Руҳоний либосидаги… жосус

Руҳоний либосидаги… жосус — Варшава диний етакчиси Станислав Велгус истеъфога чиқарилди

Варшава шаҳри католик черкови митрополити Станислав Велгус билан боғлиқ можаро жаҳон матбуоти диққат марказидаги воқеалардан бири бўлди. Сабаби, бу биргина Полша мамлакатига эмас, балки бутун дунёдаги католик черкови обрўсига дахлдор бўлган зиддият эди. Шундоқ ҳам Ватикан диний бошқаруви бир неча халқаро можароларга сабаб бўлиб турган бир пайтда Варшавадаги ҳодиса тутаб турган ўтни алангалатиб юборгандай бўлди.

ҲАММАСИ
 поёнига етган 2006 йилнинг декабрьида Рим папаси Бенедикт ХВИ томонидан Полша пойтахти Варшава шаҳри диний раҳбарлигига Станислав Велгус тайинланишидан бошланди. Агар тиниб-тинчимас, йўқ ердан муаммо туғдирувчи Ғарб журналистлари бўлмаганда, эҳтимол, Варшава катта ибодатхонасида Велгус бемалол ишини давом эттириши, «авлиё ота» сифатида ваъз-насиҳатлари билан одамларни хушнуд қилиб юриши мумкин эди. Бироқ кутилмаганда, оммавий ахборот воситаларида Варшава митрополитлигига та­йинланган руҳоний бир пайтлар — дунё иккита лагерьдан ташкил топган даврда Полша махсус хизмати билан ҳамкорлик қилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Станислав Велгус ўзи учун шумхабар, кимлардир учун хушхабар бўлган бу гап тарқаши билан, ҳақиқатан ҳам, бир замонлар махсус хизматга иши тушиб турганини тан олди. Бироқ руҳоний эҳтиёт юзасидан махсус хизмат билан ҳамкорлик қилган бўлсада, ҳеч кимга зарар еткизмаганини ҳам писанда қилиб қўйди. Ишнинг ҳозиргидек чуқурлашиб кетишини кутмаган Рим черкови раҳбари руҳонийни юқори лавозимга тайинлаётган пайтда унинг ўтмишидан хабардор бўлганини айтиб юборди. Бу эса бутун дунё католикларининг норозилигини янада кучайтирди. Боиси, Полша махсус хизмати бундан йигирма йиллар муқаддам жаҳонга таҳдид солган, даҳшатли қирғинлар сабабчиси бўлган, номининг ўзиёқ кишиларни титроққа туширган совет КГБсининг издоши, ҳаммаслаги эди. Ўз даврида коммунистик партия дастёрлари бўлган поляк жосуслари ҳам «ёт унсур»лар, «халқ душман»ларига қарши қандай ёвузликлар қилгани фақат Яратганга аён.

ОДАМЛАР дин деганда, соф­лик, покизалик, яхшилик, хуллас, дунёдаги жамики эзгу тушунчаларни тасаввур қилишади. Бу жиҳатдан инсоният тарихидаги ақл бовар қилмас ёвузликлар «ижодкор»и бўлган КГБ билан дин етакчисининг ҳамкорлик қилиши одамларнинг ҳайрат ва норозилигига сабаб бўлиши мутлақо табиий.
Дастлаб Станислав Велгус махсус хизмат билан алоқа қилган бўлсада, бирор инсонга зарар еткизмаганини иддао қилган эди. Бироқ бу даъво кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди: унда нима учун мақсадсиз бирор ишга қўл урмайдиган, ер остида илон қимирлашидан бохабар махсус хизмат католик руҳонийси билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади? Фақатгина «авлиё ота»нинг ваъзларини эшитиш учунми? Ё католик етакчисига бош­қа муҳимроқ ишлар ишониб топширилганми?..
Ўтган муддат давомида баҳслар тинмади. Бу орада Полша ҳукумати Ватикан сўровига биноан Станислав Велгус тўғрисидаги 80 бетдан иборат махсус ҳисоботни тақдим этди. Ҳисобот руҳоний диндошини фаол ҳимоя қилаётган Рим папаси Бенедикт ХВИ нинг шаштини туширди. Ватикан томонидан ташкил этилган махсус комиссия рад этиб бўлмас ҳужжатларга таяниб Велгус махсус хизмат билан онгли равишда ва сидқидилдан ҳамкорлик қилган, деган хулосага келди.

ҲУЖЖАТЛАР ёнмайди, дейишади. Бу сафар ҳам бир замонлар махфий идора томонидан сақлаб қўйилган ҳужжатлар унга дастёрлик қилган одамнинг зарарига гувоҳлик берди.
Комиссиянинг салбий хулосасидан кейин дастлаб бироз шошма-шошарлик билан баёнот берган Ватикан раҳбари тилини тишлаб қолди. Чунки Рим папаси Станислав Велгусни лавозимга та­йинлаётганда унинг ўтмишидан яхши хабардорлигини эътироф этган эдида.
Бироқ катта сиёсатда ким ўз сўзида охиригача мустаҳкам турибди дейсиз. Рим папаси ҳам у ишонган руҳоний бу қадар тубан ишлар билан машғул бўлганидан бехабар эканини айтди. Ҳарқалай, билдим деб тутилгандан билмадим деб қутулган яхшироқ.
Шу тариқа Варшава диний етакчиси ихтиёрий-мажбурий равишда истеъфога чиқди. Бироқ бу ҳодиса ортидаги баҳсу мунозаралар давом этяпти.
Станислав Велгус махсус хизмат билан алоқада бўлган биринчи руҳоний эмас (аниқки, уни диний етакчилик ва жосуслик фаолиятини бирдай олиб борган охирги шахс ҳам деб бўлмайди). Тарихчиларнинг хулосаларига қараганда, «совуқ уруш» даврида Полша католик арбобларининг ҳар ўнтасидан биттаси махфий идорага хизмат қилган. Юқорида зикр этилган воқеа муносабати билан қилган чиқишларидан бирида Рим папаси Бенедикт ХВИ полякларни католик руҳонийларининг коммунистлар билан ҳамкорлигига тоқат билан муносабатда бўлиш ва аждодларга ҳурматсизлик қилмасликка чақирган эди. Ана шу даъватнинг ўзи ҳам тарихчиларнинг хулосаларини тасдиқлаётгандек…

ДАРВОҚE, Ватикан раҳбарияти Полшадаги ҳодиса ортида католик черкови душманлари турган бўлиши мумкинлигидан ҳам хавотирда. Ватикан матбуот хизмати раҳбари, кардинал Федерико Ломбардининг сўзларига кўра, кетма-кет рўй бераётган можароли воқеалар черковга қарши турган тузумлар томонидан уюштирилаётган бўлиши мумкин. Ўта эҳтиёткор кардинал черков ғанимлари тўғрисида очиқ айтмади, албатта. Бироқ сиёсий кузатувчилар диний етакчининг сўзларини таҳлил қилиб, у душман деганда, Полшанинг амалдаги раҳбарлари — ака-ука Лех ва Ярослав Качинскийларни назарда тутган бўлиши эҳтимолини таъкидлашмоқда.
Бу тахминда маълум асос мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Айни пайтда Полша бош вазири ва президенти лавозимларини эгаллаб турган Качинскийлар иттифоқи янги сиёсий ислоҳотлар тарафдори сифатида майдонга чиққан. Хусусан, ака-укаларнинг сиёсий дастурида давлат ва жамоат ташкилотларини собиқ махсус хизмат жосусларидан тозалаш мақсади ҳам асосий ўрин тутади…

ЭЪТИБОР берган бўлсангиз, охирги ойларда Ватикан жуда кўп халқаро можаролар марказида қолмоқда. Рим папаси Бенедикт ХВИ эндигина католиклар раҳбари сифатида сайланган пайтда жаҳон оммавий ахборот воситаларида асли германиялик бўлган понтифик Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар армияси таркибида хизмат қилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди. Билл Клинтон ва Моника Левинский можаросидан кам шов-шувга сабаб бўлмаган бу воқеа босди-босди бўлиб улгурмай, яна Бенедикт ХВИ билан боғлиқ янги зиддият юзага келди: Германиянинг Регенсбург шаҳрида қилган маърузасида Рим черкови етакчиси мусулмонларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлган, ислом дини шаънига номуносиб сўзларни айт­ди.
Буларнинг барчаси таҳлилчилар томонидан билдирилаётган хулосалар тўғрилигини кўрсатмоқда: Ватикан халқаро муносабатлар борасидаги сиёсатини жиддий асосда қайта кўриб чиқиши ва тўлдириши керак. Акс ҳолда, сиёсатдаги мавжуд бўшлиқлар яна кўп нохушликларга олиб келиши мумкин.

Собиржон Ёқубов
www.hurriyat.uz