Грузия: асосий имтиҳон ҳали олдинда

Грузия Марказий сайлов комиссияси мамлакатда шу йил 5 январь куни муддатдан олдин ўтказилган президент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди. Бунга кўра, сўнгги уч йил мобайнида мамлакатни идора этиб келган Михаил Саакашвили 53,4 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди. Бу ҳақдаги қарорни Марказий сайлов комиссиясининг ўн уч аъзосидан еттитаси имзолади.

Мухолифат вакиллари эса сайлов натижалари сохталаштирилган деган даъво билан якуний қарорни тасдиқлашмади.

Президент сайловида Грузиядаги турли сиёсий гуруҳларга мансуб еттита номзод иштирок этди. Бирлашган мухолифатдан ягона номзод сифатида илгари сурилган Леван Гачечиладзе 25,6 фоиз, Грузиянинг энг бадавлат фуқароси саналган Бадри Патаркатсишвили эса 6,99 фоиз овоз олишга эришди. Қолган номзодлар жуда кам миқдорда овоз йиғиб, Михаил ­Саа­кашвилига қаршилик кўрсата олишмади.

5 январь кунги сайловда аҳолидан Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиб кириши ва мамлакатда парламент сайлови ўтказиш масаласи ҳам сўралганди. Овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 72,2 фоизи Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилишни ёқлаган бўлса, 69,8 фоизи парламент сайлови учун жорий йилнинг баҳори энг яхши муддат деб кўрсатди.

Грузиядаги сиёсий мухолифат Михаил Саакашвилининг яна янги муддатга президент бўлишини хоҳламаяпти. Сайлов жараёнида овозларни сохталаштиришга йўл қўйилган деган иддао билан чиқаётган мухолифат овоз бериш тадбирининг иккинчи тури ўтказилиши кераклигини талаб қиляпти. Таҳлилчилар мухолифат ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин, натижасиз якунланиши мумкин, деган фикрдалар. Нега деганда, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ каби нуфузли бирлашмалар, Ғарбнинг етакчи давлатлари Грузиядаги сайлов демократик тартибда ўтди, деб баҳолаганлар. (Дунё сиёсатида етакчи ўринга эга бўлган давлатлардан биргина Россия Грузиядаги сайловда қонун бузилишлари юз берганини қайд этган).

Сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин телевидение орқали чиқишида Михаил Саакашвили аламзада бўлиб турган мухолифатнинг кўнглини кўтаришга уриниб, президент сайловида мухолифат ёмон қатнашмаганини эътироф этди. Ғолиб сиёсатдон баҳорда ўтадиган парламент сайловида мухолифат яхши натижаларга эришиши мумкинлигини ҳам эслатди. Бу билан Грузиянинг янги муддатга сайланган раҳбари мухолифатга норозилик чиқишларисиз президент сайловини тан олиш ва баҳорги парламент сайловида асосий ўринларни олишни таклиф қилди.

Жаҳон матбуотида Грузияда ўтган президент сайлови борасида турли нуқтаи назарлар илгари сурилмоқда. Ғарб матбуотида эълон қилинган мақолаларда Михаил Саакашвилининг ғалабасини қўллаб-қувватлаш ва унга нисбатан хайрихоҳлик очиқ сезилади. Қуйида жаҳон матбуот ­нашрларида чоп этилган мақолалардан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз.

«Михаил Саакашвили сайлов жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар учун кескин танқидларга учради. Бу ҳолат грузин раҳбариятининг тажрибаси камлиги ва демократик жараёнларни ривожлантириш учун вақт етарли бўлмагани билан изоҳланади. Ҳозирча сайловни сохталаштириш бўйича жуда кам факт аниқланди. Шу боис ҳам Европа Иттифоқининг сайлов натижаларини тан олгани тўғри қарор бўлди».

«The Times» (Буюк Британия).

«Михаил Саакашвили яна Грузия президенти бўлди. Лекин бу билан мамлакатдаги сиёсий инқироз бартараф бўлгани йўқ. Ҳукуматдаги ихтилофлар ва мухолифатнинг қарши кайфияти ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Демак, асосий имтиҳон ҳали олдинда».

«Фокус» (Украина).

«Грузияда президентлик кураши якунланди дейишга ҳали эрта. Кўплаб таҳлилчилар 53 фоизлик ғалаба омонат, деган фикрдалар. Чунки Конституцияда номзодлар 50 фоиздан ошиқ овоз ололмаган ҳолатда сайловнинг иккинчи тури ўтказилиши белгиланган. Бу эса мухолифат учун сайлов натижалари борасида »чиқмаган жондан умид« қабилида курашиш имконини беради».

«Российская газета» (Россия).

«Сайлов жараёнида рақобат ҳалол ва адолатли тарзда кечди. Бу билан давлат раҳбариятининг ўтган йил ноябрьдаги оммавий норозилик чиқишларидан кейин тўкилган обрўси яна тиклангандай бўлди. Ўшанда норозилик чиқиши иштирокчилари ва полиция ўртасидаги тўқнашувлардан кейин фавқулодда ҳолат жорий этилганди».

«The Wall Street Journal» (АҚШ).

«Грузиядаги сайлов мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси амалдаги ҳукумат сиёсатини қўлламаслигини кўрсатди. Шу билан бирга овоз бериш тадбири мамлакатдаги бугунги ёшлар ва шўрольар даври нонини еган кекса авлод ўртасида кескин тафовут мавжудлигини ҳам намоён қилди».

«Ден» (Украина).

«Тбилиси ва Москва муносабатларига кучли таъсир кўрсатаётган омиллардан бири, шубҳасиз, нефть-газ масаласи. Айни пайтда Озарбойжон ва Марказий Осиё энергия манбаларини Ғарбга етказиб берадиган қувурлар бунёд этиш режаси муҳокама қилиняпти. Агар ушбу режа амалга ошса, Россия ҳозирги каби Европа давлатларига энергетика масаласини ўртага қўйиб таъсир кўрсатолмаслиги мумкин. Ғарб билан алоқаларни яхшилаш тарафдори бўлган Михаил Саакашвилининг ғалабасини ана шу жиҳат билан изоҳлаш тўғрироқ бўлса керак».

«Il Messaggero» (Италия).

«Президент сайлови билан бирга Грузиянинг НАТОга кириши масаласида референдум ўтказилгани мантиқан тўғри ҳаракат бўлди. Лекин умумхалқ сайлови натижасидан қатъи назар, НАТО ҳозирча Грузияга сабр билан кутишни тавсия этиши аниқ».

«Le Temps» (Швейцария).

«НАТОга кириш учун Грузия уч асосий шартни бажариши керак: армияни алянс талаблари асосида қайта қуроллантириш, демократик тамойилларга қатъий риоя этиш ва ҳудудий яхлитликни сақлаш. Михаил Саакашвили биринчи шартни осонлик билан бажарар, иккинчисини ҳам амалласа бўлади. Лекин учинчи шартни бажо келтириш анчайин муаммо: бугунги шароитда НАТО Абхазия ва Жанубий Осетия билан боғлиқ ҳудудий можаро марказида турган Грузияни ўз таркибига қабул қилиб, шундоқ ҳам етарли ихтилофларни яна кўпайтирмаса керак».

«Ведомости» (Россия).

Дунё сиёсатдонлари фикрича, ҳозирча мухолиф гуруҳлар Михаил Саакашвили билан муросага бориш фикридан йироқ. Уларни янги раҳбар томонидан таклиф этилаётган ҳукуматдаги еттита вазирлик лавозими ҳам кўпда қизиқтирмаяпти. Рақиблари билан дипломатиядан бошқа «тил»­да ҳам гаплаша оладиган Михаил Саакашвили эса янги муддатга президентлик лавозимини эгаллаш учун ҳозирлик кўряпти. Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, 20 январьдаёқ прези­дент­нинг инаугурация маросими ташкил этилиши мумкин.

Абдул Собир тайёрлади
«Ҳуррият» газетасидан олинди.