Ўзбекистонда таълимга оид дастур муваффақиятли якунлангани эълон қилинди

Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Тошкентда ташкил қилган тантанали тадбирда маълум қилинди.

2019 йил декабрь ойида ўз фаолиятини бошлаган ва USAID 29,5 миллион доллар миқдорида сармоя киритган Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури таълим тизимини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлайдиган ҳамда ўқувчиларни фаровонлик, муваффақият ва ўз салоҳиятини тўлиқ очишга тайёрлайдиган замонавий ўқув-методик мажмуалардан фойдаланиш имконини берди.

Дастур доирасида ишлаб чиқилган янги ўқув материаллари ёдлашга асосланган анъанавий таълимдан миллий миқёсда амалий, кенг қамровли ва тизимли ўқитиш усулларига ўтишни қўллаб-қувватлади. USAID, шунингдек, ўқитувчиларга ўқувчига йўналтирилган педагогикани ўргатди. Шу тариқа улар танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва ХХI асрнинг бошқа кўникмаларини ўрганиш имконига эга бўлди. Бу эса узоқ муддатли муваффақият ва фаровонликка эришишда асқотади.

USAID миссияси директори Микаэла Мередит дастурнинг она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тил – инглиз тили фанларидан дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқиш каби натижаларига алоҳида урғу бериб ўтди. Дастур, шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини оширишни қўллаб-қувватлади ва ўқитувчиларнинг янги билим ва ўқув материалларидан эркин фойдаланишлари учун рақамли платформани ҳам ишга туширди.

Ўз навбатида, вазирлик USAIDнинг ижрочи ҳамкорлари консорциуми аъзолари – RTI International етакчилигидаги Флорида давлат университети ва Миссисипи давлат университетларига миннатдорлик билдирди. Уларнинг салоҳиятни ошириш, гендер тенглиги, ижтимоий инклюзия, шаффофлик, маҳаллий даражадаги масъулият ва барқарорликка бўлган умумий садоқати ушбу дастур муваффақиятини таъминлади.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, USAIDнинг Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури ўз ниҳоясига етар экан, дастурга киритилган сармоя ва миллий таълим тизимидаги такомиллаштиришлар туфайли таълим соҳасини ривожлантиришнинг янги боби бошланяпти.

Мавзуга доир мақолалар:

АҚШ–Ўзбекистон ҳамкорлиги: 2 миллиондан зиёд ўқувчи юқори сифатли дарсликларга эга бўлади. 09.04.2022

USAID ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги тадқиқот бошлади. 17.11.2021