Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой
Истанбул Отатурк маданият марказида Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан уюштирилган “Коркут ота” турк дунёси кинофестивалининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Меҳр ортилган қанотлар” шиори билан бошлаган фестивалнинг тақдирлаш маросимида турк дунёсининг маданият ва санъат намояндалари ҳамда атоқли арбоблар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой барча меҳмонларни қутлаб, турк дунёси кинематография борасида кўп йиллик тажриба ва анъаналарга эга эканини қайд этди.
Вазирга кўра, Туркия халқи 1896 йили тарихий Бейўғлу кинотеатрида илк бор катта экранга ошно бўлган эди.
“Бу айтмоққа осон, турк дунёсининг катта экран билан танишуви – 1896 йилдан 2021 йилгача – ҳақиқатан ҳам бой тарихга эга. Тасаввур қилинг, кино ихтирочилари ҳисобланган ака-ука Люмерлар 1895 йилнинг 28 декабрида Парижда илк маротаба оммага очиқ кино намойишини ўтказган эди”, – деди Меҳмет Нури Эрсой.
Кино санъати шу тариқа Туркияда шиддат билан равнақ топа бошлади. Маҳаллий тадбиркорлар Cеват ва Мурат жаноблари “Миллий” деб номланган кинотеатрга асос солди. 1914 йил 14 ноябрда Фуат Узкинайнинг Ешилкўйдаги Аястефанос ёдгорлиги вайрон бўлганини тасвирга олган кун эса турк киносининг дебочаси сифатида тарихга кирди.
Илк режиссёрлар 1918-1919 йилларда ўз фильмларини суратга ола бошлаганини айтган вазир Эрсой Туркия киноси анъаналари Седат Симави, Аҳмет Феҳим Эфенди, Муҳсин Эртуғрул, Фарук Кенж, Тургут Демирағ, Ҳади Ҳун, Cаҳиде Сонку каби номлар билан давом этганини қайд этди. Миллионлаб мухлислар қалбига кириб борган экран санъатининг тараққиётига Лутфи Омер Акад, Атиф Йилмаз, Эртем Эгилмез, Метин Эрксан, Бирсен Кая, Билге Олгаж каби етук ижодкорлар катта ҳисса қўшди. Бугун эса ижодий анъаналарни Нури Билге Cейлан, Семиҳ Капланоғлу, Дервиш Заим, Ешим Устаоғлу, Явуз Тургул каби санъаткорлар муносиб давом эттирмоқда.
Туркия маданият вазири ўз нутқида Марказий Осиё давлатларида кино санъати тадрижига ҳам эътибор қаратди.
“Бизга маълумки, Тошкентда биринчи кино намойиши 1897 йилда бўлиб ўтган эди. Биз учун тамал тоши бўлган 1914 йили Ўзбекистонда 25 та, Қозоғистонда 20 та, Туркманистонда 6 та, Қирғизистонда 1 та кинотеатр фаолият юритган. Албатта, ўша йилларда кино аввал Чор, кейин Сталин ҳукуматининг тарғибот воситаси эди. Лекин у ҳам ниҳоясига етди. Кейин эса кино санъатининг илмий-интеллектуал тамойилларини эстетик ва техник жиҳатдан пухта эгаллаган асл ва илғор ижодкорлар турк дунёси киносини кадрма-кадр, саҳнама-саҳна юксалтирдилар”, – деди Туркия вазири.
Бу борада у Толомуш Океев, Хожақули Нарлиев, Шуҳрат Аббосов, Тавфиқ Исмоилов, Булат Мансуров, Булат Шемшиев, Ҳуррият Исмоилова, Ардак Амирқулов, Дарежан Умурбаев каби киноижодкорларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этди.
Тақдирлаш маросимидан олдин Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари томонидан қўшма баёнот имзоланди.
Меҳмет Нури Эрсой минг йиллик тарихга эга турк дунёси санъат, жумладан, кино борасида улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
“Бугунги кундан бошлаб келажакни шакллантириш учун бизда булоқ каби қайнаб чиқадиган улкан ғоялар дунёси бор. Инсониятнинг энг ҳайратомуз драма ҳамда фожиалари бизнинг ўтмишимизда яширинган ва у бугун ҳам биз билан бирга яшайди. Ҳаяжонли ва фантастик сюжетлар, бой ва таъсирчан қаҳрамонларнинг романлари, ҳикоялари, достонлари ва мифологияси ҳам бизда!” – деди Туркия маданият ва туризм вазири.
Мезбон давлат вакили туркий дунё ижодкорлари ўртасида ҳамкорлик кенгаяётганини мамнуният билан қайд этар экан, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувлар маданият ва санъат жабҳасида ҳам янги уфқлар очишига ишонч билдирди.
Маросимда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Давлат опера ва балет театри раҳбари Мурод Карахон ўзига хос дуэт куйлади.
Маълум қилинишича, “Коркут ота” турк дунёси кинофестивали доирасида 42 та фильм намойиш этилди, бадиий ва ҳужжатли филм номинациясида 17 та асар рақобатлашди. Маросимда ғолиб ижодкорлар тақдирланди.
Иккинчи “Коркут ота” турк дунёси кинофестивали 2022 йилда “Туркий тилли давлатларнинг маданий пойтахти” деб эълон қилинган Бурса шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, фестивалга 2023 йилда Озарбайжон, 2024 йилда Қозоғистон, 2025 йилда Ўзбекистон ва 2026 йилда Қирғизистон мезбонлик қилиши кўзда тутилган.