Навоий яратган куй

Хондамир, Восифий, Бобур каби муаллифлар ҳазрат Алишер Навоийнинг мусиқадаги илмий ва амалий фаолияти, яъни рисола битиб, ўзи ҳам кўпгина куйлар басталагани, ижрочилик маҳорати ҳамда ёш созандаларга мураббий-устоз бўлгани ҳақида қимматли маълумот берганлар. Бироқ улар ичида Алишер Навоий басталаган куйлардан ҳеч бирининг номи махсус қайд этилмаган. Шу сабабли кўпдан бери олимларимизни Навоий яратган куйлардан биронтасининг номи қўлёзма манбаларда учраб қолиши масаласи қизиқтириб келарди.

Қарангки, ана шундай манба 1556 йил 9 декабрда Самарқандда туғилиб, 1630 йили шу шаҳарда вафот этган Мутрибийнинг «Тазкират уш-шуаро»(1605) асаридан кейин, аниқроғи, 1624 йили ёза бошлаб, биринчи таҳририни 1626 йил декабрида Ҳиндистонда бобурий Жаҳонгир подшоҳга шахсан тақдим этган ва 1628 йили яратган иккинчи таҳрири эса бизгача етиб келган «Нусхайи зебойи Жаҳонгир» тазкираси бўлиб чиқди. Бу тазкира қўлёзма нусхаси Англиядаги «Индия оффис» музейи кутубхонасида сақланган бўлиб, у қўлга киритилгач, Мутрибий маълумоти асосида ушбу сатрлар муаллифи 1996 йили «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси орқали Навоий басталаган куй ҳақида хабар эълон қилди. Мазкур маълумот аслида «Нусхайи зебойи Жаҳонгир»га 1627 йил февралидан кейин илова тарзида киритилган Хотима қисмида зикр этилган бўлиб, бу Хотима камина томонидан «Ҳинд сафари» номи остида ўзбек тилида нашр ҳам қилинди(Мутрибий. Ҳинд сафари. — Махпират номидаги Ўрта Осиё халқлари тарихи институти, 2005).

Афсуски, шунга қарамай, ҳалигача айрим ёш тадқиқотчилар ишларида Алишер Навоий мусиқий фаолияти ҳақида Хондамир ва Бобур маълумотларидан бўлак хабарлар мавжуд эмаслиги қайд этилиб турибди. Шу сабабли бу мавзуга янада ойдинлик киритиб, Хондамир ва Бобур маълумотларини Мутрибий ёзиб қолдирган қимматли фикрлар билан тўлдиришни маъқул топдик.

Хондамир «Хулосат ул-ахбор»нинг Амир Алишер Навоий тарбияси туфайли мусиқада камол топган созандалар бобида шундай ёзади: «Олийҳазрат амир Алишер мусиқа илмида ҳам шу қадар маҳорат ҳосил қилган эдиларки, агар Муаллими соний Абу Наср Форобий ҳаёт бўлганларида Навоийга шогирдлик сирғасини қулоғига тақиб оларди. У қонун ва удда зўр таълим олгандилар. Бинобарин, созанда аҳлининг кўпчилиги ҳамиша олийҳазратнинг мулозаматида бўладилар. Ҳофиз қозоқ ёши улғайиб, оқу қорани ажратадиган бўлиб қолганда олийҳазрат амир Алишер хизматига кирди ва унинг диққат-эътибори орқасида қонун чалишда тенги йўқ кишига айланди… Устод Шоҳқули ҳам ёшлигида амир Алишер хизматида уд ва бошқа мусиқа асбобларини тўла эгаллаб олди ва бир куй тасниф этдики, пешрави пуркордир. Амир Алишер унинг тарбиясига шу қадар киришдики, ундан ортиғини тасаввур қилиб бўлмайди…. Устод Ҳусайн болалигидан то йигитлиги бошларигача амир Алишер остонасида бўлиб, уд чалиш билан маш­ғул ва бу фанда тўла маҳорат ҳосил қилди. Устод Шайхий Ноий ҳам ёшлигидан амир Алишер кўрсатмаси ва истаги билан най чалишга майл билдирди, шу кунларда бу фанда унга тенг келадигани йўқдир».

Кўрганимиздек, Хондамир Алишер Навоийнинг Абу Наср Форобийга ўхшаб мусиқа илми ва амалида рисолалар битиб, куйлар басталагани ва ижрода ҳам тенгсиз бўлганига ишора қилмоқда. Бироқ, бу ўринда Навоий басталаган биронта куй ҳақида махсус маълумот берилмаган.

Бобур мирзо ҳам маълумот ҳавола этишда шундай йўл тутган. «Бобурнома»дан қуйидагиларни билиб оламиз: «Алишербек… мусиқийда яхши нималар боғлабтур. Яхши ­нақшлари ва яхши пешравлари бордур».

Албатта, ҳар иккала тазкирасини ҳам ўзига замондош шоирлар ҳаёти ва адабий фаолияти бўйича тартиб берган Мутрибий Жомий, Алишер Навоий каби ўтмиш ижодкорлар ҳаётидан ҳам бир сабаб билан лавҳалар ҳавола этиб, шеърларидан намуналар келтирса-да, уларнинг мусиқадаги фаолиятига махсус тўхталмаган. Бироқ, у Ҳиндистонда пайти 1627 йил 25 февралидан бошлаб ўзининг Жаҳонгир билан мулоқотларини қаламга олишга киришаркан, ўша учрашувлардан бири асносида Жаҳонгир ундан Ўрта Осиёда яратилган янги куйлардан бирини чалиб беришни сўрагани, Мутрибий подшоҳ истагини бажо келтириб, ана шундай куйлардан бир нечасини ижро этгани хусусида ёзади ва улардан бирига таъриф беришда эса Алишер Навоий басталаган бир нақш(куй)ни тилга олиб ўтишига тўғри келган. Аниқроғи, бу маълумотларда айтилишича, айнан, Мутрибий чалиб ва ашула қилиб айтган мазкур куйлардан бири Алишер Навоий яратган бир мусиқа асари услубида басталанган бўлиб, Навоий яратган куй номи ана шу тариқа «Нусхайи зебойи Жаҳонгир»да қайд этиб кетилган: «Жаҳонгир подшоҳ дедилар: — Кеча ширин овозли булбул Фасиҳхон тазкирангизни ўқиб, назаримиздан ўткарди. Тазкирангизда амакимиз Муҳаммад Ҳаким мирзо воқеаси ҳам зикр этилган экан. У зотнинг мусиқа илмининг амалий ва илмий истилоҳларини билишлари хусусида ёзиб, ўзингиз ҳам мусиқага доир айрим тушунчаларни зикр этгансиз. Демак, охунд­нинг ўзлари ҳам бу фан амали ва илмидан яхшигина хабардор кўринадилар. «Мутрибий» тахаллуси ҳам шу маънодан дарак бериб турибди-ку, ахир. Агар саройимиздагилар ҳузурида бу илм амалиётидан биронта намуна кўрсатсалар — нақш­ми ё биронта амалми, қавл бўладими, савтми ёки битта пешравми айтиб берсалар ёмон бўлмасди. Сарой аҳли мириқиб тингларди.

… Шундан сўнг доира келтиришди, мен эсам йиғилганлар доирасида доирани қўлимга олиб: — Қиблайи олам, қайси оҳангда куйлай ва қайси бастакорнинг таснифини айтай? — деб сўрадим.

— Бузруквор отамиз олий йиғинларида эски бастакорлар асарларини кўп эшитганмиз. Аммо, кўнглимизда Абдуллахон ўзбак замонида яшаган устод Али Дўст Ноий таснифларидан эшитишга кўпроқ майл ва иштиёқ бор. Агар биронтаси ёдингизда бўлса, ўшани айтсангиз! — дедилар подшоҳ.

Устодим Али Дўст Ноий «Ироқ» оҳангида нимсақл боғлаган савтил-амални айтишга тушдим. Бу савтнинг бозгусида андозий усули бор. Сархонаси Ироқда ва миёнхонаси Ҳусайнийда, бозгуси Уззолдадир. Нақорати аввалида бир неча мус­таҳал ҳам келади. Бу амални тўла тугатгач, подшоҳ менга қараб:

— Баракалло, жуда яхши айтдингиз. Зарб ва нутқ бир-бирига мувофиқ ва мос ҳолда ижро этилди. Улар орасида ихтилоф бўлмади, — дедилар.

Шундан сўнг «Сегоҳ» оҳанг­ида, Амир Алишернинг «Ҳусайний» оҳангида «турк зарб» усули билан Султон Ҳусайн мирзо нозу ниёзида яратган ва мазкур устод Али Дўст Ноийда ҳам бор нақш услубидаги бир нақшни «Даври шоҳий» усули билан айтиб бердим. Кейин, мазкур устодим Абдуллахон номига «Нишовурак» оҳангида фаръ усули билан басталаган бир савтни ҳам ижро этдим. Буларни эшитгач, подшоҳи олам: — Офарин, тинг­лаб бир мисқол бўлдик. Сизни бошқа уринтирмаймиз, етади, бас, — дея лутф этдилар».

Бу маълумот орқали биз иккита хулосага келамиз: демак, Алишер Навоий яратган куй «Ҳусайний» оҳангида «турк зарб» усули билан Султон Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ўртасидаги дўстона муносабатга бағишлаб яратилган нақш экан. Қолаверса, бу нақш(куй) буюк мутафаккир шоиримиз вафотидан 125 йил кейин ҳам ўша ном билан халқ орасида ижро этилиб турган ва Навоийнинг дўсти машҳур мусиқачи, ­бастакор устод Алишоҳ шогирдларига шогирд бўл­миш ўрта осиёлик Устод Али Ноий каби шогирдларига асрлар оша янги куйлар яратишида илҳом бағишлаб, кўрганимиздек, Мутрибий сингари созанда, мусиқашунослар эса уни ўз ижроси орқали юртлар оша тарғиб қилганлар.

Исмоил Бекжон
“Маърифат” газетасидан олинди.