Нью-Йоркда 2001 йил 11 сентябрда амалга оширилган терактга 6 йил бўлган эсада, аслида нима рўй бергани ҳалигача тўла аниқ эмас. Бунинг устига, ҳодисанинг муқобил версиялари сони ортиб бормоқда.
Европарламент депутати Жулетто Къеза раҳбарлигидаги халқаро эксперт ва тадқиқотчилар гуруҳи томонидан тайёрланган «ЗEРО» (инглизча – «ноль»).
Бу ерда йўқлик, мавҳумлик маъносида) китоби жорий йил кузининг асосий шов-шувли воқеаларидан бири бўлди. Китобда таъкидланишича, ФБР ва МРБ ҳисоботлари нафақат асосий саволларга жавоб бермайди, балки яққол фактлардан кўз юмади ёки уларни бузиб кўрсатади. Россиянинг «Аргумент? и факт?» газетаси шарҳловчиси Георгий Зотов бу айбловлар қанчалик асосга эга бўлиши мумкинлигини аниқлаш учун Страсбург шаҳрида синъор Къеза билан учрашиб, суҳбатда бўлди.
«ПEНТАГОН УСТИГА САМОЛЁТ ҚУЛАШИ МУМКИН ЭМАС»
– Китобингиз бугун Европада улкан муваффақият билан тарқалмоқда. Бу, инсонларнинг табиатан «фитна назарияси»ни яхши кўришларидан эмасмикан? Расмий нуқтаи назарга ишонадиганлар, ҳатто у тўғри бўлганида ҳам, озчиликни ташкил қилади.
– Мен умуман «фитна назарияси»нинг тарафдори эмасман. Шунчаки, сиёсатчи ва журналист сифатида АҚШ ҳукуматига бундан олти йил аввал Нью-Йоркда «эгизак бинолар» қулагани юзасидан саволлар беришдан тортинмаслик керак, деб ҳисоблайман. Саволлар эса жуда кўп. Терактлар тўғрисидаги расмий версия – тўлиқ сохталаштириш ва ёлғондир, биз буни ҳеч қандай муаммосиз исбот қила оламиз.
– У ердаги нима сизни кўпроқ шубҳага солади?
– Биринчи навбатда, гўёки Пентагон устига қулаган самолёт. Барча мустақил экспертлар, шу жумладан, портлаш пайтида Пентагон ичида бўлган кишилар ҳам (масалан, унинг ходими Барбара Хонейгер) шундай фикрга келишди – «Боинг-757» самолёти Мудофаа вазирлиги биносига қулаши тўлиқ эҳтимолдан холи. Масалан, ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш тизими шу куни ишга туширилмаган. Улар, агар ҲАР ҚАНДАЙ ҳаво кемаси бортида «ўзимизники-бегона» таниш тизимига эга бўлмасдан «бешбурчак»ка яқинлашса, автоматик равишда қўшилишга мажбур. Пентагон атрофида 68 та видеокузатув камераси ишлайди – улар самолёт қулаётганлигини тасвирга олмасликлари мумкин эмас: шундай бўлганда буни плёнкалар кўрсатар эди. Бироқ, тепадагилар шундай дейишади – расмий версияни қабул қилинг, ҳеч ким сизга изоҳлаш ва далил-исбот келтиришга мажбур эмас.
– Кечирасизу, аммо бундай самолёт ҳақиқатан ҳам Бостон аэропортидан ҳавога кўтарилган ҳамда унинг бортида реал шахслар, жумладан, таниқли телебошловчи ва уч фарзанди билан бир оила ҳам бор эди. У қаэрга ғойиб бўлган?
– Яна бир бор таъкидлашни хоҳлар эдим: мен китобда ҳеч қандай версияларни илгари сурмайман, фақатгина жавобини олишни истайдиган саволлар бераман. Бироқ агар портлаш рўй берганида Пентагон ичида бўлган ўнлаб гувоҳлар ҳеч қанақа самолёт йўқ эди, деб туришса, кимга ишонишим керак? Марҳамат, юқорида айтиб ўтганим плёнкаларни менга кўрсатинг. Аммо улар йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ.
«ЎЛИМГА МАҲКУМЛАРГА МРБ ВИЗА БEРГАН»
– Яна қандай ҳодисалар сизда ишончсизлик туғдиради?
– Террорчиларнинг шахси. Самолётларни олиб қочганлардан етти нафари «Ислом бригадаси» аъзоси сифатида Боснияда жанг қилишган. МРБ бу бригадани ўз маблағлари ҳисобидан шакллантирганлигини тан олди. Биз юқори мартабали дипломат, АҚШнинг Жидда (Саудия Арабистони)даги собиқ консули билан учрашдик. Беш нафар бўлғуси ўлимга маҳкум қилинганлар виза сўраб мурожаат қилишганида, улар шубҳали кўринишади ҳамда консул уларга рад жавоби беради. Шундан сўнг унга МРБдан қўнғироқ қилишиб, виза беришни қатъий «маслаҳат беришади», шу билан бирга, унга қаттиқ босим кўрсатишади. У ўзидан талаб қилишганини бажаради, аммо норозилик белгиси сифатида истеъфо беради. 11 сентябрдан сўнг ушбу дипломат МРБга ҳисобот ёзиб, унда ўзи билан телефонда мулоқотда бўлган кишининг исми-шарифини келтиради. Унга шундай жавоб беришди: «Биз сизга яна қўнғироқ қиламиз». Унга қўнғироқ қилишмади. Китобимда у бу ҳақда жуда батафсил изоҳ берган. Ғалати-а?
– Албатта. Лекин сизга бир нарсани айтаман – МРБнинг дунёдаги ҳар қандай ҳодисага бирор-бир далилсиз ҳукм чиқариши баъдга урган. Бу асло беғараз структура эмас, аммо келинг, ҳар ҳолда реалист бўлайлик.
– Мен айнан Нью-Йоркдаги терактларни МРБ раҳбарияти уюштирган, деб ҳисобламайман. Фактларни бузиб кўрсатиш ва яширишда америка разведкасидан – бўлим бошлиқлари даражасидаги баъзи кишилар иштирок этишган. Америка махсус хизматларининг «ошхонаси»ни жуда яхши биладиган Германиянинг собиқ мудофаа вазири Андреас фон Бюловнинг таъкидлашича, «Разведканинг 95 фоиз иши – бу алдов ва ёлғон хабарлар билан чалғитиш. Ҳатто суриштирув олиб бориш билан шуғулланадиган журналистлар ҳам оммани тарғибот билан тўйдиришади. Расмий версияга шубҳа билдирган ҳар қандай киши ақлдан озган, деб эълон қилинади». Уни террорчиларнинг етакчиси Муҳаммад Аттанинг паспорти Бутунжаҳон савдо марказида самолёт портлаганида, гарчи авиалайнер парча-парча бўлиб кетсада, нега ҳеч қандай зиёнсиз қолгани қизиқтиради. Ушбу ҳужжатни вайронага кейинроқ ташлаб қўйишган, деб ўйлаш мумкин. Нима учун кўплаб саволларни беришмаганлиги мени ҳам ажаблантиради. Биз иккита уруш ибтидосидан ўтдик, ҳозир учинчисига – Эрон билан урушга қараб бораяпмиз, бу аслида нима рўй берганлиги юзасидан ўйлаб кўришга имкон беради.
– Яхши. Аммо «эгизак бинолар» воқеасида – у ерга самолётлар урилганми?
– Ҳа. Бироқ нима учун 1945 йили «Эмпайр-стейт-билдинг»га қурол-яроққа эга ҳарбий қирувчи самолёт урилганида, бино сочилиб кетмаган? 1991 йили Филаделфияда осмонўпар бинонинг 8 та қавати ёниб кетганида, у нега қуламаган? «Эгизаклар» бир соатдан сўнг қатъий вертикал, «эркин қулаш» тартибида ўпирилиб тушди, 100 минг тонна бетон ва шиша майда-майда чангга айланди – аслида осмонўпар бинолар қисмларга ажралиб, «ўтириб қолиши» керак эди. Агар бинони кўтариб турувчи пойдевор портлатилиб йўқ қилинсагина шундай бўлиши мумкинлигини сизга исталган мутахассис айтиб беради… «Эгизаклар» улкан барқарор инфраструктурага эга эди ва улар чиқитга айланишди. Китобимда тилга олинган гувоҳлардан бири Уилям Родригес соат 8.30 да БСМнинг шимолий биноси биринчи қаватида бўлган. Жаноб Родригес бино ўпирилиб тушишига бир дақиқа қолгунига қадар подвалларда кучли портлашларни эшитганлигини айтади – унинг сўзларини 117 нафар киши тасдиқлайди. Уилямни терактларни тергов қилиш комиссияси сўроқ қилади, аммо расмий ҳисоботдан унинг кўрсатмалари олиб ташланган. Жаноб Родригес кимсан – қаҳрамон, ўша куни 20 нафар жабрланувчини қутқарган, шахсан АҚШ президенти бунинг учун унга медаль берган эди. Аммо унинг сўзларини ҳатто рад қилишмади – шунчаки ҳисоботдан чиқариб ташлашди, тамом.
– Ҳм… биласизми, баъзан кишилар шок ҳолатни бошдан кечирганларидан сўнг, мулойим қилиб айтганда, ўзларига келмаган бўлишади. Родригес ҳам кучли шок ҳолатида бўлган…
– «Зеро» китобимда 65 нафар юқори мартабали гувоҳлар – расмий тушунтиришларга ИШОНМАЙДИГАН АҚШнинг собиқ вазирлари ва генераллари чиқиш қилишган. Улар орасида МРБнинг собиқ директори Жорж Тенет ҳам бор. Сизнинг фикрингизча, бу кишиларнинг барчаси ақлдан озган, жаноб Буш, Доналд Рамсфелд ва бошқалар эса соғлом? Энди айтаман – сиз ҳали энг асосийсини билмайсиз…
«Бен Ладеннинг барча тасвири – ясама»
– Ўйлаб қоламан: сўзларингизга ким ажабланиши мумкин бўлса – бу Усама бен Ладен. Жилла қурса, «Ал-Қоида» етакчисининг террорчилик хуружи учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани ҳамда бу масала юзасидан видеомурожаат билан чиқиш қилганини эслайлик.
– Сизга бир воқеани айтиб бераман. Яқинда Европарламент депутатига ёпиқ сеансда бир филмни кўрсатишди: агар «ал-Қоида» Брюсселдаги НАТО штаб-квартирасида атом бомбасини портлатса, нима рўй беради? Жуда таъсирли қилиб суратга олинган, айниқса шаҳар марказида ядро портлаши. Ва экранда шунда (тасвир сифати – аъло даражада) Усама бен Ладен пайдо бўлади ҳамда араб тилида дейди: «Брюсселдаги ислом шерларининг қаҳрамонликлари учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан». Буни оригиналдан фарқлаш мумкин эмас эди. Шунинг учун сизни ишонтириб айтаманки – бен Ладеннинг аксарият мурожаатлари ҳам сохталаштирилган, ҳар қандай видеони ясаш чўт эмас: замонавий техник имкониятлар бунга имкон беради. Шу билан бирга, бен Ладен ва унинг ўринбосари ал-Завоҳирий – хаёлий эмас, 11 сентябр воқеаларига жалб қилинган тўлиқ реал шахслар. «Зеро» китобимда улар АҚШ ва Покистон махсус хизматлари билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келишаётганини исботловчи махфий ҳужжатлар келтирилган. Бундай кишилар бутун дунёга қўрқинчли шахс сифатида жуда ўнғай ҳамда ҳаммага тўғри келади.
– Яъни, айтмоқчисизки, уларни ҳеч қачон қўлга туширишмайди?
– Бунга қандай шубҳа бўлиши мумкин? Албатта, агар улар ҳамон тирик бўлишса: уларни аллақачон – 11 сентябрдан кейиноқ дафн қилган бўлишлари мумкин, шундан сўнг сизга ҳозиргина айтиб берган тизим бўйича уйдирма видеороликларни тарқатишади. Беш йилдан сўнг бизга афғон тоғларида Усама бен Ладеннинг жасадини кўрсатишлари мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас, аммо бу энг охирги чора. Уни тириклайин тутишга ҳеч ким уринмаяпти.
– Яхши – бироқ шунда бундай теракт «ал-Қоида»дан бошқа кимга зарур эди? Сиз АҚШ махсус хизматларидан бўлган кишиларга шама қилаяпсиз. Қандай маънода? Афғонистон ва Ироққа қўшинлар киритиш, у ерларда минглаб аскарларни йўқотиш ва юзлаб миллиард доллар сарф қилиш-кўнгил очиш учунлиги эҳтимолдан узоқ.
– Ўта шахсий фаразимни баён қилишим мумкин (китоб доирасидан ташқари). АҚШ анчадан бери экспорт қилаётганидан кўра кўпроқ маблағ сарфлаяпти, аммо ҳозирча доллар барча валюталарни бошқараяпти, жаҳон иқтисодиёти унга таянади. Америка қолган бутун дунё ҳисобига яшаяпти – ҳар куни уч миллиард доллар даражасида. Агар доллар заифлашса, молиячилар маблағларини еврога қўя бошлайдилар ҳамда вазиятни ҳеч ким тўхтатиб қололмайди, шундай ҳам бўлмоқда. Шундай ҳисоблайдиган кишилар ҳам бор: Америка бу вазиятдан, ҳар қандай восита билан бўлсада, чиқиши керак: йирик теракт сингари радикал бўлса ҳам. Улар учун энг асосийси – Яқин Шарқдаги нефть конларини эгаллаш эди.
– Ҳамма гап фақат иқтисодиётда денг. Ишониш қийин.
– Бошқа жиҳати ҳам бор. Китобда етти йил олдинги, АҚШнинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Доналд Рамсфелд имзолаган ҳужжатни келтирганман. Унда шундай дейилган: 2017 йилга бориб айнан Хитой Қўшма Штатлар учун энг улкан хавф туғдиради ҳамда хитойликларни тўхтатиб қолиш мумкин бўлмайди. «Хитой таҳдиди»ни тўхтатиш учун мақсади АҚШни тиш-тирноғигача қуроллантириш бўлган дастур зарур. Ва биз энди нимани кўраяпмиз? Американинг ҳаддан ортиқ қуролланиши «совуқ уруш» даврининг энг юқори даражасидан бир неча мартага ортиб кетди. СССР сингари миқёсдаги рақиб йўқ, унда буларнинг барчаси нега қилинаяпти? Улар катта тўқнашувга тайёрланишаяпти. Ҳа, Хитой сайёра йўналишини ўзгартиришга қодир ва улар билан ҳисоблашишга тўғри келади. Бироқ америкаликлар бунга тайёр эмас. Америка дунёнинг саксонта давлатидан қарз олиб улгурган ҳамда бу қарзлар ҳеч қачон тўланмайди. Айтганча, қарздорликнинг 10 фоизи хитой банкларига тушади.
«РEЖАНИ 30 ЙИЛ АВВАЛ ИШЛАБ ЧИҚИШГАН»
– Келиб чиқаяптики, режалаштирилган натижага барибир эришиб бўлмайди. Доллар янада заифлашмоқда, нефть эса яна ва яна қимматлашаяпти.
– Тўғри, Америка Хитой билан зиддиятга тайёрланиш мақсадида иккита урушни бошлаганига қарамасдан, доллар пастга шўнғимоқда, шунинг учун 2008 йили Эронга қарши зарба муқаррардир. Нуфузли молиявий доиралар йўлда давом этишаяпти, негаки, улар учун вариантлар йўқ, улар ҳамма нарсасини қиморга тикишган. Қайси АҚШ президенти эртага уч юз миллион америкаликларга қараб шундай дейишга журъат эта олади: «Ҳурматли ватандошлар! Биз ярим аср ўз имкониятларимиздан юқори яшадик, ресурслардан камроқ фойдаланишимиз, ҳавони камроқ ифлослантиришимиз, ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимиз, кўплаб қулайликлардан воз кечишимиз керак»?
– Агар бундай вариантни кўриб чиқиш керак бўлса. Албатта, ҳеч ким.
– Ана! Бироқ бошқа вариант ҳам бор – бу нефть конларини назоратга олиш мақсадидаги уруш. 2001 йилнинг 11 сентябри – жаҳон миқёсидаги кескин давлат бурилиши бўлиб, майда-чуйда тафсилотлари бир неча юзлаб кишилар: МРБ ходимлари, Саудия разведкаси зобитлари, Покистон махсус хизматлари генералларига маълум қилинган эди. «Ал-Қоида» нима ўзи? Яширин махфий ташкилот. Бироқ ўлимга маҳкум – террорчилар рўйхати уч кундан сўнг барча маълумотлар билан эълон қилинган эди. Бундай осонликнинг сабаби шунданки, бу шахслар аллақачон МРБ ҳисобида туришган. Шундай филмни кўрганмисиз – «Кондорнинг уч куни»? Унда шунга ўхшаш вазият башорат қилинган: сюжетга кўра, МРБ нефть манбаларини эгаллаш режасини ишлаб чиқади. Махсус хизмат ходими шундай дейди: «Бу иқтисодиёт. Бугун – нефть, эртага – озиқ-овқат бўлиши мумкин. Америкаликлардан сўраб кўрингчи, уларнинг уйидан иссиқлик ғойиб бўлса, нима бўлади? Машиналарининг двигательи ўчиб қолсачи? Очлик нималигини билишганидачи? Улар шунчаки, биз бориб, буни улар учун олишимизни исташади».
– Бу ҳаддан ташқари муаллиф фантазияси.
– Афсуски, бу аллақачон реалликка айланган. Ҳар бир махсус хизмат ичида ўз ўйинларини олиб борадиган кишилар мавжуд. Ҳаётга очиқ кўз билан қаранг, биз айнан шундай дунёда яшаяпмиз. Мен МРБда иблислар бор деб тасвирламоқчи эмасман ҳамда муаммога таҳлилий ёндашаман. 11 сентябр терактларига боғлиқ ғалати фактлар мавжуд. Уларни қандайдир изоҳлаш мумкинми? Йўқ. Уларни бизга тушунтириб беришни хоҳлашадими? Йўқ. Хўш, шундан сўнг мен қандай ўйга боришим мумкин?
– Аммо, агар махсус хизматлардаги бу шахслар шундай фитнани амалга ошира оладиган даражада қудратли бўлишса, нега бир қатор хатоликларга йўл қўйишди?
– Йўқ-йўқ – улар аъло даражада ишлашган! Мана, олти йилдирки, ҳеч ким буни муҳокама қилмайди. Агар кимдир шунга журъат қилса, демак, у параноик. Махсус хизматлар профессионалларча ишлашади ҳамда ахборотларни керакли калитда бошқаришади – тасаввур қилинг: Эронга қарши ҳаво ҳужуми амалга оширилса, бутун дунё олқишлайди. Бунга ишонишингиз қийин-а? Бироқ улар Ироқдаги урушни сунъий ташкил қилишди, 500 минг кишини ўлдиришди – бундай майда деталлар уларни тўхтатади, деб ўйлайсизми? Саудия разведкасининг ҳисоблашича, қирғинбарот Эрондаги бир ярим мингта объектни, жумладан, фабрика ва кўприкларни мўлжалга олган. Эронни тош асрига қайтаришади, негаки, аслида МРБдаги одамлар ақлдан озган: қирғинбаротдан сўнг, улар чин дилдан, Эронда инқилоб юз беради ҳамда ҳокимият тепасига арзон нефть таъминлаб берадиган Американинг дўстлари келади, деб ҳисоблашади.
– Китобингизга АҚШ томонидан қандайдир реакция бўлдими?
– Йўқ, қабристон сукунати. Бироқ бундан ажабланмайман.
Ҳусан Нишонов таржимаси
«Маърифат» газетасидан олинди