Жак Ширак 12 йиллик президентликдан сўнг истеъфога чиқяпти

Францияда президентлик сайлови яқинлашаётган бир пайт­да сиёсатга бефарқ бўлмаган кишиларни: «Жак Ширак нав­батдаги президентлик муддати учун ҳам курашармикин?» деган савол қизиқтираётган эди. Яқинда мамлакат телевидениеси орқали чиқиш қилган кекса арбоб мухолифлар хотиржам бўлиши мумкинлиги, у 2007 йил 22 апрелда ўтадиган сайловда қатнашмаслигини билдирди. Кетма-кет икки муддат президентлик қилган Жак Ширакнинг навбатдаги овоз бериш жараёнида иштирок этмаслик тўғрисидаги қарори катта сиёсатчилар томонидан олқиш билан кутиб олинди. Уларнинг хулосаси шундай бўлди: ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатгани яхши…

Тўғриси, Жак Ширакнинг мамлакат телевидениеси орқали чиқиши сиёсий васиятнома каби янгра­ди. Франтсуз раҳбари нутқида ўз миллатига мурожаат қиларкан, уларни экстремизм, ирқчиликка қарши курашиш, «Европа уйи» кенгайишини қўллаб-қувватлаш, экологик фожиалар олдини олиш, Франция ҳудудидаги турли-туман маданиятларга ҳурмат кўрсатишга чақирди.

Жак Ширак ўз чиқишида 12 йиллик президентлик фаолиятига назар ташларкан, эришилган муваффақиятларга алоҳида тўхталди. Албатта, катта арбобларнинг ўз фаолиятига танқидий баҳо бериши бироз қийин кечади. Шу маънода Франция президентининг ўз мурожаатида фақат ижобий жиҳатларни тилга олганини тўғри тушуниш мумкиндир…

Аслида Жак Ширакнинг 12 йиллик раҳбарлик даврини таҳлил қилганда, президент ўзи ифтихор билан тилга олгани каби ҳамма иш ҳам сип-силлиқ кетмаганига амин бўлиш мумкин. Париж шаҳри ҳокимлигидан мамлакат президентлигига кўтарилган ушбу арбобнинг раҳбарлик даври ҳам ижобий, ҳам салбий ҳодисалар билан ёдда қолди. Афсуски, ана шу муваффақият ва камчиликлар тарозининг икки палласига қўйилса, дунёнинг кўзга кўринган кузатувчилари ҳам таъкидлаётганидек, барибир салбий жиҳатлар босиб кетиши муқаррар.

Маданият юзасидан энг аввал муваффақиятларга тўхталсак.

Франция Жак Ширак эндигина президент сифатида иш бошлаган даврда – 1995 йили ядро тад­қиқотларини яна қайта бошлади. Бу кимгадир салбий воқеа бўлиб туюлиши ҳам мумкин. Лекин нафақат Европа, бутун дунёда етакчи бўлишга интилиб келаётган давлат учун ядро изланишлари стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналиш саналади.

Айни шу йили Франция салкам ярим асрлик танаффусдан кейин яна қайта НАТОга аъзо бўлиб кирди (Замонавий франтсуз давлатининг асосчиси бўлган Шарл де Голл хоҳиши билан 1966 йили мамлакат Шимолий иттифоқдан чиқиб кетганди).

Жак Ширак даврида амалга оширилган муҳим сиёсий ислоҳотлардан бири президентлик муддатининг 7 йилдан 5 йилга туширилгани бўлди. Давлат бошқаруви борасида жиддий ислоҳот сифатида баҳоланган бу ҳаракат ҳаттоки президентга мухолиф бўлган кучлар томонидан ҳам ижобий қабул қилинди.

Ироқ уруши Жак Ширакнинг халқаро миқёсда ҳам обрў топишига сабаб бўлди дейиш мумкин. Чунки айнан Франция раҳбарининг қарори билан мамлакат Ироқ уруши гирбодига тушишдан қутулиб қолди. АҚШнинг араб давлатида олиб борган ҳарбий амалиёт­ларини Жак Ширак қатъият билан қоралади, шу тариқа битта ҳам франтсуз аскари Ироқ «жазогоҳ»и­га юборилмади.

Жак Ширак президентлигидаги муваффақиятсизликлар хусусида сўз борганда, энг биринчи нав­батда ички сиёсатдаги нўноқликларни тилга олиш лозим. Мамлакатнинг сўнгги 12 йиллик ҳаётида сезиларли иқтисодий ривожланиш кузатилмади.

Франция давлати тепасига келган илк пайт­ларда Жак Ширак мамлакатда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги кескин бўлинишни бартараф этиш мақсадида катта ислоҳот бошлади. Лекин оддий халқ жуда катта умидлар билан қаршилаган ислоҳотлар кутилган натижа бермади. Мамлакат иқтисодида юксалиш эмас, қуйига шўнғиш кузатилди. Масалан, 1997 йили Францияда ишсизлик 1,5 миллион атрофида бўлган бўлса, 2007 га келиб бу рақам 2 миллионни қувиб етди.

Бир пайтлар бутун қитъанинг молиявий марказларидан бири бўлган мамлакатнинг ташқи қарзи ҳам кескин ошиб кетди. Агар 1995 йилда Франтсуз давлатининг таш­қи қарзи 657 миллиард еврони ташкил этган бўлса, 2006 йилга келиб 1 триллион 200 миллиард еврога чиқди. Ташқи қарзнинг бу тариқа кескин ошгани табиатан бошқаларга ёрдам бериб, инсонпарварлик миссиясига ўрганиб қолган франтсуз халқининг кайфиятига кучли таъсир кўрсатди.

Боз устига, аҳолининг ижтимоий таъминотини яхшилаш мақсадида бошланган ислоҳотлар ҳам самарасиз бўлиб чиқди. Франция сўнгги чорак аср тарихида кўрилмаган иқтисодий тушкун кайфиятга тушиб қолди. Буни Ле Поинт журналининг қуйидаги маълумотлари ҳам тасдиқлайди: охирги йилларда франтсузлар яшаш даражаси бўйича америкаликлардан 38 фоиз, ирландлардан 20 фоиз, инглизлардан эса 12 фоизга ортда қолди…

Коррупция билан боғлиқ бир қатор можаролар франтсуз халқининг ўз раҳбарига нисбатан ишончи сусайишига яхшигина таъсир кўрсатди. 2000 йили Франциянинг етакчи миллий газетаси Ле Монде Республикачилар иттифоқи (РПР) раҳбари томонидан Жак Ширакнинг махфий молиявий ўйинларга алоқадорлиги хусусида айтилган ёзувларни ошкор қилди. Бу можаро ҳали босди-босди бўлиб улгурмасдан Жак Ширак Париж мери билан биргаликда шаҳар атрофидаги уйларни қуришга рухсат бериш эвазига компаниялардан пора олгани тўғрисидаги овозалар тарқалди. Ўша можаролар пайтида судья Эрик Алпен ҳаттоки президентни сўроққа ҳам чақирди.

Шу тариқа газак олиб борган «жароҳат» 2005 йили Франция пойтахтини алғов-далғов қилиб ташлаган норозилик намойишлари пайтида ёрилди…

2006 йили Европа Иттифоқининг ягона Конституциясини қабул қилиш масаласида ўтказилган референдум мамлакат халоскори Шарл де Голлнинг «Буюк Франция» ғоясини давом эттиришга ваъда берган Жак Ширак учун кучли сиёсий мағлубият билан хотима топди. Ижтимоий муаммолардан юрак олдириб қўйган франтсуз халқи Европа уйи кенгайиши билан мамлакатга Иттифоққа янги аъзо бўлган давлатлардан миллионлаб ишчилар оқими келишидан хавотирга тушиб қолганди. Нони яримта бўлишидан ҳадиксираган халқнинг фикрини ўзгартириш эса Жак Ширак ҳукумати қўлидан келмади. Ҳолбуки, Франция ўтган аср­нинг ўрталаридан бошлаб Европа уйини ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлганди.

Балки ана шулардан келиб чиққандир, Жак Ширакнинг азалий мухолифларидан бири – «Миллий фронт» раҳбари Жан-Мари Ле Пен уни мамлакат тарихидаги энг ёмон раҳбар деб атаган. Франциядаги коммунистик лига (ЛCР) етакчиси Оливе Безансено эса Ширакнинг президентлик йилларини «ёлғон ва алдов даври» деб баҳолаган.

Нима бўлган тақдирда ҳам, ўн йилдан ошиқ президентлик даврида дунёнинг тилга тушган арбобларидан бирига айланган Жак Ширак истеъфога чиқяпти. Ҳар доим ўзининг тантанавор маърузалари билан одамларни сеҳрлаб олган президентнинг охирги чиқиши жуда эҳтиёткор ва мулоҳазакор бўлиб қолган франтсузларга олдингидек таъсир эта олмади. Хулоса шуки, Франция бундан буён ёлғон ва алдовларга ишонмайди!..

Собиржон Ёқубов

www.hurriyat.uz