Мурод Муҳаммад Дўст. Худонинг назари тушмаса – ҳаммаси бекор

Ёзувчиман деб айтиш мен яхши одамман дейиш билан баробар.

* * *

Тарихда қоладиган мингда, йўқ, мильёнда битта бўлади. Ижод кишиси ўзига энг ёруғ нарсаларни, дейлик, чақмоқни, яшинни, вулқонни тахаллус қилиб олиши, ўнлаб, ҳаттоки юзлаб китоб ёзиши мумкин, лекин Худонинг назари тушмаса – ҳаммаси бекор.

* * *

Адабиёт, умуман, ҳақиқий санъат – инсониятнинг тузалмас дарди. Ва унинг мезонлари ҳеч қачон ўзгармайди: оқ – қора, яхши – ёмон, адолат – қабоҳат, муҳаббат – нафрат…

* * *

Шўро давридан бошлаб жамиятни ҳадик билан яшашга ўргатиб қўйдик. Бу ҳадик ҳали кўнгилдан чиқиб кетгани йўқ. Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек халқининг мақоллари кўп: «Оч қорним – тинч қулоғим», «Яримта нон – роҳати жон». Буларни фазилат санашади. Аслида бу фазилат эмас, қусур.

* * *

Бизнинг вазифа­миз – воқеликни бадиий идрок этиш, холисона, босиқлик билан бадиий идрок этиш. Шўролар замонида ёзилган ва бугун яшаб келаётган кўпчилик яхши асарлар шу йўсинда битилган.

* * *

…гап адабиётга киришда эмас, адабиётда қолишда. Бунда вақт ва маърифатли ўқувчидан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳакамлик қилолмайди.

* * *

Одамнинг дардини, жамиятнинг дардини ёзган одам ютади.

* * *

Одамзот озига шукур қилиш керак. Ҳамма нарсага эришишнинг иложи йўқ. Битта яхши ҳикоя ёзсанг ёки ўқисанг, бир шеърдан таъсирлансанг шунга хурсанд бўл. Фақат бадбин бўлмасанг, ҳасадгўй бўлмасанг – бировнинг боғи сеникидан яхшироқ, яшилроқ туюлмаса бўлди.

* * *

…миллий фахр борасида бизга етадиган миллат топилмаса керак. Тарихимизни мақтайвериб, назаримда, аждодларимиз руҳини ортиқ даражада безовта қилиб юбордик. Буюк ўтмишга меҳримиз шу қадар кучлики, баъзида бугунги кун эсимиздан чиқиб кетади.

* * *

Ёзувчи салбий қаҳрамонни рўпарасига ўтқазиб қўйиб, бўралаб сўка бошласа, бас, ана энди Худо урди, деяверинг! Ўқувчи салбий қаҳрамонни эмас, ёзувчининг ўзини ёмон кўриб қолади.

* * *

Коэло билан Муракамини катта ёзувчи, деб айтишади. Менимча, буюк ёзувчилар Маркес билан тугаган. Лекин Пауло Коэло ёки Харуки Мураками етишиб чиқиши учун ҳам муҳит керак. Бу жамиятнинг умумий саводи билан боғлиқ.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 4-сон