Илҳом Алиев: Референдум юксак савияда ўтиши учун барча чора-тадбирлар кўрилди

26 сентябрь куни Озарбойжонда мамлакат Конституциясига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Давлат агентлиги хабарига кўра, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев овоз бериш жараёнида иштирок этди. Шу куни  Сайловларни кузатиш бўйича Европа академияси миссияси раҳбари Горис Эмиэл Стефан ҳамда миссия аъзоларини қабул қилган Президент Илҳом Алиев референдумни юксак савияда ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилганини маълум қилди. Ўз навбатида, миссия аъзолари овоз бериш жараёни осойишта кечганини билдирди.

Озарбойжон Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Мазахир Панаховнинг 27 сентябрь куни журналистларга маълум қилишича, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 69,7 фоизи (3 671 707 киши) қатнашган.

Trend агентлигига кўра, 5627 та участкада овоз бериш жараёни Сайлов кодексига мувофиқ уюштирилган ва референдумда фуқаролар фаоллик кўрсатган.

“МСКга расман шикоят келмади. МСКнинг ишонч телефонига информацион характердаги мурожаатлар қилинди, холос”, – деган М.Панахов.

Референдумга мувофиқ, Озарбойжон Конституциясининг 23 та моддасига ўзгартириш киритиш ва Асосий Қонунни янги олти модда билан бойитиш кўзда тутилган. Жумладан, референдумга мамлакатда иккита вице-президент лавозимини жорий этиш, президент ваколатини 5 йилдан 7 йилга ошириш, давлат раҳбарига Миллий Мажлисни тарқатиб юбориш ва навбатдан ташқари сайловни белгилаш ваколатини бериш, президент сайловида ёш чегарасини бекор қилиш, парламент сайловида қатнашиш ёшини 25 ёшдан 18 ёшгача тушириш каби масалалар қўйилган. Қайд этилишича, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Озарбойжоннинг замонавий тараққиёти талабларидан келиб чиқиб таклиф этилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, сайловчиларнинг 91,2 фоизи президентлик муддатининг 5 йилдан 7 йилга узайтирилишини ёқлаб, 4,7 фоиз сайловчи бунга қарши овоз берган. 89,3 фоиз сайловчи давлат бошқарувида вице-президентлар институтининг киритилишига розилик билдирган бўлса, 5,8 фоиз сайловчи мазкур ташаббусга қарши чиққан. Шунингдек, 91 фоиз сайловчи президентликка номзод кўрсатиш ёши чегараланишининг олиб ташланишини маъқуллаган.

Референдум якунлари расман 21 октябрда эълон қилиниши кутилмоқда.

Референдум жараёнини 30 та хорижий мамлакат ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлар кузатувчилари кузатиб борган. Жумладан, Франция Сенати аъзоси Андре Ришар овоз бериш жараёни шаффоф тарзда ўтганини қайд этган.

“Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев маданий, ижтимоий, иқтисодий ва дипломатик жабҳаларда мамлакатни ривожлантириш бўйича стратегик қарашга эга эканини кузатдик”, – деган Андре Ришар.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрь куни Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ҳам сайлов участкаси очилди. Бу ерда Озарбойжон фуқаролари умумхалқ овоз беришига қўйилган масалалар юзасидан ўз муносабатини билдириш имконига эга бўлди.

Собир Салим