Кастамону: жаҳонгирлар кўз тиккан шаҳар

Туркия шимолида, Қора денгиз минтақасида жойлашган Кастамону нафақат мамлакат, балки минтақанинг қадимий шаҳарларидан бири саналади. Эътиборга молик жиҳати, ушбу шаҳар бир муддат Амир Темур давлати таркибида бўлган.

Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил этган пресс-тур доирасида бир гуруҳ журналистлар Кастамонуга ташриф буюриб, унинг диққат сазовор масканлари билан танишдилар.

Солномаларга кўра, шаҳарга милоддан аввалги ХVIII асрда асос солинган. Ғоят қулай иқлим эга, стратегик муҳим нуқтада жойлашган қадимий кентга асрлар мобайнида катта салтанатлар, жаҳонгирлар кўз тиккан.

Милоддан аввалги асрларда шаҳар Хетт, Фригия, Лидия, Форс, Александр Македонский давлатларига қараган. I-IV асрларда эса антик дунё муаррихлари тараннум қилган Пафлагония музофоти таркибида, Рим империяси назоратида бўлган. Бу даврда шаҳар Тимонион деб аталган. Кейинги юзйилликларда шаҳар Византия давлати қаламравида бўлган.

Ўрта асрларда Кастамону бир муддат Салжуқийлар қўлига ўтган, шунингдек, Жондорўғуллари, Чобанўғуллари бекликларининг пойтахти вазифасини бажарган. XV аср бошида Кастамонуда ҳукмронлик қилган Исфандиёрбей Соҳибқирон Амир Темурга тобелик эълон қилади ва бу ҳудудда Темур давлати тангалари амал қилади.

1461 йилда Усмонийлар давлати қаламравига ўтган шаҳар тарихида янги саҳифа очилган. Хусусан, машҳур ҳукмдор  Султон Сулаймон Кастамонуни музофот марказига айлантирган. Ўрта асрларда ҳудуддаги мис ва темир конларидан қазиб олинган хомашё асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Европага сотилган.

Кастамону этимологияси борасида бир неча тахмин бор. Шаҳар Хетт давлати даврида Кастама деб аталган, кейинроқ бу истилоҳ Кастамонуга айланган. Бошқа бир тахминга кўра, ушбу ном Кастра (лотин тилида қалъа дегани) ва Комнин (Византия давлатидаги аслзода сулола) сўзларидан ҳосил бўлган.

Кастамону Усмонийлар давлатининг маънавий марказларидан саналган. Ўрта асрларда Онадўлининг кўзга кўринган олим ва мутасаввифлари мазкур шаҳарни макон тутганлар. Тасаввуф ва илму маърифатни ёйишда асли мовароуннаҳрлик Саид Али Донишманд Бухорий, Солиҳ ал-Мунжий Бухорий каби алломаларнинг ҳам хизмати катта эди.

XIV асрда Кастамонуга ташриф буюрган машҳур сайёҳ Ибн Баттута (1304-1377) унга “катта ва маъмур шаҳар” дея таъриф берган.

XX аср биринчи чорагида Туркиянинг миллий озодлик урушида ҳам шаҳар муҳим роль ўйнаган. Истиқлол ҳаракати ўчоғи саналган Анқарага қурол-яроғ, ўқ-дори ва бошқа зарур буюмлар айнан Кастамону орқали юборилган.

Шаҳарда шайх Шабон Вали мақбараси, Насрулла масжиди каби турк-ислом тамаддуни обидалари талайгина. Бирорта ҳам мих ишлатмай қурилган Маҳмудбей масжиди қимматли меъморчилик дурдоналари сирасига киради.

Кастамону Туркия илм-фан ва таълим марказларидан биридир. Бир асрдан ошиқ вақт давомида фаолият юритиб келаётган Абдураҳмон Паша лицейи Онадўлида ташкил этилган биринчи замонавий ўрта мактаб ҳисобланади.

Кастамонунинг бир қатор мактаблари Туркиядаги пешқадам таълим масканлари сафида эътироф этилган.

Кўҳна шаҳар 2018 йилда Турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.

С.Салим

Муаллиф олган суратлар