Япония ҳукуматининг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида Тошкент шаҳридаги 6-сонли туғруқ мажмуасига жиҳозлар топширилди. Маросимда Япония элчиси Такаши Ҳатори, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, бош шифокор Жанна Пахомова ва мазкур ташкилот вакиллари иштирок этди.
Беғараз кўмак ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларнинг даволаниши учун керакли бўлган сунъий нафас олиш ускунаси ва реанимацион инкубатор каби умумий қиймати 91,350 долларлик жиҳозларни ўз ичига олади.
“Япония барча инсонлар ўз қадр-қимматини ҳис қилган ҳолда яшай оладиган жамият қуришни тарғиб қилувчи “Инсон хавфсизлигини таъминлаш” тамойилига алоҳида аҳамият қаратади. Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли соғлиқни сақлаш тиббий хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда хамкорликни давом эттирамиз”, – дейилади Япония элчихонаси хабарида.
Ушбу лойиҳа орқали оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш ҳамда ҳудуднинг перинатал тиббий хизмат сифатини ошириш кўзда тутилган.
Мавзуга доир мақолалар:
Япония Фарғонадаги таълим муассасасига грант ажратди. 11.03.2023
Япония ва Ўзбекистон ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди. 29.08.2022