Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Истанбулда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммити доирасида ташкил этилган учрашув Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва озодлик оролида бўлиб ўтди.
Туркия оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, учрашувда Ш.Мирзиёев Р.Т.Эрдўғонга “Daha Adil Dünya Mümkün” (“Дунё янада адолат бўлиши мумкин”) китобининг ўзбек тилида чоп этилган нашрини совға қилган.
Туркия Президенти қаламига мансуб мазкур асарда дунё бўйлаб кузатилаётган адолатсизлик, миграция инқирози, халқаро терроризм, исломофобия, сиёсий мунофиқлик каби иллатлар хусусида сўз юритилади. Муаллиф дунёда адолатли қарор топтириш учун айни пайтда амалда бўлган халқаро тузилмалар, жумладан, БМТни ислоҳ этишни таклиф этади.
Турк тилида ёзилган ҳамда инглиз, араб, олмон, француз, рус ва испан тилларига таржима қилинган китоб сотувидан тушган маблағ Туркия ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда вазиятларга қарши курашиш бошқармасига (AFAD) ўтказилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, учрашувда Ш.Мирзиёев Туркия етакчисини Туркий давлатлар ташкилотининг тарихий саммити муваффақиятли ўтказилгани ва ушбу нуфузли минтақавий тузилмага раисликни қабул қилиб олгани билан яна бир бор табриклади.
Президентлар Ўзбекистон–Туркия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар, минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги бугунги юқори суръатларни сақлаб қолиш, товар айирбошлашни кўпайтириш, икки мамлакат етакчи корхона, компания ва банклари кооперациясини кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Гуманитар алоқалар фаоллашгани, Ўзбекистон ва Туркияда маданий тадбирлар мунтазам ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.