Шимолий Корея: Ракета парвози ортидаги таҳдид

Шимолий Корея бир сутка ичида фазога еттита баллистик ракета учириб дунёни ҳайрат ва хавотирга солиб қўйди. Ҳайрат боиси — гарчи бутун дунёда тартиб ўрнатиш даъвосидаги давлатлар тиш-тирноғи билан қарши турсада, қитъалараро масофага учувчи ракета синаб кўрилди. Хавотир сабаби — ҳарбий ракеталар ўзини ядро куролига эга бўлган давлат дея эълон қилган Корея Халқ Демократик Республикасига қарашли экани эди.
Гарчи синов муваффақиятсиз якунланиб, ракеталарнинг аксарияти қулаб тушган бўлсада, Пхенян ҳукуматининг халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасидаги мажбуриятларини очиқ-ошкор ва намойишкорона бузиши яна бир йирик сиёсий можарони келтириб чиқарди.

Ракеталар қаерга йўл олганди?

Жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари маълумотларига қараганда, Шимолий Корея ҳукумати 6 та ўрта ва яқин масофаларга учувчи ҳамда битта қитъалараро «Таэподонг-2» ракета парвозини амалга оширган. Ҳарбий ракеталарнинг барчаси мамлакатнинг шимоли-шарқида жойлашган Мусудан базасидан учирилган.
Япония ва АҚШ махсус хизматларининг сўнгги маълумотларига қараганда, «Таэподонг-2» қитъалараро ракетаси Гавайи ороллари томон йўл олган. Бироқ Шимолий Кореянинг «фахру ифтихори» дея баҳоланадиган ҳарбий техника самода бор-йўғи 40 сония бўлди ва Япон денгизи яқинига қулаб тушди.
Жанубий Корея разведкаси хулосасига кўра, ракеталар Россия ҳудудига, аниқроғи, Федерациянинг Находка шаҳри яқинига келиб тушган. Бироқ бу маълумотларни Москва томони тасдиқламаган.

Дипломатик мулоқот фойда бермади

Аслида Шимолий Корея ракета синовларига ҳозирлик кўраётгани хусусидаги дастлабки маълумотлар ўтган ойда Жанубий Кореянинг етакчи газеталарида эълон қилинган эди. Бу маълумотлар дунёнинг нуфузли давлатлари томонидан хавотир билан қабул қилинди. Россия ҳукумати Шимолий Кореянинг Москвадаги элчисини зудлик билан ташқи ишлар вазирлигига чақирди. Элчига дипломатик усуллар билан минтақада нотинчлик уйғотадиган ва музокараларга салбий таъсир этадиган хатти-ҳаракатлардан сақланиш зарурлиги уқтирилди.
Нохуш овоза тарқалиши билан АҚШ ҳукумати вакили Пхенян ҳарбий синовлар ўтказадиган бўлса, бу мамлакат учун ёмон оқибатларга олиб келишини очиқ маълум қилди. Тўғриси, етакчи давлатлар ракета синови борасида Шимолий Кореяни огоҳлантирган бўлсаларда, кўпчилик овозаларни асоссиз ва уйдирма деб ўйлаётганди. Чунки Ким Чен Ир бошчилигидаги Шимолий Корея ракета парвозиданда хатарлироқ — ядро тадқиқотларига тайёрлиги хусусидаги миш-мишлар ҳам кўп бора тарқаганди.
5 июль арафасида ҳатто ҳарбий парвозларнинг асосий нишони бўлиши мумкин давлат — Жанубий Корея мудофаа вазири ҳам Шимолий Корея ҳозир ракета синовини амалга оширишга тайёр эмас деган хулосага келганди. Бироқ воқеалар мутлақо кутилмаган йўналишда ривожланди.

Танаффус тугади. Янги «дарс» бошланди

Шимолий Кореяда сўнгги марта 1998 йили ана шундай ракета синови кузатилганди. 2002 йилга келиб, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея иштирокида музокаралардан кейин Пхенян ҳукумати парвозларни тўхтатишга рози бўлди. Табиийки, бунинг эвазига Шимолий Кореяга бир қатор иқтисодий имтиёз ва молиявий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Бироқ Мусудан ҳарбий базасидан кўтарилган баллистик ракеталар «қўнғироғи» парвоз борасидаги етти йиллик танаффус якунлангани ва энди мутлақо янгича «дарс»лар бошланганини жаҳонга маълум қилди.
Хўш, ракеталар парвози Шимолий Корея учун қандай аҳамиятга эга? Корея ярим оролидан кўтарилган ҳарбий транспорт қўшни давлатлар Жанубий Корея, Япония ёки АҚШ учун қандай хавф-хатар уйғотади?
Ракета тадқиқотлари Шимолий Корея сиёсатининг муҳим таркибий қисмларидан бири. Буни Пхенян ҳукумати деярли 30 йилдан буён қитъалараро ракета яратиш борасида илмий изланишлар олиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.
Гап шундаки, қитъалараро узоқ масофаларга учувчи баллистик ракеталардан ядро каллакларини маълум ҳудуд, масалан, душман давлатга етказиш ва нишонни портлатиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Шимолий Корея олимларининг бу борадаги ҳаракатлари 1980-йиллар бошида «Таэподонг-1» деб номланган ҳарбий техникани яратиш билан якунланди. Баллистик ракеталарнинг биринчи авлодига мансуб бўлган «Таэподонг-1» 1 тоннагача бўлган ядро воситасини 1-2 минг км. га етказиш имконига эга эди.

Шимолий Корея «ифтихори»

Пхенян ҳукумати Жанубий Корея, Япония, хусусан, АҚШ билан келишмовчилик ва ихтилофлар юзага келгандан кейин олимларга ҳарбий техника имкониятларини янада кучайтириш талабини қўйди. 1990-йилларга келиб, Ким Чен Ир ҳукумати «Таэподонг-2» ракетаси яратилганини эълон қилди. Баллистик ракетанинг сўнгги авлодидан бўлган «Таэподонг-2» ядро каллагини, унинг оғирлиги миқдоридан қатъи назар, 6-7 минг км. масофага етказиш қувватига эга. Бу эса Шимолий Кореядан учирилган ракета бемалол АҚШнинг Аляскаси ёки Хитойнинг Тайванига етиб боради деганидир. Ҳозиргача «Таэподонг-2» мамлакат илм-фанининг энг сўнгги ютуғи ўлароқ, Шимолий Корея «ифтихори» дея қадрланади.
Америка мудофаа ташкилотлари мамлакатда ракета ҳужумидан ҳимоя тизими жанговар шай ҳолатга келтирилганини билдиришсада, Шимолий Корея «Таэподонг-2»ни учираётгани тўғрисидаги овозалар ҳукумат доираларида хавотир уйғотгани табиий. Чунки Корея Халқ Демократик Республикаси «доҳий»си Ким Чен Ир 2002 йилдаёқ БМТнинг ҳарбий нозирларини мамлакатидан ҳайдаб чиқарган ва мамлакатда ҳарбий соҳада олиб борилаётган тадқиқотлар ҳатто Марказий разведка бошқармасига ҳам тўлалигича маълум эмас. Хуллас, ёпиқ ва сир-синоатларга тўла бўлиб қолаётган Шимолий Кореяда қитъалараро парвознинг амалга оширилгани дунёни аҳлини яна бир бор юрак ҳовучлашга мажбур қилди.

Пхенян қандай жазога лойиқ?

АҚШ, Буюк Британия ва Япония Пхеняннинг бу ўзбошимчалигини зудлик билан жазолаш истагида. Мазкур уч давлат БМТга Шимолий Кореяга иқтисодий жазо чораларини қўлловчи резолюция лойиҳасини тақдим этган.
Россия Ким Чен Ир ҳукуматининг бу қилиғидан хурсанд эмас, бироқ Кремл Шимолий Кореяга иқтисодий санкция жорий этилишини ҳам хоҳламайди.
Жанубий Корея эса ҳар қанча ўзбилармонлик қилган бўлсада, Шимолий Кореяга иқтисодий жазо чораси қўллашга қарши. Сеул расмийлари фикрича, жазо чорасининг қўлланиши фақат оддий корейс халқига жабр келтиради, ракета синовларини амалга оширганлар ва унга буйруқ берганларга эса халқаро санкциялардан сезиларли зарар ҳам етмайди.
Ким Чен Ир давлатининг яна бир қўшниси Япония томони ракета парвозларини кескин норозилик билан қабул қилди: Шимолий Корея билан «Кунчиқар юрт»ни боғловчи барча йўллар ярим йилга ёпиб қўйилди. Боз устига, Токио ҳукумати анчадан буён АҚШ билан ҳамкорликда ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш борасида олиб бораётган музокараларни тезлаштиришга киришди. Асли Япония ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидан буён қуролланишга иккинчи даражали масала сифатида қараб келаётганди. Қўшни давлатдаги ҳарбий синовлар милитаризм (қуролланиш) га тиш-тирноғи билан қарши мамлакатни ҳам ўз сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилди…

«Доҳий» ҳар доимгидай хотиржам

Жаҳон давлатлари томонидан 1997 йилги очарчилик даврида 2 миллион кишининг қирилиб кетиши ва яна бир қатор жиддий жиноятларда айбланаётган Пхенян ҳукумати эса хотиржамлик билан халқаро доиралар муносабатини кузатмоқда. Корея Халқ Демократик Республикасининг БМТдаги вакили сўзига кўра, Пхенян ракета парвозларини тўхтатиш борасида АҚШ билан музокара олиб боришга тайёр. Бунинг учун эса энг аввал Оқ уй томонидан жорий этилган иқтисодий санкциялар бекор этилиши зарур.
Вашингтон томонининг фикри ҳам кескин ва муросасиз. АҚШ Пхенян ракеталар парвозидан тўла воз кечмагунга қадар у билан музокаралар олиб бормайди.
Шимолий Корея «доҳий»си Ким Чен Ирнинг хотиржамлиги шу даражадаки, бутун дунё ракета синовлари ва унинг ортидаги таҳдид эҳтимолини хавотир билан муҳокама қилиб турган бир пайтда «миллат отаси» «муваффақиятли парвоз» учун учувчиларни қизғин муборакбод этди. Хуллас, Халқ Республикаси раҳбари одатига содиқ ҳолда, оғир вазиятдан баландпарвоз чақириғу оташин хитоблар билан чиқиш йўлини танлади.

Собиржон ЁҚУБОВ

П.С. Дунёнинг етакчи ахборот агентликларидан бири «Ассошиейтед пресс»га кўра, Шимолий Корея яқин кунларда яна 3-4 та узоқ радиусли ракета парвозини амалга оширишга ҳозирлик кўряпти. Ким Чен Ир маъмуриятининг бу борадаги сўнгги хулосаси ҳам тайин: ракета синови ўтказиш Шимолий Кореянинг суверен ва дахлсиз ҳуқуқи…