Бугун, 4 июль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов малайзиялик ҳамкасби Замбри Абдул Қодир билан учрашди. Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Малайзия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Бахтиёр Саидовга кўра, учрашув кун тартиби кенг кўламли бўлиб, ундан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий дипломатияни устувор йўналиш сифатида жадаллаштириш, туризмни ривожлантириш, ўзаро муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва глобал миқёсдаги масалалар ўрин олди.
Малайзия ташқи ишлар вазири Замбри Абдул Қодир ҳам ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорликка янги туртки бериши, қолаверса, Куала Лумпурнинг Марказий Осиё билан робиталарни юқори босқичга кўтариш ниятининг ифодаси эканини урғулаган.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 21 февраль куни Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири малайзиялик ҳамкасбига табрик йўллаб, Тошкент ва Куала Лумпур ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга ишонч билдирди.
Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январда тан олган. 1992 йил 21 февраль куни ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган.
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифларида дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган. 2003 йилда юртимизга Малайзия подшоҳи Туанку Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл ташриф буюрган.
Шунингдек, 2005 йил октябрь ойида Ўзбекистон президентининг Малайзияга, 2008 йил ноябрда Малайзия бош вазири Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилган.
Ўзаро муносабатларни жадаллаштиришда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўтказиладиган сиёсий маслаҳатлашувлар муҳим аҳамият касб этади.
Мавзуга доир мақолалар:
Ўзбекистон–Малайзия: ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. 01.02.2023
Ўзбекистон–Малайзия: ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 19.05.2022