Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳридаги “Kültür Ajansı” нашриёти томонидан таниқли публицист, адиб ва таржимон Қулман Очилнинг “Erkekçe sözüm” (“Йигит сўзим”) китоби чоп этилди. Қуйида таниқли турк олими, филология фанлари доктори, профессор Хайриддин Ивгиннинг китобга ёзган сўзбоши билан танишасиз.
* * *
Мен узоқ йиллардан бери туркий халқлар оғзаки ижодини тадқиқ этиб келаман. Жумладан, “Алпомиш” “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб” сингари ўзбек халқ достонлари, эртак ва афсонларини ўрганиш шарафига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Очиғини айтишим керакки, замонавий ўзбек насридан хабардорлигим, таъбир жоиз бўлса, юксак дидли китобсевар даражасида. Сўнгги йилларда бу борадаги изланишларим ҳам кутилмаган янгиликлар билан мени хушнуд этаётганидан хурсандман. Далили – қўлингиздаги “Йигит сўзим” китоби.
Ушбу тўпламнинг чоп этилиши қизиқ бўлди. Бир сабаб билан “Қизил кўрпача” деган муъжазгина ҳикоя қўлимга тушиб қолди. Ўқисам, бинойигина. Биринчи сатрлариданоқ хаёлингизни ўғирлайди. Муаллифи ўзбек адиби Қулман Очил экан. Эски қадрдоним, таниқли мутаржим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Жабборов таржимасида бу ҳикояни дарҳол “Kültür Çağlayanı” журналига тавсия этдик. Қарангки, нафақат таҳририят ходимларининг, балки муштарийларнинг ҳам эътиборини тортди. Туркча матни ҳали босмахона юзини кўрмасидан, журналимизга қўнғироқлар бўлди: “Қизил кўрпача” қачон чиқади?”
Кейин менда адибнинг бошқа асарларини ўқиш иштиёқи туғилди. Таниш-билишларимдан ва интернетдан сўраб-суриштиришга, излашга тушдим. Билсам, ўнга яқин китоби – кўплаб қиссалари, ҳикоялари, эсселари чоп этилган. Бошқа тилларга таржима қилинган маҳоратли адиб.
Муаллифни шахсан танимасам-да, жойи келди, китобхонларга у ҳақда муҳтасаргина айтиб ўтай: Қулман Очил 1957 йили Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. Салкам ярим асрдан бери қўли қаламдан узилмайди. Ўзбекистонда уни журъатли журналист, моҳир таржимон, қатъиятли муҳаррир ва истеъдодли ёзувчи сифатида яхши билишади. Асарлари иштиёқ билан мутолаа қилинади.
Бу ёғини айтсам, адиб туғилган замин – Қашқадарё воҳаси менга бегона эмас. Шу воҳага номдош дарё бўйлаб узалган гўзал, сокин замин. 28600 квадрат километр майдонга эга. Аҳолиси 2,3 миллиондан ошади. Энергетика, тоғ-кон, ёқилғи саноати ривожланган. Сайёҳларнинг қадами узилмайди. Иккита аэропорти доим гавжум. Вилоятда ўзбек, тожик, руслар қатори турк миллатдошларимиз ҳам аҳил-иноқ истиқомат қилиб келади.
Ўзбекистон жанубидаги бу вилоят заҳматкаш деҳқонлару чорвадорлар, кураги ерга тегмаган полвонлар, шамолдай учқур бедовларни бир деганда жиловлай оладиган абжир чавандозлар, хушхон бахшилар, машҳур шоиру ёзувчилар, алломалар юрти. Шунинг учун бўлса керак, адибнинг асарларида ҳам бахшиларга хос топқирлик, полвонларга хос тантилик, чавондозларга хос мардлик, донишларга хос закийликни дарҳол илғаб оласиз. Ихлосингиз ошади!
Адиб бир томондан саргузаштларга бой жўшқин журналистлик фаолияти, иккинчи томондан қиссалари ва кўплаб ҳикоялари билан эътирофга сазовор бўлган. Мамлакат Президентининг фармонига биноан 1999 йили журналистика соҳасидаги энг юксак давлат мукофоти – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирланган. Сўзидаги сайқал, тасвиридаги аниқлик, фикридаги жозиба эса сермашаққат журналистика мактабининг мевасидир.
Машҳур турк адиби Азиз Несиннинг ихлосли бир иқрори бор: “Мен ўз халқимни бутун сажияси, фазилатлари ва албатта қусурлари билан севаман”. Чамаси, Қулман Очилнинг турк устозидан бу борада ўрганган жойлари йўқ эмас. Шаҳарлигу қишлоқлик, зиёлию оми, амалдору тобъе, отлиғу пиёданинг қиёфасини ўз дарди ва “айтар сўзи”га эга адибга хос холис ва самимий чизади.
Айтишларича атоқли ўзбек адиби Эркин Аъзам бир пайтлар шундай ёзган экан: “Қулман Очилнинг услуби шундайки, у қуруқ, зерикарли тафсилотлардан, силлиқ сафсаталардан қочади, дағалроқ кўринса ҳам, янги, қизиқ гаплардан “гурунг бериш”га интилади; унинг учун муҳими – моҳият…”
“Лафз” ҳикояси оддий одамлар – йўл-йўлакай тўхтаб, машинасини ювмоқчи бўлган йўловчи билан бир болакайнинг учрашуви асосига қурилган муъжазгина асар. Уларнинг суҳбатидан мардлик, орият ва заҳмат инсон шуурига болаликдан сингиб бориши матонатли кишини тарбиялашига амин бўламиз.
Мазкур китобдан жой олган бошқа асарлар – “Бир кафгир ош”даги Саида, “Geri gedan”даги банкир аёл, “Йигит сўзим”даги Робия, “Ҳинали қор”даги Йўлдош, “Цензура”даги мухбир йигит, “Надир хаёлинг”даги Жаббор полвон – барчаси табиатан заҳматкаш, ҳалол, фидойи, ҳаёт синовларидан ёруғ юз билан ўтиб келётган, энг оғир вазиятларда, ҳатто ўлимга тик боқиб турганда ҳам, таҳликаю ваҳимага тушмайдиган, зорланмайдиган инсонлар. Эзгу мақсад йўлида ўз қадр-қимматини, инсонийлигини йўқотмайдиган иродали одамлар.
Ҳаётда фақат ўзига ишониб, эътиқодига таяниб яшайди улар. Аслини олганда, ёзувчи ижодининг бош ғояси ҳам шунда – ҳақиқий инсон эътиқодидан чекинмайди.
Қайд этганимиз – “Қизил кўрпача” ҳикоясида ўрта рутбадаги амалдор ҳаётининг бир лаҳзаси ялт этиб кўзга ташланади. “Тошкентга кетаяпман” деган важ билан уйидан чиққан собиқ прокурор қўшни шаҳарчадаги жазманининг оғушидан ҳаловат топади. Ҳикояда эр ўз аёлини, жазман мақомидаги жувон омонат эрини, ота ўз ўғлини, амалдорлар бир-бирини алдашга уринади. Бир қарашда одатий ҳол. Хиёнатнинг бундай ўзига хос кўринишини дунёнинг исталган мамлакатида, жумладан, Туркияда ҳам учратиш мумкин.
Муаллифнинг маҳорати шундаки, ана шундай оддий маиший ҳодисани катта умумлашма – ижтимоий, ҳатто умуминсоний муаммо даражасига кўтара олган. Оилада ёлғон, кўзбўямачилик ва бефарқлик илдиз отса, инсоннинг, бутун жамиятнинг келажаги асардаги болакай каби мажруҳликка юз тутади.
Адиб дунёқарашининг, кўнглининг кенглиги, услубининг ўзига хослиги ва миллий буёқларининг жозибадорлиги – барчаси жонажон Ватани – гуркираб ривожланаётган Янги Ўзбекистонга юксак фарзандлик меҳри ва садоқати билан узвий боғлиқликда намоён бўлади.
“Инсон – жумбоқ, деб ёзади у мақолаларидан бирида. – Яратганнинг яралмишини – ушбу жумбоқни ҳали ҳеч ким тўла кашф этмаган, эта олмайди ҳам. Ижод – адабиёт ва санъат мазкур хилқатни ўрганиш йўлидаги уриниш, изланишдир”.
Қулмон Очил – бундай изланишлар самарасида ўз йўлини ва ўз мавзусини топиш шарафига муяссар бўлган адиб.
Электрон асрда одамлар, айниқса, ёшлар китоб мутолаасидан кўра, интернетдан эрмак қидиришни хуш кўради. Аммо, бу ёруғ оламда китоб номлиғ мўъжизанинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Кўнглингизга ойдинлик, ҳаётингизга мазмун олиб кирадиган буюк мўъжиза.
Адибнинг “Йигит сўзим” китоби ҳам қалбларга нур ва ишонч бағишлайдиган ана шундай мўъжизалардан бири эканига шубҳам йўқ.
Қулман Очилни турк китобхонларига тақдим этилаётган ушбу ажойиб китоби билан самимий қутлайман. Айни пайтда, истеъдодли ўзбек адибини турк ўқувчиларига таништириш шарафига муяссар бўлаётганимдан беҳад мамнунман. Бу ҳикояларни эски қадрдоним, олим ва таржимон Рустам Жабборов маҳорат билан таржима қилганидан хурсандман.
Ушбу китоб қардош туркий халқларнинг маданиятлари ва адабиётларини бир-бирига янада яқинлаштириш йўлидаги эзгу қадамлардан биридир. Тобора кўпайиб ва кенгайиб бораётган бундай ижодий лойиҳаларимиз ҳамиша хайрли ва давомли бўлсин!
Хайриддин ИВГИН,
филология фанлари доктори, профессор (Анқара)