Дилхиралик

Кўпдан бехабар ва бешафқат ўтинчи бор эди. Йўқсилларнинг ўтинини арзон баҳога сотиб олиб, юқори нархда бойларга сотар эди. Бир дил кишиси унинг бу зулмларига тоқат қила олмай:
–Илонмисан сен? Кимни кўрсанг, тиқиласан. Ёки бойқушмисан? Қаэрга қўнсанг, вайрон қиласан. Бизга ўтган ва бизни паришон қилган бу зуғумларинг, зўрлигинг Аллоҳга етиб боришини билмайсанми, сен? Яхшиликча бу ишингдан воз кеч, халққа зулм қилма, уларнинг қарғишига қолма! Йўқса, мазлумларнинг дуоси кўкларга кўтарилади.
Уқувсиз ўтинчи, бу гапларга парво ҳам қилмади. Бу гапларни айтган дил кишисидан хафа бўлди. Гъурурга берилиб ҳаволанди ва қовоғини солиб ўтарверди. Бир кеча нимадир бўлиб, ошхонадан ўтин омборига бир учқун сачради. Бир зумда ўтинлар гуриллаб ёна бошлади. Шиддатли олов ўтинчининг уйидан, бору-йўғидан айирди. Бутун мол-дунёси ёниб кул бўлди. Золим ўтинчи чорасиз, дўстларига дард ёриб:
–Нима бўлди-ю, қўноғимга қаэрдандир ўт тушди, билмайман! – деб турганида дил кишиси ҳам шу ердан ўтиб қолди. Ва золим ўтинчининг гапларини эшитиб:
–Йўқсилларнинг дилхиралигидан! – деди. Ва ортидан қўшиб қўйди: – Дедиларки: “Дилхираликдан сақлан! Чунки кўнгил яраси эртами кечми куртак ёзади. Қўлингдан келса, бировларни ранжитма. Биргина оҳ, бутун жаҳонни паришон қилур”.

Ҳикмат

Оҳ олган унмас. Зулмлари, ёмонликлари учун ўзига баддуо этилган кимса қутула олмайди.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси