Косово: озодликнинг машаққатли йўли

ёки эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ…

Тўққиз йилдирки БМТ мандати ва НАТО ҳимояси остида яшаб келаётган Косовонинг ўз мустақиллигини эълон қилиши нафақат минтақа, балки дунё сиёсатида катта воқеа бўлди. Тўқсон фоиз аҳолиси мусулмон бўлган Косово бош вазири Ҳашим Тачи уларнинг мақсади ислом давлати эмас, дунёвий демократик давлат барпо этиш эканлигини билдирган. Шунингдек, у янги мустақил давлатда озчилик серб миллатининг ҳам тенгҳуқуқлилиги таъминланишини айтган. Ҳар не бўлганда ҳам, Сербия ўзгаришлардан кескин норози. Аслида икки мамлакат муаммоси бўлган бу ишларга йирик давлатларнинг муносабати дунё афкор оммасини кўпроқ қизиқтирмоқда. Сербия ёнида турган энг асосий давлат, бу — Россия. У дунё харитасидаги ўзгаришни тан олиш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бир томонлама мустақилликнинг тан олмаслик ҳақидаги келишувига зид эканини таъкидламоқда. Косово ўз ортидан Шимолий Кипр турк республикаси, Македония, Жанубий Осетия, Абхазия… каби муаммоларни етаклаб келиши мумкин. Африкада расмий ташриф билан юрган Жорж Буш эса мустақил Косово давлатини АҚШ тан олганини эълон қилди.

Воқеалар ривожланишда давом этмоқда…
Мустақил бўлиб чиқишга ҳаракат қилган косоволик мусулмонлар Милошевичнинг ҳукми фармоси билан қатлиомга учраганди. Ўша маҳаллар 800 минг албан қочқини мамлакатнинг жанубий ҳудудига йиғилди. Уларнинг катта қисми ватанини тарк этиб, Македония ва Албанияда жон сақлади. Қочқинлар орасидан боласини эмизаётган онанинг сурати дунё оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта эълон қилиниб, мазлум Косовонинг рамзига айланиб кетди…

Мустақиллик учун кураш қадамба-қадам

1968 йил — Косоводаги албанлар илк маротаба озодлик истаб намойишга чиқишди, бир нечаси ҳибсга олинди.
1974 йил — Югославия Конституцияси Косовога Сербия таркибидаги мухторият мақомини берди.
1989 йил — Сербия давлат раҳбари Слободан Милошевич Косовонинг мухториятлигини бекор қилди.
1991 йил — Косово мустақил республика деб эълон қилинди. Буни фақат Албания тан олди.
1996 йил — Косово озодлик армияси Сербия полициясига ҳужумлар бошлади.
1998 йил — Сербия полицияси олиб борган амалиётларда ўнлаб албан курашчилари ўлдирилди.
1998-1999 йиллар — Серб армияси Косово озодлик армияси кучларини қонга ботирди.
1999 йил — НАТО 78 кун давомида ҳаво ҳужумини олиб борди. Милошевич серб кучларининг Косовони тарк этишига розилик берди. Ўлка БМТ мандатига ўтди ва НАТО томонидан қўриқлана бошлади.
2006 йил — халқ овози билан қабул қилинган Сербия конституциясида Косово мамлакатнинг ажралмас бўлаги деб белгилаб қўйилди.

Фаррух Жабборов тайёрлади.