10 март куни Тошкентда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё анъанавий фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтди. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи фуқаролик жамияти вакиллари иштирокидаги анжуманда ЕИнинг минтақа бўйича стратегиясини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирни ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала, Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов ва ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан очиб берди.
“Европа Иттифоқи фуқаролик жамияти ташкилотлари ўз вазифаларини бажаришлари учун қулай муҳит яратиш ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг сиёсатни ишлаб чиқишда мустақил ўйинчилар сифатида мазмунли ва тизимли ролини илгари суришда давом этади”, – деди элчи Ш.Адриан кириш сўзида.
Фуқаролик жамиятининг 4-форумида 2022 йил 18 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро анжуман якунлари асосида ЕИнинг “Глобал дарвоза” стратегиясини тўлдириш йўллари муҳокама қилинди.
Хусусан, фуқаролик жамияти ўзаро боғлиқлик кун тартибини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги, аёллар, гендер тенглиги ва ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ЕИ Марказий Осиё билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган. Сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, атроф-муҳит, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши каби соҳаларда минтақавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Таъкидланишича, икки минтақа манфаатига хизмат қиладиган муҳим ташаббус ва лойиҳалар давом эттирилади.
ЕИ элчиси Шарлотта Адриан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бизнес, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси, энергетика, инсон ҳуқуқлари каби мураккаб мавзуларда очиқ муҳокама имконини яратгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирган ва анжуманни фойдали деб баҳолаган.
Мавзуга доир мақолалар:
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи кенгайтирилган битимни имзолаш учун чора-тадбирлар кўришга тайёр. 09.03.2023
Шарлотта Адриан: “Европа Иттифоқи бу йўлни Ўзбекистон билан бирга босиб ўтди”. 01.09.2022
Ўзбекистон–Европа Иттифоқи: муҳим битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. 07.07.2022