Европа Иттифоқи инсоният тарихида мисли йўқ сиёсий-иқтисодий тузилма саналади. Дунё ялпи ички маҳсулотининг салкам чорак улуши Иттифоққа тегишли. Мазкур ҳудуд жаҳоншумул илмий кашфиётлар, фан-техника мўъжизалари ватани ҳамдир. Аммо кейинги йилларда ЕИ бир қатор сиёсий зиддиятлар, иқтисодий муаммолар билан рўбарў келганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Балки шу боисдир, интеграцияга қарши бўлган гуруҳлар жонланиб қолди. Евроскептиклар ҳатто “ЕИнинг куни битди!” дея жар солишгача борди.
Германия – ЕИга тамал тошини қўйган давлатлардан биридир. “Иқтисодий локомотив” дея эътироф этилган мамлакат айни пайтда Иттифоқни сиёсий-молиявий буҳрондан қутқариш йўлида жонбозлик кўрсатмоқда. Олмон сиёсатшунос олими, доктор Ульрих Спек билан суҳбатимиз ҳам ЕИнинг эртанги куни ва бу жараёнда Германиянинг ўрни хусусида бўлди.
– Жаноб Спек, кейинги йилларда Германия Европа Иттифоқининг наинки иқтисодий, сиёсий етакчисига ҳам айланди. Бугун Иттифоққа аъзо давлатлар деярли барча муҳим масалаларда олмон сиёсатдонларининг оғзига қарайди. Сизнингча, олмон етакчилигининг асосий омили нимада?
– Дарҳақиқат, олмон бирлашувидан чорак аср ўтиб, Германия Европанинг етакчи давлатига айланди. Хусусан, евро инқирози даврида бу янада яққол намоён бўлди. Украина буҳрони эса Германия ЕИга тааллуқли ички ишларидагина эмас, ташқи сиёсатга оид масалаларда ҳам фаол эканини кўрсатди. Дунё геосиёсатининг АҚШ, Хитой каби асосий ўйинчилари ҳам Германиянинг етакчилик ролини тан олди. Чиндан ҳам, Берлин қандай омилларга кўра етакчи мавқега эга бўлди?
Аввало, жуғрофий-демографик омилни қайд этиш лозим. 80 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Германия ЕИнинг энг кўп нуфусли давлати саналади. Олмон бирлашувидан кейин мамлакат майдони бўйича ҳам пешқадамликни қўлга киритди.
Германия Ғарбий ва Шарқий Европа, Скандинавия ва Ўртаер денгизи кесишган нуқтада, демакки, инсонлар, товарлар, ахборот ва ғоялар ҳамда қадриятлар чорраҳасида жойлашган. Бу ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Етакчилик хусусида сўз борар экан, иқтисодий жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда Германия ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича дунёда АҚШ, Хитой ва Япониядан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди (яъни мазкур кўрсаткич бўйича ЕИга аъзо Франция ва Буюк Британиядан олдинда). Бу эса мамлакатнинг таъсир кучини ошириб, муҳим қарорлар қабул қилишда маълум даражада эркинлик беради.
Мамлакат ЕИнинг бошқа давлатларига муқояса этганда жаҳон молиявий буҳронини муваффақиятли енгиб ўтди. Аксар давлатларда турғунлик, иқтисодий депсиниш кузатилган бир пайтда, ўтган йили ЯИМнинг 1,75 фоиз ўсишига эришилди. Гарчи экспортга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш ҳолати танқид қилинган бўлса-да, кичик ва ўрта бизнеснинг ривожи бутун дунёда ижобий баҳоланди.
Қолаверса, Германиянинг нуфузи ЕИ билан чамбарчас боғлиқдир. Етакчилик роли ҳаётий эҳтиёж ва давр талаби эканини ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим. Европанинг анъанавий пешқадамларидан бири Франциянинг маълум маънода заифлашиб қолгани Берлинни ташаббускор бўлишга ундамоқда.
Сир эмас, янги асрда ЕИ мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Хусусан, 2004 йилда бирданига Шарқий Европанинг ўн давлати Иттифоққа қабул қилинди. Мазкур ҳодиса ҳам Германиянинг пешқадамга айланишини таъминлади. Бугун “Янги Европа” Германияни минтақавий етакчи сифатида эътироф этмоқда. Польша, Чехия сингари давлатлар Берлиндан янада фаол бўлишни кутмоқда. Хусусан, 2011 йил ноябрда Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский “Германиянинг фаоллигидан эмас, балки сустлашувидан қўрқиш керак” деган эди. Назаримда, Шарқий Европанинг бошқа давлатлари ҳам айни шу нуқтаи назарда.
– Германиянинг нуфузи ЕИ билан чамбарчас боғлиқ деган мулоҳазани билдирдингиз. Ваҳоланки, ЕИга аъзолик олмон давлатига манфаат билан бир қаторда, кўпдан-кўп ташвишлар ҳам туғдирмайдими? Ягона “Европа хонадони” аъзоси бўлиш таъбир жоиз кўрилса, оға-иниларнинг ҳам ташвишини зиммага олишни талаб этади, ахир…
– Германия Европада пешқадамлик учун етарли ҳудудга эга. Аммо дунёда етакчилик учун унинг жуғрофий майдони кичиклик қилади. Шу боис қўшнилар билан яқин ҳамкорлик қилиш бирламчи талабдир. ЕИ давлатлари умумий қонунчилик ва қадриятларга риоя этади. Илгари муайян давлатнинг ички иши бўлган муаммолар бугун ҳамжамиятнинг умумий муаммосидир. Сарҳадларни йўққа чиқарган ягона иттифоқ доирасидаги ҳамкорлик ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Сиёсий, иқтисодий, маданий жабҳадаги манфаатлар ўз йўлига. Энг муҳими, Германия ЕИга интеграция орқали геосиёсий изоляция хатаридан қутулди (бир замонлар олмон давлат арбоби Отто фон Бисмарк миллий маҳдудликни “даҳшатли офат” деб атаган эди). 1871 йилдан 1945 йилга қадар Европа мамлакатлари сиёсати бир-бирини маҳв этиш йўлидаги омонсиз курашга асосланган эди. Икки жаҳон урушида даврида ҳам Германия геосиёсий кураш ўчоғига айлангани, Европа харитасини ўзгартиришга уринишлар кулфатларга сабаб бўлгани кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. ЕИ эса ўтмиш хато – миллий маҳдудликнинг олдини олади. Айни чоқда, Берлин қўшниларнинг кўмагидан фойдаланган ҳолда, дунё сиёсатида таъсирини оширади. Бундан эса нафақат Германиянинг ўзи, балки ЕИга аъзо қолган 27 давлат ҳам бирдек манфаатдордир.
– Жорий йилда Юнонистон ЕИ раҳбариятининг энг асосий “бошоғриғи”га айланди, десак муболаға бўлмайди. Аҳвол шу даражага етдики, Юнонистоннинг евро ҳудудини тарк этиши ҳақида муҳокамалар авжига чиқди. Хўш, Эллин жумбоғини ҳал этиш борасида Берлин қандай фикрда?
– Ижтимоий сўров натижаларига кўра, олмон жамияти бу борада икки хил фикрда. Айрим гуруҳлар Юнонистоннинг евро ҳудудида қолишини мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди. Кўпчилик эса Юнонистонни евро ҳудудида сақлаб қолиш тарафдори. Яқинда Бундестагда бўлган мунозараларда Ангела Меркель бошчилигидаги Христиан-демократлар иттифоқи ҳам, унинг сиёсий ҳамкори Социал-демократлар партияси ҳам Юнонистонни ягона валюта иттифоқида сақлаб қолиш лозимлигини таъкидлади. Фақат бунинг учун Афина инқироздан чиқиш йўлида қатъий чоралар кўриши, ислоҳотларни изчил давом эттириши лозим. Кузатувларимга кўра, Юнонистоннинг ўзи ҳам евро ҳудудида қолишни истайди.
– Иқтисодий буҳрон, сиёсий танглик боис ЕИнинг келажаги борасида хавотирли мулоҳазалар ҳам пайдо бўлди. Масалан, Ҳарвард университети профессори Стивен Уолт “Foreign Policy” нашрининг жорий йил 16 июлдаги сонида аҳвол шу тахлит давом этса, Иттифоқ парчаланиб кетиши ҳақида ёзади…
– Ҳа, ЕИнинг парокандаликка учраши ҳақида катта-кичик давраларда гапирилмоқда. Аммо мен мавжуд муаммоларга қарамай, некбин фикрдаман. Бу борада ҳам Германия ташаббус кўрсатаётганини таъкидлаш ўринлидир. Ҳозир Юнонистон, Украина буҳрони ва қочоқлар ЕИнинг ҳаёт-мамотини ҳал этаётган муаммолар экани сир эмас. Германия канцлери Ангела Меркель эса евроскептикларга мазкур уч муаммони Иттифоққа аъзо давлатлар бир ёқадан бош чиқариб ҳал этиши мумкинлигини уқтирмоқда. Меркелнинг сиёсати ҳам ички, ҳам ташқи майдонда қўллаб-қувватланаётгани эса кишига умид бағишлайди. Гап шундаки, Меркелнинг ЕИни асраб қолиш йўлидаги саъй-ҳаракати мамлакат ичида Социал-демократлар партияси томонидан, ташқарида эса – Франция президенти Франсуа Олланд, Европа Кенгаши раиси Дональд Туск (у Марказий ва Шарқий Европа манфаатларини ҳимоя қилади), Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер (у Брюссель машинаси қандай ишлашини жуда яхши билади) томонидан бирдек ёқланмоқда. Яъни ҳозирги вазиятда Берлин Брюссель ўрнига Иттифоқнинг сиёсий меҳварига айланмоқда.
Эътибор берсангиз, ЕИнинг ҳалокати ҳақидаги овозалар юрибди, холос. Буюк Британияни инобатга олмаганда, аъзо давлатлардан бирортаси Иттифоқни тарк этишни режалаштираётгани йўқ. Қўшни давлатлар эса ҳамон ЕИга аъзо бўлиш орзусида яшамоқда.
Интеграция мухолифлари 2010 йилдаёқ евронинг “жанозаси”ни ўқиб қўйган эди. Аммо орадан беш йил ўтиб, Ирландия, Италия, Португалия ва Испания аста қаддини ростлади.
Украина масаласида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Меркель ҳамда Олланднинг саъй-ҳаракати билан кураш ҳарб майдонидан музокаралар столига кўчди. Берлин ва Париж ташаббусига ишонқирамаган Вашингтон ҳам кейинроқ Минск битимини қўллаб-қувватлади. Сирасини айтганда, Украина буҳрони ЕИни янада тоблайдиган ўзига хос синов бўлди.
Қочоқлар масаласидаги тортишувларни инкор қилмайман. Аммо ушбу ҳодиса қочоқларни қабул қилиш бўйича эски тизимни йўққа чиқарди ҳамда янги тартиботни ишлаб чиқишга сабаб бўлди. Тортишув ва мунозараларни табиий қабул қилмоқ керак: 28 давлатнинг бир тўхтамга келиши осон кечмайди, ахир!
Бир пайтлар ЕИга федерал бошқарув тузумига ўтади, миллий ҳукуматлар бирлашиб, ягона федерал ҳукумат таъсис этилади, деган фараз мавжуд эди. Аммо ҳаёт воқелиги бу фаразни йўққа чиқарди. Менимча, Европа давлатлари миллий ҳукуматларни сақлаб қолган ҳолда, ягона Иттифоқ таркибида умргузаронлик қилади.
Яна бир гап. Яқин-яқингача ЕИ бошқарувида бюрократик унсурлар мавжуд эди, аксар муҳим қарорлар ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинар эди. Янги шароитда эса бунинг буткул имкони йўқ. ЕИ бюрократик сиёсатдан воз кечиб, очиқ эшиклар, шаффофлик даврига қадам қўйди.
– TNS Opinion маркази 2015 йилда ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, ЕИ аҳолисининг 41 фоизи Брюссель сиёсатини ёқлайди, 19 фоизи хушламайди, 38 фоизи эса – бетараф. Хусусан, Кипр (42 фоиз), Юнонистон (37 фоиз), Австрия (36 фоиз) ва Буюк Британия (28 фоиз) аҳолисининг салмоқли қисми ЕИ сиёсатини ёқламайди. Хўш, бу борада Германияда аҳвол қандай? Олмонлар ҳамон Иттифоқ лойиҳасига содиқми?
– Албатта, олмонларнинг аксари ЕИнинг сув билан ҳаводек зарур эканини яхши англайди. Қўшнилар билан аҳил-иноқ яшаш, бир муштга айланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишда Иттифоқ муҳим ўрин тутишини теран ҳис этади. Тўғри, интеграцияга қарши бўлган камчилик ҳам бор. Аммо бу демократик жамият учун табиий ҳолдир. Муҳими, аҳолининг асосий қисми ягона иттифоқ таркибида, бир тану бир жон бўлиб ҳаёт кечиришни афзал деб билади.
– Боя ЕИни сақлаб қолиш учун Ангела Меркель ҳукумати изчил чоралар кўраётганидан гап очдингиз. Сизнингча, Германия бу борада яна қандай чора-тадбирларни амалга оширмоғи лозим?
– Етакчиликнинг ўз масъулияти бор, албатта. Ҳозирда хавфсизлик ва барқарорлик масаласи кун тартибида турибди. Европа хавфсизлигига Шимолий Атлантика иттифоқи (НАТО) масъул экани маълум. Европа осойишталиги НАТОга боғлиқ экан, уни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳимдир. Германия хавфсизликни таъминлаш борасида Иттифоқнинг бошқа давлатлари бошини қовуштириши лозим.
Берлин ташаббусни ўз қўлига олиб, ЕИга аъзо давлатларнинг имкониятларини уйғунлаштирган ҳолда, янада фаоллик кўрсатмоғи шарт. ЕИнинг парчаланиши бутун қитъа келажагини хавф остида қолдиради. Қолаверса, бу сайёрамиз тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатади. демак, бугунги шиддатли замон ЕИнинг янги концепциясини ишлаб чиқишини талаб этмоқда.
Айни вақтда дунё геосиёсатида қизиқ ҳолат кузатилмоқда: Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин якка пешқадам бўлган АҚШ мазкур вазифадан ихтиёрий воз кечиб, ўз мажбуриятларини бир қисмини Европага, жумладан, Германияга ўтказишга интилмоқда. Бу эса Берлиндан геосиёсатда янада фаол бўлишни тақозо этади. Европа, умуман, дунё барқарорлиги талаби ҳам шу!
Собир Салим суҳбатлашди
Cуҳбатдош ҳақида мухтасар маълумот
Доктор Ульрих Спек – германиялик таниқли сиёсатшунос олим. Европа Иттифоқи ва Германия ташқи сиёсати, Россия ва Шарқий Европа муносабатлари мавзусида тадқиқот ва мақолалар муаллифи.
“Neue Zürcher Zeitung” “Global Europe Morning Brief”, “Frankfurter Rundschau” каби газеталарда шарҳловчи сифатида фаолият юритган.
Мақолалари “Süddeutsche Zeitung”, “Frankfurter Allgemeine Zeitung”, “Der Tagesspiegel”, “Die Zeit” каби нуфузли олмонзабон нашрларда мунтазам чоп этилади.
Ульрих Спек Франкфурт университетида замонавий тарих йўналишида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.