Дурли маржон қиссаси

“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига

Қози Абу Бакр ибн Абдулбоқий Баззор Ансорий Бағдодийдан ривоят қилинади:

Мен Макка яқинида турар эдим. Бир куни жуда оч қолдим ва очликни кетказадиган ҳеч нарса тополмадим. Ипакдан тикилган ва попуги ҳам ипакдан бўлган бир ҳамён топиб олдим ва уни кўтариб уйимга йўл олдим. Уни очганимда ичида дурдан бўлган бир маржон бор экан. Мен олдин у каби маржонни сира кўрмаганман.

Кўчага чиқсам бир киши қўлида беш юз динор пулни кўтариб шундай деб жар соларди: “Ким менга ичида дури бор ҳамённи қайтарса бу мукофот уники”. Ўзимга-ўзим ичимда: “Мен муҳтожман, очман. Бу пулларни олиб фойдаланаман ва ҳамённи унга қайтараман”, дедим.

Унга: “Олдимга келинг”, дедим ва уни уйимга олиб бордим. У менга ҳамён, попук ва дурнинг белгилари, уларнинг сони ҳамда ҳамён нима билан боғланганини айтиб берди. Ҳамённи унга олиб чиқиб бердим. Шунда менга беш юз динор тутқазди. Лекин уни олмадим ва: “Ўзи мен уни сизга қайтаришим керак эди, унга энди мукофот олмайман”, дедим. У эса менинг берган нарсасини олишим кераклигини уқтирди. Унинг бир динорини ҳам олмадим. Кейин у ҳамённи олиб олдимдан чиқиб кетди.

Мен Маккадан чиқиб кемага миндим. Кема ҳалокатга учраб, одамлар ғарқ бўлди ва моллари ҳам чўкиб кетди. Мен эса кеманинг бир бўлагида омон қолдим. Бир муддат денгизда юрдим, қаерга кетаётганимни билмасдим. Одамлар яшайдиган бир оролга тушдим ва масжидларнинг бирига кирдим. Қироат қилаётганимни эшитиб оролдаги барча одам олдимга келиб: “Менга Қуръон ўргатинг”, деди. Уларнинг орқасидан кўп  мол орттирдим.

Кейин масжидга кирсам Қуръон суралари ёзилган варақларни кўрдим. Уларни ўқий бошладим. Оролдагилар: “Ёзишни ҳам яхши ўзлаштирганмисиз?”, деб сўрашди. Ҳа, дейишим билан бизга ёзишни ўргатинг, дейишди. Улар кичик ва ўрта ёшдаги болалари билан олдимга келишди. Уларга ёзишни ўргатар эдим. Бу сабабли ҳам мен анча-мунча бойликка эга бўлдим. Улар бир куни: “Ичимизда бир етим қиз бор ва унинг мол-дунёси ҳам бор. Биз сизни унга уйлантирмоқчимиз”, дейишди. Рад жавобини берсам ҳам улар унга уйланишим лозимлигини айтишди. Кейин айтганларига рози бўлдим.

Тўй ўтгач у қизга қарай бошладим. Мен топиб олган маржоннинг айни ўзини унинг бўйнида кўрдим. Ўша пайт мен маржонга қарашдан бошқа нарса қила олмасдим. Оролдагилар: “Шайх, маржонга бундай қараб етимнинг кўнглини синдириб қўйдингиз-ку. Нима учун унга бунча тикилиб қолдингиз?”, деб сўрашди. Мен маржон қиссасини уларга айтиб бердим. Улар бор овозлари билан таҳлил ва такбир айтиб юборишди. Оролдагиларнинг барчасига овозлар етиб борди.

Улар айтишди: “Сиздан маржонни олган киши бу қизнинг отасидир. У тинмай: “Мен дунёда мана бу маржонни қайтарган кишидек мусулмон одамни кўрмадим”, дер ва шундай дуо қилар эди: “Аллоҳим, у ва менинг ўртамизни жамла, қизимга уни уйлантир”. Ҳозир ўша муддат келди ва ўша иш содир бўлди. Мен ундан икки фарзанд кўрдим. Кейин у вафот этди. Менга маржон ва икки ўғлим мерос қолди. Сўнгра икки фарзанд ҳам вафот этди ва маржонга эга бўлдим. Уни юз минг динорга сотдим. Менда сизлар кўриб турган бу мол-мулк ўшанинг пулидан қолганидир”.

 Манба: Ҳонеъ Ҳожнинг «Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса» асари

Араб тилидан Аъзамхон Абдураҳмонов таржимаси