Довюрак адиб (Борис Пастернак)

ХХ аср рус адабиёти жаҳон маънавияти тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. У бир томондан XIX асрнинг охирги чорагидаги буюк шоир ва ёзувчилар авлодининг давоми сифатида ноёб асарларнинг дунёга келишини таъминлаган бўлса, иккинчи томондан буюк истеъдодларнинг кўпчилиги учун фожиа келтирган октябрь тўнтариши туфайли таназзулга қараб кетди. Ўша даврда бир гуруҳ буюклар ижод қилдики, уларнинг асарлари жаҳон адабиёти тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Дарҳақиқат, Сергей Есенин, Анна Ахматова, Марина Цветаева, Осип Мандельштам, Михаил Булгаков сингари ўз бошидан қатағонли йилларни кечирган буюклар ҳозир ҳам жаҳон китобхонининг севимли адибларидир. Улар орасида Нобель мукофоти лауреати, буюк шоир, носир ва таржимон Борис Леонидович Пастернак алоҳида ўрин эгаллайди.

Борис Пастернак 1890 йилнинг 10 февралида зиёли, санъаткор оиласида дунёга келди. Рассомлик санъати, мусиқа, адабиёт оиланинг ҳаёт йўлини ташкил этарди. Бориснинг отаси Леонид Осипович Пастернак академик, машҳур рассом, шу билан бир қаторда бадиий графикачи ҳам эди. Аввал Одессадаги санъат билим юртини, кейинчалик эса Мюнхен бадиий академиясини тамомлаган Леонид Пастернак XIX асрнинг 90-йилларига келиб, рус санъати оламида салмоқли ўринни эгаллаганди. У узоқ вақт Москвадаги бадиий тасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик билим юртида профессор сифатида фаолият юритди. Унинг энг яқин дўстларидан бири Лев Толстой эди, зеро, унинг Толстой романларига ишлаган бир қанча ажойиб иллюстрациялари аллақачон халқнинг назарига тушиб улгурганди. Улуғ адиб тез-тез дўстининг уйига ташриф буюрар, бўлажак шоирнинг онаси – истеъдодли пианиночи ижросидаги мусиқаларни тинглашни хуш кўрарди. Оила даврасидаги мусиқа оқшомлари, меҳмонлар ўртасидаги қизғин суҳбатлару баҳс-мунозаралар кичик Борисда катта таассурот уйғотарди. Айниқса, у Лев Толстой ва Николай Генинг суҳбатларини диққат билан тинглар, уларга ич-ичидан ҳавас қиларди. Борис Пастернак ана шу муҳитда тарбия топди.

Билим юрти биносига туташиб кетган бир асрлик жўка дарахтларини соатлаб томоша қилиш, Мясницкийдаги суратлар галереяси, гимназия, дала ҳовлидаги қувончга тўла онлар, анъанавий диний байрамлар, Петербург ва хорижга саёҳат, бадиий кўргазмалар ва улар атрофидаги баҳс-мунозаралар, консерваториядаги концертлар, мусиқадан сабоқлар, чет тилларини ўрганиш устидаги тинимсиз машғулотлар – ғайратли ва таъсирчан москвалик ўсмир ана шу жўшқин ҳаёт уммониг тортиб кетарди.

Леонид Пастернакнинг қадрдон дўстларидан саналмиш улуғ рус композитори Александр Николаевич Скрябин, Бориснинг ҳаётида муҳим из қолдирган инсонлардан бири эди. Скрябиннинг яратган мусиқалари Пастернакни нафақат ҳаяжонга солар, балки ҳайратда қолдирарди ҳам. Ана шу сабаб, Борис бутун вужуди-ю, меҳрини мусиқага бахш этишга, келажакда албатта устози каби машҳур композитор бўлиб етишишга аҳд қилди. Пастернак олти йил ана шу иштиёқ билан ёниб яшади, тинимсиз машқлар туфайли бир қанча муваффақиятларга эришиб, устозининг олқишига сазовор ҳам бўлди. Аммо орадаги қийноққа солувчи гумонлар, иккиланишлар сабаб, у мусиқадан воз кечишга мажбур бўлди. Пастернак бу ҳодисани унда мутлақо эшитиш қобилияти йўқлиги билан изоҳлаган.

Пастернак Москва университетининг тарих ва филология факультетининг фалсафа бўлимида таҳсил олган кезларида, кўпроқ неокантчи файласуфларнинг маърузаларини тинглайди. Аммо, бир куни у файласуфлар “Макка”си қадим олмон шаҳарчаси Марбургда жойлашганлиги ҳақида эшитиб қолади. Пастернак ўқув юртидаги ёзги таътилдан фойдаланиб, (Марбург университетида эса ўқиш ҳали давом этарди) 1912 йилда онаси томонидан берилган маблағ эвазига Марбургга қараб йўл олади. Аммо университетда олмон неокантчиларидан бири саналмиш энг кекса ва катта обрўга эга бўлган профессор Когендан эшитган маърузалари уни умуман қониқтирмайди ва сабоқлар қисқа фурсатда ўз ниҳоясига етади. Чунки энди фалсафа Пастернакни фан сифатида мутлақо қизиқтирмасди. Ўзини англамаган ҳолда у ич-ичидан шоирга айланиб улгурганди. Вақти-вақти билан Пастернак шеърлар қоралаб турар, аммо негадир уларга у қадар аҳамият бермасди. Марбургдаги ишқий саргузаштлар ўсмирни ўз келажагига янгича қарашга, файласуфлик истиқболидан воз кечишга мажбур этди. Ва у илм билан шуғулланмасликка аҳд қилди.

Тез орада Пастернак Марбургни тарк этади ва бор маблағини Италияга саёҳат қилиш учун сарфлайди. У Уйғониш даври санъатига “боши билан шўнғиган” ҳолда ғаройиботларга тўла Венеция ва Флоренция шаҳарларини сайр қилади. Ўша даврнинг буюк рассомлари томонидан яратилган полотнолар, меъморчиликнинг ажойиб намуналари шоирнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолди.

Пастернак Москвага мусиқачи ҳам, файласуф ҳам эмас, балки шоир бўлиб қайтди. Университетдаги имтиҳонлар унга шунчаки бир расмиятчилик эди, холос. 1913 йилда университетни битирган Пастернак Столбов темирйўл бекатига яқин ерда жойлашган Молодях дала ҳовлиларидан бирида ўзининг “Булутлар орасидаги эгизак” номли илк шеърий китобини ёзиб тугатади. Асар 1914 йилда чоп этилади.

Пастернак тез орада яна иккита асар яратади. Улардан бири – тасодифан йўқолиб, бошқа топилмаган шеърлар туркуми бўлса, иккинчиси – 1917 йилнинг ёзида ёзилган “Ҳаёт – менинг ҳамширам” номли китоби эди. Ушбу асар орадан беш йил ўтиб дунё юзини кўрди.

1917 йилги тўнтариш арафасида у футуристлар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг таъсири остига тушиб қолади. Бироқ у бошқа футуристлардан фарқли ўлароқ, ўтмиш ва “эски” маданиятдан юз ўгирмай, XIX аср рус ва олмон фалсафий лирикаси анъаналарини давом эттиради. “Ҳаёт – менинг ҳамширам” шеърида Пастернак шеъриятининг муҳим хусусиятларидан бири – табиат, ҳаёт билан узвийлик илк бор кўзга ташланади.

1920 йиллардан бошлаб Пастернак “Тўққиз юз бешинчи йил”, “Лейнетант Шмидт” каби достонларида лирик тафаккурдан эпик тафаккурга ўта бошлайди. У уруш ва инқилоблар давридаги инсон тақдирига бағишланган “Самовий йўллар” (1924-33) насрий асари ҳамда “Сикорский” шеърий романида воқеий сюжетга қарши ўлароқ, табиат ва муҳаббат билан боғлиқ сюжетни ўртага ташлайди. Пастернак бу асарларида инқилобий зулм ва зўравонликни кескин инкор этади.

1930 йилларнинг охирларига бориб, турли сабабларга кўра Пастернак ижодида тўхташ кузатилади. У сўзсиз равишда ўзининг ижодига зиён етказгани ҳолда, таржимачилик ишларига “шўнғиб” кетди. Бироқ у кўплаб русийзабон ўқувчиларга грузин романтизмининг буюк намояндаси Николай Бараташвили ва бошқа грузин шоирларининг шеърлари ҳамда Шекспирнинг бир қатор драмаларини тақдим этди. Пастернак Шекспир драмаларини таржима қилар экан, рус таржимачилигида шу вақтгача кўзга ташланмаган даражадаги маҳоратни намоён этди. Пастернак таржимасида Шекспир бутун гўзаллиги ва файласуфлиги билан намоён бўлган. Айниқса, “Ҳамлет” фожиасининг таржимаси ҳозирги кунда ҳам энг намунавий таржима асар сифатида бизни ҳайратга солади.

Ўша кезларда Пастернакнинг шеърлари матбуотда камдан-кам чоп этиларди. Бу эса шоир ижодининг анча узоққа чўзилишидан дарак эди. Фақат Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларидагина Пастернак ўз ижодига қайтди ва образлар тизимини соддалаштириб, рус классикларига хос услубда ёза бошлади.

Урушдан кейинги ўн беш йил давомида Борис Пастернак матонат билан, қатъий режа асосида ижод қилади. У Шекспир асарларини таржима қилишда давом этади. Буюк венгер шоири Шандор Петефининг бир қанча шеърларини ҳайратланарли даражада, юксак маҳорат билан рус тилига ўгиради ва шеърий тўпламининг чоп этилишида иштирок этади. Кейин эса у улкан бир ишга қўл уради – Гётенинг икки қисмдан иборат “Фауст” асарини таржима қилишга бел боғлайди ва 1953 йилда уни муваффақиятли якунлайди. Бу вақт оралиғида Пастернакнинг бирор-бир шеъри матбуотда кўзга ташланмайди. Зеро, унинг бутун диққати таржимачилик ва насрий асар яратишга қаратилган эди.

Пастернак бир неча йиллик (1945-1955) машаққатли меҳнатдан сўнг, 1955 йилда “Доктор Живаго” романини ёзиб тугатади. Романдан парчалар илк марта Польшанинг «OPINIE» журналида чоп этилади. Бу воқеа ҳукумат раҳбарларида худди Кремлга бир бомба келиб тушгандек таассурот уйғотади. Пастернакни зудлик билан партия Марказий қўмитасининг маданият бўлимига чақиришади ва қамоққа олишларини пўписа қилиб, асарнинг хорижда чоп этилишини тўхтатиш кераклигини айтишади. Шунингдек, поляк ноширлари ва таржимонлари Северин Поллак ва Анна Каменскаяларни ҳам шошилинч равишда Москвага чақиртиришади. Уларга қаттиқ танбеҳ берилади ва тазйиқ остига олинади: ижодкорлар узоқ йиллар мобайнида ишга жойлашишдан мосуво бўлишади.

“Доктор Живаго” романида адиб шахсий ҳаёт билан ижтимоий борлиқ ўртасида аросатда қолган Сергей Сикорскийга қондош рус зиёлисининг образини яратган. Зеро, шўро ҳукуматининг дастлабки йилларида Пастернак октябрь инқилобига В.Брюсов, А.Блок, В.Маяковский сингари ижобий муносабатда бўлади. Лекин тоталитар тузум кирдикорларини англаб етгач, ўз фикридан қайтади. У “Инқилоб руслар томонидан амалга оширилган энг катта хатодир” деган хулосага келади. Айнан ана шу қараш “Доктор Живаго” романининг ғоявий асосини ташкил этганди. Роман, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, тоталитар тузум томонидан тазйиқ остига олинган. Шунга қарамай, асар 1957 йилда Милан шаҳрида нашрдан чиққан ва Нобель мукофотига тавсия этилганди.

Бироқ Шўро ҳукумати Пастернакка Нобель мукофотини бориб олишга рухсат бермайди. Унга “Ё Нобель мукофоти, ё Россия!” деган шарт қўйилади. Буюк ватанпарвар шоир Россияни танлайди ва Нобель мукофоти берилган 1958 йил 24 октябрь куни Переделкинодаги уйида Пастернак тўрт киши бўлиб мукофотни нишонлайдилар…

Анвар Шер

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон