Орадан икки йилга яқин вақт ўтсада, Исроил мағлубият сабабчисини топа олмаяпти
Ниҳоят, Исроил жамоатчилиги бир йилдан ошиқроқ кутган ҳодиса рўй берди: мамлакат армияси томонидан Ливанга қарши олиб борилган уруш бўйича текширув олиб борган комиссия якуний хулосаларини эълон қилди. Собиқ судья Э. Виноград бошчилигидаги мустақил комиссия хулосаларини мамлакатдаги сиёсатдонлар ҳам, оддий фуқаролар ҳам интиқлик билан кутишаётганди.
Кузатувчилар Исроилнинг амалдаги бош вазири Эхуд Олмертнинг тақдири кўп жиҳатдан ана шу хулосаларга боғлиқ эканини таъкидлаётган эдилар.
Аксарият таҳлилчилар бош вазир ва унинг яқин сафдошлари Ливан урушининг асосий айбдорлари деб топилишини тахмин қилган эдилар. Чунки Э. Виноград бошчилигидаги комиссиянинг ўтган йили эълон қилган дастлабки баёнотида ҳам қўшни давлат ҳудудида олиб борилган ҳарбий амалиётлар учун жавобгарлик ҳарбий штаб бошлиғи, қўмондон Дан Халутс, мудофаа вазири Амир Перетс ва бош вазир Эхуд Олмерт зиммасида экани айтилганди. Бироқ бу гал комиссия якуний хулосада бирор-бир амалдорнинг номини тилга олмади. 500 саҳифалик ҳисоботда уруш ҳаракатларидаги муваффақиятсизлик сиёсий ва ҳарбий раҳбарият хатоси туфайли рўй бергани қайд этилган бўлсада, айбдор номи аниқ эътироф этилмади.
Исроил армияси (САХАЛ) ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасидаги уруш 2006 йилнинг 12 июльида бошланган эди. Исроилнинг Ливан ҳудудига киришига «Ҳизбуллоҳ» жангарилари яҳудий давлати армиясига ҳужум уюштиргани ва бир неча аскарни асир олгани сабаб бўлганди. Бир зарбада Ливандаги жангариларни маҳв этишни мақсад қилган Исроил раҳбариятининг истаги осонлик билан амалга ошмади. Ливандаги уруш 2006 йилнинг 14 августига қадар (34 кун) давом этди. Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ» билан курашда талафот кўргани ҳам етмагандек, улар билан сулҳга келишишга мажбур бўлди. Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ битими эса Исроил жамоатчилиги томонидан мағлубият ўлароқ қабул қилинди.
Шу тариқа Ливандаги муваффақиятсизлик сабабини таҳлил этиш мақсадида, жамоатчиликнинг босими остида 2006 йилнинг 17 сентябрида текширув гуруҳи тузилди.
Комиссия ўтган бир йилдан ошиқ вақт мобайнида 80 га яқин сиёсатдон раҳбарлар, депутатлар, шу жумладан, бош вазир Эхуд Олмертни ҳам сўроқ қилди, 600 дан зиёд босма ҳужжатларни ўрганиб чиқди.
Ўрганилган ҳужжатларнинг умумий ҳажми 60 минг саҳифадан ҳам ошиб кетди. Ушбу ҳужжатларнинг аксариятини махфий деб топган экспертлар фақатгина 500 cаҳифалик ҳисоботни омма эътиборига ҳавола этишди.
Ўтган йилниг мартида чиққан дастлабки баёнотда комиссия Эхуд Олмерт раҳбарлик тизгинини бўшаштириб юборгани, ҳарбий етакчилар таъсирига тушиб қолганини қайд этганди. Шунингдек, илк баёнотда мудофаа вазири Амир Перетс ўз мансабига нольойиқ экани, қўмондон Дан Халутс эса зиммасидаги мажбуриятни уддалай олмагани айтилганди.
Комиссиянинг якуний хулосаси ушбу фикрлардан фарқли ўлароқ, сулҳ ва муроса руҳида тайёрланган. Унда уруш даврида жиддий хатолар бўлгани, лекин бу мажбурият ва зарурат тақозосига кўра юз бергани эътироф этилади. Ливан воқеасини «муҳим имкониятнинг қўлдан бой берилиши» деб баҳолаган комиссия асосий камчилик армия томонидан йўл қўйилганига эътибор қаратган.
Таҳлилчилар фикрича, комиссия томонидан салбий баҳо берилиши охирги пайтларда бир қатор можаролар, жумладан, коррупция билан боғлиқ тўпалонлар қаҳрамони бўлиб қолган бош вазирнинг истеъфосига ҳам олиб келиши мумкин эди.
Агар исроилликларнинг бундан бир йил олдинги муносабатини ёдга оладиган бўлсак, 70 фоиз аҳоли Ливандаги сулҳни нотўғри деб баҳолаган, 41 фоизи эса омадсизлик учун бош вазир Олмерт истеъфога чиқиши керак деган фикрда эди.
Ҳукумат раҳбарининг бахтига, комиссия кескин танқидий муносабат билдирмади. Кузатувчилар таъкидлаганидек, комиссия ҳисоботи амалда бош вазирнинг барча айбларини ювиб юборди. Чунки текширув хулосаси шундай тузилганки, у орқали Ливандаги ҳарбий ҳаракатлар учун бош вазир масъул, лекин айбдор эмас деган тўхтамга келиш мумкин.
Мамлакат жамоатчилиги томонидан кенг муҳокама этилаётган ҳисобот «олтин ўрталиқ»да тайёрлангани туфайли уни турлича талқин қилса бўлади. Бунинг исботи шуки, мазкур маъруза эълон қилинишини ҳамма ўзича қабул қилди: бош вазир ўзининг айбсизлигини исботловчи далил сифатида, мухолифат эса Олмертнинг истеъфога асос бўладиган дастак сифатида.
Энг қизиғи, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи комиссия хулосасини ўзининг ғалабаси тасдиғи ўлароқ қабул қилган.
Мавжуд сиёсий беқарорликдан фойдаланиб, амалдаги ҳукуматга мухолиф бўлган гуруҳлар ҳам Олмертни истеъфога чиқариш кампаниясини бошлаб юборишган. Хусусан, мамлакатдаги етакчи сиёсатдонлардан бири, ўтган асрда Исроил ҳукуматига раҳбарлик қилган Бенямин Нетаняху Эхуд Олмертнинг асосий рақиби бўлиб турибди. Айни пайтда «Ликуд» партиясига раҳбарлик қилаётган сиёсатдон қулай имконни қўлдан бой бермай, рақибини муддатдан олдин лавозимдан кетишини талаб қилмоқда.
Табиийки, Исроил ҳукумат раҳбарининг тақдири Фаластин билан муносабатларга бевосита боғлиқ. Мўлжалга кўра жорий йилнинг охирига қадар Фаластин ҳудудида мустақил давлат тузилиши керак. Ана шундай нозик бир ҳолатда ҳукумат раҳбари оқилона сиёсат юритиши лозим: у қўшнилар билан муроса қилиши, халқаро ҳамжамият талабларини бажариши ва айни пайтда доим муросасиз кайфиятда бўлган жамоатчилик истакларини ҳам ҳисобга олиши талаб этилади.
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди