Қароқчининг ўғли

Бир гуруҳ қароқчилар тоғ панасига келиб ўрнашган, шу ерда кучларини бирлаштириб карвон ўтишини пойлаб ётардилар. Тоғ тепасини маскан тутган қароқчилар, олдиларига келган султон аскарларини била туриб яксон қилишди. У ерга яқин бўлган шаҳар халқи, улардан жуда қўрқадиган бўлиб қолишган эди. Нафақат у шаҳарликлар, балки бошқа мамлакат халқлари ҳам улардан жуда безиб кетишган эди. Шу сабабдан мамлакат бошлиқлари қароқчилар зулмига барҳам бериш учун бир ерга тўпланиб маслаҳатлашишди.
–Агар бу тўдани бир муддат ўз ҳолига ташлаб қўйсак, улар ўзларича бош кўтармайдилар. Яъни, салан дарахти бир одамнинг кучи билан қўпорилади. Агар уни шундай қолдирсанг, томири билан суғуриб ололмайсан.
Йиғилганлар ўзаро келишиб, ниҳоят қароқчилар ичига жосус қўядиган бўлишди. Жосусларини қўйдилар ҳам. Ортидан пайт пойлаб кутишди. Анча вақтдан сўнг қароқчилар бир қабила устига ҳужум уюштириб, масканларини тарк этишди. Шаҳарликлар ҳам қилич кўтарган, тайёргарлик кўрган, бунинг утстига олдинги жангларда иштирок этган йигитлар бу гал қароқчилар маконига юборилган эди.
Одамлар яшириниб кечув йўлларини пойлаб туришарди. Кеч кириши билан қароқчилар ортларига қайтишди. Ўлжаларини келтириб отаришди, қурол-аслаҳаларидан холи бўлишди. Ўша куни жуда қаттиқ чарчаб қайтишгани аҳволларидан маълум эди. Кўзларига уйқу ғолиб келиб ярим кечаси ҳаммаси қаттиқ ухлаб қолишди. Шунда йигитлар яширинган жойларидан чиқиб, бирин-кетин тунги қўриқчиларини йўқотишди. Сўнгра битта-битта қароқчиларни хибсга олиб уларни шаҳарга олиб келишди. Султон халқнинг кўз ўнгида уларни ўлимга буюрди. Аммо ораларида мўйлови энди сабза урган бир ёш йигит ҳам бор эди. Навқирон йигитликнинг айни баҳорида эди. Вазирлардан бири бу йигитга жуда ачинди ва шоҳдан унинг учун шафқат қилинишини сўраб шундай деди:
–Бу бола, ҳали ҳаёт боғидан мева емаган, азаматлик даврига тўймаган. Агар ҳазрати олийлари шу боланинг қонидан кечса, қулингиз миннатдор бўлур эди…
Шоҳга бу гап маъқул тушмади. Қошларини чимириб:
–Зоти ёмон бўлган кимса яхшиларнинг нурини қабул қилмайди. Ноқобилни тарбия қилиш, қубба гумбазда ёнғоқ чаққан кабидир. Яхшиси буларнинг уруғ-аймоғи билан йўқ қилиб юборган маъқул. Оловни ўчириб қўрини олиб қолиш, ўзини ўлдириб наслини сақлаб қўйиш ақллиларнинг иши эмас.
Вазир султоннинг сўзларини эшитди. Истар-истамас подшоҳга тан берди, унинг чиройли фикрларини мақтаб:
–Подшоҳимнинг амри ҳақиқатнинг айни ўзгинасидир, – деди. Ҳақиқатан, бола ёмон кимсалар орасида қолиб тарбия олганида уларга ўхшар эди. Лекин яхши инсонлар ичида тарбия қилинса, ақлли кишиларнинг табиати, хулқ-атвори буни қоплаб кетишига умид боғлаш мумкин. Чунки у ҳали бола. У тўданинг золим ва қўрс табиати бола мижозига ҳали сингиб кетмагандир.
Вазирнинг сўзларига бир неча сарой аъёнлари ҳам қўшилиб шоҳдан шафқат сўрашди. Охири подшоҳ йигитнинг қонини тўкишдан воз кечди. Вазирга:
–Муносиб кўрмасам ҳам бағишладим, – деди.
Вазир болани уйига олиб келди. Нозу неъматлар билан уни катта қилди. Унинг учун етук бир тарбиячи ёллади. Гўзал сўзларни, чиройли муомалани ўргатди. Бола ҳар томонлама камолга етиб одамлар орасида ҳурмат ва эътибор қозонди. Бир куни вазир, султон ҳузурида боланинг гўзал табиатидан гапирди. Подшоҳга:
–Олаётган дарслари унга таъсир қилибди; эски одатларини, жоҳилликларини сўкиб улоқтирди, – деди.
Подшоҳ кулимсираб:
–Инсонлар орасида яшаса ҳам бўрининг боласи барибир бўри бўлади, – деди.
Орадан роппа-роса икки йил ўтди. Ўша шаҳарда яшаган ва уни таниган дайди ва безорилар унинг олдига келишди. Йигит ҳам уларга қўшилди. У шунчалик тез ўзгариб кетган эдики, натижада шериклари билан фурсат топиб вазир ва унинг икки ўғлини ўлдиришди. Уйдаги ҳамма бойликларни ўмариб, оталари макон тутган эски жойларига бориб ўрнашишди; исёнкор қароқчилар тўдасига айланишди.
Подшоҳ бу воқеаларни эшитаркан, ҳайратланиб бармоғини тишлаб қолди. Атрофидагиларга қараб:
–Инсон ёмон темирдан яхши қилич ясай оладими? Таги паст одам тарбия билан ҳам инсон бўлмайди! Айтганлар-ку: “Ярим тупроқ сумбул ўстира олмайди. Амал тухумини ўртада йўқотма. Ёмонларга яхшилик қилиш, яхшиларга ёмонлик қилиш кабидир”, – деди.

Ҳикмат

Ҳар бир жон, озми кўпми асл зотига тортади. Ёмон уруғдан чиққан, ўзи билан бирга ёмон изни ҳам олган бўлади.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси