Швецияда туркий халқларга тегишли 500 дан зиёд қадимий қўлёзма топилди

Швециянинг Уппсала ва Лунд университетлари кутубхоналарида туркий халқларга оид 500 дан зиёд (такрорий нусхалар билан бирга 858 та) тарихий қўлёзма топилди.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, қўлёзмалар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноза Халлиева бошчилигидаги делегациянинг Швецияга амалий сафари давомида аниқланган.

Топилмалар орасида Навоий, Бобур, Фузулий, Сўфи Оллоҳёр, Машраб каби атоқли шоирлардан ташқари ҳали халқимизга номаълум бўлган шоир ва таржимонларнинг қўлёзмалари мавжуд. Биргина Алишер Навоий қўлёзмаларининг ўзи 25 тани ташкил этади.

Қўлёзмалар XIX – XX асрларда швед миссионерлари томонидан йиғилган, сотиб олинган ва кейинчалик икки университет кутубхонасига туҳфа қилинган.

Ўзбекистоннинг  Швециядаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда ноёб дурдоналарни олимлар гуруҳи билан келиб, аввало тўлиқ реестрини тузиш, тавсифини яратиш, яроқли ҳолга келтириб таъмирлаш, имкон қадар юртимизга қайтариш лозимлиги қайд этилган.