Жан-Поль Сартр ва бадиий ижод эстетикаси

Жан-Поль Сартр (1905–1980) – француз адиби, файласуф, даҳрий экзистенциячиликнинг асосчиси, ёзувчи, эстет, танқидчи, драматург ва эссенавис. Париждаги олий мактабни битиргач, Гаврдаги лицейлардан бирида фалсафа фани ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини бошлади. 1933 – 1934 йилларда Берлинда яшаб, олмон фалсафаси билан яқиндан танишди. Жумладан, Гуссерл ҳамда Ҳайдеггерни чуқурроқ ўргана бошлади. “Тасаввур” (1936), “Ҳаяжонлар назариясига чизгилар” (1939) унинг илк фалсафий асарлари саналади. Кейинчалик Сартр ўзининг фундаментал асари бўлмиш “Борлиқ ва йўқлик. Феноменологик онтология очерки”да (1943) экзистенциячилик[1] ғояларини ил­гари сурди. У “даҳрий экзистенциячилик” ҳақида “Экзистенциячилик – инсонпарварлик дегани” асарини ёзади. Унга файласуфнинг “Борлиқ ва йўқлик” рисоласида илгари сурилган фикрлар асос қилиб олинган эди. Ва ниҳоят Сартр ўзининг яна бир фундаментал асари ҳисобланмиш “Диалектик ақлнинг танқиди”ни (1960) ёзди.

Сартр ўз фалсафий ғояларини “Беҳузурлик” (1938), “Озодликнинг йўллари” (1943 – 1949), “Пашшалар” (1943), “Ёпиқ эшик ортида” (1945), “Кўмилмаган маййитлар” (1946), “Ифлос қўллар” (1946), “Иблис ва Худо” (1951), “Некрасов” (1956) каби бадиий асарларида; танқидий фикрларини “Бодлер” (1947), “Авлиё Жене” (1952) асарларида илгари сурди. Ижтимоий-сиёсий ҳамда адабий-танқидий фикрлари эса унинг “Ҳолатлар” (10 жилдлик, 1947–1956) асарида баён қилинган. Файласуф ўзининг болалик ва ўспиринлик йилларига бағишлаб “Калом” (1964) деган ажойиб қиссасини ёзди. 1964 йилда Сартрга адабиётдаги хизматлари учун Нобель мукофоти берилди, бироқ у ушбу мукофотдан воз кечди.

Сартр эстетикасини академик ёки анъанавий деб бўлмайди. Унинг эстетикаси кўпроқ амалий табиатга эга; у бутун ижоднинг узвий қисмини ташкил этади ҳамда фалсафий ва бадиий ижодга боғланади. Шунинг учун унинг асарларига асосланиб фалсафий тизим тузиш мутлақо мумкин эмас. Лекин асосий эстетик ғоялари ва принципларини аниқлаб, қандайдир маънода унинг қўлланилиши ва ривожланишини кузатиш мумкин.

Файласуфнинг эстетикасида муайян тизим йўқ, лекин асосий эстетик ғоялар ва тамойилларни кўриш қийин эмас. У ўзининг “Адабиёт нима?” рисоласида замонавий жамиятдаги санъаткор мавқеи ҳақида фикр юритиб, “Нимани ёзиш керак?” деган саволни ўртага ташлайди. “Носир ёзади – бу аниқ, шоир ҳам ёзади, – дейди Сартр. – Бироқ бу икки хил ёзиш жараёнида умумий нарса – фақат ҳарф суратини чизаётган қўллар ҳаракати мавжуд. Бошқа жиҳатдан уларнинг олами бир-бирига алоқасиз, бирига ярайдиган нарса иккинчисига ярамайди. Ўз табиатига кўра наср ўта амалий; мен носирни сўзлардан фойдаланадиган одам деб аташни истардим. Ёзувчи, бу – гапдон; у англатади, исботлайди, ишонтиради, ишора қилади… Носир айнан ҳеч нарса гапирмаслик учун гапиради. Наср санъати нутқда намоён бўлади, унинг предмети, табиийки, маънолилик, яъни сўз ибтидодаги объект эмас, балки объектнинг белгилари ҳисобланади”. Шеърият эса – бошқа гап. Сартр шоирларнинг сўз қўллаши ҳақида бундай дейди: “Шоирлар – сўздан фойдаланишни инкор этувчи одамлар… Шоирлар учун сўзлар – ерда ўт-ўлан ва дарахт сингари ўсадиган табиий нарсалардир”. Наср реаллик билан, шеърият тасаввур билан боғлиқ. Насрда ижод онгли ихтиёр, масъулият ва муаллифнинг ахлоқи билан шартланади, шеъриятда эса ижод – муаллифнинг англаб етмаган дунёси, англаб етмаган тажрибаси маҳсули: “Носир ўз суратини чизган бир пайтда, – дейди Сартр, – шеърият инсон ҳақида афсона яратади[2]” .

Санъат асари ундаги эстетика объекти сингари нореал. Сартр буни мусиқий асарни идрок этиш мисолида исботлашга ҳаракат қилади: “Симфония мен уни идрок этаётган жойда мавжуд эмас, у на мана шу деворлар оралиғида, на мана шу скрипка камонининг учларида мавжуд. У бор-йўғи “ўтмиш”: асар айнан ана шу ерда Бетховен ақлида маълум вақт ичида туғилган. У бутунича реалликдан ташқарида мавжуд. У ўзининг хусусий вақтига эга, яъни аллегронинг биринчи нотасидан финалнинг сўнгги нуқтасигача бўлган ички вақтга эга, бироқ бу вақт бошқа вақт ортидан келадиган, яъни бошқа давом эттирадиган ва аллегродан олдин мавжуд бўлган вақт эмас – унинг ортидан ҳам финалдан сўнг келадиган қандайдир вақт йўқ. Еттинчи симфония асло вақтда мавжуд эмас”[3].

Сартрнинг фаолиятида адабий ижод ва санъатга катта ўрин ажратилган. Ёзувчи ҳамма ижодкорлар каби, умуман, барча нарса ҳақида сўзлаши керак, шунингдек, субъектив ва объектив дунё ҳақида ҳам. Инсон ҳаётидаги ҳеч қандай муаммо унинг учун қоронғи ёки бегона бўлиши мумкин эмас. Инсоният ҳамда инсон дунёсига тегишли ҳамма нарса ёзувчи ва ижодкорнинг ижодий қарашлари соҳасига тегишлидир.

Файласуфнинг тушунчасида наср бу – муҳим рамз, нишоналарни яратадиган идрок қуроли каби семантик тилдир. Шеърият – ассемантик тил. У тасвир ва куй каби ҳиссий ҳамда туйғун, жўшқин нарсаларнинг хусусиятлари ва маъносини очиб беради.

Бадиий асарни ўқиш, тинглаш, кўриш – идрок ва ижоднинг омухталигидир. Ушбу омухталик субъект ва объект маъносини белгилаб, айни пайтда уларнинг олам билан муносабатини бойитади. Идрок этиш ва ижоднинг омухталигини Сартр қуйидагича муайянлаштиради: “Ҳар қандай бадиий асар даъватдир. Ёзиш бу – китобхонни нимагадир даъват этиш… Ёзувчи шу тарзда китобхонни эркинликка чақиради, чунки бу эркинлик ёзувчи асарининг яратилишида иштирок этади[4]”. Ижод жараёни – асарнинг нотугал ва мавҳум тарзда яратилиши. Шу боис санъатни идрок этувчи томонидан ҳам ижодкорлик талаб этилади.

Сартр “санъат санъат учун” деган назариянинг тарафдорларига қарама-қарши даъват санъати ҳамда Ҳорацийнинг дидактик ва педагогик концепциясига интилувчи мантиқий принциплар сифатида адабиётнинг ижтимоий функциясини биринчи ўринга қўяди. Сартр сўзнинг куч-қудратини таъкидлар экан, уни фаолият билан тенг кучга эга деб ҳисоблайди. “Сўзламоқ – бу ҳаракат қилмоқдир, ҳар қандай номи аталган буюм ёки нарса, ўз асл ҳолига қайтмагани каби ўзининг бокиралигини йўқотади”[5].

Бунда файласуф шуни айтмоқчики, адабий иш жуда муҳим ва ўта масъулиятлидир. Энг аввало, у ёзувчининг масъулиятини назарда тутади. Ёзувчининг қалами – бу кучли қурол, унинг ёрдамида кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Қўлига қалам олган ёзувчи ўзининг барча асарлари учун шахсий масъулиятни ҳис қилиши лозим, чунки унинг фаолияти одамларнинг ҳаёти, муаммолари, ҳаракатлари ҳамда қизиқишлари билан бевосита боғлиқ. Бироқ Сартрнинг айтишича, адабиёт ёзувчи каби китобхонга ҳам масъулият юклайди: ахир инсоннинг ҳаракати “бир пайтнинг ўзида ҳам омад, ҳам омадсизликдан иборат”, яъни кўп ҳолларда асосан бир одам бошқа бир одамнинг ҳаракатига тобе бўлади; шу тарзда ёзувчининг асари китобхонга қарата ёзилади, ёзувчининг фаолияти китобхонга боғлиқ…

Адабиёт ва санъат – мураккаб ҳодиса: бири учун қочоқлик, бошқаси учун эса – забт этиш воситасидир. Адабиёт ва санъатнинг моҳиятини тушунмоқ учун ёзувчи ва санъаткорни ҳаракатга келтирувчи сабабларни юзага чиқармоқ лозим.

Асл санъат асари, Сартрнинг фикрига кўра, ижодкор ва санъатни идрок этувчи кишининг ҳаракати билан юзага келади; ўзга одамлар учун яратилади, ўзга одамлар учун мавжуд бўлиш имконига эга. Бунда бадиий санъатнинг асосий сабабларидан бири – бу дунёга нисбатан ўзининг кераклигини ҳис қилиш талаби ҳисобланади. Бу ҳис инсонда тасодифан ҳамда ташқи таъсир оқибатида эмас, балки ички сабаб натижасида вужудга келган. Аслида эса бу ерда жамиятнинг ўзи ҳамда унинг қизиқишларининг яширин кучлари ҳаракат қилади. Ёзувчи ва санъаткор эса ҳар доим ҳам уларнинг қизиқишлари ва генезисини тан олмайдилар. Кўпгина ҳолларда уларнинг фикрича, хоҳиш-ирода, субъективлик, илҳомланиш, кайфият ҳамда ижодкор табиати ижод жараёнига таъсир қилади, яъни ижод унгагина тааллуқли. Файласуф ижод учун ижтимоийлик муҳим аҳамиятга эга эканини тан олади.

Сартр, санъат бошқа инсонлар учун мавжуд деб таъкидлайди. “Ижод, бор-йўғи асарнинг яратилиш жараёнидаги чала ва абстракт ҳолат; агарда муаллифнинг якка ўзи мавжуд бўлганда эди, у ўзи истаганича ёзган бўлар эди… Санъат фақатгина ўзгалар учун ҳамда ўзгалар шарофати билан мавжуддир”[6]. Санъат асари ўз асл тушунчасида, санъатни идрок қилувчи (китобхон, томошабин, тингловчи) ҳамда ижодкорнинг ҳаракати туфайли яратилади. Мутолаа, тингламоқ, бадиий асарларни кўздан кечириш идрок ва ижоднинг таҳлилидир. Ушбу таҳлил нафақат субъект ва объектнинг аҳамиятини белгилайди, балки бир вақтнинг ўзида уларнинг дунёга бўлган муносабатларини бойитади.

Мазкур таҳлил мақсад сари интилиш ва фаоллик характерига эга: у эркинликни яратувчи, шунингдек, санъатни идрок этувчи одамлар каби аниқ мақсадни кўзлайди. Шу сабабли Сартр, гўё эстетик объект эркин тасаввур ўйини ва кўринишдан иборат эканлигини таъкидловчи “сўнгги мақсад мақсадсиздир” деган кантча иборани танқид остига олади.

Аслини олганда, ижод ва идрок таҳлили чуқур диалектик характерга эга – санъатни идрок этувчи инсон ва ижодкор орасида мураккаб, чуқур ва ўта нозик ўзаро муносабатлар мавжуд. Ана шу мураккаб ва чуқур диалектикани Кант ҳисобга олмаган, деб таъкидлайди файласуф. “Кант формуласи ҳар бир сурат, ҳар бир ҳайкал, ҳар бир китобда янграйдиган чақириқни ҳисобга олмаган… Санъат асари бебаҳо ҳисобланади, чунки унинг ўзи чақириқдир”[7].

Ижод санъатни идрок қилувчи инсондан ижодий ҳамкорликни талаб этади. “Ўқимоқлик бу – индукция, интерполяция[8] ва экстраполяция[9]дир, айнан шулар муаллифнинг ихтиёр эркинлигида жамланган… Лаззатли куч бизни биринчи саҳифадан то охирги саҳифагача ушлаб туриб, бизга ҳамроҳ бўлади”[10]. Сартр мутолаага китобхоннинг ўзига хос ижодий ҳамкорлик акти сифатида қарайди, чунки китобхон бу жараёнга ўзининг эҳтирослари, ҳислари, хавотирларини, қисқача айтганда, ўз ижодий қобилиятларини беради.

Китобхон ва ёзувчининг ўзаро муносабатларидан Сартр қуйидаги қоидани келтириб чиқаради: адабиёт китобхоннинг эркинлигига даъватдир. Бу қоидани у ўзига хос қонун каби юқорига кўтарди. Кантда ҳам эркинлик қонуни тарихнинг сўнгги мезонини акс эттиради. Сартрга кўра, у инсонга ичдан одатий бўлиши учун бу қонунга аниқ ва онгли тарзда амал қилиш лозим. Шунда адабиёт доим рўёбга чиқадиган “олий ҳимматли” бўлади.

Шундай қилиб, мутолаа бу олий ҳимматнинг рўёбга чиқишидир; ёзувчи китобхондан талаб қиладиган нарса бу – бутунлай ўзини барча эҳтирослари, нотўғри фикрлари, ўз майллари, ўзининг жинсий тетиклиги, ўз қадр-қиммат миқёсийлиги, бу ўз абстракт эркинлигини қўлламаслик ва ўз шахсиятининг қобилиятли бўлишидир. Охир-оқибат мутолаа, Сартрга кўра, ёзувчи ва китобхон ўртасидаги ўзига хос биринчи ўринда бажариладиган шартномадир.

Адабиёт ёзувчи билан китобхоннинг эркин ҳамкорлигисиз мавжуд эмас; табиийки, адабиётнинг вазифаси ушбу эркинликни ҳимоя қилиш ва тараққий эттиришдан иборатдир. Шундай экан, адабиётнинг тараққий этиш шарти эркинликнинг мақсади бўлиб қолади, яъни: “Инсон эркинлигини мақсад қилиб қўювчи эркинлик”.

Сартрнинг фикрига кўра, ҳар қандай ёзувчи ёки ижодкор шу даражада “универсал”ки, у ўз асарларида нафақат ўзининг индивидуаллигини, балки энг аввало, ўз шахсини, ўзи яшаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган жамиятни ифодалайди. Худди шу тарзда адабиёт ва санъат асарлари ҳам “универсал”дир – улар ўзининг туб моҳиятигача универсал бўлишга интилади. “Эркинлик” тушунчасига келсак, бунда санъат асари китобхон, мухлис ва тингловчининг эркинлигига “мурожаат” бўлиб, ўзининг бош мақсади ва сюжетини олдиндан аниқлайди: бу эркинликдир, ташаббускор эркинлик, мустақил ва ўзича шаклланган эркинлик.

Таъкидлаш жоизки, Сартрнинг эркинлик ҳақидаги қонуни, аввало, бошқа одамларнинг эркинлигига қаратилган. Зеро, ёзмоқлик – бу ёзиш билан бир вақтнинг ўзида дунёни очмоқ ҳамда уни китобхоннинг ҳимматига ҳавола этмоқдир…

Файласуф тушунчасидаги адабиёт ахлоқий ҳамда маънавий тамойилларга таянган ҳолда бутун жамиятнинг маънавий ҳаётини ўзида мужассам этади.

Насиҳатлар гирдобида қотиб қолган расмий ахлоқдан фарқли ўлароқ, адабиёт ва санъат индивид ва жамият онгида доимо янгиланиб турадиган ахлоқни намоён қилади. Бундай адабиёт жамиятнинг олийҳимматлиги ёки олижаноб ахлоқига, шунингдек, субъектнинг эркинлигини ўзгалар эркинлигига айлантиришга хизмат қилади.

Албатта, сартрчилик ту­шун­ча­сидаги наср билан шеърият орасидаги фарқни англай билиш керак. Унинг тушунчасидаги наср эркинлик, даъват, масъулият сингари категориялар билан боғлиқ бўлса, шеъриятда эса англанмаганлик, миф дунёси, афсонавий ва ҳақиқатдан йироқ, сирли метафизикага мо­йиллик бор.

Наср ҳақиқатга аралашишга ва унга таъсир ўтказишга интилса, шеърият ҳақиқатдан нари юради, бироқ унинг қизиқмаслилиги охир-оқибатда қандайдир қизиқишни ва қадриятни келтириб чиқаради. Агар қадрият бевосита ҳақиқат ва гўзаллик билан боғлиқ бўлса ёки ўз-ўзига хуш келса, у ҳолда, у эзгулик деб ҳисобланиши мумкин.

Кантдан қолган эзгулик ва гўзаллик, реаллик ва нореалликка қаратилган зиддиятлар ҳозиргача Европа эстетикасига сингиб кетган. Сартр ёвузликни тасаввур ва нореал тушунчалар орқали қадрият сифатида чуқурлаштириб, инсонни эзгулик ва ёвузлик орасидаги танлов ихтиёридан маҳрум қилади: ёвузлик – бу инсон билан юзма-юз қоладиган ягона қадриятдир. Ана шунда гўзаллик ёвузликка айланади, ёвузлик эса эркинликка.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, наср ва шеърият каби ёзувчи ва шоир ўртасида фарқ бор: ёзувчи реал ва конкрет дунёда, эркинлик дунёсида яшаса, шоир аксинча, жамият ва реалликдан воз кечиб, нореалликдан келиб чиққан ҳолда ўзининг индивидуал гўзал, ёвуз ва хаёлий дунёсини бутунича қоплаб, қамраб олади. Шунинг учун ҳам, наср ижтимоий ахлоқшуносликни, шеърият эса индивидуал ёки индивидуалистик ахлоқшуносликни ташкил этади, дейиш мумкин.

Сартр ижодининг илк давр­ларидаёқ адабиёт муаммоларини бутун жамиятнинг ижтимоий муаммоси деб тушунган, зеро унинг учун санъат тарих ва инсондан ажралмасдир. Бинобарин, адабиёт ва санъат Сартр учун мулоқот йўлининг энг универсал шакли бўлиб қолди; адабиёт ва санъат асарлари эса нафақат ёзувчи ёки ижодкор томонидан, балки айнан уларни идрок қилувчилар учун яратилади.

Файласуф сўз ёрдамида ўзи яшаётган жамиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди, шу билан бирга ўзини ва ўзгаларни қутқармоқчи бўлди. У хиралашган назарни ҳамда ўзиб кетишни эркинлик деб тушунди. Истеъдод ва тақдирни ўзгартириб бўлмас эди, фақат биргина йўл – ҳаммасини яна қайтадан бошламоқ керак: ёзиш, ёзиш ва яна ёзиш, ёзганда ҳам саробни реаллик, реалликни эса сароб деб қабул қилмаслик, кўп нарсалар фақат инсонга боғлиқ эканлиги ҳақида ўз-ўзига доимо ҳисобот бериб туриш – ёзишнинг асл мақсадидир… Инсон эса доимо инсонлигича қолиши лозим…

Анвар Шер

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон

[1] Экзистенциячилик (лотинча exsistentia – мавжудлик сўзидан олинган) мавжудлик фалсафаси – ХХ асрда вужудга келган ва инсон борлиғининг мутлақ ноёб эканлиги, уни тушунчалар тили билан ифодалаб бўлмаслигини ўртага ташлаган фалсафий оқим.

[2] Долгов К.М. «Эстетика Жан-Поля Сартра». – М.: «Знание», 1990.

[3] Ўша манба, 17-бет.

[4] Ўша манба, 23-24-бет.

[5] Долгов К.М. “Эстетика Жан-Поля Сартра”. – М.: “Знание”, 1990. С. 27.

[6] Ўша манба.

[7] Ўша манба.

[8] Интерполяция – кўчирувчи ёки таржимон томонидан оргиналга ўзгартириш киритиш, унга сўз ёки жумлалар қўшиш.

[9] Экстраналяция – нарса ва ҳодисанинг бир қисмини кузатиш асосида олинган хулосаларни унинг бошқа қисмига ёйиш ёки татбиқ этиш.

[10] Долгов К.М. “Эстетика Жан-Поля Сартра”. – М.: “Знание”, 1990. С. 27.