Абдулла Орипов. Танланган асарлар (2000-2016)

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 1-жилд: Шеърлар ва достонлар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2000.

Ўзининг оташин шеърияти билан ўзбек адабиётига янгича нафас, янгича руҳ олиб кирган Абдулла Орипов бугунги кунда ижоднинг камолот чўққисида. Унинг шеърларидаги теран фалсафийлик, шарқона донишмандлик, Ватаннинг шонли ўтмиши ва бугунги тақдири, халқ қисмати ва келажаги учун бир комил фуқароларча куюнчаклиги, ҳаётдаги салбий кўринишларга муросасиз истеҳзоси кўп йиллардан буён шеърият мухлислари диққатини ўзига оҳанрабодек тортиб келади.
Тўрт жилддаги “Танланган асарлар” — китобхонларга шоир ижоди билан яна бир марта тўлароқ танишиш имконини беради, деб ишонамиз.

Тўплаб нашрга тайёрловчи ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов.

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 2-жилд: Шеърлар ва достонлар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2001.

Шоир “Танланган асарлар”ининг иккинчи жилдини қўлга олган шеърхон ўйчан, фалсафий умумлашмаларга бой ва дунё — ҳаёт — муносабатлар мураккабликларига ечим ва кушод излаган, ҳамма-ҳаммани замон ва дунёқарашлар, оқибат ва эътиқодлар эврилишларига зийраклик билан боқишга даъват руҳидаги, замондошлар қалбларига ҳушёрлик ва басират нигоҳи билан қарашга ундайдиган руҳдаги асарларга дуч келиши табиий. Ҳаёт, муҳаббат, ғазаб ва нафратнинг туб моҳиятини, дунёнинг дунёлиги, одамнинг одамлиги тамойиллари одамзот учун азал-абад жумбоқ бўлиб келаётганини такрор-такрор уқтираётгандек бўлади…

Тўплаб нашрга тайёрловчи: Дониёр Бегимқулов.

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 3-жилд: Таржималар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2001.

Шоир “Танланган асарлар»’ининг учинчи жилдига жаҳон мумтоз шеърияти дурдоналаридан қилинган таржималар киритилган. Итальян шоири Данте Алигьери қаламига мансуб “Илоҳий комедия»’нинг “Дўзах»’ китоби, Леся Украинканинг “Мағораларда»’ ва Еньё Хельтаининг “Соқов рицарь»’ шеърий драмалари, таниқли шоирлар шеърларидан саралаб қилинган таржималар албатта, диди баланд шеърхонларни хушнуд этади.

Тўплаб нашрга тайёрловчи: Дониёр Бегимқулов.

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 4-жилд: Киносценарий, мақолалар, суҳбатлар, хотиралар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2001.

Атоқли шоир “Танланган асарлар”ининг тўртинчи жилдига киносценарий, адабий-публицистик мақолалар, суҳбатлар, адабий қайдлар ва хотиралар киритилган. Уларда юртимиз маданий ҳаётининг фаол иштирокчиси бўлган муаллифнинг адабиётимиз равнақи, юксак маънавиятимиз дурдоналарини яратган мумтоз ижодкорлар ҳақидаги ўй-мулоҳазалари, турли даврларда хилма-хил мавзуларда ўтказган суҳбатлари, замондошлар хусусидаги ноёб фикрлари жамланган.

Тўплаб, нашрга тайёрловчи, сўнгсўз ва изоҳлар муаллифи: Дониёр Бегимқулов.

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 5-жилд: Адолат кўзгуси: Шеърлар, мақолалар, суҳбатлар, таржималар. — Т.: Адолат, 2005.

Сўзбоши муаллифи: Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов.
Нашрга тайёрловчи, изоҳлар ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов.

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 6-жилд: Қуёш бекати: Шеърлар, мақолалар, суҳбатлар, таржималар. — Т.: Шарқ, 2010.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг 2000-2001 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида тўрт жилдлик «Танланган асарлар»и, 2005 йилда эса «Адолат» нашриётида ушбу жилдларнинг мантиқий давоми сифатида «Адолат кўзгуси» (5-жилд) тўплами нашр этилган эди. Шоир ижоди шу тахлит жамлаб борилаётир. «Қуёш бекати» деб номланган ушбу янги тўплам юқорида эслатиб ўтилган жилдларнинг тадрижий давоми, сана ҳисобидан 6-жилд ҳисобланади. Тўпламдан шоирнинг кейинги тўрт-беш йилдаги ижод маҳсули, шунингдек, олдинги шеърий китоблар ва жилдларга кирмай қолган шеърлар, айрим таржима асарлар ўрин олган.

Нашрга тайёрловчи, изоҳлар ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 7-жилд: Шеърлар, достон, мақолалар, суҳбатлар, қайдлар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2013.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов «Танланган асарлар»ининг ушбу 7-жилдига кирган халқона, қиссагўйлик услубида ёзилган «Истиқлол манзаралари» достонида Мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида юз берган воқеалар, шоир ўзи гувоҳ бўлган унутилмас, тарихий жараёнлар тасвирланган. Ёйиқ, воқеабанд ифода услубида, учликлар шаклида ёзилган «Ранглар ва оҳанглар» деб номланган шеърий туркумга кирган шеърлардан шоирнинг инсон руҳияти товланишлари, доимий иқрорлар, тубсиз армонлар, чексиз орзулар ҳақидаги мушоҳадалари ўрин олган. 2010 йил июнь ойидан кейин ёзилган шеърлар, ғазалларнинг умумий мавзуси ҳам инсон, унинг қалб эврилишлари, она юртдир. Жилдда, шунингдек, жаҳон ва ўзбек адабиётининг Данте, Пушкин, Расул Ҳамзатов, Ҳамид Олимжон сингари салафлари ҳақидаги мақолалар, долзарб мавзулардаги публицистик чиқишлар, суҳбатлар ҳам жамланган.

Нашрга тайёрловчи, изоҳлар ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов

Абдулла Орипов. Танланган асарлар. 8-жилд: Шеърлар. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2016.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов “Танланган асарлар”ининг саккизинчи жилди кейинги икки ярим йилда ёзилган руҳият ва чуқур фалсафийлик омихта бўлган янги шеърлардан жамланди. Зукко шеърхонлар улкан шоир ижоди янги мавзулар, янги ифода воситалари билан бойиганига, давр ва халқ, шахс ва жамият, инсон ва унинг қалби, нур ва зиё, муҳаббат ва нафрат, яхшилик ва ёвузлик, самимият ва ҳасад, меҳр ва қабоҳат сингари ўлмас ва азалий мавзулар янги ифода воситалари орқали очиб берилганига ишонч ҳосил килиб, янги шоирона нигоҳдан завқ оладилар, деб умид қиламиз.

Нашрга тайёрловчи, изоҳлар ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов