Жамоатчилик ва худбинлик ҳақида мақоллар

Айрилганни айиқ ер,
Бўлинганни бўри ер.

Айрилган йўлда қолар,
Бўлинган — дўлда.

Балиқнинг куни кўл билан,
Ботирнинг куни эл билан.

Барака — кўпчиликда.

Бешнинг боши бўлганча,
Олтининг оёғи бўл.

Бизники — халтада,
Сизники — ўртада.

Билганингни элдан аяма.

Бир калла — калла,
Икки калла — тилла.

Бир киши минг киши учун,
Минг киши бир киши учун.

Бир товушни кўп товуш йўқ қилар.

Бир кўзлилар элига борсанг,
Бир кўзингни қисиб юр.

Бир тупурса, не бўлар,
Эл тупурса, кўл бўлар.

Бир ўзинг доно бўлгунча,
Кўп билан аҳтноқ бўл.

Бир қарға билан қиш келмас.

Бирдан икки яхши,
Иккидан уч яхши.

Бириккан куч — куч,
Бирикмаган куч — пуч.

Бирикмаган бирлашмас.

Бирлашган дарё бўлар,
Тарқалган ирмоқ бўлар.

Бирлашган ёвни қайтарар.

Бирлашган куч енгилмас.

Бирлашган — ўзар,
Бирлашмаган — тўзар.

Бирлик бор — тириклик бор.

Бирликда барака бор.

Бирликли уй — баракатли,
Ғовғали уй — ҳалокатли.

Бирликсиз куч бўлмас.

Дошқозонда пишган ош хом бўлмас.

Еттовдан биров — шайтон.

Ёлғиз ботир ёвга йўқ,
Ёлғиз йигит довга йўқ.

Ёлғиз дарахт ўрмон бўлмас.

Ёлғиз ёғоч пана бўлмас.
Ёлғиз бияга сова тўлмас.

Ёлғиз ёғоч уй бўлмас.

Ёлғиз итнинг ҳургани билинмас,
Ёлғиз кишининг юргани билинмас.

Ёлғиз йигит алп бўлар,
Алп бўлса ҳам, қалп бўлар.

Ёлғиз йигит ёв олмас.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас,
Чанги чиқса ҳам донғи чиқмас.

Ёлғиз туя бақироқ бўлар,
Ёлғиз бола йиғлоқ бўлар.

Ёлғиз юриб йўл топгунча,
Кўп билан юриб адаш.

Ёлғиз уйда қозон қайнамас.

Ёлғиз қўйнинг териси пўстин бўлмас.

Ёлғиз ғознинг уни чиқмас,
Ёлғиз қизнинг мунги чиқмас.

Ёлғизга йўл узоқ.

Ёлғизлик киши юртида билинар.

Ёлғизнинг ёйи йўқолса, топилмас,
Кўпнинг ўқи йўқолса, топилар.

Жиян-тоға эл бўлмас,
Якка томчи сел бўлмас.

Икки одам — бир одамнинг тангриси.

Икки сиртлон бир сиртлоннинг сиртин йиртар.

Икки сичқон бирикса,
Йўлбарс қуйруғин кертар.

Икки қўл қилган ишни
Бир қўл қилолмас.

Икковга биров ботолмас,
Отлиққа яёв етолмас.

Индама кўпга,
Йиқитади чўпга.

Инида ётганни эл топар.

Йўлдан чиқсанг чиқ, элдан чиқма.

Йўқотганингни кўпдан сўра.

Кўкка боқма, кўпга боқ.

Кўп бирикса, тоғ қулар.

Кўп тикилса, тоғ қулар.

Кўп дуоси кўл бўлур.

Кўп ёйилса, йўқ топилар.

Кўп кўмакка яхши,
Оз — баракка.

Кўп кўпади,
Оз чўкади.

Кўпда карам бор.

Кўпдан айрилган озар,
Кўпга қўшилган ўзар.

Кўпдан кўп ақл чиқар.

Кўпдан қуён қутулмас.

Кўплашган ёв қайтарар.

Кўпни демай кул бўлдим,
Ғам-ғуссага мўл бўлдим.

Кўпни ёмонлаган кўмилар.

Кўпни ёмонлаган кўмувсиз қолар.

Кўпни ёмонлаганнинг ўзи ёмон.

Кўпни севган бирни севмас.

Кўпнинг иши йитмас,
Ознинг иши битмас.

Кўпнинг кучи — каромат.

Кўпнинг кучи кўлдай,
Кўчиб юрган елдай.

Кўпнинг кўланкаси — олтин.

Кўпнинг ризқи — кўл.

Кўпнинг қўли кўп.

Кўпнинг қўли ҳам тўғри,
Йўли ҳам тўғри.

Кўпнинг ҳақи етимнинг ҳақидан ёмон.

Кўпнинг ҳақи — тўпнинг ўқи.

Кўпчилик бир муштдан урса, ўлдирар,
Бир бурдадан берса, тўйдирар.

Кўпчилик қўл — унуми мўл.

Кўпчилик кўпирса, қулатар,
Кўпчилик супурса, сулатар.

Кўпчилик қўлда унум кўп.

Отангнинг оти ўзгунча,
Овулингнинг тойи ўзсин.

Ошдан қолсанг ҳам, кўчдан қолма.

Раҳбар келар-кетар, омма қолар.

Сувнинг оқишига қара,
Халқнинг хоҳишига қара.

Сурув оқсоқсиз бўлмас.

Сурувдан қолган суриниб ўлар.

Тегишмагин кўпга,
Тенг бўласан чўпга.

Тўпдан чиқсанг ҳам, кўпдан чиқма.

Узоқ бўлса ҳам, йўл яхши,
Ёмон бўлса ҳам, эл яхши.

Уйига сиғмаган элига сиғмас.

Уловим йўқ деб, кўчдан қолма.

Улуғга суянганча, элга суян.

Халқ айтгани — ҳақ айтгани.

Халқ айтмас,
Халқ айтса, ҳеч қайтмас.

Халқ айтса, элаб айтар,
Ҳақ сўзни билиб айтар.

Халқ бор ерда ҳақлик бор.

Халқ деган холи кетмас.

Халқ иши — ҳақ иш.

Халқ кучига тўғон йўқ.

Халқ меники дема,
Сен — халқники.

Халқ пуфласа, бўрон бўлар,
Халқ тепинса — зилзила.

Халқ тинчлигин бузган омон қолмас.

Халқ — тош, амалдор — сув.

Халқ хоҳласа тузишни,
Ҳожати йўқ чўзишни.

Халқ ғазаби — худо ғазаби.

Халқ қарғаса, хор бўласан,
Халқ қўлласа, бор бўласан.

Халқ қўзғалса — дарё.

Халқ ҳукми — ҳақ ҳукми.

Халқдан ажралганнинг юзи қора бўлар,
Юртдан ажралганнинг сўзи адо бўлар.

Халқни хон ҳам енголмас.

Халққа суянсанг, бўласан,
Халқдан чиқсанг, сўласан.

Халққа хиёнат қилдинг,
Ўзингга жиноят қилдинг.

Эгри битганни эл тўғрилайди.

Эл билан бўлган ютар,
Элдан ажралган йитар.

Эл билан кесилган бармоқдан қон чиқмас

Эл боласи бўлолмаган
Эл оғаси бўлолмас.

Эл боқса, бахтинг кулар,
Эл боқмаса, тахтинг қулар.

Эл бўлмаса эр бўлмас.

Эл ишига эринма,
Иш қилдим деб керилма.

Эл кучи — сел кучи.

Эл назар қилмаса,
Эшак бозорига ҳам даллол бўлолмайсан.

Эл оғзи — элак, гап турмас.

Эи севганга ер кўп.

Эл сенга этса надомат,
Дунёда туролмассан саломат.

Эл суйгани — эр суйгани.

Эл сўзи — дил сўзи.

Эл — эрнинг синчиси.

Эл ўғрисиз бўлмас,
Тўқай — бўрисиз.

Эл қадрини билмаган,
Ҳар балога йўлиқар.

Эл билан бўлган йигит,
Ҳар балодан қутулар.

Эл қадрини билмайди,
Эл ичида ёмонлар.

Эл қулоғи — эллик.

Эл қўзғалса, тахт қўзғалар.

Элга кенгашган озимас.

Элга киргил элингча,
Сувга кҳгил белингча.

Элга маъқул — сенга маъқул.

Элга навбат — эрга навбат.

Элга суянган эланмас.

Элга қилма хиёнат,
Туролмассан саломат.

Элдан айрилганни бўри ер.

Элдан ошма, элдан қолишма.

Элинг ўғри бўлса, ўғри бўл,
Бўри бўлса, бўри бўл.

Эрдан эр ўзса ҳам, элдан ўзолмас.

Эри бўлиб, эрга борган — бет қораси,
Эли бўлиб, элга борган — юрт тўраси.

Эрнинг иши эл билан.

Эрнинг кучини эл синар.

Эрнинг отини эл чиқарар.

Эрнинг сўзи — элнинг сўзи.

Юрт билан келган аза ҳам — тўй.

Юрт деса, югуриб ишла.

Яёвнинг чанги чиқмас,
Ёлғизнинг — уни.

Якка ўтин ёлборсанг, ёнмас.

Якканинг ёри худо,
Бўлмаса элдан жудо.

Яхши раҳбар йўл қурар,
Ёмон раҳбар йўл бузар.

Яхши раҳбар элни ўйлар,
Ёмон раҳбар ҳовли бўйлар.

Яхши раҳбар юртга роҳат келтирар,
Нодон раҳбар юртга «меҳмон» келтирар.

Ўз билганингда бўлма,
Эл билганидан қолма.

Ўзи учун ухлаган,
Биров учун туш кўрмас.

Ўзим бўлай дема, ўзгалар ғамини е.

Ўзим деган ўзаксиз кетар.

Ўзим деган ўрдан чиқмас.

Ўт билан ўйнашмоқ тентакнинг иши,
Юрт билан ўйнашмоқ аҳмоқнинг иши.

Қирқ уйдан этак тўлар.

Қоматига ишонган қаддини букиб кетади,
Кўпчиликка ишонган мақсадига етади.

Қўлидан иш кеҳнаган маърака бузар.

Ғоз тўдаси йўлбошчисиз учмас.

Ҳар иш қилсанг, эл билан кенгаш.

Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчар.

Ҳашар борсам битар,
Инграниб куним ўтар.

Ҳашар — элга ярашар.

Ҳашар қилдим — уй қурдим,
Унда кўп ҳикмат кўрдим.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!