Ўзбекистон–Малайзия: ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 15,9 фоизга ошди. Бу ҳақда 1 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов ҳамда Малайзиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан учрашувида маълум қилинди.

Вазирлик хабарига кўра, учрашувда 2022 йилда турли соҳалардаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинган ва 2023 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланган. Хусусан, 2023 йилда иқтисодиёт, савдо, туризм ва таълим соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинган.

Қайд этилишича, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорлик икки давлат салоҳиятига мос келмайди. Шунга кўра, вазир ва элчи учрашувида иқтисодий дипломатиянинг қўшма механизмларини такомиллаштириш, хусусан, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги қўшма савдо қўмитаси фаолиятини қайта тиклаш юзасидан фикр алмашилган.

Музокарада маданий-гуманитар, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро робиталарни ривожлантириш, зиёрат туризми соҳасида сайёҳлик алмашинувини янада ошириш зарурлиги ҳам таъкидланган.

Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январда тан олган. 1992 йил 21 февраль куни ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган.

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифларида дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган. 2003 йилда юртимизга Малайзия подшоҳи Туанку Сайед Сиражуддин Сайед Жамалуллайл ташриф буюрган.

Шунингдек, 2005 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Малайзияга, 2008 йил ноябрда Малайзия бош вазири Аҳмад Бадавийнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилган.

2020 йил февраль ойида Малайзия парламентида Малайзия–Ўзбекистон дўстлик гуруҳи ташкил этилган. 2020 йил май ойида эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон–Малайзия парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолият бошлаган.

Савдо-иқтисодий ришталар ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда Малайзия сармояси иштирокида 35 та корхона фаолият юритмоқда.

Мавзуга доир мақолалар:

Малайзия элчиси МTCP курслари битирувчиларига сертификат топширди. 27.06.2022

Ўзбекистон–Малайзия: ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 19.05.2022

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. 21.02.2022