Ўлжас Сулаймонов. Шафқатсизлик мерос эмас (1989)

СССР халқ депутати, ёзувчи, Қозоғистон ССР Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг биринчи котиби Ўлжас Сулаймоновнинг СССР халқ депутатларининг съездидаги нутқи

Биз, адабиётчилар, гуллар ҳақидагина эмас, кўпроқ ҳосиллар ҳақида ҳам гапирамиз. Қайта қуришнинг кўп жиҳатлари ичида мен учун энг муҳими — мустамлакачиликдан халос бўлиш жараёнидирки, бу жараён 20-йилларда тўхтатиб қўйилган эди. Мана энди у ушбу жараёнга хос барча томонларини юзага чиқариб давом этяпти.

Тарихий воқеликнинг ўзига хослиги шундаки, собиқ метрополия — Россия бошқа республикалар билан бир қаторда ўзи Марказнинг мустамлакасига айланиб қолди. Биз ўрганиш бўлиб қолган нарсаларга янгича нуқтаи назар билан қараяпмиз. Давлат манфаатлари доимо халқ ҳамда шахс манфаатларидан юқори бўлиб келди. Мен қадим тарихий анъаналарга эга бўлган ерда, Семипалатинск вилоятидан сайланганман. Бу ерда қозоқ халқининг улуғ шоирлари дунёга келганлар, бу тоғлар ва даштлар — биз учун Ясная Поляна, Михайловское, Тархан билан баробардир. Ҳа, айнан мана шу ерларда атом синов майдони ишлаб турибди.

Қўшма Штатларда синов майдони — битта, Хитойда — битта, бошқа мамлакатлар зарядларини ўз ерларидан минглаб чақирим нарида, океандаги оролларнинг аҳолисига товон тўлаб синовдан ўтказадилар. СССРнинг эса бир қанча синов майдонлари бор. Уларнинг энг эскиси — Семипалатинскда. Энг фаол ишлайдигани ҳам шу: бир йилда 18 маротаба портлаш ўтказилади. Амалда у мамлакатнинг ҳоҳ юрагига жойлашган. 15 йил ерда ва ҳавода очиқ синовлар ўтказилди. Бу жойда энг одми ҳисоб-китобга кўра жами умумий қуввати 2,5 минг Хиросима бомбасига тенг заряд портлатилган. Бу синов майдони атрофидаги ерларда яшайдиган аҳолининг соғлиғига асар кўрсатмадимикан? Ҳатто расмий мутахассислар буни тасдиқлаб, ҳа, — деб жавоб берсалар-да, биз бунга ишонмаймиз. Невада — Семипалатинск жамоатчилик ҳаракатининг мутахассислари бошқачароқ, даҳшатлироқ маълумотларга эгадирлар. СССР Соғлиқни сақлаш министрлигининг Учинчи бош бошқармаси текшириш материалларини сир сақламоқда.

Хиросима ва Нагасакида ўртача умр кўрсаткичи ҳозир дунёда, чамаси, энг юқори ўринда туради — бу шаҳарларда ва улар орқали бутун Японияда соғликни сақлаш ва маиший ҳаёт даражасини узлуксиз кўтариб бориш туфайли шунга эришилган. Тан олиш керак, бизнинг давлатимиз ўз гражданларига жуда оз марҳамат ва ҳурмат-эътибор кўрсатди. Қирқ йил синов ўтказилган бўлса, шу вақт мобайнида синов майдони атрофидаги районларда Марказнинг ҳисобидан биронта ҳам соғлиқни сақлаш пункти қурилган эмас, биронта қишлоқ касалхонаси таъминланган эмас. Бошқа нарсаларни қўя турайлик. Очиқ портлатишларнинг оқибатлари мамлакатнинг соғлигига ҳали узоқ замонлар таъсир кўрсатиб туради.

1963 йилда ниҳоят бир неча қатламларда синовларни тўхтатиш ҳақида битим имзоланди. Адолат юзасидан айтиб ўтайликки, ҳукуматни шундай битимни имзолашга кўндирган олимлар ва айниқса, академик Сахаров тутган йўлга тан беришимиз керак. Бу 60 мегатонналик энг қудратли водород бомбаси портлатилгандан сўнг рўй берди. Олимлар ихтиролари дунёни не қиёмат кунга солиши мумкинлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу кашфиёт ўзида ҳам даҳо, ҳам даҳшатли ёвузликни жам қилган, ёвузлик салмоғи эса чандон ортиқроқ эди. Ушбу тазодли ҳол эндиликда ҳатто шунда ҳам кўринадики, Семипалатинск синов майдони ташкилотчилари қилиб Курчатов ҳамда Лаврентий Берия буюрилган эди.

Ерости портлашлари ҳам хавфсиз эмас, шу йил 12 февралдаги радиоактив газларнинг отилиб чиқиши шундан дарак беради. Илгари ҳам шундай воқеалар бўлиб турган, мисол учун, ўтган йили ёзда. Минглаб болалар бир кун ичида шоша-пиша қўйилган ОРЗ диагнози билан ётқизилди. Уларнинг бурунларидан қон келар, бошлари айланар ва бошқа шунга ўхшаш белгилар зоҳир буларди. Маълумки, булар тумовгагина хос белгилар эмас.

Дунё ўзгаряпти. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам душманларимиз сони камаяяпти, демак, мудофаа харажатлари ҳам озаяди. Совет жаҳон аслаҳахоналари тўлиб-тошиб ётибди. Буюк давлатларнинг ядро қалқонлари шу қадар каттайиб кетдики, энди ўз ҳимоясида турганларни ҳам йўқ қилиб юборишга қодир. Михаил Сергеевич Горбачевнинг Лондонда Гилтхоллда туриб, мамлакат парчаловчи моддалар ишлаб чиқаришни тўхтатади, деб берган баёноти XXI аср ядросиз аср бўлажагига умидимизни оширди, давлатимиз тинчликни кўзлаган давлат бўлаётганига ишончимизни мустаҳкамлади.

Мамлакат янги воқелик ичига киргани, Марказ бизни эшитаётгани ҳақида яна шундан ҳам ҳукм чиқарса бўлади. Невада — Семипалатинск ҳаракати туғилганлиги туфайли синовлар вақтинча тўхтатилди. Синов майдонлари мана тўрт ойдирки сукутда. Омонат сукунат. Умид қиламизки, ҳукумат ва атом клубидаги мамлакатларнинг ядрога қарши жамоатчилик ҳаракатлари бизни эшитади, тушуниб етади ва қўллаб-қувватлайди, синовларни барча қатламларда баробар тақиқловчи тугал битимни имзолаш учун шарт-шароит яратади.

XIX партконференциядан сўнг эндиликда шу нарса аён бўлиб қолдики, бизнинг ўсишимиз халқ билан давлат ўртасидаги ошкора фикр алмашув даражасига кўпроқ боғлиқ бўлиб қолади. Ушбу жараёнда турли-туман нуқтаи назарлар етуклик касб этиб боради. Мамлакатнинг шўришлари 20-йилларнинг иккинчи ярмида бошқача фикрлашни таъқиб қилишдан бошланганлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Демократлашув ва ошкоралик давом этсин десам, бошқача фикрлашга давлат муносабатини қонун йўли билан ифодалаш жуда зарурдир. Бошқача фикрлашни ётсираб эмас, ижодий ҳодиса деб тан олмоқ керак.

Резолюциялар ёки алоҳида ҳужжатлар қабул қилиб, уларда сталинчи тўдаларнинг социализмга қарши жиноятлари, хусусан, бошқача фикрга эга бўлганларни қириб ташлашларини қаттиқ қоралаш даркор. Чанги чиққан маълум ислоҳотларнинг суръат ва усулларида кўринган сўлчиларнинг «шиддатли ўсиш» назарияси ҳамда амалиётни жинояткорона деб эълон қилмоқ лозим. Ўзгаришларнинг сарин, тоза шамоллари неча-неча марталаб мана шу каби «жадаллатиш»лар туфайли ҳаммаёқни вайронага айлантирган довулларга дўнмади дейсиз.

Қозоқлар урушда 350 минг жонни йўқотдилар. «Шиддатли одим» йилларида эса — 4 миллиондан ортиқ одам бой берилди. Ҳар бир халқ ўз таржимаи ҳолидан бундай воқеани эслаши мумкин. Агар тарихнинг тажрибалари сабоқ бўлмас экан, улар бемаъниларча такрорланаверади, Ва, ниҳоят, барча республикаларнинг маълумотларини ўз ичига олган сталинча зўравонликнинг «оқ» китоби, тўғрироғи, «қора» китобини нашр этмоқ пайти келди.

Биз бутун тарихимиздан кўр-кўрона воз кечмоқчи эмасмиз. Ахир қораликлардан ташқари унда умумий руҳий қадриятлар ҳам етишди, қайғули нарсалар қаторида фойдали тажрибалар ҳам бўлди, уларни асрамоқ ва давом эттирмоқ жоиздир. Лекин айнан шунинг учун ҳам пок нарсаларни қонли нарсалардан ажратмоқ керак. Шундай, миллионлаб одамлар хат-хабарсиз ғойиб бўлдилар. Бугун улар хотираси фарёд солмоқда, бугун биз зўравонликни қоралаш имкониятига эгамиз. Бу ахлоқимиз ҳамда ҳуқуқий онгимизнинг ўсаётганидан далолатдир.

Олмаота студентлари ва ишчилари мамлакатда биринчи бўлиб рухсат этилмаган намойишларга чиқдилар. Агарда 1986 йил декабрь ойидаги Олмаота воқеалари демократик тарзда кенг муҳокама қилинганда ва тушунилганда эди, эҳтимол Тбилисида 9 апрель ҳодисалари рўй бермасди. Мен Олмаота фожиали воқеалари сабабларини янги инсонпарварлик нуқтаи назаридан қараб чиқилса, тўғри бўлади, деб ҳисоблайман. Барча хатлар ҳамда телеграммаларни Олий Советнинг тегишли комиссиясига топшираман, у ерда шу масалада доклад қилишга ҳам тайёрман. Барча юртдошларим — қозоқлар, руслар, немислар, украинлар, уйғурлар, корейслар, туркларни, не-не синовларни бошдан кечирган Қозоғистон халқини ҳозирги ҳолатнинг ғоятда жиддийлигини англашга чорлагим, агарда биз матонат кўрсатиб, умумий манфаатларимизнинг қадр-қимматини тушунсак, унда адолат рўёбга чиқиши мумкинлигига ишонтиргим келади.

Қанчадан-қанча дард-алам йиғилиб қолган мамлакатда, у қанчалар кучли акс садо бермоқда. Онгида жароҳатлардан қон силқиб ётмаган биронта халқ йўқ. Кўпларимизнинг қўлларимизда месхети турклари, қримтатарлари, абхазлар, ингушлар, чеченлар, гагаузларнинг нолакор талабномалари турибди. Олий Совет Миллатлараро муносабатлар комиссияси олдида улкан вазифалар бор, келаси съездгача ўша қийинчиликларнинг жиллақурса айримлари ҳал қилиниши зарур. Қорабоғ тугуни тобора қаттиқ чандилмоқда, бу ишга борган сари этник, диний ва бошқа салмоқли жиҳатлар кўпроқ тортилмоқда. Академик Лихачев миллатлараро тортишувларда маданиятнинг аҳамияти ҳақида ҳаққоний гапларни айтди.

Масаланинг тарихини ҳар томонлама, тўла билмасдан туриб, бунинг аҳамияти чекланган ҳолда қолади. Ҳалқлар кўп замон бирёқлама йўналишдаги билимлар билан тарбияландилар ва худди ана шу нарса жуда кўп миллий хафагарчиликлар ва дағдағаларнинг сабабчисидир. Мана шу қийин мавзуларда тўпламлар, ҳужжатларнинг махсус туркумларини нашр этиш жойиздир. Маданият ўзаро пешвоз қадам ташламоқни талаб қилади. Бундай тўпламга холис тарихий маълумотлар бнлан биргаликда Сумгаитнинг шафқатсиз ҳақиқатини, Бокудан ҳавога кўтарилган тайёранинг ҳалокати сабабларини ҳам киритиш керак. Зотан, ўша тайёрада зилзиладан талофат кўрганларга ўз жафокаш қўшниларига мадад бериш учун 50 озарбойжон жангчи йигитлар учишган эди. Йигитлар дўстлик ришталарини қайта боғлаш учун ўз ҳиссаларини қўшмоқчи эдилар. Ҳайҳотки, бу ишга жонларини қўшдилар, қўлларидан келгани шу бўлди. Уларга ҳайкал қўйилмади. Матбуотда уларнинг номлари тилга тушмади. Уларнинг доғи-фироғи ота-оналаригагина маълум. Бундай изсиз, олижаноб ҳодисалар оз эмас, улар ҳақда доим ёзиш керак.

Бир-биримизга шафқат билан қарайдиган бўлайлик. Ўзбекистондаги воқеалар тасодиф эмас. Бошқирдистон ҳам тасодифмас. Бу даҳшатли, зил-замбил мажоз, башорат ва биз уни ўқимоғимиз шарт. Бир нарса равшан, мамлакат илма-тешик қувурлар билан тўлиб кетган экан, яна босимга зўр бериш ақлдан эмас. Миллий ва ижтимоий норозиликнинг қуюқ ёнилғиси болалар тушган поездлар кетаётган йўлларга қараб оқмоқда. Болаларимиз ва набираларимизга шафқатсизликни мерос қилиб қолдирмайлик. Биз ҳақ қозондик, улар эса саодатли бўлмай асти иложлари йўқ.

Иброҳим Ғафуров таржимаси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 16 июнь

Ўхшаш мақолалар: