АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон халқига сил касаллигини текширувчи 30 та ускуна совға қилди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
16 декабрь куни Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган тантанали маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаела Мередит қиймати 381 минг долларли ускуналарни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собировга тантанали равишда топширди.
“Бугунги тадбир – USAID ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақада соғлиқни сақлаш хизматларини яхшилаш бўйича давомий ҳамкорликнинг тимсолидир. Биз Ўзбекистон ҳукумати туберкулёз касаллигини 2050 йилгача йўқ қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олганини олқишлаймиз, бу қадам ҳукуматнинг 2021-2026 йилларга мўлжалланган туберкулёз касаллигига қарши янги Миллий cтратегиясида кўрсатилган бўлиб, 2025 йилгача туберкулёз билан касалланиш даражасини 50 фоизга ва касаллик туфайли ўлим сонини 75 фоизга камайтиришдир. Биргаликда биз Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга эришамиз”, – деди Микаела Мередит тадбирдаги нутқида.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, USAID ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонда сил касаллиги ва улар билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш борасида катта ютуқларга эришилди. Бироқ кўп дори-дармонларга турғун сил шакллари мамлакатда муҳим муаммо бўлиб қолмоқда. USAID Ўзбекистон ва Марказий Осиёда сил касаллиги юкини камайтириш учун дори-дармонларга турғун хасталик шаклларини аниқлаш ва даволашни яхшилаш бўйича маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни оширишга бел боғлаган.
USAID томонидан тақдим этилган GeneXpert ускунаси инновацион технологияси, молекуляр тестларни мисли кўрилмаган тезлик ва фойдаланишда енгиллиги билан ҳамма учун қулай саналади. Муқобили мавжуд бўлмаган, фойдаланиш учун қулай ускуналар бирламчи тиббиёт тизими ишини сезиларли даражада осонлаштиради ва шу билан бирга соҳа мутахассисларига силнинг молекуляр-генетик диагностикасини тез суръатда ва аниқлик билан ўтказишга имкон беради. GeneXpert диагностика усулида хасталикни даволашда кўп ишлатиладиган антибиотикларда бири – рифампицинга туберкулёз микобактериясининг турғунлиги аниқланади. Бу шифокорларга маълум беморни даволаш учун ҳақиқатан ҳам самарали дори воситасини танлаш имконини беради.
Бугунги ҳадя чекка-чеккаларда жойлашган туман лабораторияларига туберкулёзга чалинган беморлар билан ишлаш бўйича хизматларини ошириш ва аҳолининг касалликка қарши замонавий, тезкор молекуляр тестлардан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради. Туман лабораторияларда ушбу янги GeneXpert аппаратлари билан жиҳозлаш орқали туберкулёзни тезроқ аниқлаш имкониятига йул очиб беради.
25 йилдан ортиқ вақт давомида USAID туберкулёзга қарши курашда Ўзбекистон ҳукуматининг фахрли ҳамкори бўлиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги 2019 йил июль ойида ҳам Ўзбекистон тиббиёт муассасаларига силга қарши кураш дастури доирасида 730 минг долларлик янги лаборатория дастгоҳлари ва видео ускуналар тақдим этган эди.
Жорий йил март ойида эса АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси бошлиғи ўринбосари Алан Мельцер АҚШ силга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан доимий ҳамкорлик қилиб келаётгани, кўп йиллик шерикликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сил касаллиги таъсирини юмшатиш ва ўзбекистонлик оилаларнинг фаровонлигини оширишга муваффақ бўлингани ҳақида гапирган эди.
Ўзбекистонда ЖССТ тавсия етган cилга барҳам бериш стратегияси асосида тизимли иш олиб борилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли юртимизда силга қарши курашда ижобий натижаларга эришилди. ЖССТ эътирофига кўра, Ўзбекистон силга қарши олиб борилаётган тадбирларнинг натижалари бўйича Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида 2-ўринда кўтарилди.