Украинадаги етакчи сиёсий кучлар кўпга чўзилган музокара ва муҳокамалардан кейин, ниҳоят, келишувга эришди: президент Виктор Юшенко раҳнамолигидаги «Бизнинг Украина» (Наша Украина), мамлакатнинг собиқ бош вазири раҳбарлигидаги Юлия Тимошенко блоки (ЮТБ) ва социалистлар партияси ўзаро коалиция — иттифоқ ташкил этди. Бироқ бу билан мамлакатда юзага келган сиёсий инқироз хотима топди, деб бўлмайди. Бир қатор жиддий омиллар инқироздан чиқишга ҳали-ҳануз тўсқинлик қилмоқда…
«Зарғалдоқ инқилоби»дан сўнг
2004 йилги машҳур «зарғалдоқ инқилоби»дан кейин Украина сиёсий саҳнасида кўп ўзгаришлар рўй берди. Аввало, оғир ва масъулиятли дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаган қадрдонлар — Виктор Юшенко ва Юлия Тимошенко иттифоқи парчаланди. Ўзаро келишмовчилик ва коррупция билан боғлиқ можаролар туфайли Юшенко ўзи бош вазирликка тайинлаган Тимошенкони ўзи ушбу вазифадан озод қилди (2005 йил сентябр). «Зарғалдоқ инқилоби маликаси», «Инқилоб илҳомчиси», «Темир хоним» каби турфа номлар билан аталаётган Тимошенко эса ҳеч иккиланиб ўтирмай ўзини амалдаги президентга мухолиф деб эълон қилди. Тимошенко истеъфосидан кейин президент бош вазирлик курсисини ўзининг эски дўстларидан бири Юрий Ехануровга ишониб топширди.
Инқилоб даврида Юшенко номзодини дастаклаган социалистлар партияси ҳам кейинроқ мустақил йўл тутишга қарор берди. Шу тариқа ягона ва бўлинмас «зарғалдоқ иттифоқи» жуда тез фурсатда гуруҳларга ажраб кетди. Инқилобнинг асосий «жабрланувчиси» Виктор Янукович эса биринчилардан бўлиб Юшенко ҳукуматига қарши сиёсий кураш очди.
Шу боис ҳам, жорий йилнинг 26 мартида ўтган парламент сайловида мамлакатдаги етакчи кучлар бўлинган ҳолда иштирок этди. Пировардида, муҳимлиги жиҳатидан «зарғалдоқ инқилоби»дан кейинда турувчи ушбу сиёсий тадбирда мухолифат етакчиси Виктор Януковичнинг Минтақалар партияси (Партия регионов) 32 фоиз овоз (186 депутат) билан ғалабага эришди. Олий Раданинг қолган ўринларини Юлия Тимошенко блоки (22 фоиз — 129 депутат), «Бизнинг Украина» (13 фоиз — 81) ва социалистлар партияси (5 фоиз — 33) бўлиб олди.
Сайлов якунланиши билан ғолиб партиялар олдида тез фурсатда коалиция ташкил этиш ва янги ҳукуматни тузиш вазифаси турарди. Чунки Украина қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришларига кўра, парламент сайловида энг кўп овоз тўплаган партиялар ўзаро коалиция тузиши ва ана шу сиёсий иттифоқ ҳукуматни ҳам шакллантириши белгилаб қўйилган. Шунингдек, янги қонунчиликка кўра, бош вазирни эндиликда президент эмас, Олий Рада тасдиқлайди.
Мажбурий келишув
«Бизнинг Украина», Юлия Тимошенко блоки ва социалистлар партияси ўртасида тузилган коалицияни шундай аташ мумкин. Уч етакчи партия парламент коалициясини ташкил қилиш учун мартдан июньга қадар самарасиз музокаралар олиб борди ва келишув учун берилган охирги муддатга икки кунгина қолганда мажбурий равишда бир битимга келди. Акс ҳолда, президент Юшенко Олий Радани тарқатиб юбориши ва янги сайлов белгилаши мумкин эди. Воқеаларнинг бундай ривожи эса ҳозирда парламентда кўпчилик овоз олиб турган инқилобчи партиялар учун хайрли бўлмаслиги мумкин эди.
Коалиция тузиш йўлидаги музокаралар бу қадар чўзилганининг бош сабаби ҳокимият учун курашаётган «Бизнинг Украина», Юлия Тимошенко блоки ва социалистлар партияси ўртасидаги келишмовчиликлар ва ўзаро юқори мансаблар тақсимотида муроса йўлининг топилмаганидир. Сиёсий мулоқотлар боши берк кўчага кириб, инқироз чуқур илдиз отганини «Бизнинг Украина» ҳатто биринчи рақамли мухолиф бўлган Виктор Янукович партияси билан иттифоқ масаласида музокара олиб боришга мажбур бўлганидан ҳам билиш мумкин. Боз устига, Украинадаги танг сиёсий вазият туфайли Америка президенти Жорж Буш Киевга ташрифини бекор қилди.
Олий Радада мутлоқ кўпчиликни ташкил этувчи 239 кишилик коалициянинг ташкил этилгани (аслида қонунга кўра, 226 депутат овозига эга бўлиш устунлик учун кифоя қилади) яқин кунларда янги ҳукумат иш бошлашини англатади. Хўш, бу иттифоқ, бу келишув сиёсий партияларга нима беради?
Бир-бирига меҳрибон… рақиблар
Битимга мувофиқ, парламентда 129 ўринни олган Юлия Тимошенко блоки ҳукуматда 10 та вазирлик курсисига эгалик қилади. Асосийси, 8 ойдан буён бекор юрган Тимошенко хоним яна бош вазирлик мансабига қайтади.
«Бизнинг Украина» партиясига эса 8 та вазирлик портфельи насиб этади. Шунингдек, парламент раҳбарлигига ҳам ушбу партия вакили — бир йил аввал Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлган Пётр Порошенко сайланади. Келишув социалистлар партиясига 4 та вазирлик курсиси ва бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимини тақдим этади. Ҳукумат раҳбари ўринбосарлигига социалистлар етакчиларидан бири Иосиф Винский сайланиши мўлжалланмоқда.
Ҳукумат ва парламент раҳбари бўлиши кутилаётган шахсларга диққат қилсак, коалиция ҳақиқатдан ҳам икки оёқ бир этикка тиқилган пайтда, энг сўнгги чора ўлароқ тузилганига амин бўламиз. Парламент раислигига номзод Порошенко ўтган йили порахўрликда айбланган пайтда Тимошенко бу айбларни қўллаб-қувватлаган эди. Порошенко эса ўз навбатида Тимошенконинг бош вазирликдан бўшатилиши ташаббускорларидан бўлганди. Хуллас, бу икки сиёсатдонни совуқ ва иссиқ — икки қўшилмас қутбнинг вакили дейиш мумкин.
Мафия эмас, қонун…
Бир-бирига ашаддий мухолиф бўлган сиёсий арбобларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашга розилик бериши осон бўлмагани аниқ. Лекин ҳарқалай, ҳар икки етакчи ҳам истиқболдаги жиддий мақсадларни кўзламоқда. Масалан, Тимошенко 2009 йилги президентлик сайловида ўз номзодини илгари сурмоқчи. Бу давр ичида ҳукумат раҳбари сифатида халқ ишончига кириш эса сайловда катта муваффақият келтириши мумкин.
Бир марта ҳукумат раҳбарлигидан мосуво бўлган, лекин шунга қарамай, ҳали ҳам жанговар руҳини йўқотмаган «Зарғалдоқ инқилоби» маликаси сиёсий етакчилик учун ҳозирданоқ қатъий ҳаракат бошлади. Тимошенко ўзаро иттифоқ тузилганидан кейин берган дастлабки баёнотида мамлакатни коррупция иллатидан халос этиш биринчи вазифа эканини таъкидлаб, «Биз нима яхшию, нима ёмонлигини мафия эмас, қонунлар кўрсатиб берадиган жамиятга эришишимиз керак», деди. Шунингдек, Тимошенко хоним Россия билан январь ойида тузилган газ экспорти тўғрисидаги шартномани ҳам кўриб чиқиш зарурлигини билдирган. Бу эса қўшни Европа давлатларини яна ташвишга солиб қўйди. Боиси Россия орқали Европага экспорт қилинаётган газнинг деярли 80 фоизи Украинадаги қувурлар орқали ўтади. Агар икки давлат ўтган йилдаги каби газ борасида ихтилофга борса, Россия Украинага бериладиган табиий ёқилғини тўхтатса, Киев эса бунга чидолмай яна Европага чиқадиган қувурларни ёпиб қўйса, табиийки, кўҳна қитъа аҳолиси ёқилғисиз қолиши мумкин.
Ҳозирда январь ойида имзоланган шартномага мувофиқ, Киев «Росукренерго» воситачилигида етказиладиган газнинг 1000 куб метри учун 95 доллар тўлайди. Бу эса Украина бош вазирлигига асосий номзод бўлиб турган хонимга маъқул келмаяпти. Аслида Тимошенко олдинги муддатдаги раҳбарлик пайтида ҳам Москва билан айни газ масаласида кўп бора жиддий ихтилофларга борганди. Кўплаб кузатувчилар Кремл билан газ масаласида бу қадар кескин муносабатга бориш Украина учун ўтган йилги каби иқтисодий танг ҳолатни келтириб чиқариши мумкинлигига очиқ ишора қилмоқдалар.
АҚШ-Россия дуэли
Украина икки буюк давлат — Россия ва АҚШ манфаатлари тўқнашган ҳудудлардан бири. Шу боис ҳам, ушбу мамлакат учун Вашингтон ва Москва ўртасида баъзан ошкора, баъзан махфий — доимий кураш боради. Бу курашда сўнгги пайтларда Америка қўли баланд келаётгандай. Европача тараққиёт тарафдори ва Россияга қарши кайфиятда бўлган, сиёсий таҳлилчилар томонидан кинояомуз «Америка куёви» деб номланаётган Юшенконинг ҳокимият тепасига келиши; Украина Европа Иттифоқига қўшилишга интилаётгани; Шимолий Атлантика иттифоқи — НАТОга аъзо бўлишга уринаётгани ва ҳатто Киевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) дан чиқишга қарор қилгани шундай хулосага ундамоқда.
Вашингтон томонининг Украинадаги сиёсий воқеалар якунидан кўзлаган мақсади ҳукуматни Ғарбга қўшилиш тарафдори бўлган инқилоб партияларининг тўлақонли эгаллаши бўлса, Москва Россия билан алоқаларни биринчи планга қўяётган Виктор Янукович ғалабасини истайди.
Жорж Буш маъмурияти Украинага НАТОга аъзо бўлиш борасида ёрдам беришга тайёр. Яқиндагина Америка элчиси сифатида Киевга юборилган Уилям Тейлорнинг ваъда беришича, Украина узоғи билан 2008 йилга бориб Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиши мумкин. Ана шу ёрдамнинг яна бир амалий ифодаси: илгарилари бирор давлат ҳудудида бошқа давлат ҳарбий базаси мавжуд бўлиши НАТОга аъзолик йўлидаги жиддий тўсиқлардан эди. Бироқ Оқ уйнинг тавсия кучи туфайли Украинанинг Севастопол шаҳрида Россия ҳарбий контингенти бўлиши ҳам Шимолий иттифоққа аъзоликка тўсиқ бўлмай қолди. Ҳа, буюк давлатлар иродаси анча-мунча тўсиқларни ҳам кўз очиб юмгунча йўқ қилиб юбориши мумкин.
Бироқ Юшенко ҳукумати ҳар қанча НАТОга киришни истамасин, мамлакатнинг 64 фоиз аҳолиси бу қарорга қарши. (Шу боис ҳам, амалдаги ҳукумат эндиликда ҳарбий иттифоққа қўшилиш масаласини референдум орқали ҳал қилишга қарор берди).
Деярли минг йилдан бери «Ён қўшни — жон қўшни» бўлиб яшаган Россия Украина каби эски дўстидан осонликча воз кечмаслиги аниқ. Ана шу истакнинг ёрқин инъикоси ўтган ойда намоён бўлди: Украина ва АҚШ қуролли кучлари ҳамкорлигида Феодосияда ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий машғулотлар кучли норозилик чиқишлари туфайли бекор бўлди. Америка ўз кучларини Қримдан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди…
Хуллас, Украина сиёсий саҳнасида икки давлат ўртасида кечаётган ўзига хос кураш — дуэль ҳали якунланганича йўқ.
Юшенконинг боши қотган
Жуда катта ваъдалар билан ҳокимият тепасига келган президент Юшенко ҳозир мураккаб ҳолатга тушиб қолган. Уч ойдан буён давом этаётган сиёсий инқироз давлат раҳбари фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмайди, албатта.
Президентнинг ўзи журналистларга берган интервьюсида: «Ҳукуматда жуда кўп янги қиёфалар пайдо бўлди, бироқ ҳукумат қиёфаси ўзгармади», дея инқилобдан кейинги манзарани тасвирлаб берди.
Мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатининг пастлиги, коррупциянинг кучайиб бораётгани етмагандай ҳукумат ва парламентни шакллантиришдаги қийинчиликлар аҳволни янада мураккаблаштирмоқда. Юшенконинг ўғли 100 минг долларлик автомобильни қаэрдан олганию, нима учун президентнинг ҳали 30 га ҳам тўлмаган жияни Харков вилояти губернатори ўринбосари бўлиб қолгани тўғрисидаги овозалар эса демократия ва қонун устиворлиги борасидаги оташин нутқларга халқ ишончини сусайтирмоқда.
Эндиликда Виктор Юшенко олдида янада муҳим, залворли вазифалар турибди. Давлат раҳбари турли гуруҳларга бўлиниб кетган сиёсий ҳаракатлар бошини ягона мақсад йўлида қовуштириши ва сиёсий инқирозни бартараф этиши, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлидаги Украинани Европанинг юқори мезонлари даражасига олиб чиқиши зарур. Бунинг устига, истиқболда Россия билан газ масаласида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчилик ва унинг ортидаги иқтисодий қийинчиликлар ҳам кутиб турибди. Хуллас, Украина раҳбарига ҳозирга ҳолатда осон тутиб бўлмайди.
Собиржон Ёқубов, «Ҳуррият» газетасидан олинди