Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 22 сентябрь куни Олмон бирлиги куни муносабати билан Тошкентда тантанали қабул маросими ўтказди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати, хорижий мамлакатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, илм-фан, санъат ва маданият намояндалари, ишбилармон доира вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссинг Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигидан кейин Олмон бирлиги куни нишонланаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Дипломат ўз нутқида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти мамлакат учун оғир йўқотиш бўлгани, ушбу мусибат муносабати билан Германия Президенти ҳамдардлик мактуби йўллаганини қайд этди.
Олмон элчисига кўра, Германия бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга эътибор қаратади. Жорий йил мартда Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташриф буюргани бунинг яққол исботидир.
“Биз кўплаб соҳалар, масалан, БМТ ва унинг турли тузилмалари доирасида ва Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлашни кўзлаб хавфсизлик жабҳасида изчил ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз”, – деди Германия элчиси.
Яқиндагина ишга туширилган Ангрен–Поп темир йўлини бунёд этишда олмон компаниялари ҳам иштирок этди. Мазкур йирик лойиҳада Германиянинг иштироки тасодиф эмас, албатта. Дипломатнинг таъкидлашича, айни чоқда, иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш учун мавжуд имкониятлардан самаралироқ фойдаланиш талаб этилади.
“Германия Федератив Республикаси Ўзбекистонга нисбатан сиёсатни ЕИ билан тўлиқ келишган ҳолда ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича стратегия доирасида юритмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари бўйича стратегияни қайта кўриб чиқиш бўйича ўтган йилги конструктив чора-тадбирларимизга мувофиқ, келгуси йилда ҳам стратегиянинг галдаги янгиланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз”, – деди Найтхарт Ҳёфер-Виссинг.
Дипломат таълим соҳасидаги алоқалар жадал кечаётганини мамнуният ила қайд этди. Сўнгги йилларда Тошкентда Гёте институти муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Мустақилликдан кейин 1600 дан зиёд ўзбекистонлик олим Германия стипендияларидан фойдаланди. Тараққиёт лойиҳалари учун 330 миллион евродан ошиқ маблағ ажратилди.
Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь – Олмон бирлиги куни Германиянинг федерал даражадаги ягона давлат байрами саналади.
1980-йиллар охири нафақат Германия, балки Европа тарихидаги муҳим давр саналади. Ўша кезлар таъқиб ва тазйиқлардан сабр косаси тўлган ГДР аҳолиси эрк учун курашга киришди. Шу тариқа 1989 йил 9 ноябрда ягона олмон давлатининг икки лагерга бўлиб ташлаган Берлин девори қулади. Бу эса икки тузумда яшаб келган ягона миллатнинг бошини қовуштиришга йўл очди. 1990 йилнинг 3 октябрида ГФР ва ГДР демократия ҳамда қонун устуворлиги мезонлари асосида бирлашди.
Германиянинг бирлашуви Иккинчи жаҳон урушидан кейин амалга киритилган халқаро тартибни ўзгартириб юборди. 1990-йиллар бошида социалистик лагерга мансуб Шарқий Европа мамлакатларининг демократия томон юз буришида ҳам айни шу омил ҳал қилувчи ўрин тутди.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Германия Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига 11 миллион евро ажратади. 27.01.2016