «Ўш, Марғилон, Ўзганд ва қўлга киритилган вилоятлар сизнинг қўлингизда. Ўшга бориб, қўрғонни беркитиб олинг-да, Султон Аҳмад Танбал билан ярашиб, мўғулни чиқариб ташланг. Сўнг вилоятларни икковингиз бўлишиб олинг». Бобур қатъий бош тортади: «Хон — туғишғонларим. Танбалга подшоҳлик қилгандан буларга навкарлик қилганим ортиқроқдур!» Имкониятлари қўлдан кетган ожиз бир кишининг эмас, содиқ, ватанпарвар ва эртага Шайбонийхон хавфининг муқаррар эканлигини кўриб турган бир тадбиркор саркарданинг сўзлари бу.

1503 йилда Темурбек бино қилган империянинг «сўнаётган юлдузи» — Султон Ҳусайн мирзо Хисравшоҳ, Бадиуззамон, шайх Арғун Зуннун билан бир қаторда, ҳарбий салоҳиятини тан олиб Бобурга ҳам хат жўнатади. Ўзбеклар — шайбонийлар ҳали босиб улгурмаган Темурийлар юрти ҳудудларини ҳимоя қилиш учун кўрсатмалар бера бошлайди. Бобур «Сен Коҳмард ва Ажар тоғ этакларини (ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги ерлар) муҳофаза қил, токи ўзбеклар кира олмасинлар», деган мазмунда хат олади.

Тақдирнинг ўйинини кўринг! Бобур Самарқанд қамали пайтида пайдар-пай жўнатган элчиларига ҳеч қандай жавоб бермай, кўмак бермай, шайбонийхонга элчи юборган «мардона ва соҳиб тажриба» Султон Ҳусайн мирзо энди Бобурга ўз ерларини ҳимоя қилиш учун кўрсатма бериб турибди. Ваҳоланки, «ўзбеклар хавфи»ни Бобур анча олдин сезган, темурий ва она уруғидаги султонларни аланга олиш хавфида турган олов — «Шайбоқхондек ғаним пайдо бўлгани, бунинг туркийга хавфи катта экани» ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди. Аммо бу чорловлар ўз пайтида жавобсиз қолди. Бобур шунда ҳам Султон Ҳусайн мирзога нисбатан адоват қилмайди, балки Бойқародек подшоҳдан «мана бунча кема ясанг, мана бунча кўприк қуринг, хужумга тайёрланинг», деган хабар келса қани эди? Темурбек тахтида ўтирган Султон Ҳусайн мирзодек подшо ғаним устига юришни эмас, юртни беркитиб, омон қолишни ўйлаб турса, қолган халқ ўзини қандай тутсин, дея алам билан муҳофазага отланади.

Бобурдаги хавф-хатарни олдиндан билиш, ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам ўз ғурурини синдиришларига йўл қўймаслик унинг туғма ҳарбий салоҳиятидан нишон беради. Чунончи, уни ҳийла билан Аҳмад Танбал қошига олиб кетаётган ёғийлар Хўжанд ёқасида тутиб боғлаш ҳақида маслаҳатлашиб турган бир пайтда уларга қарата: «Қани, кўрай-чи, қайси бирингиз менга яқин кела оласиз?» — дейди.

Бобурнинг ғурур, нафсоният, ор-номус каби туйғуларни ҳамма нарсадан устун қўйишини яна бир ҳолатда кузатишимиз мумкин: Султон Ҳусайн мирзо ўлимидан сўнг Ҳирот тахтида ўтирган Бадиуззамон мирзо ҳузурига илк бор келганда, Бобурга иззат-икром кўрсатилади. «Иккинчи навбат келганда Бадиуззамон мирзо бурунғидек таъзим қилмади». Бу ҳолатни ҳам тушуниш мумкин. Моварауннаҳр тамом қўлдан кетган, қисман Хуросон ерлари ҳам шайбонийлар ихтиёрига ўтган эди. Оғаси Султон Музаффар мирзо билан сўнгги темурийлар салтанатини бошқараётган подшо Бадиуззамон 200-300 навкари билан дарбадар кезиб юрган, на ҳокимияти, на давлати бор бир бекка нечук таъзим қилсин? Аммо «на давлат, на ҳокимияти қолмаган» Бобурнинг нафсонияти, ғурури тирик ва у ўзига нисбатан бундай муносабатни раво кўрмасди. Оқибат, орага киши қўйиб, Бадиуззамонга шу хабар етказилади: «Агарчи ёшим кичикдур, вале тўрум (даражам) улуғдир. Ота тахтидаким (Темурбек демоқчи), Самарқанд бўлғай, икки навбат зарби рост олиб ўтирибдирман. Бу хонавода учун ёт-ёғий билаким мунча жанг қилибдурмен, менинг таъзимимда таъхир (ихтиёрсиз бўлиш) беважҳдур!» Бобурдан ўзга ғурур, шиддат эгаси шоҳга бундай сўзларни етказиш учун ўзида журъат тополмаса керак.

Ўз халқи ўтмиши билан ғурурланиш камдан-кам миллатга насиб этса керак. Зеро, олис ва афсонавий юрт — Ҳиндистонда 300 йилдан зиёд ҳукмронлик қилган бобурийлар тарихи билан фахрланишимизда ҳам асос бор.

Гулнора Акбарова
“Маърифат” газетасидан олинди.