Бегали Қосимов. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг илк босқичи

Атама ҳақида

Цивилизация тарихида «Ренессанс» деган тушунча бор. Асли французча бўлган бу сўзни русчага «Возрождение» деб таржима қиладилар. «Возрождение» — тикланиш маъносига тўғри келади. Ўзбекчада эса бу «Уйғониш» деб қабул қилинган.

Ренессанс—Возрождение Ғарбда инсоният тарихининг мумтоз даври ҳисобланиб келадиган қадим юнон, рим маданиятига — антик маданиятга нисбатан айтилган бўлиб, бутун бир даврни қамраб олади. Унинг чегарасини Шарқда IХ-Х асрдан, Ғарбда XIV—XV асрдан белгилайдилар. Ва унинг бош хусусияти, мута-хассислар фикрича, шаҳар маданиятининг гуркираб ўсиши, илм ва ижод эгаларига хос қомусийлик, гуманизмнинг ижтимоий-маънавий турмушнинг барча жабҳаларига кириб боришидир. 1789 йилги Буюк Француз инкилоби Европада миллат тушунчасига алоҳида мартаба берди ва уни олдинги маррага олиб чиқди. Европа халқлари Ватан тараққиётининг бош омили миллатнинг ўз-ўзини англаши эканлигини тушуниб етдилар. Бу жараённинг олис Туркистонга етиб келиши учун юз йилдан ортиқроқ вақт кетди.

Кекса Демокрит бундан 2500 йил муқаддам «ҳар бир мамлакатнинг ягона соҳиби» —«миллат» ҳақида гапиргани маълум. Сўнг замонлар ўтиб, «nation»нинг муқобили «миллат»га биз Қуръони каримда дуч келамиз. Лекин у ерда бу атама этнос (эл, элат) эмас, дин, мазҳаб ўрнида келади. Ўзбек адабиётида «миллат» тушунчаси этнос маъносида Навоийдан бошлаб ишлатилгани кузатилади. Лекин унинг бугунги маъносини касб этиши жадидчилик даври билан боғлиқ.

Энди «жадидчилик» атамаси ҳақида. «Жадидчилик» арабча «жадид» («янги») сўзидан. Кенг маънода ижтимоий-маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларини янгилашни кўзда тутади. Жадидчилик, Туркистон ижтимоий фикри тараққиётида, Фитрат қайд этганидек, исломчилик (панисломизм), туркчилик (пантуркизм) ва маҳаллийчилик (ўзбекчилик) кўринишларида ҳам намоён бўлган эдики, буларнинг ўз сабаблари бор. Масалан, исломчилик ва туркчилик, чор ҳукуматининг ғайрирусларга-мусулмонларга қарши олиб борган буюк миллатчилик сиёсатига жавоб сифатида майдонга келган бўлса, маҳаллийчилик (ўзбекчилик) 1918-1920 йилларда Туркистонда адабий тил борасида авж олган «торт-торт» муносабати билан юзага келган эди. Гап шундаки, Биринчи Жаҳон урушида Русияга асир тушган кўплаб усмонли турк зобитлари 1917 йил воқеаларидан сўнг Туркистонга келиб, маориф ва маданият ишларида фаол иштирок этар эканлар, адабий тил борасида Истанбул туркчасига қизғин тарафдорлик кўрсатган ва бу ўзбек зиёлилари орасида муайян эътирозлар туғдирган эди. Лекин бу қарашларнинг ҳар учаласи ҳам 20-йилларнинг ўрталарида оддинма-кейин барҳам топди.

 

ДАВРНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАДАНИЙ ҚИЁФАСИ. МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ МАНБАЛАРИ ВА ЮЗАГА КЕЛИШИ

«Уйғониш» (Ренессанс) тушунчаси қадим антик адабиётга нисбатан олинган бўлиб, ўрта асрлардаги илм-фан жонланишини кўзда тутади. Унинг доираси турли мамлакатда турлича, IX асрдан XV асргача бўлган даврни қамраб олади. «Миллий уйғониш»да эса, миллатнинг ўзлигини англаши асос қилиб оли-нади. Биз «Миллий уйғониш» даври адабиёти деганда XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошлари адабиётини кўзда тутамиз. У ўзига хос бир даврдир.

 

Давр воқеаларига бир назар

1853—1885 йилларда кўҳна Туркистон Русия томонидан босиб олинди. Аслида бу истак ва ҳаракат русларда анча эрта, тақдир турк дунёсини таназзулга тушириб, Европанинг қўлини сарбаланд қилган XVI асрдан, Иван Грозний замонасидан бошланган эди. У 1552 йилда Қозон хонлигини, 1556 йилда Хазар хонлигини забт этиб, Русни муаззам Осиё сарҳадларига олиб чиқди. Пётр дунёга донғи кетган Самарқанду Бухорони қўлга киритиш, ундан денгизлари ҳеч қачон музламайдиган Ҳиндистонга кириб боришни буюк орзу билган эди. Бу орзуни у амалга ошира олмади. Унинг ишини издошлари давом эттирдилар. XVIII асрда Ермак Узоқ Шарққача бўлган жойларни босиб олиб берди. XIX асрнинг бошларидан руслар қадим шуҳратшиор Туркистоннинг шимолий дарвозаларини пайпаслаб кўра бошладилар. Туркистон эса темурийлар ўрнини эгаллаган Шайбонийхоннинг узоқ давом этмаган марказий ҳокимиятидан сўнг, аста-секин парчаланишга юз тутган ва уч хонлик деб аталмиш уч бўлакка бўлиниб, ўзаро низо ва жанжаллар ботқоғига ботган эди. Туркистонни ўрганганлар, эҳтимол, подшо Александр II га шундай хулоса берган бўлсалар ажаб эмас: мамлакат дунёдан узилган; Улуғбеклар дарс берган мадра-салардан нишон қолмаган; илм-фан ночор аҳволда; жаҳолат ва зулм авжга минган; давлатларнинг муҳофаза қудрати ҳам ўзига яраша; қурол-яроғ оз, бори ҳам эски, ибтидоий; аскар тартибсиз, дунёдан хабарсиз, замонавий тўп нима, билмайди; уруғ-насаб жанжаллари тинмайди… Хуллас, Туркистонни забт этишга бундан қулай фурсатни топиб бўлмайди.

Туркистонни эгаллаш иштиёқи жаҳоннинг икки буюк мустамлакачи мамлакати — кекса, ҳийлакор ва тадбиркор Англия билан ёш, барқ уриб келаётган Русия манфаатларини бирби-рига тўқнаштириб қўйди. Русиянинг Туркистонга изчил, қадам-бақадам кириб келиши, ҳаракатларининг жанубдаги иссиқ денгизлар томон қаратилиши эҳтимоли Ҳиндистон ва Афғонистонни ўз қўлида тутиб турган Англияни ташвишга солди. Қолаверса, Туркистоннинг туганмас бойликларидан баҳраманд бўлиш, ҳеч бўлмаса ундан бозор ўрнида фойдаланиш инглизларнинг ҳам хаёлида бор эди. Русия ҳам Туркистоннинг бор бойлигига даъвогар эди. Қадим юрт икки аждаҳо қаршисида чорасиз тўлғанарди. Вазият «эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ» қабилида эди.

Икки мамлакат ўртасидаги пинҳоний кураш кучайди. Англия Туркистондаги уч хонликни Русияга қарши бирлаштириш ва уларни замонавий қуроллар билан қуроллантириб, урушга солиш режасини тузди. Агар хонликлар ўз мустақилликларини саклаб қола олсалар, Англия ва Русия ўртасида оралиқ майдон ҳосил бўлар ва бу ерда ҳар икки мамлакат ўз саноати маҳсулотларини хоҳлаган нархларда сотиши мумкин эди. Англия шуларни кўзда тутиб, хонликларга махсус вакиллар юборади. 1841-1842 йилларда Туркистонга келган бу вакилларнинг таклифларини Қўқон ва Хива хонликлари қабул қиладилар. Бироқ ўзига бино қўйган Бухоро амири Насруллохон инглизлар таклифларини рад этади, аксинча, элчига ўлим йўқ, қоидасига зид ҳолда вакилларни қатл эттиради. Ва Туркистон мустақиллигини сақлаб қолишда тарих берган бирдан-бир имкониятни қўддан чиқаради.

Шунга қарамасдан, инглизлар Русияга қарши Туркистон мудофаасини ташкил этишга ҳаракат қиладилар. Жумладан, Мустафо исми билан Қўқонга замонавий тўп қуювчи уста юборганликлари, Ҳиндистондаги туркий сипоҳийларга ўз ота-юртларига ёрдамга келишларига рухсат этганликлари маълум.

Бу ҳол, айни пайтда, Русиянинг хатти-ҳаракатларини ҳам тезлаштирди. 1853 йилда Перовский Қўқон хонлигининг шимолдаги дарвозаси Оқмачитга шиддат билан ҳужум қилди. 400 ҳимоячи замонавий қуролланган 2500 кишилик қўшинга қилич-найзаю, пилта милтиқ билан қарши турдилар ва қалъани 20 кун, сўнгти томчи қонлари қолгунча ҳимоя қилдилар. 1860 йилда полковник Диммерман Пишпекка ҳужум қилди. 1864 йил 1 майда Авлиёота, 12 июнда Туркистон шаҳри босиб олинди. Сентябрда Чимкент забт этилиб, вайрон қилинди.

Дариғо, ушбу Чимкентни ўруслар кўп хароб қилди,
Ямону яхшини қўймай қириб-туйиб, адо қилди, —

деб ёзган эди мазкур воқеанинг гувоҳи бўлган маҳаллий шоирлардан Ҳусайн Шайх ўзининг бир шеърий-тарихий рисоласида. Ўша даврда ёзилган Мирзаолим Мушрифнинг «Ансобус-салотин ва таворихул-хавоқин» («Султонлар насаби ва хоқонлар тарихи»), Мулла Олим махдум Ҳожининг «Тарихи Туркистон», Баёнийнинг «Шажарайи Хоразмшоҳий», Ибратнинг «Фарғона тарихи», Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» («Тошкентнинг янги тарихи») тарихий асарларида истилонинг даҳшатли манзаралари ҳикоя қилинган. Ҳатто буни бир қадар мўътадил рус манбаларида ҳам учратиш мумкин.

 

Тошкентнинг босиб олиниши

1865 йилнинг баҳорида генерал Черняев катта қўшин билан Қўқон хонлигининг энг йирик ша-ҳарларидан Тошкент остонасида пайдо бўлди. Бу шаҳар Туркистонни ҳарбий, маъмурий идора этишда ғоят қулай эди. Бироқ чор ҳукумати воқеаларнинг ғоят тезлашиб кетаётганидан бир оз ташвишга тушган, жаҳон афкор оммаси олдида ўзини андак ноқулай сезар эди. Шу сабабли генерал Черняевга Тошкентни босиб олишга шошмаслик тўғрисида кўрсатма келади. Лекин рус қўшинининг кетма-кет ғалабалари, вайрон ва талон нашъасидан маст генерал ўзини тута олмайди. Тошкентни қамал қилади. Айрим маҳаллий сотқинларнинг ёрдами билан Тошкентни сув билан таъминловчи Ниёзбек қалъасини эгаллайди. Ва ша-ҳарга кирадиган сувни тўсиб қўяди. Шаҳар сувсиз қолади, бироқ таслим бўлмайди. Қўқондан ёрдам чақирилади. Шошилинч Алимқул бошчилигида қўшин етиб келади. 1865 йил 15 июнь эрта тонгида Русия қўшинининг полковник Абрамов бош 250 кишилик илғор отряди 42 кунлик қамаддан сўнг Камолон дарвозасидан ичкари киришга муваффақ бўлади.

Жанг оғир ва шиддатли кечди. Тошкент босқинини ўз кўзи билан кўрган тарихчи Муҳаммад Солиҳ «Тарихи жадидаи Тошканд» («Тошкентнинг янги тарихи») китобида ёзади: «Бутун осмонни тутун ва чанг қоплаб олди, ниҳоят, руслар яқиндаги тепалик томон чекиниб, мудофаага ўтишга мажбур бўлдилар. Қамалда ётган шаҳарликлар буни кўриб жуда қувондилар. Етти яшар боладан тортиб, етмиш яшар чолларгача ғалабани қутлаб, сарбозларга овқат, шарбат, иссиқ нон, ширин ва нордон мевалар келтириб турдилар. Лекин рус қўшинлари ўзларини ўнглаб қайта ҳужумга ўтиб, Тошканд қўшинларини орқага чекинтирди».

Замонавий уруш қуролларидан бехабарлик панд берди. Рус тўпларининг гумбурлаган овозлари шаҳар аҳлида қўрқув ва ваҳи-ма уйғотди. Уруш авжи қизиган бир пайтда қўшин бошлиғи Алимқулга ўқ тегиб йиқилади. Аскарлар саросимада қоча бошлайдилар. Амирлашкар вазифасини Султон Мирсаид ўз зиммасига олади. Жумладан, қозоқ султонларидан Кенесарининг ўғли Султон Содиқ ва унинг йигитлари, кўнгиллилардан Мирюсуф Мирсултон боғбон ўғли, Нормуҳаммад, Мулла Шер мерганлар жасорат намуналарини кўрсатадилар. Бироқ яна хиёнат юз беради. Душман сотқин ёрдамида шаҳар ўқдори омборхонасини портлатишга муваффақ бўлади. Бу барча умидларни йўққа чиқаради. Бухоро амирига ёрдам сўраб чопар юборадилар. Амир ўтган гиналарни ўртага солади. Уни хафа қилган тошкентлик амалдорларни тутиб ҳузурига юборишларини талаб қилади. Шу тариқа кучларни тўплаб, Русия қўшинига қарши биргаликда курашмоқ имконияти барбод бўлади. 1865 йил 17 июнда шаҳар оқсоқоллари генерал Черняев томонидан тайёрланган аҳдномага имзо чекадилар. Аҳдномада аҳолининг ўз динида қолиши, барча ишлар шариат асосида олиб борилиши, шахсий мулкларнинг дахлсизлиги билдирилган эди. Ваъда бошда шундай эди.

 

Сохта хат ва Солиҳ охун жасорати

Черняев асл мақсадга ўтади. Вазиятдан фойдаланиб, шаҳар оқсоқолларидан Тошкентнинг Русияга ўз ихтиёри билан қўшилгани ҳақида сохта хат тайёрлаб беришларини талаб қилади. Хатнинг мазмуни қуйидагича бўлиши лозим эди.

«Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистонда Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб, фуқароларга жабр-зулм ўтказиб келдилар. Закот, хирожларни шариат асосида олмадилар. Ҳеч бир марҳамат қилмай келдилар. Қадим урф-одатларимизни, таомилни унутдилар. Мансаб-мартаба йўлида кўплаб кишиларни ўлдирдилар. Фитначи, иғвогарлар сўзини тутдилар. Ноҳақ қонлар тўкилди, шариат ва уламо сўзи ерда қолди. Фарғона ва Туркистон заминида узоқ вақт қипчоқ, қозоқ ва қирғиз авбошлари ҳукм суриб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат осойишталигини ўйлаб тамомила ўз ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус аскарларини олиб келиб, уларга шаҳарни топширдик».

Бу хат билан генерал Черняев, биринчидан, оқ подшонинг Тошкентта ҳужум қилишдан сақланиб туриш ҳақидаги фармонини бажарган, маҳаллий халқнинг мурожаатидан кейингина шаҳарга киришга мажбур бўлган бўлиб чиқар, иккинчидан, босқин туфайли содир бўлган вайрона ва қирғинни жаҳон афкор оммасидан яшириб қолар эди.

Тошкент оқсоқоллари буни рад этдилар. Айниқса, Солиҳбек охун генералнинг кўзига тик боқиб, халқ шаънига ҳеч қачон туҳмат қилмаслигини, бўлган воқеани бор ҳақиқати билан ёзишларини айтади. Чунончи, шимолда Оқмачитгача, шарқда Ғулжагача бўлган қалъалар Тошкентга қарагани, Тошкент уруши тўсатдан, муҳлатсиз, гап-сўзсиз олиб борилгани, шаҳар 42 кун сувсиз ва оч қолдирилганини, Мулла Алим шаҳид бўлгач, қўшин сардорсиз қолгани, Бухоро, Хоразм, Фарғонадан ёрдам келмагани, Тошкент фуқароси сўнгги имконларига қадар Ватан ва динни ўз номуслари қадар ҳимоя қилганларини ёзишларини билдирди.

Бундай ҳолга дуч келмаган генерал ғазабдан қутуриб кетади ва очиқ таҳдидга ўтади. Оқсоқолларнинг бир қисми итоат этадилар. Иккинчи қисми иккиланиб қолади. Солиҳбек охун эса, «Ажалим сенинг қўлингда бўлса, тайёрман!» дея имон-эътиқодига, хал-қи иродасига қарши бормаслигини, шу сабабли сохта ҳужжатта имзо чекмаслигини қатъий билдиради. Уни етти киши: Ҳалимбой, Бердивой, Азимбой, Фозилбойбачча, Мулла Мирзаолим охун, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Ҳайдарлар қўллаб чиқадилар. Ўша заҳоти буларнинг ҳаммаси қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилинади. Аламзада генерал Сибирга хуфия жўнатиб, икки йилдан сўнг жасур Солиҳбекни заҳарлаб ўлдиришга муваффақ бўлади.

9 киши имзо қўйган сохта мактуб Черняев топшириғи билан ватан хоинлари томонидан Санкт-Петербургга подшо ҳузу-рига етказилади. Ҳар ким ўз хизматига кўра тақдир этилади. Совет даври китобларида узоқ йиллар ҳукмрон бўлиб келган Туркистоннинг Русияга «ихтиёрий» қўшилиш тарихи мана шундай бошланган эди.

 

ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ ГУБЕРНАТОРЛИГИНИНГ ТАШКИЛ ҚИЛИНИШИ, ИСТИЛОЧИЛИК ҲАРАКАТЛАРИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛИШИ

Генерал Черняев Тошкентни олиш масаласини қанчалик эҳтиётлик билан «беозор», «хамирдан қил суғургандек» ҳал қилган бўлмасин, хорижда, халқаро демократик ҳамжамиятда Русиянинг обрўсига путур етказиши мумкин эди. Шуни ҳисобга олиб, чор ҳукумати шаддод генерални бир қадар босиқ, вазмин Ф.И.Романовский билан алмаштирди. Янги қўмондон, биринчи навбатда, Қўқон ва Бухоро хонликларини бир-биридан ажратиш, ўртадаги низоли жойларни эгаллаб, орани очиш йўлини тутади. Шу тарзда 1866 йилда Хўжанд, Жиззах, Ўратепа, Янги-қўрғон забт этилиб, Русия ҳудудига киритилади. 1867 йил 14 июлда подшо Александр II фармони билан Туркистон ҳарбий округи ва генерал губернаторлиги таъсис этилди. Унинг қўмондони ва волийси қилиб генерал К.П. Кауфман тайинланади. Биринчи генерал губернатор мустақил ҳукмдор бўлиб, фақат подшога ҳисоб берар эди.

Янги ҳукмдор ишни Туркистоннинг шаъни ва шарафи бўлиб келган Самарқандни эгаллашдан бошлади. 1868 йилда шаҳар руслар қўлига ўтди. Бухоро амири Амир Музаффар Кауфманнинг оғир шартларига кўниб, сулҳ тузди. Бухоро халқи амирнинг таслимчилик сиёсатидан қаттиқ норози бўлди. Амирнинг Қаршида ҳокимлик қилиб турган ўғли Абдумалик тўра (1848-1909) сулҳга қарши исён кўтарди. Кенагас беклари Ҳакимбек ва ўғли Шаҳрисабз беги Бобобек, Китоб беги Жўрабек Абдумалик тўрага келиб қўшилдилар. Кенесарининг ўғли Султон Содиқ ёрдамга келди. Челақда Абдулғаффорбек, Нуротада Назар Найман бош кўтардилар. Амир Музаффар генерал Кауфманга мурожаат қилди. Русия қўшини ёрдамида мустақиллик учун курашга чиққан ватанпарвар фарзандларни йўқ қилишга киришди. Халқ бу фарзандларнинг жасорати ҳақида шеърлар, достонлар тўқиди. Душманни:

Келибдур аҳли кофир сўйи ислом қасди қатл айлаб,
Умид шуддур, алар бирлан ажойиб корзорим бор.

Агар чанди яроғу ҳийлау тадбиримиз йўқдур,
Вале ўзбек эрурмиз, кўнглума минг турлук орим бор —

сатрлари билан қаршилаган қаршилик шоир Хаёлий «Худоё, кофир элни поймоли Тўражон қилғил», — деб Абдумалик тўранинг Ватан ва Миллатга муҳаббатини олқишлаб чиқди.

Худди ўша йили генерал К.П.Кауфман Қўқон хони Худоёрхон билан шартнома тузиб, хонлиқдан босиб олган ерларини қонунлаштирди ва Русия фуқароларининг чексиз ҳуқуқ ва имтиёзларини таъмин этди. Истило ва янги ҳокимиятга қарши қўзғолонлар бошланди. Айниқса, «Олой маликаси» номини олган Қурбонжон додхоҳ (1811—1907) ҳаракатлари Русия ҳукуматининг Туркистондаги салтанатини ларзага солди. Худоёрхон ҳам Амир Музаффар сингари халқнинг бу ҳаракатини бостиришда Кауфмандан ёрдам сўради. Бироқ унга тахтга қайтиш насиб этмади. Кауфман имкондан фойдаланиб, хонликни тугатиб, унинг ўрнида Фарғона вилоятини тузиш ҳақида кўрсатма берди. Худоёрхон «Сизни Оқподшонинг ўзлари қабул қиладилар» баҳонаси билан Русияга жўнатилди ва йўлда Оренбургда ушлаб қолинди. Хон содиқ фуқаролар ёрдамида қочиб қутулди ва 1879 йили Ватандан олисда, Афғонистонда хорзорлиқда 51 ёшда вафот этди.

70-йилларда Хоразмга юриш бошланди. 1873 йили Ҳазорасп босиб олинди. Шу йилнинг 12 августида Хива хони тобе бўлди. Бироқ Хива халқлари ўз мустақилликларини осонликча топширмадилар. Генерал Скобелев туркманлар қароргоҳи — Кўктепани қонга ботирди. 40 минг киши қиличдан ўтказилди.

Хива босқинини ўз кўзи билан кўрган Муҳаммад Юсуф Баёний «Шажарайи Хоразмшоҳий» китобида генерал фон Кауфман ва унинг Головачёв, Верёвкин, Шувалов каби зобитлари кирдикорларини бутун даҳшати билан кўрсатиб беради. Жумладан, Манғит қалъасидаги хунрезликни шундай ёзади: «Чун манқит ёвуқида бир улуғ ўбалиқға келдилар. Веруфкин буюрди. Русия аскари ул ўбаға ҳужум этиб, аҳолини эркагу хотун ва ёшу қариға қарамай, қатли ом этиб, ондин сўнг ўтлаб ул ўбани ер била яксон этдилар. Ондин сўнг мунинг била ҳам қаноат этмай, Ман-қит қалъасиға ҳамким, бурунроқ келиб, қалъани Русияға таслим этиб, амон топиб қайтиб эрдилар, ҳужум этиб, қириб, эркагу хотун ва қари ва аёлу атфолдин бешиқдағи ўғлонлариғача қириб, қатли ом этиб, иту эшок ва ҳар турлук жондор йўлуқса, отар эдилар».

Амударё ортидаги афғон амири Абдураҳмонхон ва инглизлар Туркистонда юз бераётган воқеалардан ташвишга тушиб қолдилар. 1885 йилнинг 15 мартида Хушк дарёси бўйида (ҳозирги Кушка шаҳри) генерал Комаров билан Абдураҳмонхон қўшини тўқнашиб, руслар ғолиб келдилар. Темурийларнинг XV асрдаги машҳур пойтахти Ҳиротга 120 чақирим қолди. Абдураҳмонхон ўрислар бостириб келса, урушишга ўнғай бўлсин деб, Ҳирот ташқарисидаги темурийлар обидаларини буздирди. Хуллас, 80-йилларнинг ўрталарига келиб, Туркистон Русия томонидан забт этиб бўлинди. Янги мустамлакани ўзлаштириш бошланди. Аввало, бу ерда ҳарбий-маъмурий бошқарув тартиби жорий этилди. Туркистонни ҳарбийлар идора қилдилар. Мутахассисларни ак-сарият четдан олдилар.

1735-1885 йилларда Оренбург Русиянинг Ўрта Осиёдаги ҳаракатларини идора қилувчи марказ бўлиб келган эди. Тошкент забт этилгач, бу вазифа унга ўтди. 1898-1900 йилларда Туркистон генерал губернатори бўлган С. М. Духовский ўзи ўттан ерларда маҳаллий халқнинг тўхтаб, унга таъзим қилишини шарт қилиб қўйган эди. Русия ҳукумати Туркистондаги миллат ва қавмларни бўлиш, улар орасида низо, жанжал чиқариш ва уларни уриштириб қўйиб, қозилик қилиш сиёсатини тутди. Бунинг учун кечалари у ёки бу қавм-уруғнинг кийимини кийиб, босқин қиладиган алоҳида ҳарбий гуруҳлар тайёрлади. Бу низолар кўпинча бир қавм-уруғнинг ажраб, бошқа ёқларга бош олиб кетиши билан якун топар эди. Бу Русиянинг асл мақсадларига мос тушарди.

Русия ҳар уч хонлик билан тенг алоқани ваъда этди, лекин мутлақо амал қилмади. Қўқон хонлиги тугатилди. Бухоро ва Хива ярим вассалга айлантирилди.

Русия маъмурлари ўзларини ҳар ерда қулларни озод қилувчи, қул савдосининг ашаддий душмани сифатида кўрсатдилар. Қайси хонлик билан шартнома тузмасинлар, буни асосий модда қилиб олдилар. Ерли савдогарларни ҳимоя қилиш, илм-маърифатни ёйиш, ўлкани дунёга олиб чиқиш каби кишиларни ўзига ром қиладиган ваъдалар тез-тез тилга олиниб турди. Аксарият рус амалдорлари халқдан ўзларини баланд тутсалар-да, Черняев, Иванов, Куропаткинлар ўзларини шарқликларга мойил кўрсатиб, маҳаллий кишиларнинг суҳбат ва йиғинларига аралашиб турганлари маълум. Лекин ғайрирус миллатларга нописанд муносабат чор ҳукуматининг сиёсати даражасига кўтарилган эди. Улар ҳатто Туркистон миллатларининг номларини «сартлар» (ўзбеклар), «қирғизлар» (қозоқлар), «қора қирғизлар» (қирғизлар) деб бузиб номладилар.

 

Русия мустамлакачилиги

Русия Туркистонни босиб олгандан кейин уни ўзлаштиришга киришди. Табиийки, у ўлканинг ер, сув, тоғларини, фойдали қазилмаларини, тарихини, маданиятини, маҳаллий халқларнинг урф-удумларини, турмуш ва ҳаёт тарзини қунт билан ўрганди. Янги ўлкани идора этиш учун маҳаллий халқдан содиқ хизматкорлар излади. Шу мақсадни кўзда тутиб, рус-тузем мактаблари очилди. Ерли халқнинг вакиллари уларга жалб этилди. Рус ҳукумати Туркистонга юришларида туркий қавмларнинг вакилларидан фойдаландилар. Машҳур қозоқ маърифатпарвари Чўқон Валихонов Авлиёотагача русларга ҳамроҳ бўлгани маълум. Этнограф олим бошқирд Абубақр Диваев (1855-1933), татарлардан Соҳибгарой Еникеев (сўнгроқ генерал бўлган), ёзувчи Шоҳимардон Иброҳимов («Туркистон вилоятининг газети»нинг илк мусулмон муҳаррири)лар Туркистоннинг забт этилишида бевосита иштирок этган эдилар. Иккинчидан, Русия, академик Бартольд айтганидек, «ерли аҳоли ичидаги бузғунчи одамларни қўлга олиб, маҳаллий халққа қарши қўйиш» сиёсатидан кенг фойдаланди.

Туркистонни ўзлаштириш, бойликларини ташиб кетиш учун қисқа муддатда Красноводск-Тошкент (1880—1898), Тошкент-Оренбург (1900-1905) темир йўллари қуриб битказилди. Бу йўлларнинг узунлиги 1910 йилда 3338 км.га етказилди. Уларда аксарият рус ишчилари ишладилар. Маҳаллий халқ вакиллари яқинлаштирилмади. Бу икки йўл ҳар йили Русия хазинасига 3 млн. рубль фойда келтирган.

Туркистон хом ашё, биринчи навбатда, пахта базасига айлантирилди. Русия оддин Америкадан пахта сотиб олар эди. 1884 йилданоқ Фарғонада пахта экишга зўр берилди. 1908 йилда Туркистонда 10 млн. 500 минг пуд пахта етиштирилди ва у рус, арман, яҳудий заводчи бойларининг қўлига ўтиб борди. Ғалла, жумладан, буғдой экиш камайди. Охир-оқибат, буғдой Русиядан келтириладиган бўлиб қолди. Туркистон Русияга тобора маҳкамроқ боғлана бошлади.

Русиядан юз минглаб мужиклар кўчириб келтирилиб, ўлкага ўрнаштирила бошлади, рус қишлоқлари пайдо бўлди. Кўп жойларда, айниқса, Оқмулла, Еттисув вилоятларида ҳосилдор ерларни маҳаллий ҳалқдан рус муҳожирларига тортиб олиб берилди. Русиянинг мустамлакачилик сиёсати бошқаларникидан кескин фарқ қилар эди. Агар Англия, Франция, Испания каби мамлакатлар босиб олган ўлкаларининг бойликларини ўзлаштириш, аҳолисини қулдай ишлатиш йўлидан борган бўлсалар, Русия бу билан чекланмади. Булар билан бир қаторда ўша ўлкаларда нуфус жиҳатидан ҳам устунликка эришиш ва тобе миллатни ютиш сиёсатини тутди. Жумладан, Туркистонда барча куч ва воситалар маҳаллий аҳолини руслаштиришга, исломни бузишга қаратилди.

 

Миллий озодлик ҳаракатлари

70-йиллардаги мустақиллик учун олиб борилган курашлар 80-йилларда қўзғолонларга уланди. 1882 йили Наманган ва Ўшда чор маъмурларининг солиқ олишдаги ўзбошимчалигига қарши ғалаёнлар бўлиб ўтди. 1883 йили Чустда, 1885 йили, умуман, Фарғона водийсида халқ ҳаракатлари бошланди. 1892 йили Тошкентда вабо тарқалиши сабабли «Тошотар воқеаси» номи билан тарихга кирган қўзғолон бошланди. Чор ҳукуматининг зулмидан сабр косаси тўлган Тошкент халқи вабонинг олдини олишга қаратилган тадбирлардаги порахўрликларни кўриб чидай олмади, туғёнга келди. Унинг ташкилотчи ва раҳбарларидан бўлган Инъомхўжа Умрёхўжаев, Шарифхўжа Пошшахўжаев, Аҳмадхўжа Абдурашидхўжаев кабилар Тошкентнинг кўзга кўринган, эътиборли кишиларидан эдилар. Уларнинг номлари Муқимий, Фурқат шеърларида бот-бот учрайди.

XIX асрдаги Туркистонда бўлиб ўтган қўзғолонларнинг энг йириги, шўбҳасиз, 1898 йилдаги Дукчи эшон воқеаси эди. Унинг ташкилотчиси ва раҳбари дин арбоби Муҳаммад Али халфа Собир ўғли (1853-1898) эди. Қўзғолон миллатнинг, унинг миллий ва диний ҳуқуқларининг чор ҳукумати томонидан камситилишига қарши кўтарилди. Бироқ кенг ёйилиб улгурмади. Унда қишлоқ камбағаллари, деҳқонлар кўпроқ иштирок этган эдилар. Қўзғолон етарли тайёргарликсиз, тўсатдан бошланди. Қатнашчиларда бирлик, аҳиллик етишмади. Чор ҳукумати ўз айғоқчилари орқали ундан олдинроқ хабар топишга, турли иғвогарликлар билан таш-килотчиларини қисқа муддатда қўлга олишга муваффақ бўлди. Қўзғолон шафқатсиз бостирилди. Муҳаммад Али Эшоннинг қишлоғи Мингтепа тўпга тутилиб, култепага айлантирилди. Қўзғолон ташкилотчилари ёш-қарининг кўзи олдида дорга осилди. Юзлаб кишилар қамоққа ташланди, Сибирга сургун қилинди. Чор ҳукуматининг қаттиқ тазйиқи остида Дукчи Эшон номини халқ орасида бадном қилиш кампанияси бошланди. Мулла ва мударрислар шогирдларига уни иғвогар, фитначи сифатида тақдим этдилар, шоирлар эса бу «шайтон баччағар» шаънига ҳажвлар битдилар. Афсуски, бу ҳол халқ ҳаётини бор ҳақиқати билан куйлаган, ўзлари халқнинг энг қуйи меҳнаткаш табақаларидан чиққан шоирлар ижодида ҳам учрайди.

 

МАДАНИЙ ҲАЁТ

Туркистон генерал губернаторлиги ташкил топгач, Тошкент унинг маркази сифатида тараққий топа бошлади. 1868 йили босмахона очилди. 1871 йилдан китоб чиқа бошлади. Сўнгроқ бошқа шаҳарларда матбаалар пайдо бўлди. 1870 йили Тошкентда халқ кутубхонаси очилди. Ўлка ҳаётини ҳар томонлама ўрганиш кучайди. Иккинчи томондан, Туркистоннинг фақат моддий эмас, маданий меросини ҳам талон-торож этиш авж олди. Амир Темурдек дунё сўраган жаҳонгир боболаримизнинг олтин тахтлари — подшоҳлик жиҳозлари, анжом-аслаҳаларидан хусусий буюмларигача ташиб кетилди. Кўксаройга ўхшаш юртнинг қаддини кўтариб келган улуғвор обидалари бузиб ташланди. Шавкатли тарих хотирасини халқ қалбидан учириб ташлашга зўр берилди.

Миллатнинг энг қимматли бойлига, асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб келинган нодир қўлёзмалар, китоблар олиб кетилди. 1868 йили Самарқанд забт этилганида генерал Абрамов дунёга машҳур Усмон Қуръонини Санкт-Петербургга жўнатди. Генерал Кауфман топшириғига кўра шарқшунос А.Л.Кун Хива саройидан 300 нодир қўлёзмани олиб кетди. Н.Хаников Бухородан 166 сара асарни, В.Л.Вяткин Самарқанддан 190 китобни шу мақсадларда йиққан эди. Ҳаваскор китоб йиғувчиларнинг-ку сон-саноғи бўлмаган. Айни пайтда, Туркистоннинг анъанавий маориф ва маданиятида сезиларли жонланиш кўзга ташланди.

ХГХ асрнинг иккинчи ярмида ҳам анъанага кўра Туркистоннинг шаҳар ва қишлоқларидаги ҳар бир маҳаллада масжид ва унинг қошида мактаблар бўлган. Йирик қишлоқ ва шаҳарларда бир неча маҳалла уюшган жойда мадрасалар иш кўрган. Масалан, 1890 йили Бухорода 217 масжид, 185 мадраса бор эди. 1917 йил 26 ноябрда Кўқон шаҳрида 392 масжид, 40 мадраса қайд этилган. 1884 йили Қримдаги Боқчасарой шаҳрида Исмоилбек Гаспрали «усули жадид» («усули савтия») деган янги ўқув усулига асос солади. 90-йилларда бу янги усул Туркистонга етиб келади. 1893 йили Исмоилбек Гаспралининг ўзи Бухорога келиб, амир билан учрашади ва янги мактаб очишга муваффақ бўлади. У билан бирга келган ширвонлик Мажид Ғанизода эса Самарқандда 40 кун қолиб, «усули савтия»ни ўргатади. Бундай мактаблар (Чор ҳукуматининг мақсад ва интилишларига зид ўлароқ) Тошкент, Андижон каби шаҳарларда ҳам очила бошлайди. А.В. Пясковский маълумот беришича, 1895—1901 йилларда Тошкентда тўртта усули жадид мактаби бор эди. 1900 йили Андижонда ҳам шундай мактаб очилди. 1907 йили Туркистонда 30 жадид мактаби бўлиб, 1300 бола ўқир эди. Чор ҳукумати бунга қарама-қарши ҳолда рус-тузем мактабига зўр берди.

1884 йили Тошкентда биринчи рус-тузем мактаби очилди, 1891 йили Хивада, 1894 йили Бухорода ташкил қилинди. 1892 йили ўлканинг ўзида уларнинг сони 21 тага етди. 1917 йилнинг бошларида Туркистонда 170 рус-тузем мактаби бор эди. Мактаблар рус маъмурларига маҳаллий халқ орасида русча биладиган ёрдамчи хизматчилар етказишни ўз оддига мақсад қилиб қўйган эди. Аслини олганда, рус ҳукуматига сўзамол, ҳақталаб хизматчилар эмас, русча тутилиб-тутилиб гапирадиган чаласаводлар, хўжайин томоқ қирса дик этиб хизматга турадиган ито-аткорлар керак эди. Бу мактабларнинг кўпроқ шунга хизмат қилиши кўзда тутилган эди.

80-йиллардан маҳаллий халқ вакилларининг марказий Русия шаҳарларига саёҳатларини уюштириш йўлга қўйилди. Русия маъмурлари истило қилинган ўлкаларнинг фуқароларига мамлакатларининг бепоёнлигини, шаҳарларининг шаъну шавкатини кўрсатишни истар эдилар.

Туркистон маданий ҳаётида 1870 йилнинг 28 апрелидан чиқа бошлаган «Туркистон вилоятининг газети» ҳам муҳим роль ўйнади. У Туркистон генерал губернаторлиги қошидаги «Туркестанские ведомости» газетасига илова бўлиб чиқди. Газетанинг мақсад-муддаоси шундай белгиланган эди:

«Туркистон ғенерал губернатўри буйруғи бўйинча ушбу ойдан бошланиб «Туркистон газити» чиқадур. Ушбу газитларда барча халойиқға маълум бўлмоқ учун ғенерал губернатўрни ҳар турли фармони изҳор қилинур ва яна ҳар турли янги хабарлар, савдо тўғрисида ёзилур. Ва яна Тошканд ва ғайри шаҳарларда бўлғон ҳодиса-воқеалар ёзилур. Ушбу газит ўрусчадан бошқа сартча ва ғайри қазоқларга кераклик қазоқча бўлуб ёзилур…»

Сўнг одатдагидек обуна ҳақида гап юритилиб, ушбу масала билан Олмазор маҳалласида яшовчи Мулла Махдум Мулло Машраб ўғли шуғулланиши маълум қилинади. Газетага Шоҳимардон Иброҳимов, бир оз муддат Муҳаммад Ҳасан Чанишев (у ҳам қозон татари, таржимонлик билан шуғулланган), 1883 йилдан 1917 йилга қадар эса Николай Остроумов (1846—1930) муҳар-рирлик қилдилар. Айниқса, Остроумов даврида рус илм-фани, маданияти зўр бериб тарғиб-ташвиқ этилди. Русия шаҳарларига саёҳатга борган туркистонликларнинг сафар таассуротлари мун-тазам суратда бериб борилди. Газета атрофига маҳаллий қалам-кашлардан бир давра ташкил қилинди. Бу қаламкашлар Русия тарихи, маданиятига ҳамду сано ўқидилар. Руслардан ўрнак олишга чақирдилар. Русларни Туркистонга илм-маърифат, ахлоқ ва маданият олиб келувчи, дунё билан ошно қилувчи бир миллат сифатида кенг халққа таништирдилар. Бундай «маърифатпарварлик» кўпинча ўтмиш, миллийдиний анъаналар устидан кулиш, уларни камситиш, танқид қилиш ҳисобига амалга оширилди. Ва у миллатни секин-асталик билан ота-боболаримиз турмушидан совутишни кўзда тутарди. Туркистонга абадий ҳукмронлик қилиш истаги билан келганларга, уларнинг турмуш тарзи ва тафаккурига меҳр-муҳаббат уйғотиб, «ўриспараст» бир авлодни етказишга хизмат қилар эди. Хуллас, ўриспарастлик дастлабки ўзбекча матбуот намунаси бўлган «Туркистон вилоятининг газети»да Русия ҳукуматининг тегишли одамлари томонидан уюштирилиб, рағбатлантириб борилди. Ва у «илғор рус маданияти» сифатида талқин қилинди. Ҳатто Фурқатни ҳам 1890 йил Тошкентга келганида Н. Остроумов ўз газетасига жалб қилади. Генерал губернатор барон Вревский шоирнинг салоҳияти ва шуҳратидан тарғибот учун фойдаланиш ниятида уни рус зодагонларининг бал-базмига таклиф этади. Остроумов шоирга зиёфат таассуротларини ёздириб, газетасида бостиради.

 

АДАБИЙ ҲАЁТ

Бу давр адабиёти янгиланиш даври адабиётидир. Унда қадим даврлардан келаётган адабий турлар сақланди. Девон адабиётида шеърият (поэзия) асосий ўрин эгаллади. Аруз асосий вазн бўлди. Ғазал, рубоий, туюқ, таърих, муаммо, мухаммас, мусаддас, мусамман ва айниқса, маснавийдан кенг фойдаланилди. Саёҳат хотираларини ифодаловчи саёҳатнома жанри майдонга келди.

Кенг маънони қамраб олувчи ишқ мавзуи бу даврда ҳам шеъриятнинг марказий мавзуи бўлиб қолди. Лекин илоҳий ишқ, тасаввуф ғоялари кучайди. Юсуф Сарёмий (1845—1912), Зиёвуддин Ҳазиний (1867—1923) каби шоирлар кўпроқ диний-тасаввуфий шеърлари билан шуҳрат топдилар. Бадиий адабиётда ҳажвиёт ривож топди. Адреслик танқид кучайди. Реалистик тасвир кенг ўрин ола бошлади. Кундалик матбуот ва босмахоналарнинг майдонга келиши билан шеърият ва ўқувчи ораси яқинлашди. Янги жанрлар (масалан, публицистика, очерк каби) пайдо бўлди. Жумладан, 1887 йили Харьков қишлоқ хўжалик кўргазмасида иштирок этган самарқандлик савдогар Мирзо Бухорийнинг Боку, Харьков, Москва, Петербургга саёҳати хотиралари («Туркистон вилоятининг газети», 1888 йил, 4—7-сонлар), тошкентлик савдогар Тошмуҳаммад Исамуҳамедовнинг 1900 йили Боку—Истанбул йўли билан Парижга саёҳати (44—45-сонлар), газета муаллифларидан Сатторхон Абдуғаффоровнинг (1890), шоир Зокиржон Фурқатнинг (1891, 2—23-сонлар), Худоёрхоннинг кичик ўғли Ибн Яминбекнинг (1893, 22—28, 32-сонлар) ўз қўллари билан ёзилган таржимаи ҳоллари, хусусан, рус маданияти билан боғланишларига оид хотиралари, тошкентлик Орифхўжанинг саёҳатномаси (1894 йил 28-сон) босилди.

Икки тиллилик (зуллисонайн) анъанаси давом этди. Мадраса кўрганларнинг деярли ҳаммаси араб, форс тилларидан хабардор эдилар. Шоирларнинг кўпчилиги ўзбек тили билан бир қаторда тожик тилида ҳам ижод эта олар эдилар. Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомийлар бу давр ўзбек шоирлари учун ҳам илҳом бердилар. Шу билан бирга табиийки, шоирларимиз Муҳаммад Фузулий, Махтумқули каби туркий дунёнинг юксак юлдузларини ҳам ўзларига устоз билдилар.

Хоразмда Огаҳий, Баёний каби ижодкорлар ташаббуси билан таржима мактаби майдонга келди. Ўнлаб асарлар форс тилидан таржима қилинди. Тошкентда машҳур ҳинд эпоси «Калила ва Димна»ни Фазлуллоҳ Алмаий (1852—1891), араб эртаклари «Минг бир кеча»ни Сидқий Хондайлиқий (1884-1934) форсчадан ўзбекчага ағдардилар. Муродхўжа домла томонидан Саъдий Шерозий «Гулистон»ининг янги таржимаси амалга оширилди. 80-йилларда Л. Н. Толстой, 90-йиллардан А. С. Пушкин, А. А. Крилов номлари Туркистонга кириб келди. 1887 йили Л. Н. Толстойнинг «Одамлар нима билан тирик» ҳикояси, 1899 йили Пушкин таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг «Боқчасарой фонтани», «Шоир» асарлари таржимаси «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида босилди. Сўнгроқ Саидрасул Азизий (1866-1933), Алиасқар Байрамали Калинин, Абдулла Авлоний (1878-1934) каби муаллифларимизнинг усули жадид мактаблари учун тузилган дарсликларига киритилди.

Адабий ҳаракатчилик анъанага кўра кўпроқ Қўқон, Хива, Самарқанд, Бухорода ривож топди. Бироқ Тошкент ҳам янги пойтахт сифатида тез юксалиб, адабий-маданий марказга айлана бошлади.

 

Хива адабий муҳити

Хивада Комил Хоразмий (1825-1899), Муҳаммадрасул Мирзо (1840-1922), Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1844-1910), Аҳмад Табибий (1869-1911), Муҳаммад Юсуф Баёний (1840-1923), Илёс Мулла Муҳаммад ўғли Сўфи (1860-1916), Мутриб Хонахаробий (1870-1925), Муҳаммад Юсуф Чокар (1872-1951), Аваз Ўтар ўғли (1884-1919), Абдураззоқ Фақирий (1884-1925), Сафо Муғанний (1882-1938), Комилжон Девоний (1887-1938), Муҳаммад Раҳим Роғиб (1918 й.вафот этган) каби кўплаб шоирлар яшаб ижод этдилар.

Адабий ҳаракат кўпроқ маърифатпарвар подшоҳ, «Феруз» тахаллуси билан шеърлар ёзган Муҳаммад Раҳимхон II атрофида ривож топди. Муҳаммад Раҳимхон Соний — Феруз (1844-1910) саройда адабий муҳит майдонга келтирди. 1864 йили 20 ёшида тахтга чиқиб, салкам 47 йил ҳукмронлик қилган бу хон, уни яқиндан билган кўпчилик тадқиқотчилар фикрича, Ўрта Осиё хонлари орасида энг ақллиси, энг зиёлиси эди. У «усули жадид»га йўл берди, руслар келмасдан анча илгари Хивага тошбосма олиб келди. Унинг топшириғи билан Аҳмад Табибий (1869-1911) «Маж-муатуш-шуаройи Ферузшоҳий» («Ферузшоҳ шоирлари антологияси»)ни тузади. 30 шоирнинг шеъридан намуна беради. Улар орасида Комил Хоразмий (1825-1899), Муҳаммадрасул Мирзо (1840-1922), Аваз Ўтар (1884-1919) каби хилма-хил кўлам ва қудратдаги шоирлар бор эди.

Шоир ва тарихчи Баёний шоҳ ва шоир Феруз замонида кўплаб мадрасалар қурилганини, матбаачилик йўлга қўйилганини, китобхонлик авж олганини, хоннинг ўзи буларнинг барчасига бош-қош бўлганини ёзади.

Баёнийнинг «Шажарайи. Хоразмшоҳий»сидан:

«Хон ҳазратлари ҳафтада икки кун: жума ва душанба оқшомларида уламо билан суҳбат тузуб, китобхонлиқ этдурур эрдилар. Андоғким, Юсуфҳожи охунд ва Исмоилхўжа охунд ва Худойберган охунд ва олиму улум маъқул ва манқулда Мулло Муҳаммадрасул ва фақири ҳақир мажлиси ҳумоюнлариға ҳаф-тада икки мартаба ҳозир бўлуб, китобхонлиқ этар эрдук. Гоҳо домла Муҳаммадрасул била икковимиз кириб, суҳбати ҳумоюнларида китобхонлиқ бўлур эрди ва сипоҳийлар ва тўраларни ҳам китобхонлиқ этарга тарғиб этар эрдилар. Бас, ҳамма китобхон бўлдилар».

Шоирликнинг ҳавоси ҳам, мақоми ҳам баланд эди. Хоннинг атрофидаги амалдорларидан, ака-ука қариндошларигача шеър ёзар эдилар. Баёний уларни номма-ном келтирган. Масалан, Отажон тўранинг «Комрон», туғишган укаси Тўрамурод тўра (1855-1908)нинг «Муродий» тахаллуси билан шеърлар ёзганини маълум қилади.

Феруз ташаббуси билан Хоразм таржима мактаби майдонга келди. Мутахассисларнинг аниқлашича, XIX асрнинг ўрталарида Хивада саксондан кўпроқ киши таржимонлик билан мунтазам шутулланган. 120 асар таржима қилинган. Айримлари 2—5 марта ўзбекчага ағдарилган. Аксарияти форс-тожик тилидан ўгирилган. Бу асарлар жанрларига кўра ҳам хилма-хил эди. Улар орасида бадиийдидактик асарлар, ишқий-саргузашт қиссалар катта ўрин эгаллаган эди. Таржимонлар орасида эса Огаҳий, Комил, Баёний, Табибий каби маълум ва машҳур номлар билан бир қаторда Муҳаммадрасул Мирзо, Б.Саноий, Рожий, Толибхўжа, М. Рафеъ, Ҳабибий, Мағфурхўжа каби кўпчиликка унча таниш бўлмаганлари ҳам бор эди. Табиийки, уларнинг меҳнат ва санъат даражалари ҳам турлича эди.

Огаҳий йигирмадан ортиқ асарни форс тилидан ўзбекчага ўгирди. XIX асрнинг 2-ярми — XX аср бошларида эса бу анъанани Табибий ва Баёний давом эттирдилар. Баёний «Тарихи Табарий» каби насрий асарлар қаторида Камолилдин Биноийнинг «Шайбонийнома» сингари маснавийда ёзилган тарихий-бадиий асарларига ҳам қўл урди. Мавлоно Дарвеш Аҳмаднинг араб тилидаги «Саҳойифул-ахбор» («Хабарлардан саҳифалар», 1-2-жилдлари) номли тарих китобини маҳорат билан таржима қилди. Атоуллоҳ ибн Фазлуллоҳ Ҳусайнийнинг «Равзатул-аҳбоб»и («Дўстлар боғи») ўзбекча таржимасини таҳрир этди. Комил Хоразмий XVIII асрда яшаган Бархурдор Мумтознинг «Маҳбубул-қулуб» («Кўнгулларнинг севгани»), Фахриддин Али Сафийнинг «Латойифут-тавойиф» («Турли тоифаларнинг латифалари») сингари ихчам насрий ҳикоя ва латифалар тўпламларини ўзбекчалаштирди.

Бой анъанага эга мусиқа ривож топди. Танбур нотаси кашф қилинди (Комил). Шеър ва мусиқа ҳамкорлиги кучайди. Феруз Хоразм шашмақомини тараққий топтирюдда катта хизмат қилди.

Хоннинг амри билан шоир Аҳмад Табибий томонидан 1908 йили яратилган «Мажмуатуш-шуаро» («Шоирлар тўплами») шеърий (маснавий йўлида) бўлиб, 1638 саҳифадан иборат эди. Қўқон хони Амир Умархоннинг 1821 йилда туздирган «Мажмуаи шоирон»ини эсга туширувчи бу китоб «Мажмуатуш-шуаройи Ферузшоҳий» номи билан танилди. Ундаги матнларнинг аксарияти ўзбек тилида эди.

Хивадаги иккинчи тазкира XX асрнинг 20-йилларида тузилди. Унинг муаллифи Ҳожимурод Лаффасий (1880-1945) бўлиб, «Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари» асарида хоразмлик 51 шоир ҳақида маълумот беради.

 

Муҳаммад Юсуф Баёний (1840-1923)

Хоразм адабиё муҳитининг кўзга кўринган вакилларидан, Хиванинг 1804-1806 йиллардаги хони Элтузархоннинг чевараси. Отаси Бобожонбек замонасининг таниқли зиёлиларидан бўлган.

Муҳаммад Юсуф ёшлигидан юксак тарбия топди, шеърга, илмга, мусиқага кўнгил қўйди. Истеъдодли шоир, муаррих, мутаржим, муғанний ва мусиқа билимдони бўлиб етишди. Замондошлари Аҳмад Табибий, Лаффасий ўз тазкираларида унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берадилар. Унинг шахсини ҳам, истеъдодини ҳам юксак баҳолайдилар.

Баёнийдан бир шеърий девон, «Шажарайи Хоразмшоҳий» ва «Хоразм тарихи» китоблари ҳамда юқорида номлари зикр этилган 4 таржима асари қолган. Девони XIX асрнинг 60-йилларидан 1905 йилгача бўлган шеърларини қамраб олади. Тарих асарларининг катта қисмини Баёнийнинг ўзи гувоҳ бўлган воқеалар таш-кил қилади. Хусусан, «Шажарайи Хоразмшоҳий»даги рус босқини воқеалари тасвири юксак ватанпарварлик руҳи билан суғорилган. Шоирнинг 1905-1923 йилларда ёзган шеърий асарлари намуналари ўша давр вақтли матбуотида учрайди.

Баёний ҳақида XX асрнинг 60-йилларидан тадқиқотлар пайдо бўла бошлади. 1962 йили С. Ғаниева ва Ҳ.Мухторова «Ғазаллар» номи билан бир даста шеърларини эълон қилдилар. И. Адизова 1990 йили унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида номзодлик диссертацияси ёқлади ва у 1995 йили рисола ҳолида босилиб чиқди. Бир йил олдин эса ушбу муаллифларнинг ташаббуси билан «Шажарайи Хо-размшоҳий»нинг қисқартирилган ихчам нашри амалга оширилган эди.

 

Бухоро адабий муҳити

Бухоро адабий муҳитида анъанавий икки тиллилик бу.даврда ҳам давом этди. Амир Абдулаҳадхон (1859—1910) сиёсий ҳаётнинггина эмас, адабий ҳаётнинг ҳам энг эътиборли вакили эди. Айниқса, буунингамирликдаври(1885-1910)даяққол намоёнбўлди. Унинг бобоси Амир Ҳайдар (1800—1826) ҳам «Саййид» тахаллуси билан шеърлар машқ қиларди. Абдулаҳадхон эса «Ожиз» тахаллуси билан танилган соҳибидевон шоир эди. Ҳукмдорларнинг адабиётга яқинлиги шу даражада эдики, айрим туман ҳокимлари, масалан, Ҳисор ҳокими Авлиёқулибек «Ҳусайний» тахаллуси билан девон тартиб қилган эди.

Абдулаҳадхоннинг рағбат ва ҳиммати билан Афзал Пирмастий (1915 й.в.э.), Неъматулла Муҳтарам (1920 й. в. э.), Мирсиддиқ Ҳашмат (амирнинг укаси), Абди кабилар тазкиралар тузиб, анъанавий тазкирачиликни янги-янги асарлар билан бойитдилар.

XIX асрнинг охири XX аср боши Бухоро тазкирачилик мактабининг бошида, шубҳасиз, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ (1818-1894) туради. Унинг 1871 йилда тузилган «Туҳфатул-аҳбоб фи тазкира-тил-асҳоб» («Суҳбатдошлар зикрида дўстлар туҳфаси») тазкираси XVIII асрнинг охири XIX аср Туркистон шоирларини қамраб олган эди. Афзал махдум Пирмастийнинг «Афзалиут-тазкор фи зик-риш-шуаро вал-ашъор» («Шоирлар ва шеърлар ҳақидаги Афзал тазкираси») (1904) XIX асрнинг охири XX аср бошида ўлкамизда яшаган 135 шоир ҳақида маълумот беради. Шунингдек, Неъматулла Муҳтарам (1910), Мирсиддиқ Ҳашмат ва Абдиларнинг «Тазкиратуш-шуаро»лари, Ҳожи Ҳакимхоннинг «Мунтахабут-таворих» («Танланган тарихлар»), Садр Зиёнинг «Шуаройи мутааххирин ва фузалойи муосирин» («Сўшти шоирлар ва замондош фозиллар») асарлари ҳам мазкур давр адабий ҳаётини ўрганишда муҳим ман-балар бўлиб ҳисобланади. Улардан маълум бўлишича, миёнколлик Нодим Зиёвуддиний (1810—1890 йил ўрталари), ҳажвий шеърларига «Бепул» деб тахаллус қўйган Абдулқодир Савдо (1823—?), машҳур «Наводирул-вақое»нинг муаллифи Аҳмад Дониш (1826— 1897), тожик тилида шеърий саёҳатномалар ёзган Жонмуҳаммад Жоний (1839-1881), «Тарихи Салимий»си билан шуҳрат топган Мирзо Салимий (1850—1930), ҳам ишқий, ҳам ижтимоий шеърни баравар тутган Шамсиддин Шоҳин (1853-1893) XIX аср 2-ярми Бухоро адабий муҳитининг кўзга кўринган вакилларини ташкил қилган. Тиксўз Мирзо Саҳбо (1845/46-1918) замон садоларидан илҳом олган анъанавий шеъриятнинг ҳам ўзбек, ҳам тожик тилидаги бетакрор намуналарини яратди.

XX асрнинг бошида эса Баҳромбек Давлатшоҳ ўғли (1873— 1933), Мирзо Сирожиддин (1877-1912) каби шоирлар фаолият кўрсатдилар. Ниҳоят, Бухоро адабий муҳити бу даврда Садриддин Айний (1878-1954) ва Абдурауф Фитрат (1886-1938) ни етказиб берди.

Бухоро адабий муҳитининг характерли хусусиятларидан бири кўплаб тазкиралар тузшшши бўлса, иккинчиси, ҳажв ва шеърий саёҳатномаларнинг удумга киришидир. Қизиғи шундаки, ҳажвлар ҳукмдорлар ҳақида. Амир Ҳайдарнинг дафтардори (молия вазири) жондорлик Мирзо Содиқ Мунший (1753-1819)нинг «Даҳмаи шоҳон» («Шоҳларнинг қабрлари») маснавийси сўнгроқ шу йўналишдаги бир қатор асарларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Унинг қисқача мазмуни шундай эди: шоир Бухоронинг собиқ ҳукмдорлари аштархонийлар даҳмаси ёнидан ўтаётган экан, биридан садо чиқибди. Яқин борса, Субҳонқулихон (1680-1702) қабри. Хон ўзи қилган хақсизликлардан сўзламоқда. Қилмишларидан пушаймон. Авлодларга насиҳат бераяпти. Шоир Убайдуллахон (1702— 1711), Абулфайзхон (1711-1747) даҳмалари томон ўтади. Улар ҳам ўз тарихларидан, фожиаларидан сўзлайдилар. Ўз сўзлари билан идораларининг тартибсиз ва низомсизликларини айтиб, ўзларини фош этадилар.

Орадан юз йилча ўтгач, Мирзо Абдулазим Сомий ҳам худди шу номда маснавий ёзди ва амирлар рўйхатини қолган жойидан — манғитлар сулоласини бошлаб берган Раҳимбийдан Музаффархонгача олиб келди. Абдураҳмон Тамкин деган яна бир шоир ушбу мавзуда асар ёзиб, «Даҳмаи шоҳ Даббус» ва «Даҳмаи Амир Темур»ни илова қилди. XX асрнинг ўнинчи йилларида самарқандлик Сиддиқий Ажзий «Анжумани арвоҳ» («Руҳлар йиғини») маснавийсини ёзди. Шоир ҳаждан қайтар экан, Мисрга тушибди ва арюҳлар анжуманидан чиқибди. Бухоро амирлари анжумани экан. Амир Музаффар сўз олибди ва жоҳиллиги, тепса-тебранмаслиги билан маш-ҳур бу ҳукмдор барча қилмишларини ҳикоя қилиб берибди.

Мирзо Содиқнинг «Даҳмаи шоҳон»и XIX асрнинг 2-ярмида Усмонхўжа Холис томонидан ўзбекчага таржима қилинган.

Жонмуҳаммад Жоний Шарқ адабиётида қадим анъаналарига эга бўлган саёҳатнома жанрига янгидан руҳ берди. XIX асрнинг 70-йилларида Бухоро—Нурота сафари ҳақида тожик тилида «Саё-ҳатнома» номли асар ёзди. Унда муаллифнинг 800 чақиримдан узоқроқ масофадаги ҳозирги Бухоро, Самарқанд, Сирдарё ҳамда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятлари ҳудудида жойлашган 50 кишлоқнинг табиати, манзаралари, одамлари ҳақидаги хотиралари ўз ифодасини топди.

 

Аҳмад Дониш (1826-1897)

«Аҳмад Калла», «Аҳмад махдум» номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган Аҳмад Дониш XIX аср Бухоросининг қомусий илм эгаларидан эди. У Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилди. Отаси мадрасасида ўқиди. Ёшлигида наққошлик, рассомлик, хаттотлик ҳунарларини ўрганди. Тарих ва фалсафага кўнгил қўйди. Зеҳни, салоҳияти билан дарров кўзга ташланди. 1857 йилнинг кузида Амир Насруллонинг Русия императори Николай I вафотига таъзия билдириш ва валиаҳд Александр I нинг тахтга чикишини қутлаш учун юборилган элчи Муллажон Мирохурга котиблик қилади. Петербургда уч ой санъат-маданият обидалари билан танишади. 1869 йили янги шарт-шароит тақозоси билан Амир Музаффар Петербургга яна элчи юборди. Бу элчилик ярим вассалга айланган давлатнинг ҳокими мутлақ кўнглини олиш ҳаракати эди. Унинг ҳам котиблигига Аҳмад Дониш танланди. 1873 йилнинг охирида Аҳмад Дониш учинчи маротаба элчилик таркибида Русияга йўл олди. 1874 йил январь — март ойларида Петербургда туриб қайтди. Александр II билан учрашди. Сўнгроқ буларни қоғозга туширди. Ҳозирда ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг 16 қўлёзма асари сақланади. Аксарияти унинг ўз қўли билан ёзилган асл нусхалардир.

Муаллифнинг «Наводирул-вақое» асари 15 йил давомида, 1870— 1885 йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асардир. 23 бобдан ташкил топган бу асар ҳалигача тўла нашр этилган эмас. Унинг айрим бобларигина чоп қилинган. Шу жумладан, унинг бир қисми 1964 йили ўзбекчага ҳам ағдарилган ва босилган эди.

Китобнинг икки бобида Русия сафари таассуротлари берилган. Чунончи: VII боби А. Донишнинг 1869 йилги Русия сафарига бағишланган ва 1957 йилда чоп этилган. VIII боб подшоҳ Александр II нинг қизи Мариянинг 1874 йилда бўлган никоҳ тўйига юборилган элчи Абдулқодирбек сафари ҳақида. Қолган боблари хилма-хил мавзуда. Масалан, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (б-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касбкор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), Бедил байтлари (20-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби. Та-маддун (маданият) ҳақидаги рисоласи (15-боб) ва хилма-хил воқеий ҳикоялар (18, 21-боблар) ҳам ундан жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳам муҳим ва қизиқарлидир. Масалан, сўнгти рисолада подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан, у бир томондан, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идаги бек ва раият муносабатларини эсга туширса, иккинчи ёқдан, Руссонинг «Ижтимоий шартнома»сини ёдга солади.

Ёки танлаган усулини олинг. Муаллиф касб-ҳунар эгаллаш ҳақида ёзар экан, уни ўз ўғилларига «васиятнома»га айлантиради. Ва бу орқали ўқувчида катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо қилади. Дарҳақиқат, адиб бошидан кечган бахтли-бахтсиз, ширин-аччиқ кунлар, ҳаёт, саёҳат хотиралари, сафарлар давомида дўстлардан тингланган ҳикоялар ва булардан келиб чиқувчи ибратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими шундаки, бу ибратлар XIX аср Европа тамаддунини ўз кўзи билан кўрган, айни пайтда, шу давр Шарқ илм-фанининг Туркистон сарҳадидаги энг буюк намояндаси васиятлари эди. Касб-ҳунарга, илм-фанга меҳр, ҳалоллик, мансаб-мартаба, мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлиш, бани башарга хайрихоҳлик, ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, исломий ахлоқ бу васиятларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Диққатга сазовор яна бир нарса шундаки, Аҳмад Дониш фаранг донишмандлари, «сиёсий ҳукамолар»и ҳақида ёзди. Уларнинг «ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб», барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини «давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши»дан топганликларини маълум қилди. Улар шу сабабли эски «давлат тузумини ўзгартирганлар», деб ёзди. Улар «ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги»га риоя этишлари, даражалар эса, кишиларнинг «фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига қараб бўлиши», «давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши» ҳақида «қонунлар чиқарганлари»ни уқдирди. Европанинг «барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари»да бу асосий омил бўлганини таъкидлади.

Дарҳакиқат, ушбу васиятнома таълимий-ахлокийгина эмас, муҳим ижтимоий-сиёсий мазмун ҳам ташир эди.

Шунингдек, унинг «Мажмуаи ҳикояти Аҳмад Калла» («Аҳмад Калла ҳикоятлари тўплами») (1877), «Ислоҳ миёни шиа ва сунн» («Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат») каби рисолалари, «Дафтари тақвим» («Кундаликлар»)и ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Аҳмад Дониш умрининг охирларида «Тарих рисоласи» китобини ёзди. Бир ёқдан, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан, Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.

Бу асарлар содда ва жонли тили, ифода услуби билан ўтмишдошлариникидан ажралиб туради. Синчков илмий мулоҳаза, танқидий ва таҳлилий тафаккур уларга алоҳида руҳ бағишлайди. Тасвир ва ифодадаги драматизмга мойиллик, суҳбатдиалогдан унумли фойдаланиш муаллиф фикрларининг ўқувчи онгига етиб боришини осонлаштиради.

 

Мирзо Саҳбо (1845/46 — 1918)

Исми шарифи Мирзо Ҳайит, «Саҳбо» тахаллусидир. «Саҳбо» қизил май дегани. Шоир Бухоро вилоятининг Вобкент туманида туғилган. Мактаб саводидан сўнг мадрасани тугатар-тугатмас, ўша пайтлари Кармана ҳокими бўлган Абдулаҳад хизматига киради. Эҳтимол, уларни шеърга, адабиётга меҳр яқинлаштирган бўлса. Ҳар ҳолда уларнинг ўзаро муносабатлари жуда яхши бўлган. Ёш валиаҳд унинг мард ва тантилигини, салоҳиятини қадрлаган. 1885 йили Абдулаҳад Бухоро амири мартабасига кўтарилгач, Мирзо Ҳайит унинг саройида эшик оғаси вазифасига тайинлангани маълум. 1910 йили Абдулаҳадхон вафот этиб, ҳокимиятга Олимхон келгач, шоир Саҳбо ҳаётининг таш-вишли кунлари бошланади. Жумладан, олдинги лавозимидан олиниб, шаҳар ариғига мироб қилиб тайинланади. Кўп ўтмай, ундан ҳам бўшатилади, миршабликка қўйилади. Охир-оқибат ишсиз Қолади. 1915 йилдан эса, унга сиёсий айб қўя бошлайдилар. Масалан, Чор Русияси сиёсий агентининг маълумоти билан қушбеги ҳузурига чақиртирилиб, ундан газета ўқимасликка тилхат оладилар. 1917 йил Февраль воқеаларидан кейин эса, у инқилоб ва ҳур-риятга хайрихоҳлиги, жадидлиги учун қамалади. 1918 йили Қабадиёнга сургун қилиниб, маҳаллий ҳоким Муҳаммад Раҳимбек буйруғи билан отга судратилиб, фожиона қатл этилади.

Саҳбо номи ўз даврининг деярли барча тазкираларига киритилган. У ҳақда Мирзо Сомий Бўстонийдан Садриддин Айний, Мирзо Турсунзодагача фикр билдирганлар. Уларнинг деярли ҳаммаси шоирнинг шахсини ҳам, истеъдодини ҳам юксак баҳолайдилар.

«… у шундай мард кишики,— деб ёзади Афзал Пирмастий, ниҳоятда донишманд, ўта хушмуомала, ҳиммати олий, марҳамати баланд, парҳезкор, ниҳоятда тетик, ақлли, шеършунослик ва байтшуносликда тенги йўқ, табиати нозик, зеҳни ўткир, шеърлари ғоят гўзал, сўзлари фасоҳатли… девони мукаммал… асарлари оммага мақбул ва манзур… Шеърининг таъбири ва таҳрири бениҳоя нозик, ранг-баранг, туркий ва тожикча ғазаллари мазмунан ниҳоятда хўб, қофиялари бениҳоя марғуб…»

1980 йили шоирнинг ўз қўли билан тузган дастхат девони ЎзФА Қўлёзмалар институти фондида сақланаётганлиги аниқланди. Девон 263 саҳифадан иборат, 550 дан ортиқ шеър жой олган. Шунинг 61 таси ўзбек тилида. Жанрлари: ғазал, мухаммас, мусаддас. Мавзуси: асосан, ишқий. 1991 йили адабиётшунос Ҳ.Мухторова шоирнинг «Танланган шеърлар»ини чоп этди. 61 ўзбекча шеъридан 52 тасини (12 ғазал, 38 мухаммас, 2 мусаддас) ўқувчиларимизга тақдим қилди. Садриддин Айний унинг «янгилик ва ҳақгўйлик қурбони» бўлганлигини таъкидлаган эди. Шунга кўра у ижтимоий-сиёсий ғазаллар ҳам ёзган бўлиши керак. Бироқ ҳозирда эълон қилинганлари кўпроқ анъанавий, девон адабиёти намуналарини эсга солади. Шоир ёрдан мурувват кутаркан, гоҳ-гоҳ замоннинг бевафолигидан, халқ орасидан инсоф, меҳр-шафқат кўтарилганидан нолийди. «Сен улусдан, эй кўнгул, меҳру муҳаббат излама», деб ёзади, «жабру зулм билан Саҳбонинг аҳволи фано» бўлганлигини маълум қилади. Шундай ҳоллардагина бу шеърлар замон садоларига оҳангдош келади.

 

Қўқон адабий муҳити

Қўқонда Муқимий (1850-1903), Фурқат (1859-1909), Завқий (1853-1921), Нисбатий (1903 й.в.э.), Муҳаййир (1845-1918), Қори Юсуф Мунтазир (1899 й.в.э.), Усмонхўжа Зорий (1839-1916) кабилар адабий давра ташкил этдилар. Водийнинг машҳур шоирларидан бири, «тожи шоирон» («шоирлар шоҳи») деб эъзозланган Муҳйи (1835-1911) бўлса, иккинчиси, шубҳасиз, «Ҳазиний тўра» деб ардоқланган Зиёвуддин Ҳазиний (1867-1923) эди. Асли пскентлик Саид Акмалхон (1834-1883), марғилонлик қози Хўжажонхўжа Рожий (1838-1918), Намангандан Нодим (1844-1910), Ибрат (1862-1937), Андижондан Абдураззоқ Бимий (1847-1918), Хўжанддан Тошхўжа Асирий (1864-1916), Сайрамдан Юсуф Сарёмий (1845-1912), Тошкентдан Каримбек Камий (1865-1922) кабилар Қўқондаги адабий суҳбатларда тез-тез иштирок этиб турдилар.

Бу ерда ҳам анъанага кўра шеърият кўпроқ ривож топди. Айни пайтда, ундаги мазмун ва шаклни янгилаш ҳаракатлари илк бор шу ерда кўзга ташланди. Шоирлардан Муқимий, бир томондан, мумтоз адабиётимиздаги энг яхши анъаналарни давом эттирди. Иккинчи ёқдан, рус истилоси туфайли ижтимоий ҳаётда кечаётган ўзгаришларни адабиётга олиб кирди. Масалан, завод-фабрикалар ишга тушиб, ишчилар синфининг майдонга чиқиши, тили, дини, урф-удумлари, ҳатто ҳаёт тарзи кескин фарқ қилувчи Европанинг Туркистонга кириб келиши ва бунинг маҳаллий халққа, унинг турмушига етказган таъсири, европалашув томон қўйилган дастлабки қадамларнинг яхши-ёмон жиҳатлари таҳлили илк дафъа Муқимий ижодида акс этди. Муқимий янгилана бошлаган адабиётнинг ғоя ва мазмунигагина эмас, шаклу ифодаларига ҳам маълум янгиликлар киритди. Ҳажвга алоҳида эътибор берди. Ижтимоий фикрга, жамият танқидига махсус диққатни қаратди.

Фурқат лирикаси ўзбек мумтоз адабиётининг гўзал намуналари эди. У эҳтирос тўла ғазаллари, эркка ташна мусаддаслари, ҳижрон изтироблари барқ уриб турган шеърий мактублари билан ўзбек адабиётига тоза ва тиниқ оҳанглар олиб кирди. Бироқ унинг ҳаёти ғоят мураккаб кечди. Замон унинг тақдирини алғов-далғов қилиб юборди. Пешонасига ғарибликни, мусофирликни битди. У бир умр Ватанига қайтиш армони билан яшади. Лекин бу унинг асарларигагина насиб этди. У кўнгли тубидаги пинҳон дардларини шеърга тўкди. Бу шеърлар Ватан соғинчини ифодалаган энг сара шеърлар бўлиб қолди. У дастлаб рус илм-фанига, Европага мўъжизадай боқди. Рус зиёлиларининг Туркистондаги вакилларига халоскордек қаради. Буларнинг орқасида ўз устунликларини намойиш қилиш ва у орқали забт этилган юртни иқтисодий ва маънавий асоратда сақлаш мақсади ётганлигини бирданига англаб етмади. Бу мумкин ҳам эмас эди. Бироқ юрт фожиалари, тақдирнинг беаёв зарбалари аста-секинлик билан бўлса-да, Русиянинг Туркистондаги сиё-сатининг асл моҳиятини англатди. Унинг шеърларига тақдирдан шикоят билан бирга эркпарварлик, озодлик руҳи кириб келди. Жумладан, «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддаси ўзига хос озодлик мадҳияси бўлса, «Муножоти мусаддас»и, «Бегим» радифли ғазали, «Бўлди» радифли мухаммаси рус истибдодига очиқдан-очиқ исён намуналари эди.

Эпик жанрлар, хусусан, достончилик ривожланди. Қўқон адабий мактаби вакилларидан Умидий-Ҳавоий (1835—1905) «Мактубчаи хон», «Жангнома», «Бадавлатнома ёки тарихи Хўқанд» каби тарихий достонлар ёзди. Бу асарлар бевосита рус босқини ва унинг оқибатлари билан боғлиқ воқеаларни Ватан ва Миллат шаъни, эл-юрт манфаати нуқтаи назаридан акс эттирди. Шу жи-ҳатдан, Умидий-Ҳавоий билан хоразмлик Баёний қарашлари бир-бирига яқин. Буни «Шажарайи Хоразмшоҳий»даги Хоразм босқини манзаралари билан Қўқон фожиалари тасвирини қиёслаганда кўриш мумкин.

Қўқон адабий ҳаракатчилигининг муҳим хусусиятларидан бири XIX асрнинг биринчи ярмида шаклланган шоиралар силсиласининг давом этганлигидир. Жаҳон Отин Увайсий, Моҳларойим Нодира анъаналари бу даврда Дилшод — Барно (1800— 1905/06) ва Анбар Отин (1870—1915)дек икки истеъдодли шоирани етказиб берди.

 

Дилшод Отин (1800— 1905/06)

«Барно», «Дилшоди Барно» тахаллуслари билан шеърлар ёзган бу шоира узун умр кўрган, ёшлиги драматик воқеалар билан тўлиб-тошган, ҳаёти ҳам, ижоди ҳам исёнкорона кечган. Ўратепада туғилган. Отаси Раҳимқул сўфида савод чиқарган. 1813 йилда онаси вабодан вафот этади. Ўратепа жангларидан бирида отаси ҳалок бўлади. 90 ёшлик бувиси билан ип йигириб, тирикчилик қила бошлайди. 1816 йилда эса Қўқон хони Амир Умархоннинг Ўратепага қилган юришида асир олиниб, кўп минглаб муҳожирлар қаторида пойтахтга келтирилади. Уни хон ҳарамига тайёрлайдилар. Бироқ Дилшод ёзган шеър атрофида бир воқеа юз беради-ю амирнинг жаҳли чиқиб, шоирани маҳрамига инъом қилиб юборади. Олиҳиммат маҳрам Дилшодни хон ўрдасидан қочириб юборади. Хуллас, тақдир уни 50 ёшлардаги фақирҳол Тош махдум билан дуч қилади. Унга турмушга чиқади. 30 ёшларида ўзбекчани пухта ўрганиб, мактабдорлик қилади. 51 йил дарс беради. 900 га яқин қизга хат-савод ўргатади. Бу воқеаларнинг барчаси унинг «Тарихи муҳожирон» («Муҳожирлар тарихи») асарида тафсилотлари билан ёзиб қолдирилган. Муаллифнинг маълум қилишича, ўқувчиларининг ҳар тўрттадан биттаси шеър ҳаваскорлари бўлган. Анбар Отин шулардан бири эди.

Дилшод ҳаёти ва мероси XX асрнинг 60-йилларида қайта кашф қилинди. Тожик тарихчиси А. Мухторов 1969 йили унинг икки қўлёзма асарини топиб, улар асосида монография ёзди. Ўзбек адабиётшуноси Маҳбуба Қодирова Дилшоднинг ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмйлар фондида сақланаёттан яна бир янги қўлёзма асари борлигини аниқлади ва нашр этди. 80-йилларда эса у тўлдирилиб, қайта нашр қилинди. Маълум бўлишича, унинг ҳозирча 91 та ўзбекча ва 51 та тожикча шеъри, «Тарихи муҳожирон» бадиий-тарихий асарининг ўзбекча ва тожикча уч қўлёзма нусхаси («Тазкираи Барно», «Саботул-башар маа Тарихи муҳожирон» — «Инсон матонати ва Муҳожирлар тарихи»), «Мунтахабул-ашъори Барно» — («Барнонинг танланган шеърлари») бизгача етиб келган. Буларда ўзаро урушлар, халқнинг турмуш шароити ва бошқа ижтимоий-сиёсий воқеалар ўз ифодасини топган. Шоира туркистонни чор Русияси босиб олишига бўлган муносабатда кўпгина замондошларидан илгарилаб кетган, ҳодисанинг барча оқибатларини тўғри тушунган. Шу жиҳатдан, Дилшод Отин шеърияти халқ тақдирининг бадиий йилномаси даражасига кўтарилади. Шу билан бирга шоира бахтиёр замон, яхши кунлар келишига ишонади, Туркистон халқини дўст-иноқ яшашга ундайди. Унинг ишқий шеърларида муҳаббат ва садоқат мавзуи Ватан ва халқ озодлиги билан уйғунлашиб кетган.

 

Нодим Намангоний (1844-1910)

Муқимий даврадошларининг таниқли вакилларидан бўлиб, исми-шарифи Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғлидир. «Нодим» — адабий тахаллуси «пушаймон қилувчи» маъносини англатади. Наманган шаҳрининг Жомеъ махалласида зиёли оилада туғилган. Шу шаҳардаги Саидқулибек мадрасасида ўқиган.

1887-1888 йилларда Муқимий билан Тошкентда танишади. 1899 йили Авлиёота, Бухоро, Самарқанд, Тошкентга сафар қилади. 1902 йили ҳажга боради. Туркия, Миср, Арабистонда бўлади. 1910 йил 26 июнда Наманганда вафот этади.

Шоирнинг бизга ўз қўли билан тузган «Баёзи Нодим» қўлёзмаси етиб келган. Унда мумтоз шеъриятимизга доир деярли барча жанрларда ёзилган шеърлар учрайди. Уларнинг бир қисми Наво-ий, Нодирадан тортиб, замондошлари Муқимий, Завқий, Фурқат ғазалларигача боғланган мухаммаслардан, яна бир қисми шоирнинг турли-туман сафар таассуротларидан иборат. Ҳажвиялари ҳам бор. 1890 йили Авлиёотадан рафиқасига ёзган «Мактуби муҳаббат услуб» каби ишқий-интим шеърлари ҳам бор. Шоирнинг ижтимоий-сиёсий мавзудаги шеърлари унинг ижодида жилдий ва салмоқли ўрин эгаллайди. Бу жиҳатдан, Махмурнинг «Ҳапалак», Фурқатнинг «Сайдинг қўябер, сайёд» шеърларига боғлаган мухаммаслари, «Мухаммаси Нодим ба аҳволи замона», «Дар мазаммати замона» асарлари муҳим. Шоирнинг бир қатор шеърлари машҳур товламачи, рус капиталисти Виктор Ахметов ҳақидаги «Ҳажви Виктўр» туркумини тўлдиради. Муаллиф рақобатга бардош беролмай, бирин-кетин синаётган ўзбек «зовудчи»ларининг «ҳисоби йўқ»лигига, судхўрлардан катта фоиз билан қарз кўтариб, ҳовли-жойининг келгиндилар қўлига арзонгаровга ўтиб кетаётганлигига ачинади, бу хил муносабатларнинг пировард-оқибатда, асрий ахлоқимиз устунларини йиқитаётганлигидан изтироб чекади. Айни пайтда, уни фан-техника янгиликлари табиий бир суратда ҳаяжонга солади. Масалан, у поездни илк бор кўраркан, ҳайратини яширмайди, гарчи унинг нима мақсадларга хизмат қилишини яхши тасаввур этмаса-да, илму фан мўъжизаси сифатида миллатдошларига таърифлаб беришни маъқул кўради:

Сув билан ўт ихтилотидин топиб қувват басе,
Бул ажабким, барқ янглиғ тезу хушрафтордур.
Кўҳ пайкар, ғарқи пўлоду темур сар то по,
Оғзидин ўтлар сочар бир аждари хунхордур.
Бир неча қасри музайян жумла марбуту матин,
Ҳарнаким дилхоҳ бўлса, доимо тайёрдур.
Ҳар бири бир манзара олий бино, ойинабанд,
Ғишт ҳангомида савту нағмаи сетордур.

 

Завқий (1853-1921)

Лирик ва ҳажвий асарлари билан халқ ўртасида кенг эътибор қозонган шоирлардан. 1955 йилда адабиётшунос Ҳ.Раззоқов у ҳақда «Завқий ҳаёти ва ижоди» рисоласини ёзди ва 1958—1960 йилларда 50 га яқин шеърларини тўплаб, «Танланган асарлар» номи билан нашр этди. 2003 йилда А. Мадаминов ва А. Турдиалиевлар шоир авлодлари ҳомийлигида унинг нисбатан тўлатилган «Ажаб замона» китобини чоп этдилар.

Шоирнинг исми-шарифи Убайдулла уста Солиҳ ўғли бўлиб, «Завқий» адабий тахаллусидир. Қўқонда косиб-маҳсидўз оиласида туғилган. Эски мактабдан сўнг тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг ёрдами билан мадрасада ўқиган. Секин-аста «Завқий» тахаллуси билан шеърлар ёзиб, Муқимийлар даврасига қўшилган. Фурқат ёзади: «…аср шуаролариким, чунончи: мавлоно Муҳйи, мавлоно Муқимий, мавлоно Завқий, мавлоно Нисбатдурлар, ҳамиша мажлис бунёд айлаб, зодаи табъларимиздин мушоира қилур эдик ва бир ғазалда татаббуъ кўрсатиб, бир мазмун ҳар навъ тарзда ифода топар эди… ва баъзи вақт ишқ тавсифи ва ҳусн таърифида ғазал машқ айлаб, қадимий шуаролар девонларидин бир шўх ғазални топиб, унга ҳар қайсимиз алоҳида мухаммас боғлар эдик. Дигар шеър арбоблари бизлар суҳбатимизни орзу айлаб келур эдилар. Агар бирор марғуб ғазал зодаи табъ бўлса, табиатлик кишилар нусха сўраб олур эдилар».

Айни пайтда, ёш Убайдулла косиблик қилиб оилага қарашади. Унинг «Мадрасаи олия»даги ҳужраси пештоқига Муқимий дастхати билан:

Бу — Убайдуллоҳнинг кошонаси,
Уста Солиҳ ўғли дўконхонаси!
Эй, биродари аҳли тамиз,
Эски маҳсию кавуш тикамиз, —

деб ёзиб қўйилганини нақл қиладилар.

1880 йилларда Завқий Қўқон пойабзал растаси пудратчиси Мўминшоҳ маҳкамасига иш юритувчи бўлиб киради. 1890 йилларда оиласи бошига кетма-кет мусибат тушади: отаси, икки укаси изма-из вафот этадилар, рафиқаси Тожибиби касалланиб, икки кўзи ожиз бўлиб қолади.

1900 йилда ҳаж сафарига боради, уч йил Кавказ, Кичик Осиё, Миср ва Арабистонни кезиб, янги фикр-қарашлар билан юртига қайтади. Табиатан ҳозиржавоб, мутойибага мойил шоир ижодида ҳажв кучаяди. Ва бу унинг бошига катта ташвишлар олиб келади. Масалан, 1905—1906 йилларда ёзилган 47 байтлик «Аҳли раста ҳажви» шеърида 46 киши номма-ном тилга олиниб, ҳар бирининг ўзига хос феъли, атвори кескин сатрларда чизиб кўрсатилган эди. Бу етмагандек, уни катта қоғозга кўчиртириб, Қўқоннинг энг гавжум сайилгоҳига — Мўймарак (Мўйи муборак)даги баланд бир теракка осиб қўяди. Катта шов-шув бўлади. Раста аҳли шоирни тутиб, калтаклайдилар. Устидан «гарониш» (шаҳар ҳокими) ва уезд ҳокимига арз қиладилар. Ҳоким шеърни тилмочга таржима қилдириб ўқийди, Завқийни тергаб, қаттиқ танбеҳ беради, Сибирга сургун қилишини айтади. Кўп ўтмай, шоирнинг ушбу можарога бағишланган «Таладинг баринг!» шеъри пайдо бўлади.

Биринчи Жаҳон уруши йилларида эса, у давр фожиаларини акс эттирувчи «Қаҳатлик», «Каждор замона» ва истиқбол орзулари билан тўлиб-тошган «Ажаб эрмас» шеърларини ёзди.

Шоир 1918—1921 йилларда Қўқон пойабзал растасининг оқсоқоли, очарчиликка қарши кураш ҳайъати аъзоси бўлиб ишлади.

Завқий лирик шоир сифатида «Келмаса келмасун нетай», «Офарин», «Кўзинг», «Айлаб келинг», «Мен кимга дей» каби халқ қалбида сақланиб келаётган бир қатор гўзал ғазаллар яратди. Унинг, айниқса, «Юзингни кўрсатиб аввал, ўзингга бандалар қилдинг» мисраси билан бошланадиган мухаммаси мумтоз қўшиқчилигимизнинг олтин фондидан жой олган бўлиб, неча ўн йилдирки, хонандаларимизнинг доимий репертуарида келади.

Завқий ўз ҳажвияларида шунчаки икирчикир, феъл-табиат танқидидан жамиятнинг адолатсизлик асосига қурилган негизини фош этишгача кўтарилди. «Замона кимники?», «Мунча кўп» шеърлари бунинг далили. «Уй пули», «Золим пули», «Вексел» шеърларида ўлкага кириб келаётган янгиликларнинг ахлоқий жиҳатлари қаламга олинди.

Мастур қолмағайким, сўзнинг йўғони чиқди,
Олтиариғлари ҳам векселни кони чиқди,
Зовутни биткаролмай, эшонни жони чиқди,
Афсус, эй халойиқ, ишлар ямони чиқди,
Охир замона маълум бўлди, нишони чиқди,

сатрлари билан бошланар эди «Вексел» мухаммаси.

Шоирнинг «Воқеаи қози сайлов», «Каҳатлик» асарлари мас-навий йўлида ёзилган бўлиб, ихчам достонлардир. Иккиси ҳам воқеий. Биринчисида 1910 йилда Қўқоннинг Хўжанд даҳаси қози-лигига сайлов жараёнида юз берган қаллоблик, порахўрлик фош этилади. Иштирокчилар: собиқ қози — Ҳакимжон; ишлаб тургани — мулла Камол; шотирлар — Шокирқора, Олимқовоқ, Ҳасан аълам; қозиларга «қозилик» қилувчи ҳоким Мединский. Воқеа «ҳоким ройи»нинг Ҳакимжонга бурилиб, уни қўллаши билан тугайди. «Қаҳатлик» — 1916 йилга очарчиликнинг фажеъ манзараларини ҳоким ва мутеъ муносабатлари мисолида очиб берган асар. Халқ ғалаёнлари шаклида намоён бўлган миллий озодлик ҳаракатлари ёзма адабиётда илк бор ушбу асарда акс этган.

Завқийнинг Муқимий билан мушоира йўсинида ёзган ҳазил-мутойибалари, «Саёҳатнома»си ва шеърий мактублари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Зиёвуддин Ҳазиний (1867-1923)

Қўқон яқинидаги Катта Кенагас қишлоғида туғилган. Отаси Каттахўжа эшон ориф, шеърга ҳавасманд зиёлилардан эди. Зиёвуддин илк таълимни отасидан олади. Сўнг Қўқондаги Жомеъ мадрасасида ўқийди. 1897 йил ўтгиз ёшларида замонасининг машҳур мутасаввифларидан, қодирия сулуки намояндаси Муҳаммад Ҳакимхон халифага мурид тушади ва илми тариқатни эгаллаб, эл орасида катта эътибор топади.

Айни пайтда устоз сўфийлар анъанасига содиқ қолиб, қўл кучи билан мутлақо меҳнати эвазига кун кечириш қоидасини маҳкам тутади. Унинг муттасил деҳқончилик билан шуғуллангани, ҳатто ҳозирги Бағдод тумани Чопдор қишлоғидаги қумлоқ чўлдан 40 танобча ерни ўзлаштириб, боғ барпо этгани ва унга «Регистон» деб ном қўйгани маълум. Шунингдек, бу ерда ҳовуз кавлатиб, атрофига бир неча бино ва тегирмон қурдирган. Бу жой қумга тушиб даволанувчилар учун оромбахш масканга айлантирилган экан.

56 ёшда вафот этган. Қабри қишлоғида.

Ҳазиний ўз даврида жуда катта шуҳрат қозонган шоир. Мутахассисларнинг аниқлашларича, XX аср бошларидаги 19 тошбосма асарда унинг шеърларидан намуналар учрайди. «Баёзи Ҳазиний» тўплами 1910—1913 йилларда 7 маротаба чоп этилган. Шеърлари машҳур хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган. Бироқ шўро даврида унинг асарларига йўл берилмади. Ўғли Амакихон қўлида сақланган девони 1939 йили НКВД ходимлари томонидан олиб кетилган. Ҳозиргача топилгани йўқ.

Шоир ижодини ўрганиш мустақилликдан сўнг мумкин бўлди. 1992 йили Қўқон музейи ходими, филология фанлари номзоди Аҳмаджон Мадаминовнинг ғайрат ва ташаббуси билан «Тасаддуқ, ё расулуллоҳ» деган ихчам тўплами нашр этилди. Ниҳоят, 1999 йили у тўлдирилиб, А.Мадаминов, О.Жўрабоевларнинг сўзбоши мақоласи ва профессор Шариф Юсупов сўнгсўзи билан «Девон» номида чоп қилинди.

Шоир шеърларида, дарҳақиқат, диний мавзу етакчи. Лекин бу шунчаки дин тарғиби эмас. Юксак исломий ғоялар, биринчи навбатда, исломий эътиқод ва ахлоқ билан яшаш тарғибидир. Комил инсон тарғибидир. Шу жиҳатдан, ундаги ғоялар бир қадар тасаввуфий мазмун касб этади. Муаллиф буни яширмайди. У «ишқи мажозий» ва «ишқи илоҳий» нисбатини яхши ҳис қилади. Буларни бир-бирига қарама-қарши қўймайди. Бирини иккинчисининг давоми сифатида тушунади.

Аввалдинким мажозий ишқида умримни ўткардим,
Қаю ерда париваш бўлса, анга ошно боис,—

каби сатрлари ёхуд:

Неча доноларни нодон айлади ишқи мажоз,
Ёрнинг кўйида сарсон айлади ишқи мажоз,-

матлаи билан бошланадиган «Мажоз» радифли ғазалида буни кўриш мумкин.

Айни пайтда, шоир шеърларида замон садоларини ҳам пайқамаслик мумкин эмас. У «насоро бизга подшоҳ»лик қилиб, «хонақоҳда зикри ҳақ монеъ», «шарорат ошкор» бўлганлигидан дод солади. Бошқа бир шеърида эса, қуйидаги сатрларни учратамиз:

Вой, хор ўлди шариат, динимиз бўлди ғариб,
Бу нечук турфа аломат, динимиз бўлди ғариб,
Ё яқиндирму қиёмат, динимиз бўлди ғариб,
Кўп ривож олди шарорат, динимиз бўлди ғариб,
Барчадин кетти адолат, динимиз бўлди ғариб.

 

Анбар Отин (1870-1914/1917)

Шоиранинг ҳаёти ва ижодидан фанимиз XX асрнинг 60-йилларида хабар топди. 1963 йили профессор Л.Қаюмов ва Ф.Ҳусайинова шоира асарларини топиб, эълон қилдилар. 1964 йили ушбу тадқиқотчиларнинг «Демократ шоира Анбар Отин» рисоласи босилиб чиқди. 1970 йили шоира асарларининг тўлдирилган нашри амалга оширилди.

Анбар Отин Қўқонда косиб оиласида туғилган. Отаси Фармонқули асли марғилонлик бўлиб, машҳур шоира Жаҳонотин Увайсийнинг жиянидир. Онаси Ашурбиби Абдулғани қизи ҳам косиб оиласидан эди. Оила доимий муҳтожликлар ичида яшаган. Анбарой етти ёшга кирганида уни Дилшод Отин мактабига берадилар. У ўз шогирди ҳақида «Тарихи муҳожирон» асарида шундай ёзади: «Анбарой буғдойранг, сунбул сочли, оҳу кўз, ой юзли, ахлоқи ҳамида ва одоби писандида соҳибидур. Бу саккиз яшар қизча ёшлигига қарамай, ҳазрати Навоий ғазалларини ўрганишга беҳад қизиқади. Бу ожиза саккиздан ўн тўрт ёшгача одоб таълимига машғул бўлди. Умидим борки, бу қизча катта шоира бўлғуси».

Бўлажак шоирани ўн тўрт ёшларида ўратепалик новвой Зоҳидхўжа исмли йигитга узатадилар. Зоҳидхўжа шеърият мухлиси бўлиб, қўқонлик машҳур шоирларни яқиндан билар эди. Улар фақирона, лекин бахтли турмуш кечирадилар. Мўминхўжа, Бибихон, Усмонхўжа, Оминахон деган фарзандлар кўрадилар. Анбарой ҳассос шеърлари билан «Анбар Отин» бўлиб танилади. Бироқ бахтсизлик юз беради. Анбарой ўттиз ёшларида Олим мингбошининг уйида бўлган бир зиёфатда баланд зинадан йиқилиб, оёғи синади ва бир умр тўшакка боғланиб қолади. Унинг устига қизи Оминахоннинг бевақт вафоти шоира ижодидаги маҳзунликни устувор қилиб қўяди.

Шоира шафқатсиз тақдирга аччиқма-аччиқ ижод этди. Қўлидан қаламини қўймади. Аксинча, қалами унга куч берди. 1910 йили адабиётимиз тарихининг ёрқин бир саҳифаси бўлиб қолган «Қаролар фалсафаси» асарини яратди.

Анбар Отиннинг қачон вафот этгани маълум эмас. Айрим шеърларида Биринчи Жаҳон уруши билан боғлиқ воқеалар тасвири ҳам учрайди. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар унинг вафотини 1914-1917 йиллар қилиб белгилайдилар.

Анбар Отин ижодининг асосини унинг шеърияти ҳамда «Қаролар фалсафаси» номли насрий асари ташкил қилади. Унинг эълон қилинган шеърлари адади 90 га яқин. 1966 йили араб алифбоси ҳарфларига бағишланган «Якка байтлар»и топилди. Ниҳоят, у ўзбек ва тожик тилларида бирдай ижод қила олган шоирадир. 1977 йили адабиётшунос М. Қодирова унинг 17 шеърини ўзбекча таржимаси билан нашр этган эди.

Шоира шеърларида ижтимоий-сиёсий мазмун кучли. Унинг учун адолатсизлик конкрет тушунча. У буни, аввало, жаннатдай юртнинг ўз эгалари хор бўлиб, келгиндилар тасарруф этаётганлигида кўради. Шу сабабли юртдошларига мурожаат қилиб, уни озод ва обод этмоққа чақиради. У ёзади:

Эй гўзал Фарғона, ўзингни кел эмди, шод қил,
Ҳар ғазални бошида, сен, ўз отингни ёд қил,
Қайди бандни пора айлаб, ўзлугунг озод қил,
Қайғулик қунларни куйдур, барчасин барбод қил,
Эмди Туркистонда ҳақгўйлик ила фарёд қил.

Боғларинг пажмурда бўлди зоғларнинг пойидин,
Кўкрагинг садпора бўлди дайдиларнинг ёйидин,
Катра-қатра қон томодур ўқ тешкон жойидин,
Кип-қизил қонлар оқодур жабр кўргон сойидин,
Ўз қўлинг бирла бу юртингни ўзинг обод қил.

 

Самарқанд адабий муҳити

Самарқандда Абдулазим Сипандий (1829—1909), Сиддиқий-Ажзий (1864-1927), Саидаҳмад Васлий (1869/70-1925) каби шоирлар ижод этдилар. Каттақўрғонлик Очилдимурод Мирий (1830-1899) ажойиб эпик достонлар, маснавийлар яратди.«Раъно ва Зебо» (1884), «Қиссаи Салим Жавҳарий» (1887), «Рустам ва Суҳроб» (1897), «Мажидиддин ва Фахрунисо» (1899) каби достонлари, «Гулнома», «Чойнома» сингари достон-маснавийлари билан ўзбек эпик поэзияси тараққиётига катта ҳисса қўшди.

 

Сиддиқий Ажзий (1864-1927)

Шоирнинг асл исми Саидаҳмадхўжа, Самарқандда туғилган. Шеърларига «Ажзий», достон ва насрий асарларига «Сиддиқий» деб тахаллус қўяди. Ота-боболари туркистонлик бўлиб, Амир Абусаид замонида, XV асрда Самарқандга кўчиб келиб қолганлар.

Саидаҳмад 5—7 ёшларида отаси Ҳасанхўжа вафот этиб, дастлаб бобоси Алихўжа қўлида, сўнгроқ уста Абдулқаюм эшигида етимликда катта бўлади. Янгаси қўлида савод чиқаради. Илмни мустақил эгаллайди. Замондошлари унинг уқув-қобилиятини алоҳида таъкидлайдилар.

Танқидчи ва адабиётшунос Вадуд Маҳмуд (1897—1976) 1924 йили у ҳақда шундай ёзган эди:

«Буюк бир истеъдодга эга бўлғонидан кўп санъатларнинг ус-тосидур. Бошлаб Сиддиқий яхши бир техниқдур. Соат ва моши-наларни тузатмоқ ишига моҳирдур. Яхши тўқувчи ва тикувчидур. Кўп йиллар бу санъат ила яшағондур. Яхши овчидур, мусиқа билан ҳам анча шуғуллангандур. Ўз тилидан бошқа араб, форс, рус тилларини биладур. Форсча шеърлари форс адабиёти билан яхши таниш эканига шоҳиддур. Араб ва рус адабиётлари билан ҳам анча ошинодур».

Неъматулла Муҳтарам уни ўз «Тазкиратуш-шуаро»сига киритган ва шоирнинг икки шеърини келтириб, муаллифни шундай таъриф этган эди:

«Ажзий тахаллуси заковатпаноҳ, фатонатогоҳ, таржумон жа-роид хушманди, пурдон мақосид хирадманди Ҳожи Саййидаҳмадхўжа Самарқанди астки, ниҳоли табъашро Самарқанд мукаррар аст. Асмои аном аз таътир ашъораш муаттар… жузъи хубу хатти марғуб ва табъи баланд услуб дорад…» (Ажзий заковат эгаси, фаҳму идроклилар сараси, хуш-мандлиғ равишининг ифодачиси, хирадмандлик истакларининг билимдони Ҳожи Саидаҳмадхўжа Самарқандийнинг тахаллусидирким, (ул зот) табъи дарахтининг меваси каби (ҳамиша) қанддек тотлиғ эрур ҳамда одамлар димоғи (анинг) шеърлари атридан (доимо) муаттардир. …Яхши хулқлик, ёқимли хатлик ва табъи баланд бир кишидир…».

Неъматулла Муҳтарам келтирган ҳар икки шеър форсча ва ишқий мавзуда.

Сиддиқий 90-йилларнинг охирида ҳажга боради. 1900 йилда Русиянинг Жиддадаги элчихонасида таржимонлик қилади. Тифлисда Жалил Мамадқулизода, Алиакбар Тоирзода (Собир) билан танишади.

Шоир 1901 йили она юртига қайтади ва Ҳалвойи қишлоғида усули жадид мактаби очади. Унинг учун дарсликлар ёзади. Айни пайтда, «Айнул-адаб» («Одоб кўзи»), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси») каби шеърий тўпламлар, «Анжумани арвоҳ» («Руҳлар йиғини»), «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси») каби достонлар ёзиб, чоп эттиради. Қизиғи шундаки, бу асарларининг икки-таси дастлаб дўстлари кўмагида Тифлисда 1909 йили форсча нашр Қилинган. Ўзбекча ишқий шеърлари сақланмаган. Замондошларининг гувоҳлик беришларича, ҳаж сафаридан сўнг қарашларида маълум ўзгаришлар юз бериб, эски ишқий-интим шеърларини, шу жумладан, форсчаларини ҳам албатта, куйдириб ташлаган. «Миръоти ибрат»нинг ўзбекчасини Самарқандда 1914 йилдагина босдиришга муваффақ бўлди.

Мирзо Содиқнинг «Даҳмаи шоҳон»ини эсга туширувчи «Анжумани арвоҳ»да осмондан икки киши шоҳлик либосида тушиб келадилар ва ўз тилларидан ўзларини фош этадилар. Улар Бухоронинг марҳум амирлари Музаффархон ва Абдулаҳадхон эдилар.

Исмоилбек Гаспралининг «Дорур-роҳат мусулмонлари» романига ҳамоҳанг, унинг таъсир ва илҳоми яққол сезилиб турадиган «Миръоти ибрат»да шоир хаёлий мамлакатларга сафар қилади. Ўз орзусидаги Самарқандни чизиб беради. У озод, обод, фаровон, илм-фан самараларидан музайян эди. Унда, ҳатто шунчаки телевидение эмас, биз бугун, 70—80 йилдан кейин гувоҳ бўлиб турган видеотелефонлар ҳақида гап кетади.

Асарнинг «Хотима»сида эса шоир асл мақсадини шундай ифода қилган эди:

Дўрт иш бана бундан эрди мақсуд,
Бундан ўла халқ бахти масъуд:
Илми аъло олмоқ ва фунунни,
Давлатни, лисонни, закунни.
Ҳар қавм булардин ўлди маҳрум,
Истиқболи ҳолидин ўлур шум.

Демак, унингча, илм-фан, давлат, тил, қонунсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ. Бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир.

1914 йилнинг 3 январида у бундай фикрлари учун мутаассиблар томонидан «кофир» деб эълон қилинади.

Шоирнинг ўзбекча ғазаллари «Айнул-адаб»да тўпланган. Уларда оёқ остида қолган миллатнинг мудҳиш аҳволи, тутқун Ватаннинг фажеъ манзаралари сўнгсиз бир изтироб билан тасвир этилган.

У шеърга янги мазмун, янги руҳ олиб кирди. Алвон чечакларда қип-қизил қон кўрди. Унинг қирмиз япроқларини «хуни ноҳақ» рангидан қизарган «хоки ватан» деб атади. «Ватан харобасини ислоҳ» қилишга, бунинг учун «иттиҳод» (бирлашиш)га чақирди.

Сиддиқий Ажзий 20-йилларда ҳам самарали ижод қилди. Ҳажвиялар ёзди. 1927 йили умрининг катта қисмини ўтказган Ҳалвойи қишлоғида вафот этди.

1989 йилда шоир таваллудининг 125 йиллиги нишонланди. 1999 йилда унинг «Танланган асарлар»и чоп этилди.

 

Саидаҳмад Васлий (1869/70-1925)

Шоир, олим, таржимон, публицист ва ниҳоят, мударрис сифатида машҳур Саидаҳмад Самарқанднинг Кўкмасжид гузарида пичоқчи уста Саидазим хонадонида туғилган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент мадрасаларида ўқиган. 1902 йили хатми кутуб қилиб, Бухоро мадрасаларидан бирида дарс беради. 1909 йилдан кейин эса Самарқанднинг Шоҳизинда, Орифжонбой мадрасаларида мударрислик қилади.

Васлий ўз она тилидан ташқари араб, форс тилларида ҳам эркин ёза олган. Туркистон, Бухоро, Хоразм илмий-адабий давраларида танилган, фаол ва сермаҳсул ижодкор эди. Мутахассислар ундан 12 минг байт шеър, 25 илмий рисола етиб келганини маълум қиладилар.

Энг муҳим асарлари: «Аслул-аҳком» (Ҳукмлар асли), 1904, Самарқанд, форсча; «Асосул-ислом» (Ислом асослари), 1904, Самарқанд, форсча; «Армуғони дўстон ва туҳфатул-аҳбоб» (Дўстлар армуғони ва севиклилар туҳфаси), Самарқанд, 1909, форсча шеърий тўплам; «Ақоиди ғайри манқута» (Нуқтасиз ҳарфлар имлоси), арабча дарслик, Самарқанд, 1909; «Нафъут-толиб» (Талаба манфаати), Тошкент, 1912; «Маданият ва шариати исломия», Тошкент, 1915, форсча; «Адабуддин ёхуд миллий шеърлар», Тошкент, 1911, ўзбекча шеърлар тўплами; «Девони Васлий», Тошкент, 1912, ўзбекча шеърлар тўплами; «Ал-каломул-афҳам фи маноқибил-Имоми Аъзам» (Имом Аъзам сифатлари борасида сўз), Тошкент, 1914, арабчадан форсчага таржима; «Назмуссилсила» (Хожа Валихон Ургутийнинг шажара ва сифатлари ҳақида), Самарқанд, 1913, форсча, маснавийда ёзилган. Булардан ташқари, араб тили сарфу наҳвига оид қанчадан-қанча асарлар муаллифи. Ҳожи Муиннинг қайд этишича, Васлий Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон»ини ҳам ўзбекчага таржима қилган.

Юқоридаги асарлардан айримлари босилиб ҳам чиқди. Масалан, Саидбек Ҳасан 1991 йили шоирнинг Имом Аъзам ҳақидаги таржима асарини ўзбекчага ағдариб, чоп эттирган эди. Хожа Валихон Ургутий ҳақидаги китобни машҳур пири муршиднинг эвараси Бадиа Муҳиддинова 2001 йили таржима ва изоҳлар билан нашрга тайёрлади.

Васлий шеърларида даврнинг муҳим масалалари кўтарилган. Масалан, бир шеърида «Миллат қул ўлди ўзгалара, бу нечук жафо?!» деган ҳақли саволни қўйса, иккинчи бир ўринда, Рўсия тимсолида кириб келаётган ғарб ахлоқсизлигини ҳажв остига олади:

Чўқ кимсаларки, тутди франсўз пешасин,
Ислом адабини унутги, бу не бало?!

У ҳам Ажзий сингари «хастау бемор», «сийнаси тўла озор» миллати учун ўртанади. Уни ободликка, озодликка етаклайдиган «устод»ни, бунинг учун эса ҳамжиҳатликни, «иттифоқ»ни орзу қилади:

Бизлара бир мактаби обод йўқ,
Мактабимиз бор, анга устод йўқ.
Тарбияти зумраи авлод йўқ,
Оҳ, бизим дилларимиз шод йўқ.
Миллата бир равнақи мўьтод йўқ,
Миллат учун навҳау фарёд йўқ,
Кулфату ғамдин бизи озод эт,
Васлийи дилхастая иршод эт.

Васлий публицист сифатида ўнлаб мақолалар эълон қилган. 10-йилларда «Туркистон вилоятининг газети», «Садойи Фарғона», «Садойи Туркистон» газеталарида босилган, адабиётнинг жамиятдаги ўрни, хотин-қизлар озодлиги, театрга, ишқий ғазалларга муносабат масалаларига бағишланган бу мақолалар қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу баҳс «Ойна», «Ал-Ислоҳ» журналларига ҳам ўтган, кенг омма фикрининг чархланиб боришида, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга бўлган. Васлий фикрларининг айримлари чиндан ҳам баҳсли бўлиб, ўша замон нуқтаи назаридан эскирган эди. Хусусан, «тасаттири нисвон» (аёллар ҳижоби), шеър ва «илми балоғат» ҳамда театр ҳакддаги қарашлари. Шунинг учун ҳам ёшларнинг бир гуруҳи унинг айрим чиқишларита қаттиқ эътироз билдирган эдилар.

Васлий 1917 йил 27 ноябрда эълон қилинган Туркистон мухториятини ҳаяжон билан қарши олган ва эҳтиросли нутқ сўзлаган эди.

Адиб 1925 йили вафот этди.

 

Тошкент адабий муҳити

Тошкент Туркистон генерал губернаторлигининг марказий шаҳри бўлганлигидан европалашиш жараёни бу ерда тезроқ ва сезиларлироқ кечди. Маъмурий-маданий, маиший-тижорий қурилишлар, идора ва турмуш янгиликлари, матбаа, театр, кутубхоналар, рус-тузем мактаблари, гимназия, семинария кабилар, табиийки, адабиётда ўз аксини топди ва муайян таъсирини кўрсатди. Шуларга кўра, Тошкентда кўпроқ матбаачилик, яъни ноширлик ва газетачилик ривожланди. Таржимачилик, биринчи навбатда, русчадан таржима тараққий топди. Чимкентлик маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров (1843—1901) 80— 90-йилларда, машҳур Фурқат (1859-1909) 1889-1891 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да бевосита ишлаганлари ва ўз ҳаётлари давомида ушбу газета билан мунтазам ҳамкорликда бўлганларини эслаш кифоя. Айни пайтда, анъанавий адабиёт ҳам авжда эди. Буни ушбу давр ижодкорларидан Мўминжон Муҳаммаджонов-Тошқин (1883-1964)нинг 40 дан ортиқ шоир ҳақида маълумот берувчи «Тошкентлик ва Тошкентда бўлган ўзбек шоирларининг таржимаи ҳоллари» (1948) асаридан ҳам кўриш мумкин.

Адабий-маданий муҳит кўпроқ шаҳарнинг «Кўкалдош», «Бекларбеги», «Бароқхон», «Хожа Аҳрор» мадрасаларида кечди. Ай-ниқса, дастлабки иккитасининг мавқеи жуда баланд эди. «Кўкалдош»да машҳур хаттот, «Тиғбандий» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзиб турадиган Шоҳмурод котиб (1850-1922), Қосимхонтўра Музтариб (1858-1944), «Бекларбеги»да «қашшоқ мулла» номи билан танилган Раҳимхўжа Хатмий (1835-1908), ўттиз ёшида «Бароқхон»га мударрис бўлган машҳур бедилхон Алоуддин Фунуний (1861—1932) каби қаламкашлар атрофида олиму фозиллар, шеър муҳиблари ҳамиша гавжум бўлганлар. 1890 йили Фурқат, 1899 йили Муқимий «Кўкалдош»да турганлар. Каримбек Камий (1865-1922), Қодирқори Рамзий (1861-1943), Афандихон махзум Ахтарий (1870-1946) билан узоқ суҳбатлар қурганлар. Саййид Ҳайбатулло Хислат (1880-1945), Мулло Қўшоқ Мискин (1880-1937), Сирожиддин Сидқий Хондайлиқий (1884-1934) «Кўкалдош»га эндигина қатнай бошлаган пайтлар эди.

90-йилларда «Кўкалдош»нинг нуфузи катта бўлган бўлса, аср бошларида «Бекларбеги»нинг рутбаси баланд эди. Эски Жўвадаги машҳур «Турон» кутубхонасидан кунчиқарга кўтарилаверишда жойлашган, катта дарвозаси кунботарга қараган, икки қаватли бу даргоҳ ҳужраларидан бирида Каримбек Камий фақирона ҳаёт кечирарди. Яна бирида Шайх Саьдийнинг «Гулистон»ини шу йиллари ўзбекчага ўгирган Муродхўжа домла истиқомат қиларди. Мушоира-мусоҳабалар узилмасди. Гоҳ мударрис Мираҳмадхон Мирий (1833—1916)нинг Кўкча даҳа Ўзгат маҳалласидаги ҳовлисида, гоҳ Қори Фазлуллоҳ Алмаий (1852—1891)нинг Қўштутдаги уйида, баъзан Камий ҳужрасида бедилхонлик бўларди. Уларда баъзан Самарқанддан Васлий, Хўжанддан Тошхўжа Асирий (1864-1916), Қўқондан Ҳожи Муҳйи ҳам иштирок этардилар.

1903 йили «Бекларбеги»нинг бош мударриси Шомаҳмуд домла вафот этиб, ўрнига Кадубод (ҳозирги Қорасарой) маҳалласидаги мадраса мударриси Баҳодирхон келади. У 1910 йили вафот этганида Юсуф Сарёмий марсия ёзиб:

Баҳодирхони махдуми мударрис,
Чароғи илми хуршиди фалакрой.
Аторудхомаи донишсурайё
Шуои илму фазли чархи фарсой,-

деб таъриф этган эди.

 

Юсуф Сарёмий (1845-1912)

«Яссавий мактаби» деб аталган, XII асрдан XX аср бошларигача, Зиёвуддин Ҳазиний ижодигача бўлган қатламни қамраб олган мутасаввиф шоирлар сирасига мансуб.

Исми Муҳаммад Юсуф (халқ орасида «Мамаюсуф», «Маюсуф»), отасининг оти Абдушукур, «Сарёмий» эса тахаллуси нисбадир. «Тазкираи Қайюмий»да Сайрамда туғилиб, Тошкентда ўқиганлиги, исмини «Юсуфий» тахаллус этгани айтилади.

Илк таълимни отаси Мулла Абдушукурдан олди. Сўнг Тошкент, Бухоро мадрасаларида ўқиди. Мадраса таҳсилининг катта қисми «Бекларбеги»да кечди. Кейинчалик ҳам бу даргоҳда тез-тез бўлиб турар эди. Тошкентга келганида кўпроқ қаландархоналик Қосимхонтўра-Музтарибларникига тушар, шу ерда отини қолдириб, Самарқанд, Бухоро, Хўжанд, Қўқон, Фарғона шаҳарларига шоир ва олим дўстлариникига йўл олар экан.

Хаттотлик, косиблик, муҳрдорлик билан шуғулланган.

1912 йилнинг биринчи ярмида Сайрамда вафот этган. Қабри ўша ерда.

Шоирнинг шеърлари ҳаётлигида турли баёз-тўпламларда босилган. 1914 йили шогирди Тавалло устози асарларини йиғиб, «Девони Мавлавий Юсуф Сарёмий» номи билан нашр эттирди. Шўро даврида унинг ижодига етарли эътибор берилмади. Кўпинча, диний-мистик шоир сифатида қораланди. Шунга қарамай, айрим мутахассисларимиз асарларидан айрим намуналарни антологияларга киритдилар. Мақсуд Шайхзода эса шоирнинг юксак шеърий маҳоратига диққатни қаратди.

Сарёмий ижоди, асосан, мустақиллиқдан сўнг ўрганилиб, ҳаққоний баҳоланмоқда. Жумладан, 1999 йили М.Тожибоева «Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижоди» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. 2002 йили эса у профессор Б.Қосимов билан биргаликда шоирнинг ҳозирча бизга маълум бўлган шеърлари асосида нисбатан тўлиқ ҳисобланган «Танланган асарлар»и нашрини амалга оширди.

Айрим мутахассислар Сайрам тарихига бағишланган диний-афсонавий мазмундаги «Рисола» номли асарни ҳам Юсуф Сарёмийга нисбат берадилар. Лекин бу ҳали қўшимча далил ва маълумот талаб қилади.

«Юсуф», «Юсуфий» тахаллуси билан шеърлар ёзиб, замонасида катга шуҳрат қозонган бу шоирнинг шеърияти тасаввуф доирасида қолган эмас. Унда «ишқи мажозий» йўналишидаги шеърлар, муайян тарихий шахслар, воқеаларга бағишловлар, ҳатто ҳажвиялар ҳам бор. Масалан, унинг «Оҳким, қилди букун тарки жаҳон эчкигинам» деб бошланадиган, қочириқларга ғоят бой «марсия-ҳажвия»си миллий уйғониш даври адабиётининг энг кўркам намуналаридан. Қолаверса, у анъанавий поэтик жанрларни замонга хизмат эттира олган, унга давр ҳодисаларинигина эмас, руҳини ҳам имкон доирасида киритишга муваффақ бўлган шоир эди.

 

Саидрасул Азизий (1866-1933)

Давр етиштирган янгича қарашдаги зиёлилар вакили. Тошкентда туғилган. Отаси Саидазизхўжа замонасининг илмли одамларидан бўлган. Бошланғич таълимни эски мактабда олади. Сўнг Тошкентдаги «Мадрасаи Маҳмуд дастурхончи»да ўқийди. Рус тилини мустақил ўрганади. 1-рус-тузем мактабини битиради. «Мадрасаи Маҳмуд дастурхончи»да мударрислик  қилади. 1900 йили Тошкентдаги ўзи ўқиган рус-тузем мактабига ишга таклиф қилинади. Сўнг Ўқитувчилар семинариясида «шарқия муаллимлиги»ни олиб боради. Шу сабабли бўлса керак, халқ орасида «насоро махсум» («кофир махсум») деб ном олган.

Азизий 1910 йили Москва ва Петербургда бўлди. Рус мактабида ишлаб юрган кезлари генерал К.Н. Блюмер билан якдндан танишади. Азизий унга форс тилини, у эса, ўз навбатида бунга рус тилини чуқурроқ ўрганишга қўмаклашади. Блюмер 1909 йили хизматдан бўшагач, Азизийни Русияга таклиф қилади. Унинг саёҳат хотиралари «Туркистон вилоятининг газети»да 1910—1911 йил сонларида босилиб чикди.

Октябрь ўзгаришидан кейин Туркистон Шарқшунослик институтида ўқитувчилик қилди. Адлия халқ комиссарлигида ишлади. 1933 йил 3 февралда Тошкентда вафот этди.

Азизий шоир ҳам эди, лекин мактабларни ислоҳ қилиш, илк замонавий мактаб дарсликлари яратиш борасидаги хизматлари самаралироқ бўлди. У рус-тузем мактабларида дарс бериш жараёнида ундаги европача ўқитиш усули, таълим-тарбия тизимини кузатиб, уни маҳаллий мактабларга олиб киришга уринди. Рус мактабларидаги дарсликлар, хусусан, Сирдарё халқ билим юрти директори С.М.Граменидкийнинг ўқиш китоблари билан қизиқди. Бунинг натижаси сифатида «Устози аввал» дарслиги майдонга келди.

«Устози аввал» — биринчи ўзбекча алифбе дарслиги. 1900 йили ёзилиб, 1902 йили босилиб чиқди. 17 маротаба нашр қилинди.

Асарнинг қурилиши: муаллиф дастлаб ҳарфлар ва уларнинг ёзилиш тартиби билан таништиради. Сўнг уларга ихчам матнлар илова қилади. Шу тарзда 20 га яқин ҳикоя келтирилган: учтаси шеърий, қолганлари насрий.

Ҳикоялар мазмуни уч йўналишда: 1) халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётимиздан олиб ёзилган; 2) рус классик адабиетидан қилинган таржималар; 3) муаллифнинг ўзи яратган.

С. Азизий рус адабиётидан қилинган илк бадиий таржималар муаллифларидан. У И.Крилов масалларидан, Л.Н.Толстой ҳикояларидан таржималар қилиб, дарслигига киритди. Таржимашунос олимларимиз аниқлашларича, XIX асрнинг охири XX аср бошларида Л.Н. Толстойнинг кичик асарларидан 34 таси таржима қилиниб, ўзбекча дарсликларга киритилган. Шулар орасида «Устози аввал»нинг маълум ўрни бор.

Фитрат, Чўлпон, Крдирий тимсолидаги чинакам янги адабиётимизнинг майдонга келишида ижтимоий-сиёсий шарт-шароит билан биргаликда мазкур маданий-адабий ўзгаришлар ҳам муҳим омиллардан бўлган эди.