Жорий йил 16 сентябрдан 20 сентябргача Ўзбекистон шаҳарларида Малайзияда таълим кўргазмалари бўлиб ўтади. Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) томонидан ташкил этиладиган тадбирларда мазкур мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари иштирок этади. Тошкентда бўлиб ўтадиган ярмарканинг биринчи кунини Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илҳом Туаҳ бин Илёс очиб беради.
Чет элда таълим олиш имкониятини қидираётган талабалар ва ота-оналар ушбу имкониятдан фойдаланиб, таълим ярмаркасига ташриф буюришлари ва ўқув дастурлари, қабул мезонлари ва стипендиялар ҳақида сўнгги маълумотларни олишлари мумкин.
Кўргазма Тошкентдан ташқари Самарқанд (18 сентябрь) ва Андижон (20 сентябрь) шаҳарларида ҳам ўтказилади.
Малайзия юқори сифатли таълим тизими, арзон ўқув харажати ва яшаш нархи ҳамда хилма-хил маданий муҳитни таклиф этади. Малайзия, шунингдек, мусулмонлар учун қулай жой бўлиб, мамлакат бўйлаб ҳалол таом ва масжидлар мавжуд.
Таҳлилларга кўра, Малайзия Марказий Осиё талабалари учун оммабоп манзилга айланиб боряпти. EMGS маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2023 йил августгача бўлган муддатда минтақа талабаларидан Малайзияда ўқишни давом эттириш учун 3800 дан ортиқ янги ариза келиб тушган.
2012 йил 13 апрелда Малайзия олий таълим вазирлиги ҳузуридаги ташкил этилган Глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) дунё бўйлаб мамлакат таълим тизимини тарғиб этиш билан шуғулланади.
Аввалроқ агентлик раиси доктор Абдул Раззоқ Аҳмад “Ziyouz”га интервью берган эди.
Мавзуга доир мақолалар:
МTCP: Малайзия олий ўқув муассасаларида таҳсил имконияти. 26.05.2023
Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди. 17.03.2022